Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2014 00:00
Паррандачилик аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамияга эга. Жўжаларни ўстириш ва боқиш энг долзарб ва мураккаб давр ҳисобланади. Маҳсулдорлиги тухум йўналишидаги жўжалар бир кунлигидан 16–17 ҳафталик вақтгача ўстирилади. Ўстириш даврида жўжалар яхши боқилиб, парваришланса, ветеринария қоидаларига риоя қилиб, чора-тадбирлар ўз вақтида ўтказилса, уларнинг маҳсулдорлиги ва сақланиши юқори бўлади.
     Жўжаларни ўстиришда хонадаги ҳавонинг ҳароратига алоҳида аҳамият бериш лозим. Уларнинг ҳаракатига қараб ҳавонинг ҳароратини аниқлаш мумкин. Ҳарорат меъёрида бўлса, жўжалар катакда ёки полда ёйилиб юради, иштаҳаси яхши бўлади. Ҳарорат паст бўлганда, жўжалар бир жойга тўпланади. Ҳарорат кўтарилганда улар салқинроқ жой қидириб, кам ҳаракатчан бўлади.
    Жўжахонада бир-икки кунлик жўжалар учун ҳавонинг ҳарорати 33 оС, 3–4 кунликда 31–32 оС, 5–7 кунликда 30–31 оС, 8–14 кунликда 29–30 оС, 15–21 кунликда 27–28 оС, 22–28 кунликда 23–25 оС, 29–35 кунликда 22-23 оС, 36–120 кунликда 20–21 оС, 121 кундан ошганда 18–20 оС даража бўлиши тавсия этилади. Жўжаларни инкубатордан олиб келгандан кейин даставвал уларга сув берилади. Сув ваакумли сувдонларга қуйилади. Жўжалар бемалол сув ичиши учун сувдонлар етарли бўлиши керак. Биринчи 3 кунлик ичида ичимлик сувининг ҳарорати 31–33 оС даража бўлиб, ҳар ҳафта унинг ҳарорати 2 оС даражага пасайтирилиб, 18–20 оС даражага етказилади ва сувнинг бу ҳарорати ўстириш даврининг охиригача сақланади.
    Жўжаларга сув берилгандан сўнг уларга ем аралашмаси тарқатилади. Бирдан беш кунликкача бўлган жўжаларга 1–5 кунлик ёшида қуйидаги таркибдаги ем аралашмаси тавсия қилинади: маккажўхори (майдаланган) 40 фоиз, буғдой (майдаланган) 40 фоиз, соя шроти (майдаланган) 17 фоиз, қуруқ сут 3 фоиз, витаминли-минералли премикс 0,1 фоиз. Масалан 100 кг омухта ем тайёрлаш учун 40 кг буғдой, 40 кг маккажўхори, 17 кг соя шроти, 3 кг қуруқ сут олиниб, аралаштирилади ва унга 0,1 фоизли витаминли-минералли Премиксдан 100 г қўшилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилаётган жўжаларга озуқа сифатида биринчи ўн кунликда қайнатилган тухум ҳам бериш мумкин. Бунда қайнатилган тухум пўстлоғидан тозаланиб, майдалаб буғдой ёки маккажўхори ёрмаси билан аралаштирилади.
    Жўжаларга 5 кунлик ёшидан бошлаб ҳафтада бир марта берилаётган 100 кг ем аралашмасига 1 кг эланган, катталиги 2–3 мм келадиган майда тош солиш керак. Майда тош мускулли ошқозонда ем аралашмасини эзиб майдалашга ва ҳазм қилишга ёрдам беради. Етти ҳафталик бўлган жўжаларга тайёрланадиган ем аралашмасининг 60–70 фоизини донли озуқалар –майдаланган маккажўхори, буғдой, 0–10 фоизини омухта ем, 10–20 фоизини шротлар – соя, кунгабоқар, 4–7 фоизини оқсилли озуқалар, 1–2 фоизини минерал озуқалар – чиғаноқ ва фосфатлар, 0–3 фоизини эса ёғлар ташкил этиши керак.
   Саккиздан ўн етти ҳафтагача бўлган жўжаларга ем аралашмасининг 55–65 фоизини донли озуқалар, 15–20 фоизини омухта ем, 5–10 фоизини шротлар – соя, кунгабоқар, пахта, 0–3 фоизини оқсилли озуқалар, 2–3 фоизини минерал озуқалар – чиғаноқлар, 0–3 фоизини ёғлар ташкил этиши зарур. Жўжаларни ўстириш даврида ҳар куни берилаётган ем аралашмасига 0,3 фоиз миқдорида ош тузини сувда эритиб, бир текисда аралаштириб бериш лозим. Масалан, 10 кг ем аралашмасига 30 г ош тузи қўшиб бериш мумкин. Уларнинг ем аралашмасига витаминли-минералли премикслардан ташқари “Рекс Витал”, “Чиктоник”, “Чокке”, “Тривит”, ”Тетравит” каби витаминларни қўшиб бориш тавсия этилади.
  Шунингдек, жўжаларнинг ёшига қараб бир бошга 5–15 грамм витаминга бой кўк беда бериб туриш лозим. Оқ ва жигар рангли товуқ кросс¬лари учун мувозанатлаштирилган ем аралашмасининг бир бошга бир кунлик таҳминий меъёрлари қуйидагича (грамм ҳисобида): 1-ҳафтада 9–12 грамм, 2-ҳафтада 16–19 грамм, 3-ҳафтада 22–25, 4-ҳафтада 28–32, 5-ҳафтада 34–36, 6-ҳафтада 40–41, 7-ҳафтада 45–46, 8-ҳафтада 49–51, 9-ҳафтада 53–55, 10-ҳафтада 57–58, 11-ҳафтада 60–61, 12-ҳафтада 63–64, 13-ҳафтада 66–67, 14-ҳафтада 68–70, 15-ҳафтада 70–72, 16-ҳафтада 72–75, 17-ҳафтада 76–78, 18-ҳафтада 79–82, 19-ҳафтада 83–87, 20-ҳафтада 86–90 грамм (Граммлар бўйича кўрсатилган биринчи рақам оқ рангли, иккинчи рақами эса жигар рангли кросслар учун белгиланган).
    Жўжаларни ўстиришда уларнинг жинсий етилишига таъсир этадиган омил – ёруғлик режими (узунлиги) муҳим аҳамият касб этади. Биринчи ва иккинчи кунлари жўжахонада ёруғлик узунлиги 23 соатни ташкил этиши керак. Бундан сўнг ёруғлик узунлиги ҳар ҳафтада аста-секин камайтирилиб, етти ҳафталикда 9–10 соатни ташкил этиши лозим. Бу ёруғлик узунлиги 17 ҳафталиккача сақланиб, 18-ҳафтадан бошлаб ҳар ҳафта 30 минутга ёруғлик узунлиги узайтирилиб, 14–15 соатга етказилади ва шу ёруғлик узунлиги маҳсулдорлик даврининг охиригача сақланади. 17–18 ҳафталик бўлган макиёнлар стандарт тирик вазнига етказилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу даврдан бошлаб ёруғлик, ҳар ҳафта узайтирилиб борилади.
    Оқ рангли кросслар учун макиёнларнинг 18 ҳафталик давридаги тирик вазни 1200–1300 г. ни ташкил қилиши керак. Жўжахонада ёруғлик қуввати люкс ўлчамида қуйидагича бўлади: 1–2-кунда 20–40 люкс, 3–7-кунда 20–30, 2-ҳафтада 10–20 ва 3 ҳафтадан 23 ҳафтагача 5–10 люкс. Жўжаларни ўстириш даврида ветеринария қоидаларига риоя қилган ҳолда ўз вақтида ветеринар мутахассислар тавсия этган касалликларга қарши вакцинация қилиб туриш мақсадга мувофиқдир.
      Д.Азимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech