Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2014 00:00
Бу йил қиш серёғин келди. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, баҳорнинг дастлабки ойлари ҳам серёғин келиши кутилаяпти. Бундай пайтда ҳайвонларни юқумли, юқумсиз ва паразитар касалликлардан ҳимоя қилиш чорвадорлар олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
  Чорвадан соғлом бузоқ ва қўзи олиш, уларнинг сут ва гўшт маҳсулдорлигини оширишда қуйидаги тадбирларни ўтказиш мақсадга мувофиқдир:
  Қорамолчиликда. Аввало чорвачилик фермаларининг кириб-чиқиш йўлакларига дезинфекцияловчи воситалар билан тўлдирилган дезобаръерлар қуриш, фермага бегона молларнинг кириб-чиқишига ва ферма атрофида боқилишига йўл қўймаслик керак. Маълумки, қорамолларнинг қон-паразитар тейлериоз, пироплазмоз, бабезиоз каби касалликларини тарқатувчиси иксод каналари ҳисобланади. Баҳорнинг серёғин келиши касаллик тарқатувчи каналарнинг кўпайишига қулай шароит яратиши мумкин. Бу эса қорамолларнинг қон-паразитар касалликлари билан зарарланишини кўпайишига олиб келади.
   Қорамолларнинг қон-паразитар тейлериоз ва пирплазмоз касалликлари олдини олиш учун Полиамидин-п, Ўзбикарб, Диамидин, Этдин препаратлари билан 100 кг тирик вазни ҳисобига 5 мл миқдорида йўриқномага асосан профилактик тадбирлар ўтказилади. Қорамоллар танасига қон сўрувчи каналар ёпишмаслиги ва уларни йўқотиш учун Циперметрин (25 фоизли концентрат эмульсиясидан тайёрланган 0,015–0,02 фоизли ишчи эмульсияси) ва бошқа инсектоакарицид препаратлар билан дезинсекция қилинади.
    Айниқса, ушбу касалликларга чидамсиз бўлган хориждан келтирилган зотли ва сермаҳсул молларнинг маҳсулдорлигига салбий таъсир кўрсатадиган қон-паразитар касалликларнинг олдини олиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу зотли ва маҳсулдор моллар қон-паразитар касалликлар билан касалланганда уларнинг айримлари нобуд бўлади. Бунинг учун чорвачилик фермаларида ветеринария-санитария талабларига риоя қилиш, молхоналарни гўнглардан тозалаш, оқлаш ишларини олиб бориш ва маданийлаштириш, чорвачилик фермаларига бегона молларни яқинлаштирмаслик чорвачилик фермаларига қон-паразитар касалликларини тарқатувчи каналарнинг кириб келишига йўл қўймаслик, касаллик тарқатувчи каналарнинг кўпайиб кетишининг олдини олиш мақсадида, ҳар 7–10 кунда акарицид препаратлар ёрдамида молларни чўмилтириб туриш лозим.
  Қорамолларнинг қорасон касаллиги бўйича носоғлом пунктларда ботқоқликларни қуритиш, сув ҳавзаларини, ҳайвонларни суғориш жойларида қулай шароитлар яратиш, касалликнинг олдини олиш учун 3 ойликдан 4 ёшгача бўлган қорамолларнинг ҳаммаси қорасон касаллигига қарши эмланиши шарт. Эмлаш ишларини қорамол ва қўйларни яйловларга чиқаришдан икки ҳафта олдин тугатиш зарур. Агар қорамол ва қўйларни яйловда боқиш 6–7 ойдан ошса, уларни қайта эмлаш талаб этилади.
   Бруцеллёз – одам ва ҳайвонларда учрайдиган юқумли касалликлар сирасига киради. Ҳайвонларни бруцеллёз билан касалланиши баҳор ойларида – организмда юқумли касалликларга қарши курашувчи иммун тизимнинг кучсизланиши кузатиладиган пайтда жиддий тус олади. Қўй-эчкиларни баҳорги қўзилатиш (тўл) даврида касалликни тарқатиш ва юқтириб олиш хавфи кучаяди, чунки бу мавсумда бевосита ёшлар ва хотин-қизларнинг иштирок этиши кузатилади. Шунинг учун баҳор мавсумида майда шохли молларни қўзилатиш даврида бруцеллёз касаллиги ҳақида тушунчаси бор кишиларни жалб қилиш ва шахсий гигиена талабларига қатъий эътибор бериш лозим.
  Ҳайвонларда бола ташлаш, йўлдошнинг ушланиб қолиниши, оқсоқланиш ва уруғдони катталашиши белгилари учраганда ветеринария мутахассисига хабар бериш керак. Мулкчилик туридан қатъий назар янги келтирилган молларнинг қон зардобини бир ой ичида бруцеллёзга текшириш шарт. Шунингдек, соғлом чорва моллари бир йилда бир март¬да бруцеллёзга текширилиши лозим. Бир ёшдан катта қорамоллар бир йилда бир марта, сут билан болалар боғчаси, санатория, даволаш муассасаларини таъминлайдиган фермалардаги қорамоллар эса бир йилда 2 марта 6 ой оралиқ билан бруцеллёз касаллигига серологик (РА, РБП, РСК) ва туберкулёз касаллигига аллергик усуллар ёрдамида диагностик текширилади.
    Молхоналар, қўйхоналар ва паррандалар сақланадиган бино ва жойлар эктопаразитларга (бит, бурга, кана) қарши Циперметриннинг 25 фоизли концентрат эмульсиясидан тайёрланган 0,015–0,02 фоизли ишчи эмульсияси билан дезинсекция ва дезакаризация қилинади. Улар билан зарарланган чорва моллари ушбу препаратнинг 1 фоизли дусти билан даволанади. Ҳайвонларни паразитоз касалликларига (қўтир, қичима, қорамоллар гиподерматози, қўйлар эстрози, эчкилар кривеллиози, қорамол ва қўйлар қўтири, қичима) қарши циперметриннинг 0,0125, 0,025, 0,03 фоизли сувли эмульсияси ва 0,05 фоизли дуст шакли билан дезинфекция ва даволаш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.
   Қўйчиликда. Қўзи ва бузоқлар орасида учрайдиган колибактериоз ва сальмонеллез каби ошқозон-ичак касалликлари қўзилар сут эмиш даврида, онасидан ажратишдан олдинги ва кейинги даврларда касалланиши, мавсумийликнинг йўқлиги, ҳайвонлар ўлимининг юқори даражада бўлиши хавфлидир. Улар бу касалликлар билан асосан ҳаётининг дастлабки кунларида касалланади. 20 кунликкача бўлган ва ундан юқори ёшдаги ёш қўйлар ҳам касалланиши мумкин.
   Совлиқларда касаллик буғозликнинг иккинчи ярмида аборт билан кечади. Жумладан, кўпинча қиш-баҳор ойларида, яъни тўл олди ва тўл олиш даврида кузатилади. Қоракўл қўй ва қўзиларда колибактериоз ва сальмонеллез бир вақтда аралаш колисальмонеллёзли инфекция кўринишида кечиши, уларда диарея, ҳолсизланиш, тана ҳароратининг ошиши ва бўғоз қўйларда аборт бўлиши билан характерланади, қўзиларда кўпинча орқа оёқларининг фалажланиши кузатилади.
  Касалликнинг олдини олиш учун институтимизда маҳаллий штаммлардан яратилган ёш ҳайвонларнинг колибактериоз ва сальмонеллёзига қарши ассоцияланган гидроокись алюминли (ГОА) вакциналар билан бузоқ ва қўзиларни март ойида (10 кунлигидан бошлаб) эмлаш мақсадга мувофиқдир. Она сигир ва қўй туғишдан 1,5–2 ой олдин эмланса, туғилган бузоқ, қўзининг мазкур касалликлар билан касалланишининг олди олинади.
       Баҳор мавсумида чорвачилик хўжаликларида ёш бузоқлар, қўзиларда пастереллёз касаллигининг олдини олиш учун ҳайвонларнинг орқа сон ички томон тери остига 14 кун оралиқ билан икки марта, 10–15 кунлик қўзиларга 1 марта 1 мл, иккинчи марта 2 мл, 4–5 ойлик қўзиларга 1 марта 2 мл, иккинчи марта 3 мл, катта ёшдаги қўйларга 1 марта 3 мл, иккинчи марта 5 мл, ёш бузоқларга 1 марта 2 мл, иккинчи марта 3 мл, катта ёшдаги бузоқларга 3 мл, иккинчи марта 5 мл миқдорида ГОА формал вакцина юборилиб эмланади.
  Сальмонеллёз ва колибактериоз касалликларига қарши ассосацияланган радиовакцинадан тери остига бўғоз қўйлар туғишидан 1–1,5 ой олдин 2 мл дозада, туғилган қўзилар эса 5 кунлигидан бошлаб 1 мл. дан эмланади. Бўғоз сигир ва қўйлар колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликларига қарши кечиктирилмасдан туғишига 1,5–2 ой қолганда институтда ишлаб чиқарилган поливалент радиовакцина билан 3 мл. дан қўйлар ва 5 мл. дан қорамоллар (14 кун оралиғи билан такроран) тери остига эмланади.
  Қўзилар ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши билан намоён бўладиган бактериал касалликларни (колибактериоз, сальмонеллёз, пастереллёз) даволашда уларни мускул орасига ҳар куни 10 мл. дан гипериммун қон зардоби юборилади. Баҳор фаслининг серёғин келиши кутилаётган жорий йилда ўт-ўланларнинг эртароқ кўкариши ва малюскаларнинг кўпайишига, бу эса касаллик чақирувчи кана ва ҳашаротларнинг эртароқ уйғонишига олиб келади.
     Шу сабабли чорва ҳайвонлари гельминтоз касалликларига (фасциолёз, дикроцелиоз, трематодоз, стронгилятоз ва бошқ.) қарши режали (февралнинг охири - март ойларидан) даволаш-профилактика дегельминтизация тадбирларини кечиктирмасдан ўтказиш, бунда Роленол, Клозантел, Бронтел, Политрем, Альбен, Альбендазол, Панакур, Ивомек, Ивермектин, Тетрамизол каби антигелминтик препаратларни ишлатиш кутилган самара беради.
     Сигир ва ғунажинлар бўғозликка ректал текширилади ва сигирларнинг қисир қолиш сабаблари аниқланади. Улар ажратилиб 0,5 фоизли прозерин эритмаси молларнинг териси остига 2 мл. дан 3 марта кунора инъекция қилинади, бачадон массаж қилиниб даволанади. Қўйларнинг брадзот ва инфекцион энтеротоксемия касалликлари тупроқ касаллиги бўлиб, носоғлом яйловлар ва сув ҳавзалари орқали қўйлар орасида пайдо бўлиб туради. Касалликнинг биринчи учраш ҳолларида қўйлар дарҳол бошқа яйловларга кўчирилиши ва касалликка қарши эмланиши керак.
   Қўйларни қиров қоплаган далада, музлаган ўтда, моғорлаган озуқа бериб боқиш, оқмайдиган кўлмаклардан суғориш тақиқланади. Қўйларни яйловларга чиқаришдан 35–45 кун олдин касалликларга қарши эмлаш зарур. Эмлаш тадбирларини эрта баҳор ва кузда амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Қўйларни эмлаш тадбирларини жун қирқиш, ахталаш вақтида ўтказиш мумкин эмас.
  Касал ва касалликга гумон қилинган ҳайвонларни гўштга сўйиш, терисини шилиш, жунини олиш тақиқланади. Ўлган қўйлар териси билан ёқиб юборилиши шарт. Касал ва ўлган қўйлар сақланган жойларни яхшилаб 3 фоизли актив хлорли оҳак, 5 фоизли қайноқ уювчи натрий эритмаси ёки 5 фоизли формальдегид эритмаси билан дезенфекция қилиш талаб этилади. Қўйларнинг ўта хавфли брадзот ва энтеротоксемия касалликлари олдини олиш учун 1 мл. дан мускул орасига вакцина билан эмланади.
    С.Мавлонов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech