Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2014 00:00
Республикамизга баҳор кириб келиши билан боғларда ишлар қизиб кетади. Жорий йил январь-февраль ойларидаги ҳаво ҳарорати совуқ, ёғингарчилик кўп бўлиши сабабли дарахтларга шакл бериш, буташ ва сийраклаштириш ишлари анча кечикди. Шунинг учун февраль ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, уруғли мева боғларга шакл бериш, буташ ишларини иложи борича қисқа муддатларда тугатилиши зарур. Данакли меваларнинг турлари бўйича буташ, сийраклаштириш ишлари навбатма-навбат қисқа муддатда ўтказилади. Буташ, биринчи навбатда, ўрик дарахтларидан бошланади.
   Ўрик дастлабки йилларда ўсиш кучига эга бўлганлиги боис олти-етти ёшгача бўйига ўсган шохларда ҳосил куртаклари бўлади ва бу даврда ён шохчалар секин ўсади. Бундай шохларни уларда ён шохчалар яхшироқ ўсиб чиқиши учун учдан бир қисмига ёки ярмига қисқартириш керак. Кейинги буташлар навбатдаги тартибда ўсган ортиқча шохларни олиб ташлаш ва шохларни бироз қисқартиришдан иборат бўлади. 20–25 ёшли ўрик дарахтларида ўсиш жараёни сустлашиб, ҳосилдорлик пасайиб кетади.
      Бу даврда дарахтлар икки-тўрт йиллик шохи буталиб, қариб қолган ёки ўсиши сусайган дарахтларни беш-етти йиллиги бутаб ёшартирилади. Шағал қатлами юза бўлган ерларда ўрикни 10–12 ёшдаёқ бироз ёшартириш керак, 17–20 ёшда эса соялатувчи асосий шохлар ва қалин ўсган новдаларни олиб ташлаб, беш-олти ёшлик шохигача буташ зарур. 30–35 ёшли дарахтлар етти-саккиз йиллик шохигача кесиб ёшартирилади. Кучли ва унумдор тупроқлардаги ўрик дарахтлар ҳам шу муддатда ёшартирилади. Шох-шаббани бутагандан сўнг ўсиб чиққан шохлар келгуси йил баҳорида сийраклаштирилади. Бунда фақат шох-шаббага шакл бериш учун зарур бўлган шохлар қолдирилади.
       Олхўри дарахтининг асосий навларида мева тугиш органлари қисқа, мева шохчалари-пихсимон шохчалардан иборат бўлиб, улар икки ва кўп йиллик шохларда жойлашган бўлади. Баъзи бир навларда бир йиллик шохчаларда ҳосил бўлиши кузатилади. Ёш олхўри дарахтининг шох-шаббасига шакл беришда шохларнинг пастки қисми яланғочланиб қолмаслиги учун шохлар сийраклаштирилади ва қисқартирилади. Шох-шаббаси тик ўсган, кучли шохланадиган навларда биринчи тартибдаги асосий шохлар қисқартирилиб, иккинчи тартибдаги ён шохлар баландлигида кесилади. Бу шох-шаббанинг ёйилиб ўсишига имкон беради.
  Шох-шаббаси ёйиқ дарахтлар, агар шохлари суст ўса, сийраклаштирилади. Шохлар фақат уларнинг ўсишини тартибга солиб туриши учун қисқартирилади. Олхўрининг бўйига тик ўсишини, бошқа мевали дарахтлардаги каби чеклаб туриш зарур. Дарахтлар мева бера бошлагандан кейин шохлар фақат шох-шаббага ёруғлик яхшироқ тегиши учун бутаб турилади. Барча ҳолларда ҳам биринчи навбатда касалланган, қуриб қолган ва бир-бирига тегиб шикастланадиган шохлар олиб ташланади. Узунлиги 50–60 см. дан юқори ва эгилиб қолган шохлар қисқартирилади. Шохларнинг ўсуви 15–20 см. гача камайганида ёшартириш мақсадида, асосий шохлар икки-уч йиллик шохигача қисқартирилади.
    Ўсув жуда ҳам камайиб кетганда дарахтлар янада кўпроқ буталади. Гилос кучли ўсиши ва кам шохланиши билан бошқа мевали дарахтлардан фарқ қилади. Гилос навларида кучли ўсган шохларнинг пастки қисмида куртаклар кам ривожланади. Куртаклар уйғониши ва асосий шохларда ёш шохчаларни ўсиб чиқишини кучайтириш мақсадида, асосий шохлар қисқартирилади. Бундай буташ усули дарахтлар ёшлигида ва ҳосилга кира бошлаганда шох-шаббага шакл бериш учун қўлланилади. Ёш дарахтлардаги 40–45 см. ли новдаларини чилпиш ҳам яхши натижа беради ёки узун новдаларни эгиб, ярус ҳосил қилинса, ундан куртаклар чиқа бошлайди.
  Шохларни қисқартириш ва чилпиш шох-шаббани ихчам қилади, шохларда ўсув новдаларини кўпайиши ва даста шохларнинг ўсишига ёрдам беради. Яхши шохланадиган нав¬ларда узунлиги 50–60 см. дан ошган новдалар қисқартирилади. Шох-шаббани шакллантиришда дарахтларнинг бўйига ва ён томонга ўсиши чекланиб турилади. Агар гилос новдалари суст ўсса, шохлар икки-уч йиллик шохигача қисқартирилади.
   Дарахт қарий бошлаганда шох-шаббасини кўпроқ буташ йўли билан ёшартирилади. Олча дарахтлари кам буталади. Фақат жуда зарур бўлганда қалинлашиб кетган шох-шаббалар, синган, қуриган ва қарий бошлаган шохлари олиб ташланади. Олча қариб, ўсиши сусайган (10 см. гача) ёки ҳосили камайиб кетган даврда дарахт ҳолатига қараб, уч-беш йиллик шохигача кесиб ёшартирилади, тик ўсадиган навлар кўпроқ, шохлари ёйилиб, косасимон ўсадиганлари эса камроқ кесилади. Шафтоли экилгандан сўнг (биринчи йили новдасидан) 60–70 см баландликда кесилади ва ундан мустаҳкам 4 новда ҳосил қилишга ҳаракат қилинади. Июнь ойининг охирида бу новдалар оралиғи кенгайтирилади (шпагат ёки тирговуч ёрдамида), дарахтни марказидан тахминан 33о қийшайтирилади. Иккинчи йили эса шу қолган 4 новда ўсиш кучига қараб, 70–80 см узунликда кесилади (чилпинади), ён шохларига деярли тегилмайди.
    Ён шохлардан иккинчи йилиёқ ҳосил олиш имкони бўлади. Ҳар бир шохни тепасида ҳосил бўлган ўсиш шохларидан биттаси танлаб олинади ва қолгани олиб ташланади ва яна шох тарбия қилинади. Келаси йили эса бу шох ўсишига қараб яна 70–80 см юқоридан кесилади ва ён шохларига тегилмайди. Дарахтнинг паст қисмида қолдирилган новдалар ҳосил бериш ҳисобига эгилади ва эгилган еридан янги новдалар ўсиб чиқади. Булар ўсиб чиққан шохга тақаб кесилади ва янги шохдан ҳосил олинади. Шу тариқа учинчи йили ҳам шакл берилади.
  Шохлар ҳосилни оғирлигидан ёйилиб кетиб, синмаслиги учун гулдан чиққандан сўнг маълум баландликда тўрттала шох айлана қилиб ёки бир-бирига тортиб бойланади. Бундай шакл беришни афзаллиги шундаки, дарахт ортиқча ғовламайди, ҳосилдорлиги анча юқори бўлади, ҳосил асосан танани ичида шаклланади, танасида ҳаво яхши юради ва қуёш нури тушиш даражаси юқори бўлади. Бундай боғларда унумдорлик ҳам анча юқори бўлади.
  Катта ёшдаги дарахтларни ёшартириш, бошқа турдаги ёки навдаги дарахтларни қайта улаш – искана пайванд қилиш ишлари ҳам бажарилади. Боғларда дарахтларнинг гуллаш даврида гулларини яхши чангланиши учун асалари уяларини ўрнатиш зарур. Куртаклар бўртганда ҳаво ҳарорати 10 оС паст бўлмаганида данакли, уруғли боғларнинг ҳаммасига 3 фоизли Бордо суюқлиги билан ишлов берилади (100 л сувга 3 кг мис купороси ва шунча сўнмаган оҳак).
    Дарахтлар гуллаб бўлгач Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги билан (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча сўнмаган оҳак) пуркалади. Бунда чуқур таъсир этувчи фунгицидлар яхши самара беради. Шунинг учун кўкламда гулдан чиққач Топсин-М (1 л/га) препаратини 0,1 фоизли қилиб сепиш самаралидир. Байлетон (0,2–0,3 л/га), Фоликур (0,25 л/га), Вектра (0,3 л/га) препаратларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Боғ атрофини иҳоталаштириш ишларига яхши аҳамият берилиши, яъни шамоллардан ҳимоялашга эътиборни кучайтириб, терак, ўрик, жийда ёки ёнғоқ каби дарахтларни экиш керак.
   Мевали кўчатларни экишда уларнинг турлари, навлари ҳамда кўчатнинг пайвандтагига эътибор бериш зарур. Интенсив боғларни барпо этишда пакана пайвандтагга уланган олма кўчатларининг қатор ораси 3,5 х 2,5 м ўрта ўсувчи 3,5 х 3 м, нок кўчатлари учун 3,5 х 2 м бўлиши, ўрта ўсувчи учун 3,5 х 2,5 м, ММ-106 пайвандтагига уланган ўрта ўсувчи олма кўчатлари 6 х 4 м, 6 х 5 м, нок учун 5 х 3 м, 5 х 4 м экиш схемалари тавсия этилади. Кучли ўсувчи мевали дарахтларнинг кўчатларини қуйидаги схемаларда экиш тавсия этилади: олма 8 х 7 м, 8 х 6 м, нок 8 х 6 м, 8 х 5 м., беҳи 6 х 4 м, 5 х 4 м, ўрик 8 х 7 м, 8 х 6 м, гилос 8 х 7 м, 8 х 6 м, олхўри 6 х 5 м, 6 х 4 м, шафтоли 6 х 4 м, 5 х 4 м, ёнғоқ 8 х 8 м, 8 х 7 м, бодом 6 х 5 м, 6 х 4 м, хурмо 6 х 6 м, 6 х 5 м, олча 6 х 4 м.
    Экилган кўчатларга шакл бериш, боғ қатор ораларини ҳайдаш, дарахт тагларини чопиш, минерал ўғитлар солиш каби тадбирлар ўтказилади. Резавор мевали ўсимликлар (қулупнай, қорағат, малина) жуда эрта уйғониши боис, уларни қатор оралари юмшатилиб, органик ҳамда минерал ўғитлар солиниб, озиқлантирилади. Қулупнайзорда ҳосилдорлик тупроқни кўкламги юмшатиш вақтига боғлиқ бўлиб, қанчалик тупроқ эрта юмшатилса, ҳосил ҳам юқори бўлади. Шунинг учун қулупнайзорда ишлаш имконияти бўлиши билан қулупнай қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимлик атрофидаги тупроққа ишлов берилади. Тупроқ унумдорлигига қараб, ҳар бир гектар ерга соф ҳолда азот 120–180 кг, фосфор 90–120 ва калий 30–60 кг меъёрда солинади.
    Азотли ва фосфорли ўғитларнинг ярми эрта баҳорда (март) қолган иккинчи қисми ҳосил териб олингандан сўнг солинади. Ўсимлик бу вақтда келаси йил учун ҳосил куртакларини йиға бошлайди. Қорағатзорда (смородина) эрта баҳорда соф ҳолда 120–150 кг азотли ўғит солиниб, қатор ораси 25–30 см чуқурликда ҳайдалиб, туп атрофлари юмшатилади. Қорағат кўп йиллик бутасимон ўсимлик бўлиб, ҳар йили янги новдалар ўсиб чиқиш хусусиятига эга. Қорағат новдалари иккинчи йилдан ҳосил бера бошлаб, 3 йилдан 5 йилгача новдада ҳосил ортиб боради. 5 йилдан кейин новдада ҳосил камайиб, меваси майдалашади.
     Шунинг учун баҳорда 5 ёшдан ошган новдалар кесиб ташланиб, улар ўрнига бир йиллик новдалардан 5–6 таси қолдирилади, қолганлари кесиб ташланади. Бир туп қорағатда 20–25 та ҳар хил ёшдаги новдалар бўлишини таъминлаш керак. Бундай туплардан юқори ва сифатли маҳсулот олинади. Малиназорларда малина тупларининг илдизлари ер юзига яқин жойлашганлиги боис, қатор оралари 10–12 см, туп атрофи 4–5 см чуқурликда юмшатилиб, гектарига 150–200 кг азотли ўғит солинади.
    Эрта баҳорда қуриб қолган новдалар кесиб ташланади. Бир йиллик новдаларни юқори қисми (150–160 см юқоридан) кесилади. Шунда новдалардан чиққан гул куртаклари яхши ривожланиб, мевалари йирик, сифатли ва мўл бўлади. Токзорларда темир-бетон устунлар таъмирланади, симлар тортиб чиқилади, устунларни таги зичланади, керакли жойларга тиргагичлар ўрнатилади. Март ойининг иккинчи ярмида ток кўчатларини очиб, симбағазларга кўтариб боғлаш ишларини амалга ошириш зарур.
   Қолдирилган узун новдаларни пархама (пархеш) қилиб, ораларини тўлдириш, маҳаллий ўғит (10–20 т/га) ва минерал (N60, К30 кг/га) ўғитларни солиб, қатор ораларини ҳайдаб, туп атрофларини юмшатиш ишлари бажарилади. Барча боғ ва токзорларда тупроқни унумдорлиги ва тупроқ сифатини ошириш мақсадида, ҳар бир гектар майдонга (кузда сепилмаган бўлса) 8–10 л/га ҳисобида Байкал ЭМ-1 препаратини ишлатиш тавсия этилади. Бу микробиологик ўғит тупроқдаги ўзлаштирилмайдиган барча элементларни (N, Р, К, Са, Мg ва бошқ.) ўзлаштириладиган формага айлантириб беради. Шу йўл билан тупроқ қолдиқларидан тозаланади ва унинг ғоваклиги (структура) яхшиланади. Боғлар, резавор мевалилар ҳамда токзорларда юқорида билдирилган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, мўл ҳосил олишга пухта замин яратилади.
    Р.Абдуллаев, А.Арипов, Х.Абдуллаева




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech