Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2014 00:00
Бошоқли дон экинлари, айниқса, кеч экилиб, яхши чиниқмасдан тиним даврига ўтган майсалар ташқи муҳитнинг ноқулайликлари, жумладан, ўта паст ҳарорат, тупроқ намлигининг ортиб кетиши, кучли қуруқ шамол каби бир қатор салбий омиллар таъсирида зарарланиши ва нобуд бўлиши мумкин. Кузги буғдой қиш фасли давомида тиним даврини ўтайди.
   Майсаларини совуқ уриши. Қиш ўта совуқ келган йилларда майсаларнинг кўп зарарланиши ва нобуд бўлишининг асосий сабаби ҳаво ҳарорати паст бўлишидир. Паст ҳарорат таъсирида ўсимлик тўқималарининг ҳужайралари оралиғида муз кристаллари ҳосил бўлиб, ҳужайра протоплазмасини сиқиб қўяди. Сувсиз ҳолатдаги протоплазма зарарланганлиги сабабли ўтказувчан бўлиб қолади.
    Совуқ урган ўсимлик барглари сарғаяди, тупланиш бўғини титилиб кетади. Тупланиш бўғини ва илдизи қўнғир тусга киради ва тургор ҳолатини йўқотади. Айрим йилларда республикамизнинг шимолий минтақаларида январь-февраль ойларида ҳаво ҳарорати 5 оС дан юқори бўлганда кузги бошоқли дон экинларининг амал даври қўзғалиши натижасида уларнинг совуққа чидамлилиги йўқолади ва совуқ ҳарорат қайта тушиши билан ўсимлик нобуд бўлади. Ўсимликларни паст ҳарорат таъсирида нобуд бўлишдан сақлаб қолишда ўз вақтида ерни сифатли қилиб экишга тайёрлаш, фосфорли, калийли ўғитларни қўллаш, совуққа чидамли навлар уруғини чуқур экиш муҳим аҳамиятга эга.
   Майсаларининг димиқиши. Майсалар узоқ муддат қор тагида қолганда, ўсимликда тўпланган захира моддалар нафас олиш жараёнига сарфланади, сарфланган озуқа моддалар ўрнига карбонсувларнинг ҳосил бўлиши тўхтайди. Бундай ҳолатдан кейин қор тагидан юзага чиққан ўсимликлар қўнғир рангда бўлиб, аста-секин нобуд бўла бошлайди. Ўсимликлар димиқишининг олдини олиш учун уруғ экиш меъёрини оширмаслик, ўта эрта муддатларда экмаслик талаб қилинади.
   Айниқса, қор қалин ёққан йилларда эрта баҳорда кундузи ҳарорат кўтарилиши туфайли қор эриб, кечки паст ҳароратда эриган қор суви музлаши оқибатида майсалар муз қатлами тагида қолиб, кислород етишмаслигидан димиқиб нобуд бўлади. Кўк массаси кучли ривожланган ўсимликлар энг биринчи навбатда димиқади. Кузги бошоқли дон экинлари димиқишининг олдини олиш учун ерни яхшилаб текислаш ва уруғликни пуштага экиш талаб этилади. Илдиз тизимининг узилиши.
   Кузги бошоқли дон экинлари илдиз тизимининг узилиши тупроқ таркиби оғир, структурасиз ва экиш олдидан яхши текисланмаган майдонларда қиш ва баҳор ойларида учрайди. Шунингдек, тупроқ юза қисмининг музлаши ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин. Тупроқ юза қисми музлаганда тупроқ ҳажми катталашади. У эригандан кейин ўтириши, яъни чўкиши туфайли ўсимлик илдизи узилади.
    Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2014 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини ривожланиш фазалари ва ҳолатига қараб айни кунларда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш талаб қилинади:
   - сийрак униб чиққан майдонларда суғориш ишларини зудлик билан амалга ошириш;
  - ғўза қатор ораларига дон экилган майдонларни ғўзапоялардан тозалаш;
  - турли касаллик ва зараркунадалар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, ғаллазор теварак-атрофлари, тут қаторлари, ариқ бўйларини хас-хашаклардан тозалаш;
  - суғориш иншоотларини тартибга келтириш.
  Шу билан биргаликда, майдонлар ҳолатини фермерлар, соҳа мутахассислари ҳамкорлигида хатловдан ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бунда 1 м2 да ниҳоллар сони ўртача 400–450 тупдан кўп бўлса, майдон ҳолати барқарор, 300–350 тупни ташкил этса, қониқарли деб баҳоланади. Агар 150–200 тупдан кам бўлса, бундай майдонларга дуварак ёки баҳорги буғдой навлари уруғини 100–120 кг/га ҳисобида қўшимча экиш лозим.
     Бу майдонларни қўшимча озиқлантириш ва шарбат усулида суғориш ҳисобига майсаларнинг кучли туплашига шароит яратиш талаб этилади. Фосфорли ўғитлар етарли берилмасдан экилган майдонларга, вегетация даврида талаб этиладиган фосфорли минерал ўғитлар ўрнини қоплаш учун 1 гектар майдонга камида 5 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариб, биринчи ва иккинчи сувни шарбат усулида оқизиш яхши самара беради. Бу тупроқда намлик яхши сақланиб, суғоришлар сонини камайтириш имконини беради.
    Туплаш фазасида маҳсулдор поялар, бошоқлар ва ҳар бир бошоқдаги донларнинг сони шаклланади. Уларнинг кўп бўлиши шу даврда бажариладиган агротехник тадбирларнинг нечоғлик сифатли амалга оширилишига, яъни озуқа, намлик шароитларининг етарли бўлишига боғлиқ. Бу даврда об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб экинзор 600–700 м3/га меъёрда суғорилади. Туплаш фазаси об-ҳаво, ёғинлар ва ҳароратга қараб давом этади.
  Республикамизнинг асосий ҳудудларида туплаш фазаси март ойи охиригача давом этади. Бу даврда майдонларга биринчи марта сузпензия билан ишлов бериш яхши самара беради. Шунингдек, бу пайтда айрим майдонларда занг касаллигининг дастлабки ўчоқлари пайдо бўлиши баробарида, бегона ўтлар ҳам жадал ривожлана бошлайди. Шу боис дала кузатув ишларини кучайтириш лозим. Эртаки навлар экилган ёки ўтган йилги ғалла ўрнига яна ғалла жойлаштирилган майдонларда занг касаллиги аломатлари ва бегона ўтлар пайдо бўла бошлаган бўлса, уларнинг ҳолатига қараб, қарши кураш чораларини кўриш тавсия этилади.
    Дон бўртмалари ҳосил бўлиш фазасида тупроқнинг озуқа элементлари билан таъминланишига қараб бошоқнинг узун ёки калта, бошоқдаги бўртмаларнинг кўп ёки кам бўлиши белгиланади. Бошоқнинг узун, дон бўртмаларнинг кўп бўлишга эришиш учун ерда озиқа элементларини шу фаза бошлангунча етарли қилиб таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Ушбу фазада ғаллазорларни 50–60 кг/га (соф ҳолда) миқдорда азотли ўғитлар билан озиқлантириб, суғориш яхши самара беради. Бу даврда ғўза қатор ораларига экилган майдонлардаги майсаларга қуёш нури кўпроқ тушушини таъминлаш учун ғўзапоядан тўлиқ тозаланган бўлиши лозим.
   Айнан шу даврда занг касаллигининг аломатлари аниқ кўрина бошлайди. Занг майдонларда кенг тарқалишини кутиб ўтирмасдан, дарҳол профилактик кураш чораларини қўллаш талаб этилади. Туплаш даврининг охири, найчалаш даврининг бошланишида иккинчи озиқлантиришга киришиш керак. ўалла ҳолатига қараб йиллик азотли ўғитнинг 45–50 фоизини ёки гектарига 80–100 кг. дан (соф ҳолда) бериш мақсадга мувофиқ. Ўғит солингач, дарҳол суғоришга киришилади.
      Бегона ўтларни бартараф этишда ҳар бир бегона ўтнинг турига қараб, гербицидлар захирасини яратиш ва қўллаш яхши самара беради. Шунингдек, бегона ўтлар тарқалиш даражасини аниқлаб, уларнинг мақбул меъёрларини тўғри белгилаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун бу борада ушбу соҳа мутахассисларининг тавсияларига амал қилиш керак.
     Озиқлантириш ва суғориш ишлари ниҳоясига етгандан сўнг, табиийки ғалла билан биргаликда бир ва кўп йиллик бегона ўтларнинг ривожланиши ҳам жадаллашади. Бунда бегона ўтлар тури ва сонига қараб Топик (0,3–0,4 л/га), Атлантис (0,2–0,3 л/га), 75 фоизли Гранстар (10–20 г/га), Биостар (10–20 г/га), Далстар (10–20 г/га), Экстрим (10–20 г/га) каби гербицидлардан фойдаланиш зарур. Шунингдек, бу даврда майдонларни иккинчи марта сузпензия билан барг орқали озиқлантириш ҳосилга ҳосил қўшиб, касаллик ва ҳашаротларга чидамлилигини оширади.
   Сўнгги йилларда минтақамиз иқлимидаги ўзгаришлар туфайли аксарият майдонларда сариқ занг касаллиги ўчоқлари аниқланмоқда. Эътиборсизлик оқибатида сариқ занг касаллиги ўта ривожланган ғалла майдонларида дон ҳосилининг 85–90 фоизи йўқолади. Шуни инобатга олган ҳолда замбуруғли касалликларга қарши чидамли нав¬ларни экиш, экиш меъёрлари ва муддатларини тўғри белгилаш талаб этилади.
       Замбуруғли касаликлар кучли тарқалиши хавфи сезилганда кимёвий препаратлардан 30 фоизли Броадер эм.к 0,2–0,3 л., 25 фоизли Бампер ва Колосаль эм.к. (0,3–0,5 л/га), Пиларкур эм.к. (0,4–0,5 л/га), 22,5 фоизли Торсо, Зангцид ва Уредоцин эм.к. (0,3–0,5 л/га), 12,5 фоизли Консул сус.к. (0,75 л/га) меъёрда 200–300 литр ишчи эритма ҳисобида ишлов берилади. Шунингдек ўсимликларни ҳимоя қилиш марказининг жойлардаги раҳбарлари бегона ўт тарқалиши башорат қилинган майдонларга қўшимча 20–25 фоиз миқдорда гербицид ва фунгицидлар захирасини яратиб қўйишлари лозим.
     Бунда касаллик ва зараркунандаларнинг тарқалиш ўчоқларига барча турдаги қўл аппаратлари билан дастлабки ишлов бериш ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам ўз вақтида ишлов бериш имкониятини беради. Шунинг учун жойларда штангали ҳамда ОВХ ва қўл аппаратларини етарли бўлишини таъминлаш талаб этилади. Ҳа, деҳқонларимиз март ойида майса парваришига алоҳида эътибор бериб, агротехник тадбирларни ўз муддатида оби-тобида ўтказиб, майсалар қанчалик кўп туплашига эришса, бу йил уюладиган юртимиз ғалла хирмони ҳар қачонгидан ҳам баланд бўлишига мустаҳкам замин яратилади.
     Р.Сиддиқов, А.Мансуров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech