Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2014 00:00
Пахта майдонларини экишга сифатли тайёрлашда тупроқни бороналаб унинг юзидаги кесакларни майдалаш, қатқалоқни юмшатиш ва бегона ўтларнинг илдизларини тароқлаб ер бетига чиқариш билан бир қаторда тупроққа ағдармасдан чуқур ишлов бериш, марза тортиш ва фермер хўжаликлари далаларига сув келтирадиган ариқ-зовурларни қазиш тадбирларини бажариш ҳам муҳим ўрин тутади. Мазкур агротадбирларни қисқа муддатларда сифатли бажарилиши кўп ҳолларда бороналар, универсал ариққазгич-пололгич марза текислагич ҳамда чизел-культиваторлари каби машина-қуролларни талаблар даражасида таъмирлаш ва тайёрлашга боғлиқ.
     Ариққазгич-текислагичларни таъмирлаш. Бундай машиналар фермер хўжаликлари ҳудудидаги муваққат суғориш ариқлари, ўқариқлар, зовурлар ва ташлама эгатларни қазиш ва кўмиб текислаш, марза тортиш ва уни бузиб текислаш ҳамда тупроқни чуқур юмшатишга мўлжалланган. Кўриниб турибдики, мазкур машиналарнинг иш шароити анча оғир. Шу боис уларнинг ағдаргичлари, кесувчи пичоқлари, таянч ғилдиракларнинг ўқлари ва втулкалари тупроқ абразивлари таъсирида ейилади.
   Ағдаргичнинг синган жойига металл пластина пайвандлаб уланади. Сиртидаги бироз ейилган жойларга металл эритиб ёпиштирилади, чарх тош ёрдамида яхшилаб тозаланади. Кесувчи пичоқлар айниқса кўп ейилади. Ейилган пичоқ аввало текисланади, кейин рессор пўлат чиқитларидан ейилган қисм шаклига мослаб пластина тайёрланади. Бу пластина темирчилик ўчоғида 840 градусгача қиздириб, мойга ботириб тобланади, сўнгра такроран 360 градусгача қиздириб бўшатилади. Тайёр бўлган пластина ейилган жойга қўйилади ва электр пайванд усулида уланади.
  Пичоқ тамоман ишдан чиққан бўлса қайта тикланмайди-янгисига алмаштирилади. Таянч ғилдираги ўқининг ейилган сиртига металл эритиб қопланади, сўнгра токарлик дастгоҳида зарур ўлчамгача йўнилади. Ейилган втулка ечиб олинади, кескич билан йўниб кенгайтирилади. Кенгайган жой ўлчамига мос янги втулка пресслаб киргизилади. Агар ўқ ҳаддан ташқари ейилган бўлса, ейилган қисми кесиб ташланади ва шу жойга бир бўлак соз ҳолатдаги ўқ пайвандлаб уланади.
   Эгилган брусларни эринмай тўғрилаш керак. Акс ҳолда эгри брусларда ағдаргичлар нотўғри жойлашади, агрегатнинг тортишга қаршилиги ортади ва иш сифатига путур етади. Устахона шароитида раманинг эгилган қисми винтли домкрат ёрдамида тўғриланади. Қаттиқ эгилган жойлар қиздирилиб, кейин жойига келтирилади. Бруслардаги дарзлар пайвандлаш йўли билан тўлдирилади.
  Устахоналарнинг назоратчи-механиклари таъмирдан чиққан ариққазгич-текислагичларни қабул қилишда уларни қуйидаги техник талабларга алоҳида эътибор беришлари керак: кесувчи пичоқ билан ағдаргич туташган жойдаги зазор 3 мм.дан кам; пичоқларни ағдаргичларга маҳкамлайдиган болтларнинг каллаклари уларнинг сиртидан кўтарилмаган: ағдаргич ва лемехнинг сиртлари бир текисликда ётади; таянч ғилдиракларнинг радиал тепиши 5 мм. дан, ўқ йўналишидаги силжиши 2 мм. дан кўп эмас; бруслар бир-бирига хомутлар ёрдамида пухта тортиб маҳкамланган; машина қисмлари бўялган.
   Универсал культиватор-пололгич (УКП)ларни таъмирлаш. УКП механик таркиби оғир бўлган тупроқларни 15–25 см оралиғида чуқур юмшатишда ишлатилгани боис грядиллари эгилади, уларнинг учига ўрнатилган юмшатувчи ёки ўқёйсимон панжалар ейилади, таянч ғилдиракларининг тўғинлари, ўқлари ва втулкалари ишдан чиқади, тошли майдонларда юкланиш кескин ортиб кетганда рама қийшайиб, дарз кетиши ҳам мумкин.
    Раманинг қийшайган жойлари газ пайвандлаш ускунаси горелкасидаги олов билан қиздирилади ва жойига келтирилади. Дарзлар пайвандланиб, металл билан қопланади. Эгилган грядиллар қиздирилади, андозага (шаблонга) қўйиб тўғриланади. Синган қисмларига металл пластиналар ёпиштирилади, чоклар чарх тоши билан тозаланади.
   Юмшатувчи ва ўқёйсимон панжаларнинг ўтмаслашган тиғлари 1мм қалинликгача чархланади. Панжалар кўп ейилган, синган ва дарз кетган бўлса янгиларига алмаштирилади. Таъмирланган юмшаткичлар андоза ёрдамида текширилади. Таянч ғилдиракларининг ярим ўқлари ва втулкалари қаттиқ едирилганда уларнинг сиртига металл эритиб ёпиштирилади, кейин дастгоҳда номинал ўлчамларгача йўнилади. ғилдиракнинг синган тўғини пайвандлаб ямалади, эгилган кегайлари тўғриланади.
  Таъмирланган культиватор-пололгичлар қуйидаги асосий техник шартларни қондириши лозим: ғилдиракларнинг ўқ бўйича силжиши 2 мм. гача; втулка билан ўқ орасидаги зазор 2 мм. гача бўлса, улар таъмирланмайди; тўғиннинг радиал тепиши 4 мм. гача; олдинги ва кетинги грядиллар қаторлари орасидаги бўйлама масофа номинал қийматидан 3 мм фарқ қилиши мумкин.
  “Зиг-заг” тишли бороналарни таъмирлаш. Иш пайтида бундай боронанинг тишлари ейилади ва рамаси эгилади. Муқобил МТП га келтирилган носоз борона дастлаб андоза устига қўйилади. Андозани қалинлиги 2 мм бўлган тунукадан тайёрлаш мумкин. Боронани андозасиз назорат майдончада ҳам текшириш мумкин. Бунинг учун қаттиқ юзали майдонча юзасида борона тишларининг жойланиш нуқталари бўр билан белгиланади.
   Тишларнинг ораси раманинг узунасига ва кўндалангига нисбатан ўлчанганда бир-биридан 5 мм. гача фарқ қилиши мумкин, холос. Раманинг кўндаланг ва бўйлама планкалари совуқлайин (қиздирилмасдан) тўғриланади ва андоза ёрдамида текширилади. Планка билан майдонча орасидаги тирқиш 3 мм. дан ошмаслиги керак. Эгилган тишлар ечиб олиниб қиздирмасдан тўғриланади. Ейилган тишлар дастлаб темирчилик ўчоғида 900 градусгача қиздирилади ва чўзилади, кейин 30–35 градусли илиқ сувга ботирилиб тобланади. Тишнинг учи 0,6–0,8 мм кенгликда чархланади. Таъмирланган тишларнинг узунлиги бир-биридан 10 мм. гача фарқланиши мумкин.
     Дискли бороналарни таъмирлаш. Боронанинг ўтмаслашган дисклари чарх тошда ёки токарлик дастгоҳида сиртқи қавариқ томонидан чархланади. Чархлаш фаскаси питирларсиз текис, эни эса 8–10 мм бўлиши даркор. Таъмирланган дискларнинг диаметрлари бир-биридан кўпи билан 6 мм.гача фарқ қилиши мумкин. Дискнинг квадрат тешиги ишдан чиққанда (ейилиб кетганда) дискка 3–4 мм қалинликдаги пўлат шайба пайвандланади. Дискнинг қирқувчи қисмининг тобланган зонасининг юмшаб кетишини олдини олиш мақсадида шайба дискка узиб-узиб пайвандланади.
    Ейилган ўқ темирчилик усулида тикланади. Эгилган ўқ совуқлайин тўғриланади. Резбалар ейилган, узилган бўлса, янги резба ўйилади ва кичик диаметрли янги гайка ясалади. Таянч ғилдирагининг гардиши цилиндр шаклида бўлиши, гупчакдаги втулка зич жойлашиши керак. Кегайлар гупчак ва гардишга пухта маҳкамланган, ғилдирак ўз ўқида бемалол айланадиган бўлиши лозим.
   Таъмирдан чиқарилган дискли бороналарга қўйиладиган талаблар: дисклар билан майдонча юзаси орасидаги тирқиш кўпи билан 3 мм; диск тиғларининг ўзаро параллеллиги кўпи билан 10 мм; батареяга йиғилган дисклар орасидаги масофаларнинг (қолдирилган изларнинг) фарқи 8 мм атрофида; батареяларнинг қиялик бурчагини ростловчи механизм соз ҳолатда; подшипник соққалари енгил айланади; дисклар радиал ўқ бўйича тепмайди; барча болтли бирикмалар яхши бураб қотирилган ва гайкалар тагига пружинали шайбалар ўрнатилган; дисклар сиртини тозалайдиган қирғичлар сиртга сал (енгил) тегиб туради, осон силжийди; борона бўялган.
      Шуни эсда тутиш лозимки, ерларни экишга тайёрлаш ва чигит экиш тадбирлари пешма-пеш ўтказилади. Агар экишга тайёрлаш машиналари тез-тез бузилиб, ишдан чиқаверса, чигит экиш мавсуми ҳам ўз-ўзидан чўзилиб кетади. Машиналар пухта таъмирлангандагина бундай салбий ҳолатларнинг олди олинади.
      М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech