Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2014 00:00
Республикамиз Президентининг шу йил 18 февралда “2014 йилда ғўза навларини жойлаштириш ва пахта етиштиришнинг прогноз ҳажм¬лари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан шу кунларда ғўзанинг тезпишар, юқори ҳосилли ва истиқболли навларини оқилона жойлаштириш, жорий йилда пахта етиштирувчи хўжаликларни сифатли уруғлик чигитлар билан таъминлаш каби бир қанча долзарб ишларни амалга ошириш лозим.
    Кунлар исиб, тупроқ оби-тобига келиши билан бобо-деҳқонларимиз даласига чиқиб, экин-тикин ишларини бошлаб юборишди. Бу йилги ўзига хос ўзгарувчан об-ҳаво шароитида пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда дала юмушларини ўз вақтида маромига етказиб бажариш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
  ЕРЛАРНИ СИФАТЛИ ТАЙЁРЛАШ. Экиш олдидан эрта баҳорда ўтказиладиган бороналаш тупроқнинг майин, донадор бўлишига олиб келади ва намликни сақлаш хусусиятини оширади. Натижада чигит бир хил чуқурликка экилади, ниҳоллар текис униб чиқади, ғўза барвақт ўсиб, ривожланади, ҳосилдорлик ошади. Аксинча, ушбу тадбирлар ўз вақтида ўтказилмаса ёки сифатсиз бажарилса, тупроқ намлиги тез камайиб, зичлашиши ошади, чигит униб чиқиши қийинлашади ва ниҳоллар сийрак, нотекис ва нимжон униб чиқади.
        Бундай ниҳоллар касалликка тез чалинади, бу ҳосилдорликнинг 20–30 фоизга камайишига сабаб бўлади. Чигитни ўз вақтида ва сифатли экиш учун экиш олдидан ишлов бериш тадбирлари тупроқнинг ҳолатига қараб амалга оширилади. Жумладан, шўрланмаган, бегона ўтлардан тоза майдонлар бир вақтнинг ўзида бороналанади ва текислагич агрегатлар ёрдамида ёки мола билан текисланади. Бегона ўтлар кучли босган майдонларда чизель-культиваторларга тиркалган бороналар воситасида кўп йиллик бегона ўтлар илдизлари тозалаб чиқилади. Юзада қолган илдизлар эса қўлда терилиб, ёқиб юборилади.
    Айрим майдонлардаги нотекисликларни бартараф этиш учун енгил мола ўтказилади. Агар кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган ёки шўр ювилган майдонлар бўлса, экиш олдидан фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 60–70 фоизи (физик ҳолда 200 кг/га аммофос ёки 385 кг/га супрефос ёки 600 кг/га нитрофос) ҳамда калийли ўғитларнинг 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) солинади.
     Андижон вилоятининг кўп йиллик тажрибасига таянган ҳолда плёнка остига чигит экиладиган майдонларда кузда пушта олиб қўйиш, экиш олдидан бажариладиган юмушлар сонини минималлаштириш, пировардида тупроқ зичланишини камайтириш имконини беради. Бунда, экиш олдидан махсус бороналар билан тупроқнинг юза қисмига ишлов берилиб, чигит экишга киришилади. Баҳорда пушта олиш ишларига тупроқнинг юза қисми етилиши билан киришилади. Тупроқни табиий намлигига чигитни ундириб олиб бўлмайдиган жойларда нам тўплаш мақсадида 15–20 см чуқурликда пушта олиниб, тупроқни механик таркиби ва қишда тўпланган намлик ҳисобга олган ҳолда гектарига 600–700 м3 миқдорида захира суви берилади.
    Бу чигитни табиий намлик эвазига ундириб олиш имконини беради. Пушта олинган майдонларни чигит экишдан олдин бороналашда чопиқ тракторларига осиладиган бороналардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Намлик юқори бўлган далаларда тупроқ дастлаб тишли бороналар билан, сўнгра чизель-культиватор ҳамда дискли бир тизимда борона билан 12–14 см чуқурликда ишлов берилади. Ишлов бериш чуқурлиги бундан ошиб кетганда лой кўчади, тупроқда йирик кесаклар ҳосил бўлади. Экиш олди ишлари ва чигит экишни минтақалар шароитида қисқа (7–10 кун) муддатда ва сифатли ўтказиш чораларини кўриш лозим. Бунинг учун чигит экиш олдидан ўтказиладиган борона, текислагич ва бошқа агрегатлар, сеялка, уруғлик чигит, ЁММ ва бош¬қа зарур воситаларни ҳозирлаб қўйиш керак.
   ЧИГИТНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ЭКИШ. Фермерларимиз унувчанлиги 90–95 фоиздан кам бўлмаган, юқори сифатли сара уруғларнигина экишга эътибор қаратишлари зарур. Тукли чигитни экишда уни нам¬лашга жиддий эътибор беришлари керак. Намлаш ишлари марказлашган ҳолда олдиндан тайёрланган бетонланган махсус майдончаларда амалга оширилиб, 1 тонна уруғлик чигитни намлаш учун 600 литр меъёрида сув сарфланади.
   Чигитни намлаш ишлари олдиндан тайёрланган бетонланган махсус майдончаларда ўтказилади. Майдончаларни бўйи 3–4 метр, эни 2–2,5 м ва чуқурлиги 30–35 см ўлчамда бўлиши тавсия этилади. Чигитни намлаш вақтида сувнинг оқиб кетишига йўл қўймаслик зарур. Бунда, чигит 20-25 см қалинликда ёйилади ва белгиланган (200 л) меъёрдаги сув қуйилади. Ишчилар бир-бирига қарама-қарши туриб, ёғоч курак билан чигитни тўхтовсиз аралаштириб туришади.
     Чигит талаб даражасида намлангач, сув шимилгач бир жойга 60–70 см қалинликда тўпланади ва 3–4 соат димлаб қўйилади. Кейинги босқичда яна 200 л сув солинади ва аралаштирилиб 4–5 соат, учинчи марта яна 200 л сув билан аралаштирилиб 4–5 соат димланади. Шунда чигитнинг қобиғи юмшаб, букиб, сеялканинг экиш аппаратидан дона-дона тушадиган ҳолатда бўлади ҳамда чигитнинг тўлиқ ва сифатли намланишига эришилади. Бу эса тупроқ намлиги кам бўлган сув тан¬қис йилларда ҳам чигитни бир текис униб чиқишини таъминлайди.
   Агарда, намлаш билан биргаликда ёки уруғлик чигит тайёрлаш заводларида тукли ва туксизлантирилган чигитларга стимуляторлар билан ишлов бериладиган бўлса: масалан, Гумимакс 0,8–1,0 л/т, Витавакс 200 ФФ 5 л/т, Узгуми 0,7–0,8 л/т, Фитовак 200–300 мл/т меъёрда қўлланилса, ноқулай (қурғоқчилик, намгарчилик, паст ҳарорат) об-ҳаво ва тупроқ шароитида ҳам чигитнинг унувчанлигини оширади, илдиз тизимини бақувват ривожлантиради, ниҳолларнинг илдиз чириш ва гоммоз касалликларига бардошлилигини кучайтиради, ўсиб-ривожланишини тезлаштиради.
    Илмий асосланган тавсияларга кўра, намланган чигитнинг сақланиш муддати 18 соатдан ошмаслиги лозим. Намланган ва талаб даражасида димланган уруғлик чигитлар қопларга солинади ва далаларга олиб борилади. Уруғни намлашда бир кунда қанча майдонга экиш, далага олиб бориш ва бошқа ишларга кетадиган вақт ҳам ҳисобга олиниши чигит исрофини камайтиради.
  Чигитни мақбул муддатда экиш, табиий намликдан оқилона фойдаланиб, ғўзани сувсизликка чидамлигини оширади. Шу боис фермерларимиз экиш мавсумини қисқа муддатда сифатли ўтказиш учун барча ташкилий ишларга жиддий эътибор беришлари керак.
     Республикамиз минтақалари тупроқ-иқлим шароитида чигит экишга тупроқнинг 0–10 см чуқурликдаги ўртача ҳароратини инобатга олиб, яъни, тукли чигитни ўртача ҳарорат 12–14, туксизлантирилган чигитни эса 14–16 0С га етганда киришиш мумкин. Тажрибали деҳқонлар тупроқнинг етилганлигини қуйидаги оддий усулда аниқлайдилар: чигит экиладиган дала тупроғини қўлда сиқиб, ерга ташлаб юборилганда майдаланиб кетса чигит экишга киришадилар.
  Ёғин-сочин кам бўлиши кутиладиган баҳорги шароитда тупроқ намлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ерни экишга тайёрлаш ишлари чўзилиб кетса, тўпланган нам¬лик йўқотилиши оқибатида тўлиқ кўчат олиб бўлмайди. Аксинча, ёғин-сочин кўп бўлиши кутиладиган шароитларда эса ерга қадалган чигитлар етарли ҳарорат олмаганлиги сабабли униб чиқиши кечикади. Бундай ҳолларда ерни экишга тайёрлашда техникани далага керагидан ортиқча киритмасликка алоҳида эътибор бериш зарур.
  Чунки, техникани юриши ҳисобига ерларни юқори даражада зичлашишига олиб келади ва ушбу майдонларда ниҳоллар ҳар хил муддатда униб чиқиб, бир текис кўчат олинмайди ва ҳосилдорлик пасайишига сабаб бўлади.
   Кўп йиллик маълумотларга кўра, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда чигит экиш учун мақбул муддат – Сурхондарё вилоятининг жанубий туманларида 25 мартдан 10 апрелгача, шимолий туманларида 1–10 апрель, Қашқадарё вилоятининг чўл минтақасидаги туманларида 1–10 апрель, тоғолди туманларида эса 5–15 апрель ҳисобланади.
   Пуштага ва чигит суви берилиб экиладиган майдонларда суғориш ишларини ҳар йилгидан 10–15 кун олдин бошлаш керак. Қорақалпоғистон Республикасида чигит экишнинг мақбул муддати жанубий туманларда 15–20 апрель, шимолий туманларда 25–30 апрель, Хоразм вилоятида 20–25 апрель ҳисобланади. Тошкент вилоятида бу муддат 5–15 апрель, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 1–12 апрелга тўғри келади. Самарқанд ва Навоий вилоятларининг тупроғи оғир механик таркибли, юза қатлами тезда қотиб қоладиган тоғолди ва ярим чўл ҳудудларида 5–12 апрель, Бухоро вилоятида 1–10 апрель энг қулай муддатдир. Фарғона водийси вилоятларида чигит экишнинг мақбул муддати 1–15 апрель ҳисобланади.
    Плёнка остига экилганда эса 25 мартдан 1 апрелгача экиш лозим. Чигит плёнка остига бир қаторлаб экилганда туксизлантирилган чигит 25–30 кг, қўш қаторда 20–30 фоиз кўпроқ сарфланади.
   Жорий йилда чигит экиш муддатини белгилашда об-ҳаво шароитини инобатга олиш зарур. Бу муддатлар об-ҳавонинг келиши, тупроқнинг етилиши, намлик миқдорига қараб 5–7 кун фарқ қилиши мумкин. Чигит экишни биринчи навбатда тез қизийдиган енгил, ўртача қумоқ ва тез етиладиган майдонларда, кейин эса оғир тупроқларда ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Тупроқ ҳарорати паст бўлганда экилган чигитни бир қисми чириб кетади ва ниҳоллар сийрак униб чиқади, бундай майдонларга қайтатдан ёки қўлда уруғ экишга тўғри келади. Бу эса чигит, ёнилғи-мойлаш материаллари, меҳнат сарфининг ошишига олиб келади. Шу боис бундай ҳолатларга йўл қўймаслик керак.
    Чигит механик таркиби оғир, секин қизийдиган тупроқларда 3–4 см, бошқа тупроқларда 4–5 см чуқурликка экилади. Экиш тўлиқ тугатилган, деб ҳисобланиши учун далалар чети, симёғоч ва ўқариқлар атрофи қўлда экилган бўлиши керак. Шундагина барча майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилинади. Чигит экишда унинг меъёрига алоҳида аҳамият бериш даркор.
    Тупроқ-иқлим шароитларига қараб тукли чигит гектарига 45–55, туксиз чигитлар эса 25–30 кг/га меъёрда экилганда мақбул кўчат қалинлигига эришилади. Агар чигит қўш қатор усулида экилса, якка қаторларга нисбатан 20–25 кг кўпроқ уруғлик сарфланади. Чигит экиш билан бир вақтда гектарига соф ҳолда 15–20 кг азот, 20–25 кг фосфорли ўғитлар сеялкага ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида экиш чизиғидан 10–12 см четга, 12–16 см чуқурликка солинади.
    Бегона ўтларга қарши гербицидлардан «Стомп» 0,8–1, «Которан» 1–1,2 кг/га меъёрда сепилади. Таъкидлаш керакки, ғўзани қўшқаторлаб экиш балл бонитети 38–40 ва 50 баллик, текис, механик таркиби енгил (қумли, қумоқ, тош-шағалли) ва ўрта тупроқларда, кўп йиллик ва бир йиллик бегона ўтлар кам учрайдиган далаларга жойлаштирилиши лозим. Бунда, бир қаторлаб экишга нисбатан тупроқ унумдорлигини ҳисобга олиб 20–30, енгил ва шағалли тупроқларда 35–40 фоиз туп кўп қолдирилади. Бу усулда экилган майдонларда пахта ҳосили 10–13 кун эрта етилади.
   Чигит экишда кенг қамровли (6–8 қаторли ва бошқа) сеялкалардан фойдаланиш тупроқни зичланишини олдини олади, иш унумини оширади ва қисқа муддатда тупроқда тўпланган табиий намга чигит экишни таъминлайди. Чигит экишни мақбул муддатларда, агротехник талабларга риоя қилган ҳолда ўтказиш, чигитнинг тупроқдаги нам ҳисобига униб чиқиши ва қийғос ҳамда соғлом ниҳол олиниши, пировардида пахтадан эртаги, мўл ва сифатли ҳосил етиштирилишини таъминлайди.
     Б.Ҳолиқов, Ф.Ҳасанова, Ш.Абдуалимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech