Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Мамлакатимиз фермер хўжаликларида ипак қуртидан мўл ва сифатли пилла ҳосил етиштириш, унинг озуқа базаси бўлган тут дарахтларидан олинадиган барг сифатига боғлиқ. Хўжаликларда тут дарахтлари ва тутзорлари етарли бўлган, уларни ўз вақтида агротехник қоидаларига амал қилган ҳолда парвариш қилиб келаётган фермер хўжаликлари йилдан-йилга пилладан юқори ҳосил олишга эришмоқда.
  Тут дарахтлари баргидан фойдаланилгандан сўнг уларни кейинги йил ипак қурти боқиш мавсумига тайёрлаш учун ҳозирдан парвариш ишларини амалга ошириш зарур.
   Бунинг учун фермер хўжаликларида баҳорги қурт боқиш мавсумида чала кесилган ёки кесилмай қолган тут новдаларини кесиб олишлари шарт. Йўқса келаси йил ўсиб чиққан новдаларнинг барглари майда ва сифатсиз бўлади. Бундай тутларнинг барги билан боқилган ипак қуртининг пилласи майда ва сифатсиз бўлиши кузатилган. Шу билан бирга бундай тутларни кесиш учун жуда кўп ишчи кучи ва ортиқча маблағ сарфланади.
  Ўз вақтида тозалаб кесилган тут дарахтларидан кўплаб янги новдалар ўсиб чиқади ва улардан тўйимли ва мўл барг олиниб, сифатли ва юқори пилла етиштиришга имкон яратилади.
  Баҳорги ипак қурти боқиш мавсумида новдалар яхши тозалаб кесилган тут дарахтлари тагини юмшатиш, тутзорлар қатор ораларига ишлов бериш ва ўз вақтида қондириб суғориш ҳозирги вақтда бажарилиши зарур бўлган вазифалардан ҳисобланади. Булардан ташқари, яна бир муҳим агротехник тадбир бу – тут дарахтлари ва тутзорларни ўғитлаш масаласидир.
  Тутзорларга ўғит бериш учун уларнинг шароитига қараб, мавсумни иккинчи ярмида ҳар гектар тутзорга 180–200 кг аммиак селитраси ва 200–250 кг суперфосфат ўғити солинади. Якка қаторлаб экилган тут дарахтларига ёшига қараб, ҳар бир туп тут дарахти: 10 ёшгача – 188 г аммиак селитраси, 150 г суперфосфат; 10 ёшдан 20 ёшгача – 375 г аммиак селитраси, 360 г суперфосфат; 20 ёшдан 40 ёшгача – 750 г аммиак селитраси, 625 г суперфосфат ўғитлари билан озиқлантирилади.
   Ўғитланган тут дарахтлари ва тутзорлар зудлик билан суғорилиши тавсия этилади. Тут дарахтлари ва тутзорлар ўз вақтида минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб суғорилганда барг ҳосили ўрта ҳисобда 25–30 фоизгача ошади. Баргнинг таркибида ипак қурти учун зарур бўлган моддалар етарли даражада тўпланади.
  Мамлакатимизда пиллачиликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, «Ўзпахтасаноат» уюшмасининг заводлари ва пахта қабул қилиш пунктлари ҳудудларида марказлашган қуртхоналар мажмуаси қурилиб, ҳар бир қуртхона яқинида 0,9х0,9 м схемада жадал усулдаги янги бута тутзорлар ташкил этилди. Ҳозирги кунда бу тутзорларда тутчилик агротехникаси қоидаларига биноан парвариш ишлари амалга оширилмоқда.
   Янада яхши ўсиб-ривожланиши учун кўчатлар ҳар бир гектарига ўсиш даврида (соф ҳолда) 180 кг азотли, 90 кг фосфорли, 45 кг калийли минерал ўғитлар билан озиқлантириш талаб этилади. Бу тадбирлар 10–15 см чуқурликда икки муддатда амалга оширилади: биринчи муддатда йиллик меъёрнинг 50 фоизи, биринчи суғоришдан сўнг кўчатлар кўкара бошлаганда, иккинчи муддатда йиллик меъёрнинг қолган қисми баҳорги қурт боқишда тутларнинг баргидан фойдаланилгандан кейин берилади. Тутзорларга ўғит солингандан сўнг зудлик билан суғориш лозим, акс ҳолда ўғитларни таъсирчанлиги пасаяди.
  Юқорида таъкидлаб ўтилган тадбирлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилган тақдирда тутзордаги кўчатларнинг ўсиб-ривожланиши яхши бўлиб, кейинги баҳорги ипак қурти боқиш мавсумига серҳосил ва сифатли барг етказиб беришга замин яратилади.
    Ў.Қўчқоров, Д.Холматов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech