Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Республикамиз чорвачилигининг озуқа базасида дағал озуқаларнинг ўрни катта. Чорва молларини бундан озуқага бўлган талабини қондириш учун, беда, маккажўхори билан бир қаторда турли дағал озуқалардан ҳам самарали фойдаланиш зарур. Шундай озуқаларга сомон ва пичан киради.
  Кейинги йилларда бошоқли дон экинлари майдонлари кенгайиши натижасида сомон озуқалар захираси ортди. 1 кг бошоқли экинлар (буғдой, арпа, сули, третикале, жавдар) сомоннинг тўйимлилиги 0,20–0,30 озуқа бирлигини, 20–22 г ҳазмланувчи протеинни ташкил этади.
   Сомон бошқа озуқалар билан бир қаторда қорамол, қўй ва отлар рационининг асосий қисмини ташкил этади. Лекин сомоннинг яхши ейилмаслиги ва тўйимли моддаларнинг ҳазмланиш даражасининг пастлиги ундан кўпроқ фойдаланиш имконини бермайди.
  Маълумки, лигнин ҳайвон организмида ҳазм бўлмайди. Таркибидаги клетчатканинг ҳазм бўлиши ундаги лигминни миқдорига боғлиқ. Сомон таркибида протеин, минерал моддалар ва витаминларнинг ўта камлиги сабабли, пичан, силос, сенаж, илдизмевали ва концентрат озуқалар билан бойитилган рационга сомон қўшиб берилади. Сомонни углеводли озуқалар қаторига қўшиш мумкин. Чунки унинг таркибида углеводлар аралашмаси (клетчатка пентазонлар, полимерларнинг парчаланган қисмлари) мавжуд.
  Мамлакатимизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида ўсадиган турли ўтлардан тайёрланган пичан чорва молларининг қишки рационида муҳим ўрин тутади. Бундай ўтлардан сифатли пичан тайёрлаш кўп жиҳатдан бир йиллик ва кўп йиллик озуқабоп экинларнинг ҳосилдорлигини ошириш, ботаник таркибини яхшилаш, пичан жамғаришда илғор технологияни қўллашга боғлиқ.
  Илм-фан ютуқлари ва илғор хўжаликлар тажрибаси асосида замонавий технологиядан фойдаланган ҳолда республикамизнинг барча вилоятларида юқори сифатли пичан тайёрлаш имконияти мавжуд. Айниқса, бедадан тайёрланган 1 кг пичаннинг таркибида 0,47–0,49 озиқ бирлиги, 120 г ҳазмланувчи протеин ва 30–50 мг/кг каротин бўлади. Пичан ҳайвонларнинг маҳсулдорлигига катта таъсир кўрсатади. Паст сифатли пичан қуруқ моддасининг ҳазмланиши юқори сифатли пичанга нисбатан камроқ бўлади. Агар сигирлар рационидаги 10 кг юқори сифатли пичанни 10 кг паст сифатли билан алмаштирилса, сигир сути икки баробар камаяди.
  Сифатли пичан тайёрлаш кўп жиҳатдан ўтларни ўриб олиш муддати, ўриш баландлиги ҳамда уларни қуритишнинг рационал усулларини қўллашга боғлиқ. Нотекис пичанзорлар баландлиги 6–7, текис майдонларда 4–5 см бўлиши керак.
  Ўтлар қанча тез муддатда қуритилса (17 фоизгача) унинг сифати шунчалик юқори бўлиб, таркибидаги тўйимли моддалар ҳамда каротин кўп сақланади. Аксинча, ўрилган ўтлар далада қанча кўп сақланса, сифати шунча пасаяди. Сарой ва бостирмаси бўлмаган фермер хўжаликларида пичан ғарамларини алоҳида майдонларга босиш зарур.
  Майдонлар ер юзидан 25–35 см баландликда кўтарилган бўлиши керак. ўарамлар чайла шаклида ясалади, унинг эни пастида 4,5 метр бўлса, 3,5 метр баландликдаги эни 5,5 м бўлиши керак.
   Fарам устини брезент, полиэтилен плёнка ёки қамиш ва похол билан ёпиш мақсадга мувофиқ. Қамиш пичани ҳам сифатли озуқа ҳисобланади. Қамиш гуллаш даврида ўрилганда энг юқори озуқа бирлигига эга бўлади. Бунда озуқа бирлиги 0,28, алмашинувчи энергия 4,72 МДж, ҳазмланувчи протеин 22 г ни ташкил этади.
  Бундан ташқари, янтоқ ҳам чорвачиликда муҳим озуқа ҳисобланади. Янтоқ 0,28 озуқа бирлигини ташкил этади ёки бир кг майдаланган янтоқда бу кўрсаткич 0,41 га тенг. Шу боис имконият бўлган жойларда қамиш ва янтоқдан ҳам озуқа тайёрлаб борилса, чорвачиликнинг озуқа захираси янада мустаҳкам бўлади.
    Б.Аллашов, С.Жамолов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech