Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Ёз мавсуми касаллик тарқатувчи ва чақирувчи кана, ҳашаротлар ва бошқа микроорганизмларнинг фаол бўлиши учун қулай шароит бўлганлиги сабабли, бу фаслда чорва моллари орасида турли хилдаги юқумли, юқумсиз ва паразитар касалликлар кўпроқ учраши мумкин.
  Қорамолларнинг қон-паразитар тейлериоз, пироплазмоз, бабезиоз каби касалликларни тарқатувчиси иксод каналари учун ёзнинг иссиқ ва қуруқ келиши уларнинг фаоллигини оширилади. Шундан келиб чиққан ҳолда қорамолларнинг қон-паразитар касалликлари кўпайиши ва оғир кечишига олиб келиши мумкин. Бу касалликлар айниқса, четдан келтирилган наслли молларга катта хавф туғдиради.
   Каналарни фермага келтирмаслик учун чорвачилик фермаларида, фермер ва ёрдамчи хўжаликларда фермага кириб-чиқиш йўлакларига дезинфекцияловчи воситалар билан тўлдирилган дезобаръерлар қуриш, фермага бегона молларни кириб чиқишига ва ферма атрофида боқилишига йўл қўймаслик керак.
   Моллар сақланадиган бино ва қўйхоналардаги бит, бурга, каналарни йўқотиш учун Циперметриннинг 25 фоизли концентрат эмульсиясидан тайёрланган 0,015–0,02 фоизли эритмаси билан дезинсекция ва дезакаризация қилинади.
   Қорамолларнинг қон-паразитар касалликлари (пироплазмидозларини) олдини олиш учун уларни Полиамидин, Ўзбикарб, Диамидин, Этдин препаратларидан бирортаси билан 100 кг тирик вазни ҳисобига 5 мл миқдорида ҳар 20–25 кунда кимёпрофилактик тадбирлар ўтказилади. Қорамоллар танасидаги қон сўрувчи каналарни йўқотиш учун уларни Циперметрин (25 фоизли концентрат эмульсиясидан тайёрланган 0,015–0,02 фоизли ишчи эритмаси) препарати ва бошқа инсектоакарицид препаратлар билан дезинсекция қилинади ҳамда қорамолларни ҳар 20–25 кунда чўмилтириб туриш мақсадга мувофиқ.
   Ёзнинг жазирама кунларида молларни қуёшда қолдирмаслик, узоқ вақт сувсиз қўймаслик лозим. Ҳайвонларни яйловларда боққанда уларни қон сўрувчи кана ва ҳашаротлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун эрта тонгдан то кун қизигунча ва тушдан кейин салқин тушган вақтларда боқиш талаб этилади.
  Ҳайвонларни паразитоз касалликларига (қўтир, қичима, қорамоллар гиподерматози, қўйлар эстрози, эчкилар кривеллиози, қорамол ва қўйлар қўтири, қичима, патхўрларга, итлар ва мушуклар триходектоз ва ктеноцефалидозларига) қарши Циперметрин препаратининг 0,0125, 0,025, 0,03 фоизли сувли эмульсияси билан дезинсекция ва даволаш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.
   Ошқозон-ичак бактериал касалликлари бузоқ ва қўзилар орасида тез-тез учраб уларнинг ўсиб-ривожланишига салбий таъсир кўрсатади, агар ёш моллар ўз вақтида даволанмаса нобуд бўлади. Бу касалликлар ичида колибактериоз, сальмонеллез ва пастереллёз юқори ўринда туради. Касалликлар билан қўзилар сут эмиш даврида, онасидан ажратишдан олдинги ва кейинги даврларда касалланиши, мавсумийликнинг йўқлиги, ҳайвонлар ўлимининг юқори даражада бўлиши билан хавфлидир.
   Чорвачиликка ихтисослашган хўжаликларда бузоқ, қўзи ва чўчқа болаларини пастереллёз касаллиги олдини олиш учун ҳайвонларнинг орқа сон ички томон тери остига 14 кун оралиқ билан икки марта, 10–15 кунлик қўзиларга 1 марта 1 мл, иккинчи марта 2 мл, 4–5 ойлик қўзиларга 1 марта 2 мл, иккинчи марта 3 мл, катта ёшдаги қўйларга 1 марта 3 мл, иккинчи марта 5 мл, бузоқларга 1 марта 2 мл, иккинчи марта 3 мл, катта ёшдаги бузоқларга 3 мл, иккинчи марта 5 мл миқдорида ГОА формал вакцина юборилиб эмланади.
  Сальмонеллёз ва колибактериоз касалликларига қарши ассосацияланган радиовакцинадан тери остига бўғоз қўйлар туғишидан 1,5 ой олдин 2 мл дозада, қўзилар эса 5 кунлигидан бошлаб 1 мл. дан эмланади.
  Бўғоз сигир ва қўйларни колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликлари олдини олиш мақсадида, туғишига 1,5-2 ой қолганда маҳаллий поливалент радиовакцина билан 3 мл дан қўйлар ва 5 мл дан қорамоллар (14 кун оралиғи билан такроран) тери остига эмланади.
   Бузоқ ва қўзиларнинг ошқозон-ичак фаолиятини бузилиши билан кечадиган бактериал касалликларни (колибактериоз, сальмонеллёз, пастереллёз) даволашда бузоқ ва қўзиларни мускул орасига ҳар куни 10 мл. дан гипериммун қон зардоби билан даволаш яхши самара беради.
   Барча турдаги ҳайвонларни қутуриш касаллигининг олдини олиш учун суюқ фаолсизлантирилган вакцина билан қорамол, от, эшак ва кичик туялар 5, катта туялар 10, қўй, эчки ва катта итлар 3, майда ит ва мушуклар 1 мл. дан мускул орасига эмланади.
  Бруцеллёз касаллигининг олдини олиш ва қарши курашиш учун ҳар ойда моллардан қон олиниб, икки марта салбий натижа олгунга қадар диагностик текширишлар ўтказилади, кейин ҳар йили бир марта ушбу касалликка текшириб борилади. Шунингдек, касалликка қарши курашиш мақсадида комплекс чоралар билан биргаликда эмлаш тадбирлари ўтказилади.
  Хориждан келтирилган наслли ҳайвонларни бруцеллёз қўзғатувчиси билан зарарсизлантирмаслик лозим. Бунда молларни алоҳида санация қилинган чорва биноларига ёки янги қурилган фермаларга олиб келиш ва тегишли карантин чора-тадбирларни ўтказиб, санитария усулини ёки штамм–19 вакцинасини қўллаш усулини эпизоотия ҳолатларига қараб, танлаб олиб бориш лозим.
    Ижтимоий хавф туғдирувчи эхинококкоз ва ценуроз касалликларининг олдини олиш мақсадида, итларни махсус дегельминтизация қилиш тавсия этилади.
  Чорва ҳайвонлари гельминтоз касалликларининг (фасциолёз, дикроцелиоз, трематодоз, стронгилятоз ва бошқ.) олдини олиш ва даволаш учун диагностик текширишлар ҳамда режали равишда даволаш-профилактик дегельминтизация тадбирларини кечиктирмасдан ўтказиш керак.
   Ҳайвонларни дегельминтизация қилиш учун 10 фоизли Альбендазол, Альвет, Альбазенни 10 ва 2,5 фоизли, Роленол, Клозантел, Бронтел, Политрем, Альбен, Ивомек, Ивермектин каби антигелминтик препаратлардан фойдаланиш тавсия қилинади.
   Янги очирилган жўжалар бир кунлигида Марек касаллигига қарши (0,2 мл) мускул орасига эмланади, 3–7 кунлигида озуқасига фуразолидон ва биомицин ёки левомицетин препаратлари қўшиб бериш уларни пуллороз касаллиги олдини олишда юқори самара берди. Колибактериоз касаллигига қарши вакцина билан 5–7 кунлигида, 10 кунлигидан бошлаб жўжалар Ньюкасл касаллигига қарши Ла-Сота вакцинаси билан бурунига 2 томчи томизиш йўли билан эмланади, 7–17 кунлигида эса Гамборо касаллигига қарши сув билан эмлама ичирилади (1000 доза эмлама 7 литр қайнатилган сувга қўшилади), 60 кунлигида чечак-дифтерияга қарши «Нью-Джерси» вирус вакциналари билан эмланади.
    Ёз фаслида айрим заҳарли ўтларнинг уруғини пишиши сабабли, ҳайвонларни улар билан заҳарланишлари олдини олиш мақсадида, чорва моллари боқилаётган яйловлардан озуқа намуналари олиниб, таркибида минерал заҳарлар бор-йўқлигини аниқлаб бориш учун токсикологик текширишлар ўтказиб туриш керак.
  Майда шохли ҳайвонларни эстроз ва қорамолларни гиподерматоз касалликлари олдини олиш учун ивомек ва унинг аналоглари ҳисобланган ивер, ивермектин каби препаратлар билан 50 кг тирик вазн ҳисобига 1 мл миқдорда тери остига инъекция қилинади.
    Фермадаги сигир ва ғунажинларни бўғозликка ректал текшириб борилади ва сигирларнинг қисир қолиш сабаблари аниқланади. Қисир қолган моллар ажратилиб 0,5 фоизли прозерин эритмаси билан молларнинг териси остига 2 мл. дан 3 марта кунора инъекция қилиниб, бачадон массаж қилиш йўли билан даволанади.
  Шунингдек, чорвачилик хўжаликларида чорва молларининг юқумли касалликлари (оқсил, куйдирги, қутуриш, лептоспироз ва бш.) олдини олиш борасида режавий эмлаш ва диагностик тадбирларни ўз муддатида ўтказиш тавсия этилади. Юқорида таъкидланган тадбирларни ўз вақтида бажарилиши, мавсумни талофатсиз ўтказишга, чорва молларини турли хил юқумли ва юқумсиз касалликлардан асрашга, бу орқали сут, гўшт ва тухум маҳсулотларини кўпайишига олиб келади.
     С.Мавлонов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech