Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Шоли қадимий ва қимматбаҳо экин турларидан бири бўлиб, шароит тақозоси билан турли усулларда экиб етиштирилади. Мамлакатимизда шоли қуруқликда, сувга сочиб ҳамда кўчат усулларида экиб ҳосил етиштирилмоқда. Шароит тақозоси билан ҳар бир усулнинг ўз афзалликлари ва камчиликлари бўлиб, шоликорлар ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда зарур бўлган усулда шоли экиб келмоқдалар.
  Шоли нав ва нав намуналарининг вегетация даври 105–115 кун орасида бўлиши, эртароқ муддатларда яъни июнь ойининг иккинчи ўн кунлиги ичида экилганида, бевосита уруғидан экиб етиштириб гектаридан 40 центнергача ҳосил олиниши мумкин.
   Такрорий экин сифатида шолини кўчат қилиб экишда ерни экишга тайёрлаш асосий экин сифатида қўлланилганга нисбатан фарқ қилади. Бунда ерни тайёрлашда кузги ғaлла экинлари қолдиқларидан тозалаш лозим. Сўнгра мaйдонлар 18–20 см чуқурликда ҳайдалади. Ҳайдалган майдонга 16–12 см қалинликда сув бостирилиб мола ёрдамида текисланади. Сув caтҳи 5–7 см. гача камайтирилиб кўчатлар ўтқазилади.
  Кўчат экиш кечпишар навларда 15х15 см, ўртaпишар ва эртапишар нaвлap учун 15хl0 см. ни ташкил қилиб ҳар бир уяга 2–4 тaдaн кўчат экилади. Такрорий экии сифатида шолини кўчат қилиб экишда кўчат ёшига алоҳида эътибор берилмоғи лозим, чунки кўчат ёшининг ортиб бориши билан ўсимликларнинг ўсув даври ошиб боради, натижада шоли пишмай қолиши мумкин. Ўсимликларнинг туплаш кўрсаткичи пасайиб кетади.
  Ўзбекистонда шоли етиштиришда асосан сувни доимий бостириб суғорилади. Бу шоли донини тупроққа сочиб экиш тури кенг тарқалганлиги билан боғлиқдир. Шолипоялар шоли экишдан олдин (сувда тупроққа ишлов беришдан олдин) ёки экиб бўлиш биланоқ (машина билан сочиб экиш) поллар сувга бостирилади ва шолининг униб чиқиш даври сув остида ўтади.
  Ўрта ва оғир таркибли тупроқларда дон сеялкада (1–2 см чуқурликда) экилади. Уруғ экилганидан кейин полларга дарҳол сув бостирилади. Дон униб чиқиши билан полларга сув қўйиш тўхтатилади. Поллар сувсиз 1–3 кун қолдирилади. Дон униб чиқиб, майса қатори кўзга ташланганда поллар яна 5–7 см қалинликда сувга бостирилади.
   Об-ҳаво шароити ва сувнинг ҳароратига қараб бундай тадбир 4–5 кундан сўнг қайтарилади. Шолининг сувга бўлган талаби ривожланиш даврида турлича бўлади. Ҳар бир ривожланиш даврида керакли сув сатҳи билан таъминлаш учун полларга суғориш тармоғидан сув кирадиган яқинроқ жойга сув ўлчагич тахтачасини ўрнатиш керак.
   Гербицид қўлланилмасдан шоли етиштиришда шоли экилгандан кейин 2–3 кун ичида шолипояларга 12–15 см қалинликда сув бостирилади. Шоли униб чиққунга қадар ушлаб турилади. Униб чиқиш даврида сув сатҳи 8–10 см гача камайтирилади. Шоли тўлиқ униб чиққандан сўнг поллардаги сувнинг сатҳи 7–8 кун 20–25 см. гача кўпайтирилади. Шу даврда ҳар куни шоли ва бегона ўтларнинг ҳолати кузатиб борилади, бегона ўт, яъни курмакнинг барги нобуд бўла бориши кузатилганда сувнинг сатҳи 10–12 см. гача пасайтирилади.
 Шолида тупланиш бошланганда поллардаги сув сатҳи 5–7 см. га пасайтирилади, ёппасига тупланиш даврида сув сатҳи 10–12 см кўтарилиб, экиннинг мум пишиш давригача шу сув ушлаб турилади. Гербицидлар билан ишлов бериладиган далалар аввалига 5–7 см сатҳида сувга бостирилади ва шоли майсаларининг барги сув юзасига чиқишга қадар ушлаб турилади. Бундай сув режимида шоли кўчатлари бақувват бўлади.
   Курмаксимон бегона ўтлар 2–3 барг чиқаргандан кейин полларга сув қўйиш тўхтатилади ва сув аста-секинлик билан тупроққа сингиб кетади. Шолипояларнинг юза қисмида сув шимилгандан сўнг паст жойларини ҳисобга олмаганда, гербицид билан ишлов берилади.
   Гербицид билан ишлов берилганидан икки кундан кейин полларга 15–18 см сатҳда сув бостирилади. Бу сув сатҳи 6–8 кун ҳолатда қолдирилади. Шоли майдонлари гербицид билан ишлов берилгандан сўнг 5–6 кун 10–12 см қалинликда сув бостирилади, кейин сув 6–8 см га камайтирилади ва экиннинг тўлиқ тупланиш давригача ушлаб турилади.
   Тўлиқ тупланиш даврига ўтгандан кейин сув сатҳи 10–12 см. да доннинг мум пишиш давригача ушлаб турилади. Шолипояларга гербицид билан ишлов берилгандан сўнг сув бостирилиши кечикса ёки сув сатҳи белгиланган миқдорда сақлаб турилмаса, ер бетида қолган курмак уруғлари қайта кўкариб чиқиши мумкин.
   Шоли минерал ўғитлар азот, фосфор, калий элементларига талабчандир. 1 ц дон етиштириш учун 2,3 кг азот, 0,8 кг фосфор, 3 кг калий элементи сарфланади. 60 ц/га ҳосил олиш учун экин соф ҳолда 150–180 кг /га азот, 60–70 кг/га фосфор ва 150–170 кг/га калий билан озиқлантирилади.
  Шоличиликда азотли ўғит сифатида аммоний сульфат ва мочевина ишлатилади. Аммиакли селитра таркибидаги азотни бир қисми нитрат ва аммиакли шаклларда бўлганлиги учун, бу ўғитни шолига охирги озиқлантиришда тавсия қилинади. Азотли ўғитларнинг йиллик миқдори тақсимланганда 35% тупроққа ишлов бериш пайтида, 35% тупланиш бошланишида, 30 фоизи тўла тупланганда солинса фойдалидир.
   Шўрланган тупроқларда фосфорли ўғитлар солиш 2–3,5 баробар оширилади. Бу шароитда суперфосфат уни қўлланилса мақсадга мувофиқ. Охирги йилларда 46–60 фоиз фосфор ва 11–12 фоиз азот тутган донадорланган аммофос кенг миқёсда қўлланилмоқда. Тупроққа фосфорнинг йиллик миқдорини 100 фоизини экишдан олдин бериш тавсия қилинади.
  Эскидан шоли экилиб келинаётган далаларда ернинг ҳайдалма қатламларида калий миқдори 200 мг/кг. га етмаса, ўтлоқи ботқоқ тупроқлар 150 кг/га соф ҳолда калий ўғитлари билан озиқлантирилади. Бунда йиллик миқдорининг 50 фоизи экишдан олдин ва қолган қисми тўла тупланган даврида озиқлантирилади.
  Шоли майдонига экишдан олдин 10–12 см чуқурликда минерал ўғитлар солинади. Минерал ўғитлардан азотли ўғит сифатида аммоний сульфат, мочевина ҳамда нитрификация ингибитори қўшилган ўғитлари қўлланилади.
  Шолининг ўртапишар навлари учун ўғитларни ўтлоқи ботқоқ ва ўтлоқи тупроқларда N150P100 K150 кг/га берилиши тавсия қилинади. Маълумотларга қараганда, шолини мунтазам равишда зарарлайдиган ва унга хўжалик жиҳатдан катта зарар етказадиган ҳашаротларнинг 33 тури мавжуд бўлиб, улар 2 синфга, 8 туркумга ва 15 оилага мансубдир.
  Шоли зараркунандаларига қарши униб чиқиш даврида: - қалқонли қисқичбақа ва лептестерияга қарши курашда шолипоянинг суви 1–2 кунга ташқарига оқизиб юборилади.
  Пайкалларнинг пастқам жойларида қолган сувларга гектарига 12–15 кг ҳисобида хлорли оҳак сепилади; - қирғоқ чивини ва шоли чивинига қарши курашда полдаги сув 1–2 кунга оқизиб юборилади.
  Бу зараркунандаларнинг катталари тўпланадиган ички пайкал эгатлари бўйлаб 2–3 м кенгликдаги жойларга гектарига 100 литр ишчи ҳажми ҳисобидан Диазонин 60% эм.к. (1 л/га), Карбофос 50% эм.к. (0,5 л/га), Требон 30% эм.к. (0,4 л/га) эритмаси сепиб чиқилади.
  Шўрланган тупроқларда эса 1–3 см сув қатлами қолдирилади; - Ўтлоқзор тунлами қурти, шоли чигирткаси, бошоқлилар бити, трипс, ўсимлик қандалалари, чирилдоқ, хасва бошқа сўрувчи зараркунандаларга қарши курашда шолипояларга Диазонин 60% эм.к. (1,2 л), Карбофос 50% эм.к. (1 л), Требон 30% эм.к. (0,4 л), Силатоп 20% эм.к. (0,5 л) ҳисобида пуркалади.
  Экинларга ишлов бериш ўрим бошланмасдан камида 15–20 кун илгари тугалланиши керак. Шоли касалликларига тўғри рўвак, хлороз,илдиз чириш майсалардаги фузариоз касаллиги, гельминтоспориоз, пирикуляриоз, склероцийли чириш, склероспориоз, фузариоз касалликлари киради. Экиш олдидан ортиқча азот сепиш тавсия этилмайди, чунки меъёрдан ортиқ азот шолининг фузариоз ва пирикуляриозга мойиллигини оширади.
  Ҳар йили пирикуляриоз пайдо бўладиган майдонларга азот солишни чеклаш зарур. Тупроққа экиш олди ишлови берилгач, дарҳол шолини мўътадил муддатларда экиш керак.
  Шолининг кеч экилишига йўл қўймаслик лозим. Акс ҳолда ёш ниҳоллар фузариоз, шолининг баргли нематода касаллигига тезроқ чалинади. Июнь-август ойларида марзалар, зовурлар ва ариқ бўйларидаги ёввойи ўтларни ўриб ташлаш, пайкалларнинг узоқ вақт қуриб қолишига йўл қўймаслик лозим.
  Бундай ҳоллар экинларни тупланиш, рўвак чиқариш даврида гербицидлар билан ишлаш пайтида рўй беради, чунки узоқ вақт ернинг сувсиз, қуруқ туриши пирикуляриоз ва фузариоз касалликларининг интенсив ривожланишига олиб келади.
 Пирикуляриоз билан касалланган майдонлар фунгицидлар билан қуйидаги меъёрларда ишлов берилади: Фоликур БТ 25% эмульсияланувчи концентратини 1 л/га ёки Топсин-М 70% намланувчи кукунидан 1–1,2 кг/га меъёрда 400 литр сувга қўшиб эритма тайёрланади. Авиация ёрдамида пуркалганда гектарига 200, дала аппарати билан сепилганда гектарига 400 л ишчи эритма сарфланади.
  Бунда дастлабки ишлов бериш рўвак чиқариш олдидан, иккинчиси гуллаш даврида, учинчиси эса шундан кейин 10 кун ўтгач, айни касаллик интенсив ривожлана бошлаган пайтда ўтказилади. Шолига гуллаш чоғида ишлов бериш куннинг иккинчи ярмида ўтказилади.
  Ишлов беришни ўрим бошланмасдан 20 кун олдин тўхтатиш керак. Бегона ўтлар сернам ёки сув бостирилган ерларда, яъни шоли ўсадиган муҳит атрофида ўсиб-ривожланади. Шунинг учун уларнинг таркибини аниқлашда сув асосий омил ҳисобланади. Қуруқликда ўсадиган бегона ўтлар шолипояларда ўсишга мослашмаган, улар доимий сув бостирилган шароитда ўса олмайди ва тезда нобуд бўлади.
   Шолига энг катта зарар етказадиганлари ғалладошлар оиласига мансуб шамак, курмак ва итқўноқдир. Бу бегона ўтлар биологик белгилари жиҳатидан шолига яқин туради. Уларнинг ҳаммаси бир йиллик баҳорги ўсимлик ҳисобланади, фақат уруғидан кўпаяди. Курмаклар ниҳоятда серуруғ ўсимлик сифатида бошқалардан фарқ қилади. Улар шоли орасида ўсадиган бегона ўтларнинг энг ашаддийси ҳисобланади.
   Курмакларнинг қилтиқли, чала қилтиқли ва қилтиқсиз шакллари ҳамда рўваги оч яшил ва тўқ ранглилари бўлади. Барча шоличилик билан шуғулланувчи ҳудудларда асосий майдонлар гербицидлар билан ишланади. Гербицидлар танлаб (селектив) ва ёппасига (қуритиб ташлайдиган) таъсир қиладиган гуруҳларига бўлинади. Вегетация даврида 1 м2 да курмаксимон ўтлар 3 донадан, ҳилол 10 донадан ортиқ бўлган ҳолларда (курмаксимон ўтларнинг 2–3 барглик даврида) 1 гектарга: Гулливер (25–30 г), Номини (80–100 г), Номинант (80–100 г), Боливер (25 г), Рейнбоу (1–1,5 л/га) гербицидлари билан ишлов бериш мақсадга мувофиқ.
   А.Абдуллаев, М.Сатторов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech