Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Республикамиз аҳолисини ёғ-мой маҳсулотлари билан янада тўлиқроқ таъминлашда ғалладан бўшаган майдонларда мойли экинларни такрорий экиш муҳим ўрин тутади.
  Жумладан, фермерларимиз иккинчи экин сифатида кунгабоқар, соя экиб, ҳар гектардан 15–20 центнергача ҳосил етиштиришлари мумкин. Бунда кунгабоқарнинг тезпишар, серҳосил, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли «Душко» дурагайи ҳамда «Жаҳонгир», «Бузулук» ва «КК-1», соянинг эса «Орзу», «Нафис», «Парвоз», «Фортуна», «Фаворит» навларини экишни тавсия этамиз.
  Кунгабоқар етиштириш. Кунгабоқардан кўзланган ҳосилни етиштириш учун ерни экишга тез ва сифатли тайёрлаш талаб этилади. Донли экинлардан бўшаган ерлар қақраб қолган бўлса, ҳайдашдан олдин 600–900 м3/га миқдорда суғорилади. Тупроқ етилиши билан 30 см чуқурликда ҳайдалади. Шудгор остига фосфор ва калийли ўғитлар йиллик миқдорини солиш мақсадга мувофиқ.
   Ерга беришда зиг-заг борона билан 5–6 см чуқурликда икки марта бороналаб, мола бостирилади. Бунда дала юзаси текис бўлса, уруғнинг бир меъёрда экилиши таъминланади. Шунингдек, кунгабоқар уруғларини экишга тайёрлашга ҳам жиддий эътибор бериш зарур.
  Ҳосилдорликни оширувчи омиллардан бири уруғнинг кондицион намликда бўлишидир. Уруғ йирик ва оғир бўлса, бир текисда, хатосиз униб чиқади. Экишдан 5–6 кун аввал кунгабоқар уруғини брезент устига 5–7 см қалинликда ёйиб, кунига икки марта ағдариб турилса, қуёш нуридан баҳра олган уруғларнинг унувчанлиги ошади.
   Уруғ 5–6 см чуқурликка экилади. Агар ерда намлик етарли бўлмаса, уруғни экиш баробарида жўяк олиниб, суғориш зарур. Уруғнинг унувчанлигини ошириш, соғлом ва бақувват ниҳол олиш ҳамда турли замбуруғли, вирусли касалликларга чидамлилигини оширишни таъминлашда биокимёвий уруғдорилар билан ишлов бериб, экиш муҳим аҳамиятга эга.
   Бунда экишдан бир ҳафта олдин Наврўз (400 л/т) ёки Максим (2 л/т) ёки П-4 (4 л/т) ёки Фундазол (2 кг/т) ёки Витарос (4 л/т) уруғдорилагичларининг бири билан ишлов бериб экиш, уруғнинг униб чиқиши 25–30 % ортади. Ерга беришда зиг-заг борона билан 5–6 см чуқурликда икки марта бороналаб, мола бостирилади. Бунда дала юзаси текис бўлса, уруғнинг бир меъёрда экилиши таъминланади.
  Кунгабоқар қатор оралари кенглиги 70–90, туплар ораси 25–30 см қилиб экилади. Пневматик сеялкада экилганда 6–8 кг/га уруғ сарфланади. Ниҳоллар униб чиққандан кейин 1 м2 да 3,5–4 дона қолдириб ягана қилинади. Шунда кўчат қалинлиги гектарига 35–40 минг донани ташкил қилади.
   Вегетация мобайнида қатор ораларини ўз вақтида культивация қилиб, бегона ўтлар ўз вақтида чопиқ қилиб турилса, тупроқ юмшоқ бўлиши таъминланиб, кунгабоқарнинг илдизлари яхши ривожланади, пояси жадал ўсади, натижада саватчаси йириклашиб, ҳосилдорлик ошади.
  Кунгабоқардан юқори ҳосил олиш кўп жиҳатдан экинни минерал ўғитлар билан етарли миқдорда озиқлантиришга боғлиқ. Бунда ҳар гектарга соф ҳолда 200 кг азотли, 150 кг фосфорли ва 100 кг калийли ўғитлар қўллаш яхши самара беради. Кунгабоқар гуллашгача жадал ўсиб, минерал ўғитларга талаби ортади. Бу даврда кунгабоқар азотнинг 60, фосфорнинг 80, калийнинг 90 фоизини тупроқдан тортиб олиб ўзлаштиради.
    Азотли ўғитлар ўсиш даврида иккига бўлиб солинади. Биринчи озиқлантириш кунгабоқар униб чиққандан кейин 20–25 кунда ўтказилса, кейингиси гуллаш олдидан амалга оширилади.
    Кунгабоқар сувга ўта талабчан ўсимлик. Шу боис вегетация мобайнида далада етарлича нам бўлишини таъминлаш зарур. Бунда суғориш вақти, меъёри, сув оқиш тезлигини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ. Биринчи суғориш жуда эҳтиёткорлик билан амалга оширишни тақозо қилади. Чунки, кўп меъёрдаги сув тупроққа солинган минерал ўғитларни ювиб кетиши мумкин.
   Кунгабоқарни дастлабки суғориш ўсув даври, иккинчиси гуллаш бошланиши олдидан, учинчиси ёппасига гуллаш ва мева тугиш даврига тўғри келади. Ер ости сизот сувлари чуқурлигига қараб суғориш миқдори белгиланади. Сизот сувлари чуқурлиги 2–3 м бўлганда 3, ундан ҳам чуқурликда жойлашган майдонлар ер ости сувларида эса 4–5 марта суғориш лозим.
  Куз фаслининг эрта келиши ўсимликнинг ўсиб-ривожланиши ва пишиб етилишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай ноқулай шароитларда жадал агротехник тадбирларни қўлламасдан мўл ва сифатли ҳосил олиш мушкул. Ўсимлик баргларини қуритиб, уни тезроқ етилишига қаратилган агротехник чора – бу дефолиациядир.
   Кунгабоқар гуллаганига 30–35 кун бўлганида дефолиант хлорат магний 10 л + 25 кг/га карбомид қўшиб сепилганда, 6–7 кундан сўнг ўсимлик барглари тўлиқ қуриб, десикация жараёни кечади. Десикациядан сўнг ўсимлик саватчалари касалликка чалинмай 10–15 кун вақтли пишиб етилиши натижасида ҳосилни кузги ёғингарчиликдан олдин комбайн ёрдамида сифатли йиғиб олиш имкони яратилади.
  Кунгабоқарнинг мева тугиш вақти гуллаш давридан бошланиб, уруғининг намлиги 35–40 % бўлганда етилади. Намлик 18–20 фоизгача камайганда «Кейс», «Класс-Доминатор» ва бошқа дон комбайнларда ўрим-йиғимга киришилади. Унчалик катта бўлмаган майдонлардаги ҳосил қўлда ўриб-йиғиб олинади.
   Соя етиштириш. Соя сифатли тайёрланган майдонларга кенг қаторлаб 60–70 см кенгликда экилади. Экиш меъёри соя навлари, тупроқ-иқлим шароитига боғлиқ бўлиб, 50 кг/га. дан 70 кг/га. гачани ташкил этади. Экиш пневматик сеялкаларда амалга оширилиб, 4–6 см чуқурликка экилади ва уруғ суви берилади. Кўчат қалинлиги гектарига 300–350 минг донагача бўлади. Эртапишар навларини Такрорий экин сифатида донли экинлардан кейин июннинг охири ва июлнинг бошларида экиш мумкин.
  Деҳқончиликда энг асосий агротехник тадбирлардан бири ўсимликнинг ўсиб-ривожланиш даврида унинг қатор ораларига ишлов беришга катта аҳамият бериш лозим. Соя униб чиққандан бошлаб то ҳосилни йиғиб олгунча культивация, ўғитлаш, суғориш ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш зарур.
    Соя ниҳоллари кўриниб қолиши билан уларга ишлов берилади. Культивацияни ўз вақтида ва сифатли ўтказиб, бегона ўтларга қарши кураш олиб борилади. Биринчи культивация соя ниҳоллари 3–4 чинбарг чиқарганда 10–12 см чуқурликда ўтказилади. Иккинчи ва учинчи культивация унинг чуқурлиги 8–10 см бўлиши керак.
   Культивация билан биргаликда ўсимликни азот ўғити билан озиқлантириш яхши натижа беради. Соя тупроқ унумдорлигига жуда талабчандир. Бошқа дуккакли экинларга нисбатан тупроққа қўлланилган минерал ва органик ўғитларни яхши қабул қилади. Минерал ўғитлардан азот-фосфорли ўғитларни қўллаш яхши натижа беради. Азотли ўғитлар уруғдаги оқсил таркибини, фосфор эса мойини оширади.
    Соя униб чиққандан то гуллагунча ердан озиқ моддаларни кам ўзлаштиради. Гуллаш давридан бошлаб озиқа элементларига талаби ортади. Изланишлар натижасига кўра, соя учун минерал ўғитларнинг энг мақбул меъёри соф ҳолда азот – 90 кг, фосфор – 90 кг ва калий – 100 кг/га. ни ташкил этади. Соя дуккаклилар оиласига мансуб бўлганлиги учун ўзидан кейин тупроқда ҳар гектарига 40–50 кг соф азот қолдиради.
   Фосфор ва калий ўғитларнинг тенг ярми шудгордан олдин, қолган ярми азотли ўғитлар билан сояни озиқлантиришда 2 марта берилади. Биринчи озиқлантириш 2–3 чинбарг чиқарганда, иккинчиси эса гуллаш даврининг охирида ўтказилади.
   Экиндан юқори ҳосил олиш учун ўсув даврида сув билан етарли даражада таъминлаш керак. Бунда суғориш муддат ва меъёри, тупроқ хусусиятлари, об-ҳаво шароити ва сизот сувлар чуқурлигини ҳисобга олиш керак.
  Вегетация даврида сизот сувлар чуқурлигига қараб 3–5 марта суғорилади. Вегетация даврида суғориш муддатлари қуйидагича: биринчи суғориш шоналашда, иккинчиси дуккаклар шаклланишида, кейинги суғоришлар дон ҳосил бўлиш жараёнида амалга оширилади. Шунда суғориш меъёрлари 800–1000 м3 ни ташкил этади.
   Турли зараркунандалар, жумладан, тунламлардан ҳимоя қилишда Цеперметрин (0,3 л/га) препаратини 2 марта 200 литр сувга аралаштириб сепиш яхши самара беради. Битларга қарши БИ-58 40 фоизли эм.к. (1,5 л/га) сепилади. Ўргимчакканага қарши Каратэ ёки Лямбдациталотрин (0,4–1 л/га) препаратлари қўлланилади.
 Турли ҳашаротлар – битлар, каналар, ширалар, трипслар ва чигирткасимонларга қарши Карбафос ёки Малатион (2 л/га) ёки Фуфанон (1 л/га) икки марта, Омайт ёки Пропаргит (1,3 л/га) препаратларини қўллаш лозим. Соя ҳосили тўлиқ пишиб етилганда, яъни дуккаги қўнғир тусга кириб, уруғи қаттиқ бўлиб, барглари тўкилганда йиғиштириб олинади.
   Ҳосилни қисқа вақт ичида йиғиштириб олиш лозим, акс ҳолда аксарият қисми нобуд бўлиши мумкин. Бунда ҳосил «Класс-Доминатор» ва «Кейс» комбайнларида йиғиштирилади. Ҳосил йиғиб олингандан сўнг тозаланиб, сараланади ва 14 % намликкача қуритилади. Соя дони қуруқ ва шамол ўтиб турадиган хоналарда яхши сақланади. Мухтасар қилиб айтганда, бошоқли экинлардан бўшаган майдонларда такрорий экинлар етиштириш халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини янада қондириш имконини бериши баробарида, фермер хўжаликларининг самарадорлиги ортишини таъминлайди.
    И.Анорбоев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech