Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Эртаги сабзавот, картошка ва ғалла ҳосили йиғиб олинган майдонларга такроран экин экиш учун тайёрлашда, аввало, ишни экинлардан қолган ўсимлик қолдиқларини олишдан бошлаш зарур. Бунда механизмлар ёрдамида барча ўсиимлик қолдиқларини майдон чеккасига чиқариб, майдонлар қондириб суғорилади.
  Ер етилиши билан экин турига қараб маъдан ўғитларни бир қисми сепилади ва 25–28 см чуқурликда ҳайдалади. Майдондаги намлик парланиб кетмасдан кетма-кет борона билан 10–12 см чуқурликда юмшатиб чиқилади ва эгатлар олинади.
   Республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда июнь ойининг иккинчи ярми ва июль ойининг биринчи ўн кунлигида бодрингнинг Марғилон–822, Наврўз, Ўзбекистон–740, Ранний–645, F1 Алиби Аякс Микс навларини; сабзининг Мирзои сариқ–304, Мирзои қизил–228, Шантанэ–2461, Нантская–4, Нурли, Зийнатли навларини; ош лавлагининг эса Бордо–237 навини, картошканинг Диамант, Ликария, Симфония, Диёра, Тўйимли, Умид каби ўртапишар, Ақроб, Мондеал ва Фазан каби кечпишар навларини экиш тавсия этилади.
  Ушбу вилоятларда июнь ойининг учинчи ўн кунлиги ёки июль ойининг 1–2-ўн кунлигида картошканинг Санте, Ред скарлет, Зарафшон каби эртапишар, Аринда, Белуга, Виктория, Умид, Кондор, Драга, Корлена, Латона, Палма, Марфона, Пикассо, Романо каби эртапишар ҳамда Тўйимли, Ақроб, Диамант, Симфония сингари ўртапишар навларини экиш юқори ҳосил олишни таъминлайди.
   Чет элдан келтирилаётган уруғлик картошка экиладиган дала эгати олиниб суғорилган бўлиши керак. Картошка экилгач суғорилади. Агар ер тайёрлаб қўйилмаган бўлса, у қопи билан ёки ерга юпқа қилиб, офтоб тушмайдиган салқин жойга тўкиб қўйилади. Экиш муддати 20 июндан то 20 июлгача, 70х25-30 см схемада экилади. Унда олдин ўртапишар навлар кейин ўртаги ва охирида эртапишар навлар экилади.
  Июль ойининг учинчи ўн кунлиги ўсув даври қисқа бўлган сабзавотлардан шолғомнинг Муяссар, Самарқанд маҳаллийси каби ўртаги, Наманган маҳаллийси сингари эртаги, кўкатлардан укропнинг Узбекский–243, Ором навларини экиш тавсия қилинади. Шунда уруғ билан бирга у ердаги барча бегона ўтлар уруғи тўлиқ униб чиқишини таъминлайди.
   Гербицид сепилмаган майдонларда бегона ўтларни ўташ лозим. Ўтларни йўқотиш билан бирга ортиқча ниҳолларни ягана қилиш керак. Орадан 20–25 кун ўтгач эса майдондаги бегона ўтларни иккинчи марта ўтаб, ўсимликларни ягана қилиб, кейин режаланган маъдан ўғитларнинг бир қисмини солиб, суғориш тавсия этилади.
   Такроран экилган сабзи, ош лавлаги ҳамда майда уруғли сабзавот экиладиган майдонлардаги бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларни йўқотиш учун уруғни экишгача ёки униб чиққунига қадар 50 фоизли «Гезогард» гербициди 2–3 кг/га ёки 30 фоиз Нитран 3,3–6 л/га ёки 33% Стомп 1–2 л/га ҳисобида 400 литр сувга аралаштириб сепилади. Сабзи ниҳолларида 3–4 тадан чинбарг чиққан даврида майдондаги бегона ўтларга қарши 12,5% Фюзилад супер гербициди 1–2 л/га ёки 20% Набу 1,5 л/га меъёрда сепилади.
   Сабзи майдонларидаги кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши эса Зелек супер 1 л/га ёки 12,5% Фюзилад супер 2,5–4 л/га ҳисобида сепиш тавсия этилади. Кечки карам кўчатлари тўлиқ тутиб олгач, сабзи, ош лавлаги, картошка туганаклари ҳамда бодринг ниҳоллари ердан тўлиқ униб чиққач, ўсув даври давомида экин турига мувофиқ 8–12 кун оралатиб гектарига 500–600 м3 ҳисобида сув қуйилиб, ҳар 2–3 марта суғоришдан сўнг албатта ўсимлик қатор ораларини КОН-2,8 ёки КРН-4,2 русумли юмшатгичлар ёрдамида 8–12 см чуқурликда юмшатиш бегона ўтларни йўқотади, тупроқда нам ва ҳаво сақланишини яхшилайди, ўсимликларнинг ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратади.
   Катта майдонларга экилган помидордан мўл ҳосил олиш учун, унинг ҳар гектарига йил давомида маъдан ўғитлардан - азот (соф ҳолда) - 200 кг, фосфор - 150 кг, калий - 100 кг; картошкага азот - 200 кг, фосфор - 100 кг ва калий - 100 кг ҳисобида; карам учун азот - 250 кг, фосфор - 150 кг, калий - 100 кг; бодринг учун эса азот - 150 кг, фосфор - 100 кг ва калий - 60 кг ҳисобида солиниши, улардан кўзланган миқдордаги ҳосил етиштириб олиш имконини яратади.
  Шунингдек, турли касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш олиб бориш ҳар бир гектар майдон ҳисобидан юқори ҳосил етиштириш ва майдонлардан самарали фойдаланишни таъминлайди.
  Эртаки картошкани ковлаш кўпгина ҳолларда июнь ойининг 2-ярмига тўғри келади ва офтоб тиғида ҳарорат юқори бўлиб картошка сифатига салбий таъсир этади. Шунинг учун эрталаб кун исиб кетишигача ва кечқурун ҳарорат пасайган даврида ковлаб пешма-пеш териб, офтоб тиғидан олиб қўйиш лозим. Сақланадиган эртаки картошка тўла пишганда қазилади. Уни ўз вақтидан кечикиб қазилса сифати ёмонлашади ва бироз сўлиб, яхши сақланмайдиган бўлиб қолади. Қазилган картошка тезда қопланиб, яшикларга солиб сақлашхонага қўйиш зарур. Бунда картошка яшиклари устма-уст тахлаб қўйилади, бир яшик билан иккинчи яшик ўртасида 10 см катталикда тирқиш қолдирилади. Ҳар бир тўп яшик орасида 40–50 сантиметрли йўлак қолдирилади.
  Эртаки картошка қандукларига солинадиган бўлса, унинг қалинлиги 70–80 сантиметрдан оширилмайди. Картошка ҳаво ҳарорати 20–25 оС, нисбий намлиги 60–65% бўладиган оддий хоналарда 1,5–2 ойгача анча яхши сақланади. Бинобарин, бундай картошкаларни чуқур ва ярим чуқур ертўлаларда ҳам икки ойгача бемалол сақлаш мумкин. Агар ертўла ҳавоси ҳароратини совитгич мосламалар воситаси билан 5–8 оС гача тушириб, нисбий намлиги 75–85% қилиб қўйилса, картошка 4–5 ойгача яхши сақланади.
   Картошка сақланадиган жойга, айниқса, уй-рўзғор шароитида ёруғлик тушмаслиги керак. Акс ҳолда туганак устида кўк ранг – соланин моддаси пайдо бўлади ва у аччиқ таъм беради. Эртаки карамни уй-рўзғор шароитида 7–10 кун целлофан халталарга солиб совитгичда сақласа бўлади. Агар омборхонада ҳарорат ±1 оС нисбий намлик 90–95% яратилса, 1–1,5 ой сақланади. Бунинг учун карамбошлар стандарт талабларига жавоб бериши керак.
   Июнь ойида картошка экинларида колорадо қўнғизининг иккинчи авлоди чиқиб зарар келтиради. Бунга қарши 5% Каратэ ёки Атилла – 0,1 л/га, 20% Конфидор ёки Багира ёки Корагон – 0,05 л/га; 20% Моспилан – 0,02–0,025 кг/га меъёрда ишлов бериш керак. Ўргимчак кана ва занг каналарга қарши 36% Гризли (0,3 л/га), 10% Толстар (0,4 л/га), 5% Неорон (1 л/га), 57% Омайт (1,5 л/га), 5% Ниссорон (0,3 кг/га) эритмаларидан бирортасини пуркаш тавсия этилади.
   Далада фитофтороза касаллиги зарар келтира бошласа Бордо суюқлиги (мис купороси бўйича) 6–8 кг/га, 60,7% Превикур препаратида – 1,5 л/га ишлов бериш керак. Касалликни кутмасдан картошка майдонларига сепиб чиқиш керак.
  Помидор экинларида кузги тунлам, кўсак қурти биринчи авлодини тухум ва личинкалари, иккинчи авлодининг капалакларига қарши феромон тутқичлар 1 гектарга биттадан қўйиб капалакларни тушишига қараб 3 марта 1 граммдан 5–6 кун оралатиб трихограмма қўйилади, қурт пайдо бўлиши билан Бракондан 5–6 кун оралатиб гектарига 400 дона ҳисобидан чиқарилади. Оққанот шираларга қарши 25% Апплавуд (0,5 кг/га), 20% Багира (0,4 л/га) кузги тунлам ва колорадо қўнғизига қарши 30% Бензофосфат (1,7–2,3 кг/га), 25% Децис (0,7 л/га) билан ишлов бериш керак. Ўргимчак кана, занг канага қарши 50% Неорон (1 л/га), 57% Омайт (1,5 л/га), 1% Ниссоран (0,3 кг/га) эритмалардан биронтасини пуркаш лозим. Қўнғир доғланиш, фитофтороза касалликларига қарши Бордо суюқлиги (мис купороси бўйича) 6 кг/га, 60,7% Превикур (1,5 л/га) препаратларини касаллик пайдо бўлишини кутмасдан сепиш керак. Карам, редиска бургаси, шира ҳамда барг кемирувчиларга қарши 30% Бензофосфат (2 л/га), 57% Фуфанон (1,2 л/га), 25% Циперметрин (0,16 л/га) билан ишлов бериш тавсия этилади.
   Пиёз майдонларида тамаки трипси, шира ва пиёз пашшасига қарши 10% Данитол (1 л/га), 36% Дельтафос ёки Супержет (1,0 л/га) билан ишлов бериш керак. Пиёз ун шудринг касалига қарши Бордо суюқлиги (мис купороси бўйича) 6–8 кг/га, 10% Топаз (0,15 л/га) препаратини сепиш яхши самара беради. Полиз экинларидан бодринг, қовун, тарвузга шира, оққанот, ўргимчак каналарига қарши 2,5% Децис (0,5 л/га), 57% Фуфанон (1,2 л/га), қовун пашшасининг биринчи авлодига қарши 50% Карбофос (1,5 л/га), 57% Фуфанон (1 л/га), 24% Пилигрим (0,2 л/га) қўлланилади. Юқоридаги агротехник тадбирларни вақтида ва сифатли амалга ошрилиши сабзавот, картошка ва бошқа такрорий экинлардан мўл ҳосил етиштирилишига пухта замин яратилади.
     Р.Ҳакимов, Б.Азимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech