Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Май ойида ёғингарчилик нисбатан кам бўлиб, ҳаво ҳарорати анча юқори бўлди. Шу боис июнь ойида янги боғ-токзорларни икки-уч маротаба суғориш ҳамда ҳар суғоришдан кейин эгатлар ва дарахт атрофини юмшатиш мақсадга мувофиқ.
  Боғ ва токзор қатор ораларида тупроқнинг сув-ҳаво тартибини, тупроқда нам сақланишини яхшилаш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида, 10–12 см чуқурликда культивация қилинади ҳамда туп оралари юмшатилади, кўчат ёнидан чиққан бачки новдалар кесиб ташланади.
   Интенсив боғларда кўчатларнинг яхши ўсиб-ривожланиши учун кўчат атрофига иккинчи марта 100–120 г. дан азотли ўғит солиш тавсия этилади. Айни кунларда бирин-кетин пишиб етилаётган гилос, ўрик, олча, эртаки олма, нок, малина, қорағат ва бошқа мева ва резаворларни пешма-пеш териб, халқимиз дастурхонига етказиб берилмоқда. Бунда шунга эътибор бериш керакки, аҳоли истеъмоли учун мўлжалланган мева тўлиқ пишиб етилгач, узоқ масофаларга юбориладиганлари эса тўлиқ пишиб-етилишидан 7–8 кун олдин териб олиниши тавсия этилади.
   Тўлиқ пишган меваларнинг бир қисми қайта ишлаш корхоналарига юборилиб, улардан мураббо, шарбат ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Боғлар тупроғи таркибида озуқа моддаларнинг етишмаслиги меванинг бир қисми тўкилишига сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш учун азотли ўғитлардан аммиак селитраси (120–200 кг/га) ёки карбамид (100–120 кг), аммофос (100 кг) ва калий ўғити билан қўшимча озиқлантириш зарур. Ҳосилли боғлар қатор ораларини суғориш учун 22–24 см чуқурликда ариқлар олиниб, 1–1,5 кун давомида ер яхши захлагунча суғорилади.
  Оғир соз тупроқларда битта суғориш меъёри гектарига 700–800 м3, тошлоқ, шағалли тупроқларда 400–500 м3 ни ташкил этиши мақсадга мувофиқ. Олма, нок ва олхўри қурти ва нок шира бургаси тарқалган боғларга июнь ойининг 2-ярмида 10–15 кун оралатиб кимёвий ишлов берилиши керак. Бу тадбир дарахтлар гуллаб бўлганидан 40–45 кун ўтгач бажарилади.
  Бунда қуйидаги препаратлардан бири 100 л сувга аралаштирилиб қўлланилади: Карбофос (200–300 г), Циперфос (100 г) ёки Децис, Суми-альфа (50 г) ёки Каратэ, Талстар, Циракс (30–40 г) ёки Фуфанон (100 г). Шунингдек, Вектра (30 г) ёки Сапроль, Топсин-М (100 г) препаратларини пуркаш ҳам яхши самара беради.
   Ўрик, шафтоли ва олхўри дарахт¬ларида клястероспориоз, барг бужмалоқлиги, ун шудринг каби замбуруғли касалликлар кузатилганда уларга қарши Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги ёки намланувчи олтингугуртни пуркаш мумкин. Кимёвий препаратларни қўллаш билан бир қаторда дарахтлар атрофини ағдариб чопиш, уруғли мева дарахтларининг тана ва она шохларига тутқич белбоғлар боғлаб, ҳафта-ўн кун ичида тушган қуртларни йўқотиш, тўкилган меваларни териб олиш каби ишлар бажарилиши керак.
  Июнь ойининг иккинчи ярмидан янги қулупнайзорлар барпо этиш учун майдонларни тайёрлашда тупроққа 30–40 т органик ўғит солиб, 30–40 см чуқурликда ҳайдаб, чизель қилиб, эгат олинади. Қулупнайзорда ипсимон ўсимталар ерга қадалиб, кўпайтирилиб борилади ҳамда июль ойининг бошидан кўчатлар қазиб олиниб, янги майдонларга экилади. Айни кунларда токзорларда шўра ҳамда ғўра ҳомтокларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишга эътибор қаратиш зарур. ўўра ҳомток шўра ҳомтокдан 15–20 кундан кейин ўтказилади.
   Токзорларда ток туплари ёнидан чиққан бачки новдалар олиб ташланади. Токлар кўмилмаган ҳудудларда февраль ойининг биринчи 10 кунлигидаги қаттиқ совуқ (23–26 оС) дан зарарланган майдонларнинг ҳар гектарига 60 кг азот, 45 кг фосфор ва 15 кг калий ўғитини қўшимча бериб, суғориш талаб этилади. Бунда ток қаторидан 50–60 см масофада иккита суғориш ариғи очилиб, 24–30 соат давомида суғорилади.
   Токзорларда оидиум (кул), антракноз ва мильдю касалликларига қарши 8–10 кун оралатиб икки марта олтингугурт (1 гектарга 25–30 кг меъёрда) чанглатиб чиқиш зарур. Олтингугуртга 10 кг оҳак кукуни қўшилса, самарадорлик янада ошади. Кичик майдондаги токзорларда 10 литр сувга Вектра, Топаз, Титул (3–5 г) ёки Топсин (10 г) препаратларини ёки томорқа шароитида 50 г кир содаси эритмасини аралаштириб қўлласа ҳам бўлади. Ток тупида асосий ва бачки новдалар қалинлашиб кетса, намлик ортишига сабаб бўлади ва замбуруғли касалликларнинг ривожланишига олиб келади. Шу боис бачки ва ортиқча новдаларни албатта олиб ташлаш зарур.
 Таъкидлаш жоизки, токзорларда ҳомток ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилса, касалликларнинг ривожи сусаяди. Пировардида кимёвий ишловлар сони камайиб, самарадорлик ошади. Бунинг учун июнь ойининг иккинчи ярмида ўтказиладиган ғўра ҳомтогини ниҳоятда сифатли ўтказиш ва новдаларни кун тушадиган қилиб, тараб боғлаш керак.
 Кейинги йилларда айрим фермер хўжаликларининг боғ-токзорларида девпечак (кускута) тарқалиши кузатилмоқда. Бунда ток туплари ва мева дарахтлари девпечак пояларидан тозаланиб, даладан олиб чиқиб куйдирилади ёки кўмиб ташланади. Ариқ бўйларидаги девпечак уруғлагунга қадар йўқотиш талаб этилади. Бунда аммиак селитраси 10 л сувга 1,5 кг ёки карбамид 1 кг ҳисобида эритилиб жиққа ҳўл бўлгунча пуркалса яхши самара беради.
   Р.Абдуллаев, А.Арипов, Х.Абдуллаева




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech