Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳаси олимлари ва мутахассисларининг таҳлиллари бу йил ғўза майдонларида ўргимчаккана, шира-трипс ва кўсак қуртининг ривожланиши учун об-ҳаво ўта қулай келаётганлигини, ғўза ниҳолларига зарар етказиш хавфи катта эканлигини кўрсатмоқда.
    Бугунги кунда ғўза майдонлари четларида, уватларда бегона ўтларда ўргимчаккана, шира-трипс ривожланмоқда. Уларга қарши ушбу жойларда зудлик билан профилактик кимёвий ишловларни ўтказиш зараркунандаларнинг миқдорини кескин камайтириб, кенг майдонларга тарқалишининг олдини олиш имконини беради.
  Ғўза майдонлари атрофларида, уватларда сўрувчи зараркунандаларга қарши имидоклоприд асосли препаратлар – Багира, 20% эм.к. (0,15–0,2 л/га); Далприд 200 г/л с.э.к. (0,1–0,15 л/га); Даклоприд 20% с.э.к. (0,1–0,15 л/га) меъёрда ишлов ўтказиш мақсадга мувофиқ.
  Шира-трипслар тарқалиш ўчоқлари аниқланган ғўза майдонларда Багира, 20% эм.к. (0,15–0,2 л/га); Далприд 200 г/л с.э.к. (0,1–0,15 л/га); Даклоприд 20% с.э.к. (0,1–0,15 л/га) ва бошқа препаратлар билан ишлов берилади.
  Ўргимчаккананинг зарар етказиши, унинг ғўзага тушиш муддати ва ўсимликларда қанча вақт яшашига боғлиқ, яъни қанча барвақт тушса шунча кўп шикаст етказади. Ўргимчакканага қарши унинг кўпайиш ўчоқларида 10 фоиз ўсимликлар барг пластинкасининг 5–25 фоизи кана билан қопланганда Омайт ёки Узмайт, 57% эм.к. (1,5 л/га); Неорон, 50% эм.к. (1–1,2 л/га); Вертимек ёки Абалон, Акаринсект ёки Алгамек ёки Голмектин ёки Даламектин 1,8% эм.к. (0,3–0,4 л/га); Куракрон, 50% эм.к. (1,2 л/га; Карбофос ёки Фуфанон 57% эм.к. (1,2 л/га); Дельтафос ёки Примаголд ёки Супержет 36% эм.к. (1,5 л/га) қўллаш тавсия этилади.
  Ўргимчаккана кучли тарқалган далаларга юқоридаги препаратларнинг бирортасига Ниссоран (Тетрасан, Энтосоран), 10% н.кук. гектарига 0,1 кг ёки Ниссоран (Хексорун, Йоксоррун), 5% эм.к. гектарига 0,2–0,25 л сарф миқдорида қўшиб ишлатиш уларнинг самарасини янада оширади. Бундан ташқари, ўргимчаккана ва ёзги авлод ғўза ширалари кўпайишининг олдини олиш мақсадида, май ва июнь ойида олтинкўз қўйилган майдонларга яна 1000 донадан олтинкўз чиқарилади.
   Ғўза майдонларида зараркунандаларнинг ривожланиши, кўпайиши, яъни ғўза майдонларини фитосанитария ҳолати ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш, кураш чора-тадбирларини самарали ўтказишнинг асосий омилидир. Бунинг учун биринчи галда дала назоратчилари ишларини юқори савияда ташкил этиш лозим.
  Мутахассислардан ҳар 50–100 гектарига биттадан дала назоратчилари тайинлаб, ҳар кунги маълумот туман ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари қошида ташкил этилган штабларда таҳлил этилиши ва зараркунанда аниқланган майдонларда ўтказиладиган тадбирлар белгиланиб, уни самарали ўтказишни ташкиллаштириш чоралари белгиланиши зарур.
    Бу йилги иқлим шароитида айрим вилоятларда июнь ойининг II декадасида, баъзи вилоятларда III декадасидан бошлаб ғўзага кўсак қурти зарар келтира бошлайди. Кўсак қуртининг ривожланиши ва унга қарши биологик кураш чораларини ўтказишнинг аниқ муддатларини белгилашда феромон тутқичлардан унумли фойдаланиш лозим.
   Феромон тутқичлар ҳар 2 гектарга 1 донадан қўйилиши ва ҳар куни капалак тушиши таҳлил қилиниб, шунга асосан далага биомаҳсулот чиқарилиши зарур. Республикамизда кўсак қуртига қарши биологик кураш усули тўғри қўлланилса юқори самара беради. Бунда аввало, зараркунанданинг туҳумига қарши трихограммадан самарали фойдаланиш зарур.
  Трихограммани кўсак қуртининг биринчи авлодига қарши феромон тутқичларга бир кеча-кундузда 2–3 та капалак тушганда 5–6 кундан сўнг гектарига 1 граммдан, иккинчи авлодига қарши феромон тутқичларга бир кеча-кундузда ўртача 1–2 капалак тушганда 3–4 кундан сўнг қўйилади. Ҳар гал биринчи қўлланишдан 5–7 кун оралатиб яна икки марта қўйилади. Жами кўсак қуртининг ҳар авлодига 15–18 кун мобайнида уч маротаба, яъни 3 г трихограмма қўйилади. Чунки кўсак қуртининг тухум қўйиши 15–20 кун давом этади.
  Зараркунанданинг ҳар 100 ўсимликда ўртача 2 та қурт аниқланганда бракон паразити қўлланилади. Бракон 5–6 кун оралатиб уч маротаба (биринчиси 1:10; иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда) қўйилади. Ҳар 100 туп ўсимликка 2 та қурт тўғри келганда бракон урғочисининг сарфи биринчи маротаба 200, иккинчи маротаба 400, учинчи маротаба 200 донани ташкил этиши керак. Ўртача 100 ўсимликда қурт сони ортиб бориши билан табиийки, бракон қўйиш миқдори ҳам ошиб боради.
  Қўйилаётган бракон сифатига эътибор бериш лозим, айниқса, урғочи ва эркак нисбати 1:1 бўлганда яхши самара олинади. Кўсак қуртига қарши ҳар 100 туп ўсимликда 8–10 та ёш қурт ва тухум топилса Аваунт, 15% сус.к. (0,4–0,45 л/га); Дельтафос ёки Притмаголд, 36% эм.к. (1,5 л/га); Политрин–К, 31,5% эм.к. (1 л/га); Люметрин, 12% эм.к. (1,5 л/га) препаратларнинг бирортасини пуркаш тавсия этилади.
   Р.Очилов, А.Сагдуллаев, Ш.Хўжаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech