Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
2 Июн 2014 00:00
Далаларимизда мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштириш кўп жиҳатдан агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, минерал ва маҳаллий ўғитлар, суғориш иншоотларидан ҳамда ресурстежамкор агротехнологиялардан унумли фойдаланишга боғлиқ.
   Май ойида ҳаво ҳарорати кўп йилликка нисбатан ўртача 4–5 оС юқори бўлганлигини инобатга олиб, тупроқ намини сақлаш мақсадида экин қатор ораларини майин культивация қилиш мақсадга мувофиқ. Сизот суви яқин майдонларда ғўза шоналашигача қатор ораларига бир марта чуқур ишлов бериш лозим.
  Ғўза қатор ораларига шундай ишлов бериш керакки, бутун вегетация даврида далаларда бегона ўт бўлмаслиги, сифатли ишлов бериш натижасида тупроқ майин, донадор ҳолга келиб, тупроқдаги намликнинг узоқ вақт сақланиши ва зарарли тузларнинг юқорига кўтарилишининг олди олиниши керак. Бунда культивация чуқурлиги ва ишчи органларининг сонига алоҳида эътибор бериш зарур.
 Қатор оралари 60 см бўлган механик таркиби енгил, қумоқ ва қумли далаларда культиваторларнинг четки ишчи органлари (наральник) 8–10, ўртадагилари 12–14 см, механик таркиби оғир, сув сингиши қийин майдонларда 15–16 см. гача чуқурликда ботадиган қилиб жойлаштирилади.
    Қатор оралари 90 см бўлган далаларда эса мос равишда 8–10 ва 14–16 см, механик таркиби оғир, сув ўтказиш қобилияти паст ерларда 18–20 см. гача ботадиган қилиб жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ. Қатламлаб ишлов бериладиган участкаларда ККО ишчи органларидан фойдаланиладиган бўлса, ҳар бир қатор орасига 7 та ишчи орган жойлаштирилади. Бунда даст¬лабки ишлов ғўза тупидан 10–12 см масофада 4–5 см чуқурликда, иккинчи мартасида 6–8 см, учинчисида 8–10 см, энг сўнггисида 14–16 см чуқурликда ўтказилиши тавсия этилади.
  Чигит қўшқатор экилган майдонларда қўшқатор орасини юмшатиш учун бир дона ККО ёки кичик лапка 5–6 см ва икки дона РОР юлдузчаси билан 3–5 см чуқурликка ишлов берилади. Бегона ўтлар билан кучли зарарланган майдонларда биринчи сувгача камида 2–3 марта культивация ўтказиш яхши самара беради. Бунда культиваторга пичоқлар ўрнатилиб, бегона ўтларни тўлиқ йўқотилишини таъминлаш талаб этилади.
  Чопиқ ишларини сифатли ва ўз муддатида бажарилишини ташкиллаштириш лозим. Сизот сувлари яқин тупроқда ортиқча зах бўлган ерларда тез-тез ва чуқур культивация қилиш илдиз чириш ва шўрнинг кўчатга таъсирини камайтиради. Суғоришда ғўзага етарли миқдорда сув етказиб бериш учун тупроқ шароитидан келиб чиқиб биринчи сувда жўяк чуқурлиги 14–16, кейингиларида енгил тупроқларда 16–18, ўртача механик таркибига эга тупроқларда 18–20, механик таркиби оғир, сув ўтказувчанлиги паст тупроқларда 20–22 см. ни ташкил этиши лозим.
   Акс ҳолда, ғўзанинг сувга бўлган биологик талаби қондирилмайди, ўсиб-ривожланиши 10–15 кунга кечикади, ҳосилдорлик 5–6 ц/га. га камаяди.
   Ниҳолларнинг жадал ўсиб-ривожланишида яганалашни тўлиқ ва сифатли тугаллашнинг аҳамияти катта. Қолаверса, ғўзани баргидан қўшимча озиқлантириш, яъни суспензия билан бирга «Фитовак» (200–300 мл/га), «Гумимакс» (0,15–0,20 л/га) сингари биостимуляторлар билан ишлов бериш яхши самара беради.
   Барг орқали озиқлантириш меъёрлари ғўзанинг ривожланиш даражаси, тўплаган барглар сатҳи юзаси ва кўчат қалинлигига қараб белгиланади. Суспензия ғўзанинг 5–6 чинбарг ривожланиши даврида сепилади. Бунда 50 литрлик идишдаги сувда физик ҳолда 8 кг карбомид эритилади, кейин эритмани 100 литрлик идишга қуйиб яхшилаб аралаштирилади.
    Аралашма бир гектарга сепилади. Шунингдек, «Самарқандкимё» ОАЖда ишлаб чиқилган ФССС ўғитини 14 л ёки КАС ўғитини 7 л/га меъёрда ишлатиш яхши самара беради. Суспензияни сепишда тракторларга ўрнатилган бочкаларга 200 литр тоза сув ва 100 литр тайёрланган оналик (маточный) эритмаси қуйилиб яхшилаб аралаштирилади ва бунда 300 л/га миқдордаги ишчи эритмаси қўлланилади.
   Кейинги суспензия ривожи орқада қолган майдонларда ғўза гуллаш даври бошида сепилади. Бунда гектарига физик ҳолда 10 кг карбомид ишлатилади ёки ФССС ўғитини гектарига 21 литр, КАС ўғитини 9 литр ишлатилади. Суспензия сепишда тайёр аралашма билан сувнинг миқдори ҳар гектарига 300 литрдан кам бўлмаслиги зарур.
   Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20–25 оС дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади. Ҳаво илиқ ва булутли кунларда суспензияни кун давомида сепиш мумкин. Мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштиришда минерал ўғитлар ва сувдан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
   Кейинги йилларда азотли ўғитларнинг йиллик меъёрини шоналаш даврида бир йўла бериш тавсия этилмоқда. Бунда ғўза шонага киргунча далада икки марта культивация, бир марта чуқур юмшатиш ўтказилган бўлиши керак, шу билан бирга азотли ўғит йиллик меъёрини тўлиқ беришда ўғит эгатнинг 14–16 см чуқурлигига тушиши ва озиқлантирилгандан сўнг пешма-пеш суғориш лозим.
   Унумдорлиги паст ҳамда механик таркиби енгил, қумлоқ тупроқли майдонларда ғўза шонага кирганда гектарига соф ҳолда 70–75 кг азот ва 30–50 кг калий бериш яхши самара беради. Бу гектарига 210–225 кг аммиакли селитра ёки 150–160 кг мочевина ва 55–90 кг калий хлорид ўғити ўсимликнинг 20–22 см ёнига, 14–16 см чуқурликка берилади.
   Ғўза гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70–75 кг азотни (аммиакли селитра 210–225 кг) ва 40–50 кг соф ҳолда фосфорни (аммофос 80–100 кг ёки оддий суперфосфат 280–350 кг ёки супрефос 170–215 кг) ташкил қилади. Ўсув давридаги озиқлантиришни охирги муддати ғўза гуллай бошлашининг 10-кунига тўғри келиши керак, бундан кечикса ғўзанинг ривожланиш даври чўзилиб кетиши мумкин.
   Суғориш муддати ва меъёрларини ҳудуднинг сув билан таъминланганлиги, тупроқнинг хусусияти ва сизот сувлар чуқурлигини қатъий ҳисобга олиб белгилаш лозим. Бу ғўзанинг дуркун ўсиб-ривожланиши, эртаки ва мўл ҳосил олинишини таъминлайди. Суғориш сувидан ва тупроқдаги захира намликдан самарали фойдаланиш ўтказиладиган агротехник тадбирлар сифатига боғлиқ бўлиб, тавсия этилган агротехник тадбирлар тизимини қўллаш натижасида далаларни бегона ўтларсиз юмшоқ ҳолатда сақланиши ҳамда ғўзанинг яхши ўсиб-ривожланиши учун қулай шароит яратиш сув сарфини қисқартиришга ёрдам беради.
   Ғўзанинг амал-ўсув даврида ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжи мос равишда ўсимликларни сувга бўлган ўртача кунлик талаби марказий минтақаларда қуйидаги миқдорда ўзгариб боради: шоналашда гектарига 18–20, гуллаш бошланганида 35–40, оммавий гуллашда 50–55, ҳосил тўплаш бошлаганида 75–80, ёппасига ҳосил тўплашда 85–90, кўсаклар очилиши бошланганда 45–50, ёппасига очилганда 25–30 м3 ни ташкил этади. Пахта майдонларининг сувга бўлган ўртача кунлик талаби амал-ўсув даври давомида марказий минтақага нисбатан шимолий минтақаларда 10–15% камроқ, жанубий минтақаларда эса 15 фоизгача кўпроқ бўлиши мумкин.
    Суғоришда биринчи сувни механик таркиби енгил тупроқларда 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 16–18 соатдан оширмасдан суғоришни ташкил этиш лозим. Бунда ҳар 10–15 гектар майдонга 4–6 кишидан иборат сувчилар гуруҳини бириктириб, суғоришни кечаю-кундуз узлуксиз ташкил этиш лозим. Айниқса, тунги суғоришнинг самараси катта.
  Жорий йилда республикамиз бўйича 20 дан ортиқ истиқболли ва районлашган ғўза навлари экишга тавсия этилган, улардан: 18 таси тезпишар ва 6 таси ўртапишар бўлиб, уларга қўлланиладиган барча агротехник тадбирлар жорий йил шароитидан келиб чиққан ҳолда интенсив равишда олиб борилишини талаб этади.
   Тезпишар навларга агротехник тадбирлардан озиқлантириш, суғориш ва ишлов бериш ишлари ўртапишар навларга нисбатан жадаллаштирилган усулда ўтказишни тақозо этади. Тупроқ иқлим шароитидан келиб чиқиб С-6524, «Ан-Баёвут–2», «Ибрат», «Хоразм–127», «Меҳнат», айниқса, «Бухоро–6» ва «Бухоро–102», «Бухоро–8» навларини гуллагунча суғормаслик ва мавсум давомида 0-2 (3)-1 тизимида 3–4 марта суғориш тавсия этилади. Тезпишар «Наманган–77», «Омад», С-4727, С-8284, «Дўстлик–2», «Кўпайсин», «Чимбой–5018» навларни эртароқ, кам меъёрларда суғориш талаб этилади.
   Сувдан самарали фойдаланишда суғоришни шарбат усулида ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Шарбат усули қўлланилганда гўнг ғўзага озиқа бериши билан бирга мульча вазифасини бажариб, сувни буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни сақлайди. Бунинг учун ҳар бир контурнинг сув кирадиган жойига шарбат учун хандақ қазилиб, суғоришдан 5–7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб жижа тайёрланади. Бунда тоза мол гўнги, чириган гўнг ёки компостдан фойдаланиш яхши самара беради.
  Суғоришга сарфланадиган сувнинг миқдори енгил (қумли ва қумоқ) тупроқларда ғўза гуллагунга қадар гектарига 600–700 м3, ўрта ва оғир тупроқларда ғўза гуллагунга қадар 700–800 м3 атрофида белгиланади. Суғоришнинг давомийлиги енгил тупроқларда ғўза гуллагунга қадар 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 12–14 соатдан ошмаслиги керак. Сизот сувлар сатҳи 0,5–2 метргача бўлган тупроқларда сув миқдори 10–15 фоизгача камайтирилади.
  Эгатлар узунлигини қисқартириш йўли билан далаларни бир текисда намланишига ва сувдан тежамли фойдаланишга эришиш мумкин. Шуни ҳисобга олиб, сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралари 60 см бўлганда эгатлар узунлиги 50–60 метрдан, сувни суст шимадиган, оғир тупроқли ерларда 70–80, қатор оралари 90 см бўлган пайкалларда эса тегишли равишда 80–90 метрдан ошмаслиги керак.
  Қатор оралари 60–90 см ва нишаблиги катта пайкалларда суғоришни барча эгатлар орқали ўтказиш, қолган жойларда бир жўяк ташлаб (қатор оралатиб) суғориш мақсадга мувофиқдир. Суғоришда оқова сувни имкон қадар камроқ чиқаришга эришиш лозим. Оқова сувни 1–2 соатдан ортиқ чиқармасдан суғориш сувдан фойдаланиш коэффициентини оширади. Далани узунасига бир текисда намлаш учун эгатлар узунлигини белгилаб ўқариқлар олинади ва суғоришни даланинг этак қисмидан бошлаб, юқори қисмида тугаллашга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
    Пахтачилик ва техник экинларни ривожлантириш бошқармаси




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech