Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2014 00:00
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, истеъмолчилар талабини етиштирилаётган мева-узум маҳсулотлари ҳисобига тўла қондириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор бериб келмоқдалар. Шу боис ҳам мамлакатимизда боғдорчилик ва узумчилик тез суръатлар билан ривожланиб бормоқда.
     Боғдорчилик ва узумчиликда ҳосилдорликни ошириш омилларидан бири -бу юқори ҳосилли мева-узум навларини жалб қилишдир. Бу соҳада, республикада навларни яхшилашда янги навларни яратиш билан бирга маҳаллий халқ селекцияси томонидан яратилган ҳамда чет эллардан интродуция қилиб олиб келинган навларни ҳам ўрганиб, улардан энг яхшилари танлаб олинмоқда.
  Республикада об-ҳаво иқлим шароитининг ўзгариб бориши, сув танқислиги сезила бошлаган даврда илмий аосланган, тажрибада синалган, қурғоқчиликка, иссиққа, ҳар хил зараркунанда ва касалликларга чидамли, ҳар бир ҳудудда районлашган, юқори ҳосилли навларни кўпайтиришни тақозо этмоқда.
   Республикада академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришда республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил, янги мева-узум навларини яратиш, уларнинг пакана ва ярим пакана кўчатларини кўпайтириб, Давлат реестрига киритиш, боғларда ресурстежамкор технологияларни татбиқ этиб, тупроқ унумдорлигини ошириш, тоғ ва тоғолди ҳудудларини ўзлаштириб, боғ-токзорлар барпо этиш, мева-узум маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш усуллари ҳамда виночилик бўйича янги вино маркаларини яратиш устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.
   Институт ва унинг илмий ташкилотларида кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижасида 175 та янги мева-узум навлари яратилиб, ҳозирги кунда улардан 70 дан ортиғи Давлат реестрига киритилган бўлса, республикамизнинг мустақиллик йиллари давомида институт селекционерлари томонидан 35 та янги навлари районлаштирилиб, 32 та янги истиқболли навлар Давлат нав синаш комиссиясига синовга топширилди.
  Мустақиллик йиллари селекционер олимларимиз томонидан олма, нок, ўрик, беҳи, шафтоли, бодом, қорағат, қулупнай ва узум навларининг қурғоқчиликка чидамли янги навларини ҳам яратдилар. Шу билан бирга ҳар хил тупроқ шароитида ўсувчи янги турдаги мевалиларнинг пакана пайвандтаглари олиб келиниб, республикамиз шароитида синалмоқда. Буларга олма учун АРМ-18, Б7-35, нокга БА-29, гилосга Максима-14, САВ-6Р, Чизелла-5, Кольт, шафтолига GF-677 киради.
   Янги яратилган навлар ичида қурғоқчиликка чидамли навлар алоҳида ўрин тутади. Буларга олманинг Малика, Қизил тарам олма, Чўлпон, Ойдин, Нафис, нокнинг Кулола-2, Зимняя Нашвати-2, беҳининг Изобильная, олхўрининг Чернослив Самаркандский, шафтолининг Шарқ, қорағатнинг Сиюма, Ирода, узумнинг Ризамат, Кишмиш Ботир, Ранний Шредера навлари киради. Ушбу янги яратилган истиқболли навлар мева-узум навларининг ўрнини тўлдириб борадилар.
  Республикадаги районлаштирилган мева-узум навларининг 48 фоизи институтда яратилган навлар ташкил этади. Институтда мева-узум навларининг катта коллекцион майдонлари ташкил этилган бўлиб, унда олманинг 394 та нави, нокнинг 76 нави, беҳининг 28 та, ўрикнинг 135 та, шафтолининг 112 та, гилоснниг 28 та, олхўри ва йирик мевали олчанинг 42 та, олчанинг 12 та, қулупнайнинг 58 та, қорақорағатнинг 13 та, олтинсимон қорағатнинг 28 та, қизил қорағатнинг 5 та, малинанинг 8 та. цитрус ўсимликларининг 17 та, субтропик ўсимликларнинг 100 дан ортиқ, узумнинг 500 дан ортиқ навлари мавжуд. Бундан ташқари 4500 дан ортиқ мева-узумнинг гибридлари ўрганилмоқда.
   Районлаштирилган навлар билан бирга селекционер олимларимиз ўтган 10 йилда Давлат нав синаш комиссиясига янги яратилган мева-узумнинг 24 та навини топширдилар. Буларнинг 5 таси олма, 3 та ўрик, 4 та гилос, 3 та смородина, 1 та шафтоли, 1 та йирик мевали олча, 2 та қулупнай ва 2 та узум навларидир. Боғдорчилик ва узумчиликда юқори ва сифатли мева-узум маҳсулоти етиштиришда районлашган навларни доимо янгилаб туриш зарурдир.
  Селекционер олимлар доимо изланишда бўлиб, мевали ўсимликларни совуққа, қурғоқчиликка чидамли навларини яратиш, данакли мевалиларнинг ўзини-ўзи чанглай оладиган, кеч гуллайдиган паст бўйли навларини яратиш, резавор мевалардан мевалари бир вақтда пишадиган, совуққа чидамли навларини яратиш, районлашган узум навлари ичида меваси эрта ва жуда кеч пишадиган, қишга сақланадиган, йирик мевали хўраки ва кишмиш навларини яратиш устида илмий тадқиқот ишларини давом эттирмоқдалар.
   Юртбошимиз ташаббуси билан пойтахтимизда 5–6 июнь кунлари ўтказилган «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзуидаги конференцияда 40 та мамлакатдан 200 дан ортиқ хорижий олимлар, мутахассислар, юқори нуфузли ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа ходимлар Ўзбекистон олимларининг яратган мева-узум навларига юқори баҳо беришиб, келгусида улар билан ҳамкорликда ишлаш хоҳишларини изхор этдилар. Республикамизда 30 дан ортиқ мева турлари, 2,5 минг дан ортиқ навлари, узумнинг мингдан ортиқ навлари бўлиб, бундай мева ва узум навларининг таъмлари бирорта бошқа мамлакатда мавжуд эмаслигига иқрор бўлдилар.
    Р.Абдуллаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech