Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2014 00:00
Чорвачиликда мустаҳкам озуқа базаси яратишда озуқабоп экинларнинг юқори ҳосилдор навларидан фойдаланиш, уларни етиштиришда агротехник тадбирларга тўлиқ риоя қилиш ҳамда замонавий технологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эга. Озуқа экинларини кўпайтириш ва ҳосилдорлигини оширишни илмий асосда ташкил этиш ҳар бош молни ем–ҳашак билан етарли таъминлашга пухта замин яратади.
   Чорвачиликда озуқа базасини мустаҳкамлашда дағал озуқанинг ҳам муҳим ўрни бор. Республикада чорва молларининг 2014-2015 йил қишлов мавсуми учун чорвачилик фермер хўжаликларида 2850 минг тонна, барча турдаги хўжаликларда 13700 минг тонна дағал хашак тайёрлаш режалаштирилган.
   Ёзда бошоқли экинлардан бўшаган майдонларга дон ва силос учун такрорий экинлар экиш чорва моллари учун озуқа етиштиришда муҳим омиллардан ҳисобланади. Барча тоифа хўжаликларида бошоқли дондан бўшаган майдонларга такрорий макажўхори дон учун 69954 га майдонга, силос учун 117805 га майдонга экиш режалаштирилган. Ушбу майдонларда август ойида қуйидаги агротехник тадбирларни амалга ошириш лозим.
    Маккажўхорилар униб чиққандан кейин қатор ораларига ишлов берилиб, ягана ва чопиқ қилиш ишлари бажарилади. 5-6 та барг ва 10-12 та барг чиқарганда азотли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғориш ишлари амалга оширилади. Гуллаш ва сут-мум пишиш даврларида бир мартадан суғорилади. Агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилганда гектаридан 35-40 ц дон ёки 350-400 ц кўк масса олинади.
  Такрорий экишда оқсилга бой озуқа етиштириш мақсадида маккажўхорига соя қўшиб экиш тавсия этилади. Бунда маккажўхори ва соя уруғлари гектарига 20 кг дан тенг миқдорда қўшиб экилиши мақсадга мувофиқ. Такрорий экинлар тез ўсишини инобатга олган ҳолда агротехникасини ўз вақтида кечиктирмасдан амалга ошириш лозим. Ёзда ҳаво ҳарорати ўта юқори бўладиган, шўрланган ва сув танқис ҳудудларда маккажўхори яхши ўсмаслиги мумкин, шу сабабли оқжўхори, Африка қўноғи экинларини экиш яхши натижалар беради. Ушбу экинларни 4-5 см чуқурликда, қатор оралиғи 60 ёки 70 см қилиб, гектарига 10-15 килограмм миқдорида экилади. Гектарига кўчат сони 80-90 минг атрофида бўлиши керак. Вегетация даврида 4-6 та барг чиқарганда қатор ораларига ишлов берилиб, азотли ўғитлар билан 150-200 кг/га меъёрда озиқлантирилади ва суғориш ишлари амалга оширилади. Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилса 350-400 ц/га кўк поя ҳосили олинади.
   Ердан унумли фойдаланиш ва чорва моллларини тўйимли озуқа билан таъминлаш учун бошоқли дондан бўшаган майдонларга 15 июлдан 10 августгача бўлган муддатларда дон ва дуккакли экинлардан сули уруғи - 80 га кг, хашаки нўхат уруғи - 70 га кг меъёрларда қўшиб экиш тавсия этилади.
  Сули туплаш фазасига, ҳашаки нўхат шохлаш фазасига кирганда азотли ўғитлар 100-150 кг/га меъёрда берилади ва суғориш ишлари амалга оширилади. Ҳаво ҳарорати ва экин ҳолатини ҳисобга олган ҳолда яна бир марта озиқлантириш ва икки уч марта суғориш ишлари амалга оширилса, октябрь ойига бориб 150-200 ц/га кўк масса ҳосили олиш мумкин.
   Такрорий экин сифатида тариқ экиб олиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Тариқнинг дони паррандалар учун қимматбаҳо озуқа ҳисобланади. Чорва молларига озуқа учун тариқ донининг қолдиқлари ва сомони ишлатилади. Тариқ серҳосил ўсимлик бўлиб, суғориладиган ерларда ҳар гектар ердан 50-60 ц дон ёки 120-130 ц кўк масса ҳосили олиш мумкин. Шунингдек, тариқ қурғоқчиликка ҳам чидамли, ёруғсевар, қисқа кун ўсимлик ҳисобланади. Уруғ кўкариб чиқиши учун ўз вазнига нисбатан 25% сув сарфлайди.
    Тариқ ўсимлиги яхши ишланган ерни талаб қилади. Шунинг учун тариқ анғизга экилганда донли экин анғизи юмшатилиб, кейин ҳайдалади. Тариқ озиқ моддаларни майсалаш ва туплаш даврида 7%, туплаш ва гуллаш даврида 65%, гуллаш ва пишиш даврида 28% ўзлаштиради. Шунинг учун гуллаш ва туплаш фазасида озиқлантириш мақсадга мувофиқ. Пишган дони тез тўкилиши сабабли, рўвакда 70-75 % дон етилганда ўриб олиш зарур.
   Озуқабоп экинлар орасида хашаки илдиз мевалардан асосан хашаки лавлаги экиб ўстирилади. Хашаки лавлагини жанубий (Сурхондарё, Қашқадарё) вилоятларда ғалладан кейин ҳам экиб олиш мумкин. Чорва молларининг сут маҳсулдорлигини оширишда хашаки лавлаги муҳим аҳамият касб этади. Июль-август ойларида ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши ҳисобига баҳорда экилган майдонларда хашаки лавлагининг сувга бўлган талаби жуда ортиб боради ва шу сабабли ушбу экин экилган майдон имкон қадар ҳар 7-10 кунда суғориб туриш тавсия этилади.
   Маълумки, хашаки лавлаги икки йиллик ўсимлик ҳисобланади. Биринчи йили уруғдан экилганда илдизмева беради, иккинчи йили илдизмевадан экилганда уруғ беради. Хашаки лавлаги уруғини жадаллашган усулда бир йилда етиштириш учун август ойининг биринчи ва иккинчи декадаларида уруғдан экиш мумкин. Экишда ҳар гектар ерга 8-10 кг уруғ сарфланади, илдизмева далада қишлайди ва кейинги йил уруғ беради. Қишловга кетишдан олдин пушталарга чириган гўнг сепиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
  Хашаки лавлаги уруғини бундай усулда етиштириш натижасида сарф-ҳаражатлар ошмаган ҳолда, меҳнатлар камаяди, уруғ етиштириш бир йилга қисқаради, натижада 30-35 % иқтисодий самарадорликка эришилади. Юқорида келтириб ўтилган озуқабоп экинлардан юқори ҳосил олишда агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади.
    Ш.Жабборов, Б.Аллашов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech