Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2014 00:00
Ғўза баргини сунъий тўктириш – дефолиацияни мақбул муддатларда ва сифатли ўтказиш баргларнинг яхши тўкилишини таъминлайди, кўсаклар етилиши ва очилишини тезлаштиради, ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш, юқори навларга топшириш ҳамда кузги бошоқли дон экинларини эртаги муддатларда экиш учун мустаҳкам замин яратади.
  Энг аввало, далани дефолиацияга сифатли тайёрлаш керак. Бунинг учун дала четлари, суғориш ариқлари ва ўқариқлар ҳамда қайрилиш майдончалари текисланади. Даланинг боши ва охиридаги ғўза туплари 8–12 метр кенгликда қўлда ўриб олинади ва хирмонга чиқарилади.
  Дефолиация даврида тупроқ намлиги 60 – 70 фоиз оралиқда бўлиши лозим. Агар тупроқ намлиги бундан паст бўлса, баргдаги суюқлик концентрацияси ошади, дефолиантлар ўсимликка яхши сингмайди, демак, барг яхши тўкилмайди. Аксинча, тупроқ намлиги юқори бўлса, суюқлик концентрацияси пасайиб, дефолиантлар таъсирини камайтиради, барглар кўклигича қолади, ғўза ўсишда давом этади, кўсакларнинг очилиши кечикади, ҳосил сифати пасаяди.
   Шу боис қуруқ тупроқли далалар дефолиациядан 10–12 кун олдин енгил суғорилиши керак. Ҳар бир дефолиант ўзининг кимёвий хусусиятидан келиб чиқиб, ҳаво ҳароратига турли даражада таъсирчан бўлади. Ўсимликка юмшоқ таъсир этувчи дефолиантлар ҳаво ҳарорати 22–25 даража бўлганда яхши самара беради, 22 даражадан пасайганда таъсир этмайди. Нисбатан юмшоқ таъсирли ЎзДЕФ, ПолиДЕФ дефолиантлари 20–22 даражада ҳам кутилган самарани бераверади, лекин 18 даражадан пасайса баргга яхши таъсир этмайди.
  Дефолиация муддати ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, ғўза навларининг морфо-биологик хусусиятларига қараб белгиланади. Турли ғўза навларига дефолиантлар турлича таъсир этади. Масалан, ўртапишар, барги катта ва сербарг навлар дефолиантларга камроқ, тезпишар, барги кичик ва юпқа навлар кучли таъсирчан бўлади. Шу боис дефолиантларга таъсирчан навларга камроқ меъёрларда дефолиант қўлланилса ҳам бўлади.
   Кўсакларнинг 45–50 фоизи очилганда ғўза туплари биологик етилган ҳисобланади. Шу даврда ўтказилган дефолиация юқори самара беради. ўўза туплари ва кўсакларининг етилишини тезлаштириш учун чеканкани кечи билан 25 июлда якунлаш керак. Ғўза бошпоясининг юқори қисмидаги кўсакларнинг ёши 35-40 кун оралиғида бўлганда ўтказилган дефолиация пахта ҳосилдорлиги ва тола сифатига ижобий, кўсаклар бундан ёш бўлса, аксинча салбий таъсир кўрсатади.
   Дефолиантлар меъёри республикамизнинг минтақалари ва экилган ғўза навларининг хусусиятларига қараб табақалаштирилган ҳолда белгиланади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экилган С-4727, Чимбой–5018, Меҳнат, Хоразм–127, Ибрат, Хоразм–150, Омад, Дўстлик–2 навларида ЎзДЕФ дефолианти 6–7,5 л/га, Супер ХМД 6,5–8,5, Садаф 6,5–9, ПолиДЕФ 6–7,5 л/га меъёрда қўлланилганда яхши натижа беради.
   Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларида етиштирилаётган Омад ва Султон ғўза навларига ЎзДЕФ 6–7,5, Супер ХМД 6,5–8,5, Садаф 6,5–9, ПолиДЕФ 6–7,5 л/га, Бухоро–102, Бухоро–8, Бухоро–6, С-8284 навларига ЎзДЕФ 6,5–7,5, Супер ХМД 7–9, Садаф 7–10, ПолиДЕФ 6,5–8 л/га меъёрда сепилишини таъминлаш мақсадга мувофиқ. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида Бухоро–6, Бухоро–8, Бухоро–102 навларига ЎзДЕФ 6,5–7,5, Супер ХМД 7–9, Садаф 7–10, ПолиДЕФ 6,5–8 л/га, Наманган–77, Султон, Бешқаҳрамон навлари экилган майдонларга ЎзДЕФ 6–7,5, Супер ХМД 6,5–8,5, Садаф 6,5–9, ПолиДЕФ 6–7,5 л/га меъёрларда сепилади.
   Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида С-6524, С-6541 навлари парваришланган майдонларда ЎзДЕФ 6,5–7,5, Супер ХМД 7–9, Садаф 7–10, ПолиДЕФ 6,5–8 л/га, Наманган–77, Ан-Боёвут–2, Гулбаҳор, Султон, Кўпайсин навлари экилган далаларда эса ЎзДЕФ 6–7,5, Супер ХМД 6,5–8,5, Садаф 6,5–9, ПолиДЕФ 6–7,5 л/га меъёрларга амал қилиш тавсия этилади.
    Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида экилган С-6524 ғўза навида ЎзДЕФ дефолианти 6,5–7,5, Супер ХМД 7–9, Садаф 7–10, ПолиДЕФ 6,5–8 л/га, Андижон–35, Андижон–36, Наманган–77, Султон ғўза навлари жойлашган майдонларда ЎзДЕФ 6–7,5, Супер ХМД 6,5–8,5, Садаф 6,5–9, ПолиДЕФ 6–7,5 л/га меъёрларда қўлланилиши баргларнинг яхши тўкилишини таъминлайди.
  Кўчат қалинлиги дефолиантлар меъёрини белгилашдаги асосий омиллардан биридир. Кўчат қалинлашгани сайин майдондаги барг юзаси ҳам катталашиб боради ва бунда дефолиантлар меъёрини бироз оширишга тўғри келади. Қўшқатор экилган, кўчат қалинлиги 140–160 минг тупдан юқори бўлган майдонларда дефолиантлар меъёри 20–25 фоизга оширилади.
    Дефолиация ишчи эритмасини тайёрлаш ўта муҳим ва нозик иш. Бунда ишчи эритмани марказлашган ҳолда тайёрлаш учун бетон ҳовузлар ёки темир идишлар ташкил этилади. Улар 3 қисмдан иборат бўлади. Сиғими 4000–5000 литр бўлган биринчи қисмда эритма тайёрлаш учун олиб келинган сув бир сутка давомида тиндирилади. Иккинчи қисмида кундалик ишчи аралашма тайёрланади. Учинчи қисмида эса тайёр эритма сақланади.
   Мутахассис-агроном даладаги ғўзанинг ҳолатидан келиб чиқиб, эритмани тайёрлашдан олдин сувга қўшиладиган дефолиант меъёрини аниқлаб беради. Эритма тайёрланадиган идишда сув меъёрини кўрсатувчи белгилар қўйилади. Дефолиант сувга қўшилгандан кейин насослар ёрдамида яхшилаб аралаштирилади. Аралашма тайёр бўлгандан сўнг кейинги ҳовузга насослар ёрдамида тортиб олинади ва аралаштирилиб турилади. Тайёр эритма автомашина ёки трактор тиркамаларига ўрнатилган цистерналарга солиниб, дори пуркагичлар ишлаётган далаларга олиб борилади. Чўкма ҳосил бўлмаслиги учун цистерналар насос ёки механик аралаштиргич билан жиҳозланади.
   Ғўза дефолиациясини сифатли ўтказиш жуда катта ташкилотчилик ва уюшқоқликни талаб этади. Бунда фермер ва мутахассислар томонидан ҳар бир ҳудуд учун дефолиация ўтказиш графиги ишлаб чиқилади, ғўзанинг биологик етилганлигини инобатга олиб кунлик дефолиация ўтказиш майдони аниқланади. Ҳудудлар бўйича дефолиация ўтказувчи ишчи гуруҳлари ташкил қилиниб, ҳар бир гуруҳга энтомолог-агроном, аралашма тайёрлаш гуруҳи, сув ва аралашма ташиш агрегатлари, камида 2–3 та дори пуркагич ва тиббий хизмат ходими бириктирилади.
   Ишчи гуруҳни энтомолог-агроном бошқаради. Унинг тавсиясига кўра, дефолиация ўтказиладиган дала танланади, дефолиантлар меъёри белгиланади ҳамда керакли тартибда ишчи аралашма тайёрланади ва дефолиантлар график бўйича трактор агрегатлари ёки самолётлар ёрдамида сепилади.
   Гуруҳ раҳбари дефолиация қилинадиган далаларни олдиндан бориб кўради ва зарур тавсияларни беради. Ишчи гуруҳи барча шароит ва керакли иш асбоблари билан таъминланган бўлиши керак. Дефолиация ҳозирги пайтда асосан ОВХ-600 русумли вентиляторли ва ОПШХ-12/15 русумли штангали пуркагичлар воситасида амалга оширилмоқда.
  Дефолиацияни ушбу пуркагичлар ёрдамида ўтказиш қуйидаги афзалликларга эга:
-пуркалаётган дефолиант даладан ташқарига тарқалмайди;
-пуркагич агрегати атрофида дарахтлар ва баланд электр симёғочлари бўлган далаларда ҳам бемалол ишлай олади;
-пахта майдонларини табақалаб, яъни ғўзани етилишига қараб дефолиациялаш имконияти яратилади;
-фермернинг дефолиация учун сарфлайдиган харажатлари кескин камаяди.
   Ишчи гуруҳи раҳбари ва фермерлар ғўза дефолиацияси пуркагич агрегатлари воситасида ўтказиладиган далалар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозимлигини эсда тутмоқлари керак:
-ғўза тупининг юқори ярусидаги иккинчи кўсаги пичоқ билан кесилганда чигити қорайиб қолса дефолиацияни бошлаш мумкин;
-тупроқнинг намлиги меъёрида (трактор ғилдираклари шиналарининг протекторлари эгатлар тубида енгил из қолдирса, механизаторлар тупроқнинг намлигини меъёрда деб баҳолайди);
-ғўза туплари ётиб қолган ёки кучли ғовлаган бўлмаслиги зарур (акс ҳолда пуркагич агрегатининг қисмлари, айниқса ғилдираклари тупларни эзиб кетади, шохларни синдиради, ҳосил нобуд бўлади);
-дала ичидаги ўқариқлар, унинг боши ва охиридаги агрегат қайриладиган майдончалардаги суғориш эгатлари текисланган бўлиши керак (акс ҳолда резервуарлар кронштейнлари ёки штанга қисмлари синиб кетади).
   Диққат! Қайрилиш майдончаларининг кенглиги энг камида 3,5 метр бўлиши шарт! Акс ҳолда ғилдираклар ғўза тупларини пайҳон қилади! ўўза дефолиациясини шундай ўтказиш керакки, бунда қуйидаги сифат кўрсаткичларига эришилиши зарур:
-сепилаётган эритманинг агрегат қамров кенглиги бўйича бир текис тақсимланиши;
-сепилаётган эритма заррачаларининг майдалик даражаси ёки дисперслиги (заррачалар майда бўлмаса насос босими 3–4 атмосферагача оширилиб, майда тешикли тўзитгичлар ўрнатилади);
-ғўза барглари сиртининг эритма билан қопланиш даражаси (бир квадрат сантиметр юзага тўғри келадиган томчилар сони 25 донадан ортиқ бўлиши);
- машина терими олдидан ғўза баргларининг тўкилиш даражаси 85–90% бўлиши (бир туп ғўзада кўпи билан 3 дона кўк барг ва 4 дона қуруқ барг қолишига рухсат этилади. Бу талаб бажарилмаса такрорий дефолиация ўтказилади).
   Диққат! Пуркагичнинг остки қисмини юмшоқ мато ёки қоплар билан ўрамасдан дефолиацияни бошлашга рухсат этилмайди! Агрегатнинг ишчи тезлиги: паст бўйли ва сийрак ғўза майдонларида 6,3–7,5, баланд бўйли ва қалин ўсган майдонларда 5,3–6,5 км/соат;
-агрегат тезлиги ҳар бир даладаги ғўзанинг ривожига қараб индивидуал равишда танланиши зарур;
-шамолнинг тезлиги 1 м/с. дан паст бўлса, эритмани агрегатнинг орқа томонидан ёйиб сепиш усулини (вентилятор тебранма ҳаракат қилади), 1–3 м/с оралиқда бўлганда шамолнинг йўналиши бўйича ёнбошдан пуркаш усулини (вентиляторнинг тебранма ҳаракати тўхтатилади) қўлланилади;
-шамолнинг тезлиги 4 м/с. дан юқори бўлса вентиляторли пуркагичлар ўрнига штангали пуркагичлардан фойдаланиш зарур;
-вентилятор соплосининг тебраниш амплитудасини ғўзанинг ривожига қараб ростланади:
-паст бўйли ғўза майдонлари учун 1800, ўртача бўйли ғўза майдонлари учун 1600, баланд бўйли ғўза майдонлари учун 1400;
-дефолиация жараёнида вентиляторнинг пастки қирраси ва ғўза туплари орасидаги масофа 0,8–1 метр бўлиши керак;
-агрегатнинг кундалик иш унумини режалаштиришда эритманинг пуркалиш (қамров) кенглигини ҳисобга олиш талаб этилади (ОВХ-600 пуркагичда 15–30 метр);
-тўзитгич қопқоқлари унинг корпусига конуси ичкарига қараган ҳолатда маҳкамланганда суюқлик кам сарфланади ва майда томчилар шаклида пуркалади;
-қопқоқлар конуси ташқарига қараган ҳолатда маҳкамланса суюқлик сарфи ортади ва йирикроқ пуркалади; манометр стрелкаси 1 атмосферадан паст босимни кўрсатганда фильтр ифлосланган ёки насос бузилган ёхуд баклар бўшаган бўлади.
   Диққат! Агрегатни бакларда эритма тамом бўлгунча ишлатиш асло мумкин эмас — насос дарҳол ишдан чиқади! Тўзитгичларни сим билан тозалаш ман этилади! Штангали пуркагични ишлатиш тартиблари: ҳаво қувурининг пастки қисми билан ғўза туплари орасидаги масофа қуйидагича танланади:
- ғўзаси сийрак ва паст бўйли майдонлар учун – 100 см; -
 ғўзаси қалин ва ўртача бўйли майдонлар учун – 70 см. ғўза тупларининг ривожланиш ҳолатига қараб эритманинг пуркалиш (қамров) кенглиги 12 ёки 15 метр атрофида ўрнатилади.
   Пуркагичларни отряд усулида ишлатиш катта самара беради: агрегатлар заправкаси ва техник хизмат кўрсатишга кам вақт сарфланади. Агрегатлар устидан умумий назорат ўрнатилгани боис иш сифати ортади, дефолиация қатнашчиларига яхши маиший хизмат кўрсатилади, пировардида меҳнат унумдорлигининг ўсиши таъминланади!
  Дефолиация пайтида қуйидаги эҳтиёт чоралари кўрилиши керак. Дефолиантларни сақлаш, юклаш, тушириш, эритма тайёрлаш ва ишлатиш билан банд бўлган барча ишчилар тиббий кўрикдан ўтказилиши ва хавфсизлик қоидалари билан таништирилиши шарт. Ишчи ва тракторчилар шахсий ҳимоя воситалари, қалин матодан тикилган комбинезон, резина қўлқоп, резина этик, респиратор ва ҳимоя кўзойнаги билан таъминланган бўлишлари даркор.
  Ҳар доим овқатланишдан олдин қўлни совунлаб ювиш, ишдан кейин чўмилиш, иш кийимларини уй кийимлари билан алмаштириш зарур. Иш жойида овқатланиш, сув ичиш ва чекиш мумкин эмас. Агар бирон бир шахсда заҳарланиш ҳолати сезилса, уни дарров иш жойидан четроққа олиб чиқиб, кийимлари тугмасини ечиш, тоза ҳаводан нафас олдириш, 5–6 стакан илиқ сув ичириб, қайт қилдириш ва тезлик билан шифокорга кўрсатиш керак.
   Ғўза дефолиацияси сифатли ўтказилган пахта далаларида пахта териш машинаси шпинделларининг тишлари яшил масса билан тезда кирланмайди, улар узоқ вақт активлигича қолади. Шпинделларни кирдан тозалаш ва ювишга кўп вақт сарфланмайди, машинанинг иш унуми ортади. Шундай қилиб, дефолиация тадбирларини агротехник талаблар даражасида бажариш кўсакларнинг пишиши ва очилишини тезлаштиради, пахта теримини, айниқса машина теримини қисқа муддатларда якунлаш, далаларни ҳосилдан олдинроқ бўшатиш ва кузги шудгорни мақбул муддатларда бошлаш имконини беради.
    Р.Тиллаев, Ф.Тешаев, М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech