Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2014 00:00
Кузги тадбирлардан бири мелиоратив объектлар, хусусан суғориш каналлари, насос станциялари, улардаги иншоот ва жиҳозларни келгуси йил ҳосили учун шай ҳолатга келтиришдир.
   Суғориш каналлари ва улардаги иншоотларни, жиҳозларни ишчи ҳолатга келтириш учун қуйидаги тадбирлар бажарилиши лозим:
  -лойқа-чўкиндилар ва ҳар хил ўсимликлардан тозалаш;
 -каналнинг кўндаланг кесимини лойиҳавий ҳолатга келтириш ва унинг қияликлари мустаҳкамлигини ошириш;
 -таъмир талаб дамбаларни тиклаш;
 -гидротехник иншоотларни, сув ўлчаш нуқталарини, йўлларни, алоқа тармоқлари ва ёрдамчи иншоотларни таъмирлаш;
 -сув олиш иншоотларини электро-механик жиҳозлар билан таъминлаш.
    Йирик каналларни, зовурларни лойқа-чўкиндилар ва ҳар хил ўсимликлардан тозалаш учун механизациялашган гуруҳлар ташкил этилади ва барча ишлар механизация ёрдамида амалга оширилади. Кичик каналлардан лойқа-чўкиндини ва ҳар хил ўсимликларни ихчам ускуналар ёки қўл кучи билан чиқариб ташланиши мумкин. Баъзи ҳолларда лойқа-чўкиндиларни лойқалатиб сув оқими орқали ўтказиб юборилади, оқибатда ўтказиб юборилган лойқалар ё далага, ё ташламага бориб қуйилади.
    Лойқани пастки оқимга йўналтирилгандан кўра, канал қирғоқларига ва ён атрофдаги жойларга олиб ташлангани маъқул. Канал ёки ташлама тизимини бошқариш ва ишчи ҳолатда сақлаш мақсадида транспорт воситаларининг юриши учун албатта йўллари бўлиши шарт. Ҳар қандай гидротехник иншоотлар, улардаги жиҳозлар ишлатилгани сайин емирилиб, занглаб ва эскириб боради. Бироқ бу ҳолат кучайиб кетмаслиги учун уларни аниқлаш ва тузатишга эътибор бериш талаб этилади.
   Иншоотлардаги носозликларнинг олдини олиш, бетонларнинг емирилиши, кўтармани ювилиб кетишдан асраш ишларини пайсалга солиш зарарли оқибатларга олиб келади. Шунинг учун сув тақсимлаш иншоотларда кузги-қишки тадбирларни амалга ошириш ва уларни ишчи ҳолатда сақлаш учун қуйидаги таъмирлаш-тиклаш ишларни бажариш лозим:
  -зичлагичлар текширилиб, ишдан чиққанлари алмаштирилади;
  -гидропровод болтлари текширилиб, қотирилади;
  -занглаган юзалар тозаланиб, зангга қарши қоплама суртилади;
  -кўтариб-тушириш винтларига солидол суртилади;
 -электр жиҳозлар кўздан кечирилади, электродвигатель очилиб, мойланади, контактлар тозаланади;
 -редукторга мой қуйилиб, подшипниклар мойланади;
 -ахирадаги эҳтиёт қисмлар кўрикдан ўтказилиб, ишга яроқлилиги таъминланади.
  Насос станциялари иншоотларида олиб бориладиган кузатув ишлари уларнинг хусусиятлари билан белгиланади. Бинолардаги қурилиш конструкциялари-каркаси (синчи), юк кўтарувчи деворлари, пойдеворлари, томи ва ундаги ёмғир сувини йиғиб тушириб юборувчи қурилмалар, металл конструкциялардаги коррозияга қарши қопламалар, ҳаво алмаштириш ва иситиш тизими, ёнғинга қарши қурилмалар, дренаж-қуритиш тизимлари ва бошқа техник ҳолатлари бўйича кузатувлар олиб борилади.
  Эскирган жиҳоз ва иншоотларни алмаштириш ёки модернизация қилиш, насос станцияси ишнинг, ҳужжатларнинг ҳисоб-китобини олиб боришни рационализация қилиш ва бошқа ташкилий-техник тадбирларни ўз ичига олади. Мавсумий иш режимига эга насос станцияларида қиш бошланишидан олдин барча қувурлар сувдан бўшатилади, жиҳозлар ва механизмлар текшириб чиқилади, уларда аниқланган барча камчиликлар бартараф қилинади. Затворлар, щитлар зичлагичлари, қўқим ушловчи панжаралари назорат қилиниб, лозим бўлса таъмирланади.
  Каналлардаги сув ўлчаш нуқталарини ишчи ҳолатга келтириш учун ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Хизмат кўприклари таъмирланади, реперлар соз ҳолатга келтирилади, сув сатҳини кўрсатувчи рейкалар ишчи ҳолатга (буёқлаш, таъмирлаш) келтирилади. Кичик суғориш канал ва ариқларини лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш ишларини фермерлар ва маҳаллий аҳоли ҳашар йўли билан амалга оширишлари лозим.
  Ички суғориш лотокларини мунтазам равишда назоратдан ўтказиш ва таъмирлаш ҳамда биодренаж ёрдамида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда қуйидаги ишлар амалга оширилиши керак:
 - суғориш лотокларининг таянч устунларини тартибга келтириш;
-суғориш лотокларининг бирлашган қисмидан ва ёриқлардан сув сизиши олдини олиш учун йўл қурилиш битуми, ипаксит суюқлиги ва бентонет қоришмалари ва махсус герметик материаллардан фойдаланиш;
-одатий оқимда ҳам суғориш лотокларида чўкмалар йиғилиб қолади. Шу боис оқим тезлигини яхшилаш ва меъёрий сув сарфини ўтказиш учун уларни тозалаб туриш лозим. Улар жуда кичик ва мўрт бўлганлиги учун одатий механик ускуна билан тозалашдан кўра қўл билан тозалаган маъқул.
  Фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқларидаги сувни бошқариш иншоотлари ва гидропостларни таъмирлаб мавсумга шай ҳолатга келтириш ҳам суғориш мавсумида далага берилаётганда сувни бошқариш ва ундан самарали фойдаланиш учун замин яратади. Ўз ҳудудларидаги суғориш тармоқларини мавсумга тайёрлаш ҳамда барча ички ариқларни тозалаш ва анжомларни мавсумга тайёрлаш ҳам фермер хўжаликларининг суғориш даврида сувдан самарали фойдаланишлари учун хизмат қилади.
   Кузги-қишки мавсумда белгиланган тадбирларнинг жойларда бажарилиши келгуси йил ҳосили учун пухта замин бўлади. Суғориш тармоқларини лойқа-чўкиндилардан, ҳар хил ўсимликлардан тозалаб қиялигининг мустаҳкамлигини ошириш сув йўлларининг равонлигини ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширади. Юқорида таъкидланган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, келгуси йилда сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, истеъмолчиларни ишончли равишда сув билан таъминлаш имконияти яратилади.
    Ф.Гаппаров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech