Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2014 00:00
Боғбоннинг кузги тадбирларидан бири янги боғ яратиш, яъни мевали кўчатлар экишдир. Уруғли мева кўчатлари экилган ерда пакана ўсувчи пайвандтагда 18–20 йил, ўрта ўсувчи пайвандтагда 25–30 йил, кучли ўсувчи пайвандтагда эса 40–60 йил муқим ўсиб, мева беради.
   Шунинг учун ҳам кўчат экиладиган майдон жуда пухта ва сифатли тайёрланиши зарур. Қолаверса, бундай ерда агар турдош бўлса сўнгги 7 йил, бошқа турдаги мева бўлса 4 йилгача мева кўчати экилмаган бўлиши лозим. Боғ майдонини танлашда ернинг унумдорлиги, ерости сизот сувининг яқинлиги, майдоннинг нишаблиги, суғорма сув билан таъминланмаганлиги, майдон атрофида зовурлар ҳамда иҳота экинларининг мавжудлиги (асосий шамол йўналишда) ва бошқаларга катта аҳамият бериш керак.
    Танланган майдон, кўчат экилишидан олдин текисланади ва 80–100 см чуқурликда плантаж сўқа ёрдамида ҳайдалади. Икки ой ўтгач тупроқ босилгандан кейин чизеллаб, беда уруғи сепилади ва бу майдонда икки йил давомида беда етиштирилади. Беда тупроқни азот билан бойитиш билан бир вақтда, майдоннинг чуқур қатламида ҳам унинг физикавий хусусиятини (ғоваклигини) яхшилайди.
   Икки йилдан сўнг ёз ойида (кўчат экишдан 6 ой олдин) беда майдони бузилади ва 30–35 см чуқурликда ҳайдалади. Кўчат экишдан олдин, тупроқ етилган вақтда майдон чизелланади ва кетма-кет молаланади. Шу жараёнлар тўлиқ бажарилганидан сўнг, экиладиган навлардан келиб чиққан ҳолда майдон режаланади. Режа қозиқлари ўрнатилгач, унга назорат қозиқлари ўрнатилади ва кўчат экиладиган чуқурлар ковланади. Чуқурлар махсус чуқур ковлайдиган агрегатда КЯ – 100 ёки қўлда 60 х 60 х 60 см ҳажмда ковланади.
  Экиладиган мевали кўчатларнинг барги тўлиқ тўкилгандан кейин улар ковланади. Кўчатзорлардан майдонга ташиш даврида кўчатлар илдиз қисми шамолламаслиги учун уларни похол, бризент ёки полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйилади. Кўчатни экишдан олдин катта чуқурда суюқ (аталасимон) лой қилиниб, унга 8:1, 10:1 миқдорда молнинг суюқ шатмоғи қўшилади. Шатмоққа кўчатларнинг илдизи бирма-бир яхшилаб ботириб олинади. Баъзи ерларда тезда ёки кеч кузда кўчат ўтқазилганда уни суғоришда муаммолар бўлиши мумкин, шу жараёнда шатмоғнинг ижобий таъсири беқиёсдир.
  Кўчат экишни икки одам амалга оширгани маъқул. Бунда махсус экиш тахтасидан фойдаланилади. Бир одам экиш тахтасини режа қозиқларига ва кўчатни тупроқ сатҳига мос равишда ўрнатади. Иккинчи одам чуқурни тупроқ билан тўлатади. Бунда аввал тупроқнинг юза қатламидан олинган қисми солинади, илдиз атрофига, сўнг чуқурнинг тубидан чиққан тупроқ солиб, чуқур тўлдирилади.
   Кўчат экишда кўчат сал чуқурроқ экилиб, (5–10 см), сўнг танасидан вертикал тортиб илдиз бўғизини лозим бўлган баландлигига кўтариб қўйилса яхши бўлади. Бунда чуқурда мавжуд илдизлар тортилиб тўғриланади, бир тартибга келади, сўнг чуқур тўлиб тошиб чиққунча сув қуйилади. Катта майдонлардаги боғларда эса кўчатга яқин қилиб жўяк олинади ва сув ҳар бир чуқурни тўлдириб тошиб чиқишини таъмин этгунига қадар суғорилади.
   Баъзилар кўчат экиш жараёнида илдиз атрофини, тупроқ солингандан сўнг, оёқ билан босиб қўйишади, бу нотўғри. Чунки оёқ билан босилгач тупроқ зичлашади ва унинг орасида ҳаво қолиб кетиш эҳтимоли бор. Чуқурга солинган тупроқ майин бўлмаганлиги учун сув қўйилгач у бир текис сувда эриб, ўз оғирлиги таъсирида ўтиради ва барча ҳавони чиқазиб, илдиз атрофини бир текис тупроқ билан зичлаб олади.
   Бундай технологияда экилган кўчат эрта баҳорда ўсишга тез киришади. Баъзи мутахассислар кўчат экишда тупроққа минерал ўғит, чиринди (гўнг) беришни тавсия қилишади. Биз буларни тавсия этмаймиз. Чунки, биринчидан, фермер хўжаликлари етарли даражада кафолатланган чиринди захирасига эга эмас, ярим чириган гўнг эса кўчат илдизига салбий таъсир этади, чуқурда чиришни давом этиши натижасида у қизийди ва СО2 газини чиқазади, бу эса ёш илдизга салбий таъсир этади.
   Иккинчидан, машҳур агрохимик, академик Кандаковни фикрича, минерал ўғитлар ёш кўчат илдиз системасига салбий таъсир этади. Шунинг учун уларни экиш пайтида чуқурга солиш тавсия этилмайди. Данакли мева дарахтларини эрта баҳорда кавлаб сўнг ўтқазилса, самараси яхши бўлади.
  Данакли дарахтлар совуққа чидамлилиги паст, ковланган дарахтларни совуққа чидамлилиги яна ҳам пасаяди (илдиз ердан узилгач), шунинг учун уларни экишни эрта баҳорга (қиш чилласи чиққандан сўнг) қолдирган маъқул. Лекин кузда кавланган данаклиларни (баъзи сабабларга кўра) кузда ҳам экса бўлади. Данакли-мевали кўчатлар ҳам юқорида баён қилинган технология бўйича ҳам кузда, ҳам баҳорда экилса яхши самара беради.
    Ота-боболаримиз кўчат экиладиган чуқурга бир ҳовуч арпа донидан, ёки бир сиқим арпа, буғдой, жўхори ва бошқа экинлар поясидан ташлаб сўнг экишган ва бунинг самараси тезда яққол намоён бўлган. Бунинг сабаби арпа ва бошқа донлиларни уруғи (дони) маълум шароитда уна бошлагач атрофда илдиз ривожланиши ва микроорганизмларни кўпайтириб яшаши учун ижобий муҳит юзага келади.
   Мевали (уруғли) кўчатларни кузда экишда юқорида баён қилинганларга риоя қилинса, баҳорда кўчатзорни ўсиши-ривожи анча кучли бўлади. Ток кўчатлари ҳам худди шу усулда (иложи бўлса) кузда экилса яхши натижа олинади, бунда фақат кўчатлар кесилмасдан экилиши билан кўмилади. Кўчатларни сифатли қилиб эксак, улар яхши ривожланиб узоқ йиллар давомида мўл ҳосил беради.
     А.Арипов, А.Рихсиев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech