Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2014 00:00
Кузги буғдой етиштириш ва парвариши бўйича кузги, қишки ва баҳорги барча агротехник тадбирларини ўз вақтида ўтказилиши мўл ҳамда сифатли дон етиштириш имкониятини беради.
  Суғориладиган деҳқончилик шароитида кузги буғдойдан юқори ҳосил етиштириш учун тупроқдаги намликни меъёрида сақлаш талаб қилинади. Кузги бошоқли дон экинлари экилган минтақанинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда буғдой етиштириш учун гектарига сарфланадиган сувнинг мавсумий меъёри 3000–4500 м3, суғориш меъёри эса 700–800 м3 ни ташкил этади.
   Тажрибалар шуни кўрсатдики, тупроқ намлиги дала нам сиғимига нисбатан 70–75 фоиздан кам бўлмаганда буғдойни барча ўсиш ва ривожланиш фазалари нормал ўтади. Fалла майдонларида нам тўплаш мақсадида ерни уруғ экишга тайёрлаш олдидан, экилган уруғни бир текис ундириб олиш учун эгат олиб уруғ суви бериш ҳамда ўсув даврида ер шароитини ҳисобга олган ҳолда бир неча марта суғорилади.
  Суғориладиган ер шароитида кузги буғдой парвариши – уруғни бир текис ундириб олиш учун уруғ суви бериш, уруғ экилгандан кейинги кунидан бошланиши керак. Бунинг учун суғориш ўқариқларини олиш ва бунда ўқариқлар узунлиги 50–60 метрдан оширмаслик керак, шундагина сифатли суғориш ва сувдан самарали фойдаланишга замин яратилган бўлади. Уруғ сувидан кейин тупроқ намлиги етарли бўлса 8–9 кунда уруғ текис униб чиқади.
   Эрта ва мақбул муддатда экилган ғалла майдонларида уруғ бир текис ундириб олинганда ниҳолларнинг кузги ривожи, илдиз тизимини ривожланиши натижасида қишдан яхши чиқади. Шунингдек, кейинги ўсиб-ривожланиш фазаларини мақбул муддатларда ўтиши таъминланади. Fалла ниҳоллари униб чиққач 20–25 кун ичида тупланиш фазаси бошланади. Агар тупланиш фазаси шу муддатдан кечикса, ҳар гектарига 5 тоннадан чириган гўнг сепиш энг самарали усул ҳисобланади. Эрта ва мақбул муддатларда экилган ғалла майдонларида ниҳоллар тўла туплаб, қишловга киришга улгуради.
  Ниҳолларнинг қишловга туплаган ҳолда кириши уларни совуққа чидамлилигини ошириш билан бир қаторда юқори ҳосилдорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Fаллани кузги парваришидан асосий мақсад, экин майдонларида мақбул кўчат қалинлигини сақлаш, лозим бўлса уруғ униб чиқмаган дала қисмларида қўшимча уруғ экиш йўли билан тўла кўчат олишга эришишдир.
  Кузда майдонлардаги буғдой ҳолати тўла таҳлил қилиниб, тупланиши ва қишга тайёргарлик ҳолатини кучайтириш мақсадида биринчи навбатда, тупроқ унумдорлиги паст, буғдой майсалари тупламасдан сарғайган ва эндигина униб чиққан буғдой майдонлари азотли ўғитлар билан озиқлантирилади.
  Кузги озиқлантириш. Фосфорли ўғитлар йиллик меъёри экиш олдидан берилган майдонларда фосфор етарли бўлади. Аммо буғдой ривожланишининг бошларида ўсимлик учун азот талаб қилинади. Шуни ҳисобга олган ҳолда кузда азотли ўғитлар йиллик меъёрини 15 фоизини ёки 30–35 кг физик ҳолда берилиши, ўсимлик генератив органларининг шаклланишига, бошоқдаги дон миқдорига, тупланиш жараёнига ижобий таъсир этади.
    Белгилангандан юқори меъёрда азот берилса, азотни бир қисми тупроқни пастки қатламига ювилиб кетади. Кузги озиқлантиришни тупроқ таркибидаги озиқа моддаларни аниқлаш асосида ўтказилиши юқори самара беради. Кузда кунлик ўртача ҳаво ҳарорати +5оС бўлган кундан бошлаб ўсимлик тиним даврига, яъни қишлашга киради. Аммо буғдой ўсимлиги тиним даврига кириши билан ўсув даври эрта баҳоргача тўхтаб қолмасдан ҳаво ҳарорати кўтарилганда ўсиш давом этади, пасайганда ўсишдан тўхтайди.
   Ниҳоллар тўлиқ униб чиққандан кейин биринчи навбатда, пайҳонни олди олиниши зарур. Бунда дала четларини четан тўсиқлар билан ўраш талаб этилади. Fўза қатор орасига кузги буғдой экилган майдонлардаги ғўзапояни ер музлаган вақтида буғдой илдизига зарар етказмасдан ўриб, даладан олиб чиқиш ва буғдой майдонларини пайхонгарчилигига йўл қўймаслик лозим.
     Дон экинларини ҳар бир озиқлантиришдан сўнг, суғориш ишларини амалга ошириш бунда шарбат усули қўлланилиши яхши самара беради. Ҳар 5 гектар ғалла майдонига 1 донадан шарбат ўралар ҳамда гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш. Fалла майдонлари атрофларини мунтазам равишда бегона ўт қолдиқларидан, дарахтларни қуриган пўстлоғи ва шохларидан тозалаш ишларини амалга ошириш зарур, чунки асосий зарарли хашарот, зараркунандаларнинг қишлаб чиқадиган жойи ҳисобланади. Кузги буғдой парваришидаги чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширилиши юқори ва сифатли дон ҳосили олинишининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
      Р.Сиддиқов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech