Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2014 00:00
Экинлардан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорнинг аҳамияти катта. Ота-боболаримиз “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деб бекорга айтишмаган. Зеро, сифатли ўтказилган кузги шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади.
  Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор ва плуглар олдиндан ишга шай ҳолга келтирилиши ва созланиши, далалар эса ҳайдовга тайёрланган бўлиши, ҳайдов тўғри ташкил этилиши ҳамда унинг сифати доимо назоратланиши лозим.
    Тракторларни тайёрлаш ва созлаш. Занжирли тракторлар осма плуглар билан ишлатилганда уларнинг осиш қурилмалари икки нуқтали схема бўйича созланиши лозим. Бунинг учун пастки бўйлама тортқиларнинг олдинги учи трактор осиш қурилмасининг пастки кўндаланг ўқидаги битта шарнирга маҳкамланади. Ушбу шарнирни кўндаланг ўқда ўнг томонга суриб, плугнинг тортиш чизиғини трактор оғирлик марказининг изидан ўтишига эришилади. Fилдиракли тракторларга плугларни осишдан олдин улар осиш қурилмаларининг чегараловчи блоклари пастки тортқиларини эркин юришига имкон берадиган ҳолатга ўрнатилган ҳамда тракторнинг ўнг ва чап ғилдиракларидаги ҳаво босими бир хил бўлиши керак.
   Плугларни ишга тайёрлаш ва созлаш. Далага чиқишдан олдин ҳар бир плуг текис майдончага ўрнатилиб, кўрикдан ўтказилади. Бунда барча иш органларининг мавжудлиги, лемехлар тиғларининг ўткирланганлиги ва майдонча юзасига параллеллиги, лемехларнинг учини бу юзага бирдек тегиб туриши, улар орасидаги масофаларнинг бир хиллиги ҳамда дала тахталарининг ҳаракат йўналишига параллеллиги текширилади. Бунда алоҳида лемехнинг учи майдончадан кўпи билан 10 мм кўтарилиб туриши мумкин.
    Лемехларнинг шакли ва ўлчамлари андоза билан текширилади: бунда лемех тиғининг узунлиги андоза ўлчамларидан 15 мм, елкасининг узунлиги 10 мм ва эни 5 мм. гача катта ёки кичик бўлиши мумкин; ағдаргич ва лемехнинг дала томонидаги четлари бир тик текисликда ётиши лозим. Ағдаргич дала четининг юқориги нуқтасини эгат томонга кўпи билан 10 мм оғишига рухсат этилади. Лемехнинг ағдаргич билан туташган жойида кўпи билан 1 мм тирқиш бўлишига йўл қўйилади; шу жойда лемех ағдаргичдан кўпи билан 2 мм кўтарилиб туриши мумкин; ағдаргичнинг лемехдан кўтариб турилишига йўл қўйилмайди.
   Бу шартлар бажарилмаса, корпусга тупроқ ёпишиб, плугнинг тортишга қаршилиги ошиб кетади. Икки ярусли плугларда юқориги ярус корпуслари пастки ярус корпусларига нисбатан 45–55 см олдинга жойлаштирилади. Ҳайдов чуқурлиги 30 см бўлганда юқориги ярус корпуслари брусга нисбатан пастки, 30 см. дан кўп бўлса – тепадаги ҳолатга ўрнатилади.
     Юқоридаги ишлар бажарилгандан кейин тупроқнинг ҳолатига қараб ҳайдаш чуқурлиги созланади. Бунга плуг таянч ғилдирагини баландлик бўйича силжитиб эришилинади. Плуг рамасининг бўйлама ва кўндаланг текисликларда оғиши корпусларни тупроққа нотекис ботишига олиб келади. Шунинг учун плуг рамаси иш жараёнида дала юзасига параллел жойлашган бўлиши керак. Бунга тракторнинг осиш қурилмасини тўғри созлаш йўли билан эришилади.
    Раманинг бўйлама оғиши трактор осиш қурилмасининг юқориги марказий тортқисини узайтириб ёки қисқартириб, кўндаланг оғиши эса пастки бўйлама тортқилар кашаклари узунлигини ўзгартириб тузатилади. Пахта далаларини ҳайдашда LД-100, М-165 ва EurOpal 7 плугларининг қамраш кенглиги 180 см бўлиши керак. Шундагина бутун пайкал бўйлаб тупроқни бир хил чуқурликда ва бир текис ҳайдалиши, бегона ўтлар ва ўсимлик қолдиқларини чуқур кўмилиши таъминланади.
     Плуг далада ишлай бошлаганда унинг рамасини дала юзига параллеллиги ҳамда биринчи корпуснинг қамров кенглиги текшириб кўрилади. Акс ҳолда плуг корпуслари тупроққа нотекис ботади, биринчи корпус қамров кенглиги қолган корпуслар қамров кенглигидан фарқ қилса ҳайдов юзаси нотекис чиқади. Агар плуг рамаси бўйлама йўналиш бўйича олдинга оғган бўлса, трактор ўрнатиш қурилмаси марказий тортқиси узайтирилади, акс ҳолда – қисқартирилади. Раманинг кўндаланг йўналиш бўйича оғиши трактор ўрнатиш қурилмаси пастки тортқилари кашакларини қисқартириш ёки узайтириш йўли билан созланади.
    Плуг биринчи корпусининг қамраш кенглиги бошқа корпусларга нисбатан катта бўлса, плуг тракторга нисбатан чап томонга, кичик бўлганда эса ўнг томонга сурилади. Fилдиракли ҳайдов тракторларидан фойдаланилганда биринчи корпуснинг қамраш кенглигини тракторнинг орқадаги ғилдираклари орасидаги масофани ўзгартириб тўғрилаш мумкин. Ерларни ҳайдовга тайёрлаш. Ҳайдашдан олдин далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши далаларнинг шундай ўтлар босган жойларига гербицидлар сепилиши, сўнгра белгиланган миқдордаги маҳаллий ва минерал ўғитлар солиниши лозим.
  Далаларни кўп йиллик бегона ўтлардан тозалаш учун тупроқ олдин ағдаргичи олиб ташланган плуглар билан 18–20 см чуқурликка юмшатилади, ўтлар кейин чизел-культиваторлар, чопиқ культиваторлари ва бороналар билан йиғиб олиниб, дала ташқарисига чиқариб ташланади. Ерларни сифатли ва кам харажат сарфлаб ҳайдаш учун тупроқнинг намлиги 16–18 фоиз атрофида бўлиши зарур: тупроқ яхши майдаланади, иш органларига ёпишмайди, ёнилғи сарфи камайиб, агрегатнинг иш унуми ортади.
     Ҳайдовни ташкил этиш. Ерларни ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45, ПН-4-45, ПЛН-5-35 каби бир томонга ағдарадиган плуглар билан ҳайдашдан олдин дала кенглиги 40–50 метрли бўлакларга бўлинади ва ҳар қайси бўлакда агрегатнинг иш йўли белгилаб чиқилади. Бўлаклар ичкарига ёки ташқарига ағдариб ҳайдалиши мумкин. Ичкарига ағдариб ҳайдашда шудгорлаш бўлакнинг ўртасидан бошланиб, даланинг охирига етганда плуг ўнг томонга бурилади ва тупроқ биринчи ҳайдалган томонга ағдарилади. Бўлакнинг ўртасида марза (пушта) ҳосил бўлади.
     Кейинги ҳайдашлар шу йўсинда давом эттирилиб, тупроқ ҳамма вақт пушта томонга ағдарилади. Ташқарига ағдариб ҳайдашда плуг бўлакнинг ўнг чеккасидан бошлаб, охирига етганда чапга айланади ва бўлакнинг чап чеккасини ҳайдашни давом эттиради. Шу тариқа агрегат бўлак ўртасига яқинлашади ва эгат ҳосил бўлади. Ичкарига ағдариб ҳайдаш учун агрегатнинг биринчи ўтишида плугнинг биринчи корпуси дала юзасига сирпаниб юрадиган, охирги корпуси эса белгиланган чуқурликда ишлайдиган қилиб ростланади.
     Агрегатнинг иккинчи ўтишида биринчи корпус ҳам белгиланган чуқурликда ишлайди ва у биринчи ўтишда охиргидан олдинги корпус юрган издан юргизилади. Учинчи ўтишда ер одатдагидек ҳайдалади.
   Ер айланма плуглар билан ҳайдалганда дала бўлакларга бўлинмайди, чунки уларнинг корпуслари ўнгга ва чапга ағдарадиган бўлганлиги учун дала бир чеккадан ҳайдалаверади. Кўп йиллик бегона ўтлар босган ерларни икки ярусли плуглар (ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45) билан шудгорлаш катта самара беради, чунки бундай плуглар тупроқ ҳайдов қатламини икки қисмга (ярусга) ажратиб ва улар ўринларини алмаштириб ағдаради.
    Натижада ўсимлик қолдиқлари, бегона ўтлар ва уларнинг уруғларини чуқур кўмилиши таъминланади. Ўтказилган кўп йиллик тажрибаларни кўрсатишича икки ярусли плуглар билан шудгор қилинган далаларда бегона ўтларнинг униб чиқиши 2–3 баравар камаяди, пахта ҳосилдорлиги гектарига 2–3 центнер ошади. Кам унум, қум ва шағал қатлами мавжуд ерларда ҳайдов чуқурлиги шундай танланиши керакки, токи бунда қум билан шағал ер бетига ағдарилиб чиқмайдиган бўлсин.
    Бедапоялар икки ярусли плугларда 35–40 см чуқурликда ҳайдалиши даркор. Бунда беданинг баҳорда кўклаб кетишининг олдини олиш учун плугнинг юқори ярус корпусларига қамраш кенглиги 200 мм бўлган махсус чап кесувчи пичоқлар ўрнатиш керак ёки ҳайдовдан олдин бедапояларга ағдаргичлари олиб ташланган плуглар билан юза ишлов берилиши лозим. Шудгор сифатини назорат қилиш.
   Плугнинг иш сифатини белгиловчи агротехник талаблар орасида ҳайдаш чуқурлиги ва унинг бир текисда бўлиши ҳамда бегона ўтлар, уларнинг уруғи ва илдизларини кўмилиш чуқурлиги муҳим ҳисобланади. Чуқурлик эгат ўлчагич ёки оддий чизғич билан аниқланади. Бунинг учун плугнинг охирги корпуси қолдирган эгат чуқурлиги 25 жойдан ўлчанади. Кейин ҳамма ўлчов кўрсаткичлари қўшилиб, ўртача кўрсаткич аниқланади.
  Сифатли ҳайдалган ерларда ҳайдаш чуқурлиги агроном томонидан ўрнатилган кўрсаткичдан + 2 см. дан ортиқ бўлмаслиги керак. Бегона ўтларни кўмилиш чуқурлиги ҳам даланинг 25 жойидан ҳайдалган ерни ковлаб ва шудгор юзасидан бегона ўт ётган жойгача бўлган масофа ўлчаб аниқланади. Ўртача кўрсаткич икки ярусли плугларда 20, умумий ишларга мўлжалланган плугларда эса 10 см. дан кам бўлмаслиги лозим.
  Шуни айтиб ўтиш керакки, ерларни узоқ йиллар мобайнида бир хил чуқурликда ҳайдаш ва тракторлар ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик машиналари ғилдираклари остида топталиши тупроқнинг ҳайдов ости қатлами зичланиб кетишига олиб келади. Бу ўсимликлар ҳаво ва озуқа режимининг бузилиши ҳамда ҳосилнинг камайишига сабаб бўлади.
  Шунинг учун барча далалар 2-3 йилда бир марта 50-55 см чуқурликка юмшатилиши лозим. Бунда ГРП-3/5, ГНУ-1МС ва хўжаликларда мавжуд бўлган бошқа русумдаги чуқур юмшаткичлардан фойдаланилади.
  Ҳайдов агрегатларининг бетўхтов ва юқори унум билан ишлашини таъминлаш учун плугларнинг тез ишдан чиқадиган қисмлари (лемех, дала тахтаси, сақловчи болтлар), тракторнинг мотор ва гидравлика мойлари ҳамда ёнилғи захираси олдиндан яратилиши, ҳайдов агрегатларига техник хизмат кўрсатиш, уларга ёнилғи қуйиш даланинг ўзида ташкил этилиши, механизаторлар ва таъмирловчи чилангарларга етарли маиший шароитлар барпо этилиши ҳамда уларнинг меҳнати доимий равишда рағбатлантириб борилиши зарур.
      А.Тўхтақўзиев, М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech