Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2014 00:00
Республикамиз ҳар бир ҳудудининг тупроқ ва иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда кузги-қишки агротехник тадбирлар олиб борилади. Энг асосий агротехник тадбирлардан бири – ерларни кузги шудгорлашни ўз муддатида ва сифатли ўтказиш билан келгуси йилги экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга замин яратишдир.
   Шудгорлашдан аввал далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланади. Бегона ўтларга қарши танлаб таъсир қилувчи (селектив) гербицидларни қўллаш билан бирга юза қисми қуриган бегона ўтларни йўқотиш учун махсус тароқлаш агрегатлари ёрдамида агротехник тадбирлар ўтказилиши лозим.
   Кўп йиллик илдизпояли бегона ўтлар олингандан кейин ағдаргичлари олиб қўйилган плуглар билан 18–20 см чуқурликда юмшатилади, сўнгра КПН-4А русумли шудгор культиваторлари, чизел, осма ёки сихли бороналар ёрдамида уларнинг илдизлари йиғиб олиниб, дала ташқарисига чиқариб ташланади.
    Шудгорлашни сифатли ўтказиш учун биринчи навбатда далалар ғўзапоя ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши ёки улар майдаланиб, сочиб юборилиши, кўп йиллик бегона ўтларни (ғумай, ажриқ, қамиш ва бошқалар) томири билан йўқотишда кўкариб турган, бўйи 10–15 см бегона ўтларга қарши гербицидлардан Дафосат, Ураган ва бошқа гербицидлар гектарига 4–6 литр кўллаш йўлга кўйиш лозим.
   Тароқланган ўт илдизпояларини йиғиб олиш учун осма ёки сиҳли бороналар, КПН-4А русумли культиваторлар, чизел ёки бошқа мосламалардан фойдаланилади. Кузги шудгор олдидан фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 70% (100–120 кг/га соф ҳолда, аммофос ўғити 200–250 кг/га ёки суперефос 430–500 кг меъёрда), калийли ўғитнинг 50 % (50–60 кг/га калий соф ҳолда ёки 80–100 кг/га калий хлорид ўғити) ҳамда маҳаллий ўғит (гўнг 20–30 тонна ёки компост 30 тонна/га миқдорида) солиш тавсия этилади.
  Шудгорлаш ишлари ер музлагунга қадар тугатилса, тупроқ қатлами яхши ағдарилади ва уваланиши ҳамда ҳайдовни бир текис чуқурликда ўтказилишига эришилади. Агар, ер музлаб сернам бўлиб қолса, сифатсиз ҳайдалади ва тупроқ структураси бузилади. Пировардида, экин ҳосилдорлиги гектарига 2–3 центнерга камайиб кетади.
  Шимолий ва ўрта минтақалар хусусан Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Андижоннинг тоғ олди туманлари ва Жиззах, Қашқадарё, Бухоро вилоятларининг типик бўз оч тусли бўз ва ўтлоқ тупроқларида 30 см, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасининг қалин агроирригацион чўкмалари билан қопланган ўтлоқ тупроқларида кузги шудгор 30–32 см, Андижон вилоятининг ҳайдалма қатлами қалин оч тусли бўз тупроқли, Сурхондарё вилоятининг ҳайдалма қатлами қалин ерларида 35–40 см, Мирзачўлнинг қадимдан ҳайдалиб келинаётган, сизот сувлари юза оч тусли бўз тупроқларида 45 см чуқурликда юмшатилган ҳолда 28–30 см чуқурликда ағдариб ҳайдалади.
    Устки қисми ярим метр чуқурликда гипс қатлами бўлган шўрланган ўтлоқ тупроқларда ва зич ҳайдов ости қаватли барча оғир тупроқли ерларда 45–50 см чуқурликда юмшатилиб, 28–30 см устки қатлами ағдариб ҳайдалади. Кўп йиллик тажрибаларга асосан тавсия этилган чукурлик бўйича ҳайдашга амал қилиш лозим. Фақат юқори даражада бегона ўтлар билан зарарланган майдонларда белгиланган чуқурликни 5 см гача чуқурлаштириш керак.
  Бегона ўтлар билан зарарланган майдонларда икки ярусли плуглар ёки чимқирқар ўрнатилган плуглар (ПН-4-35, ПЛН-5-35, LD-100) билан ҳайдаш шарт, шунда 50–60 фоизгача бегона ўтлардан тозалашга эришамиз. Кам унумдор, қум ва шағал қатламли ерларда шудгор шундай чуқурликда ҳайдалиши керакки, бунда қум билан шағал ер бетига ағдарилиб чиқмаслиги лозим.
  Икки ярусли плуглар билан ерни ҳайдаш солинган ўғитлар, ўсимлик қолдиқлари, бегона ўтлар ва уларнинг уруғларининг чуқур кўмилишини таъминлайди. Шудгор сифатли бўлишига тупроқ намлигининг аҳамияти катта, намлик 16–18 фоиз атрофида бўлиши лозим.
      Тупроқдаги намлик етарли бўлмаса, унда енгил суғориш ва етилиши билан шудгор қилиш керак. Ер ўз муддатида, сифатли ва белгиланган чуқурликда ҳайдалганда кузги-қишки мавсумдаги ёғинлар ҳисобига тупроқда нам тўплаш ва сақлаб қолиш имконияти ошади. Нотекисликлар, марза ва излар кам бўлиб, юзаси текис бўлгандагина тупроқдаги намнинг буғланиш сатҳи камаяди.
   Лекин, кузда ўз вақтида шудгорланмаган майдонларда ер музлаб сернам бўлиб қолса, тупроқни сифатли ҳайдаб бўлмайди ва шудгорлашга қўйилган агротехник талаблар бажарилмайди, тупроқ структураси бузилиб экинлар ҳосилдорлиги гектарига 3,5–7,5 центнергача камаяди.
   Пушта олиш технологияси. Бу технологиянинг ўзига хослиги қуйидагидан иборат, чигитни пуштага экиш учун текис ёки бирмунча қия, тупроғи шўрланмаган, кам шўрланган, лекин шўри яхши ювилган майдонлар танланади. Кузги пушта олинадиган далаларда ҳайдашдан олдин фосфорли ўғитларни 70 фоизи ва калийли ўғитларни 50 фоизи ҳамда гектарига 15-20 тонна гўнг ёки компостлар солиниши лозим.
    Ер кузда текисланиб, пушта олиниши ҳисобига эрта баҳордаги агротехник тадбирлар қисқаради, ер етилиши билан чигит экишга эрта имкон яратилади, шунинг ҳисобига ёқилғи-мой сарфи тежалади, сув танқис йиллари экиш олдидан суғориш ўтказиш учун баҳорда жўяк олиш ишлари сони камаяди. Кузда ҳайдалиб пушта олинадиган дала энг аввало борона қилиниб, бегона ўтларнинг илдизпоялари, плёнка қолдиқларидан обдон тозаланади. Сўнгра мазкур майдонда жорий текислаш ишлари амалга оширилади, бунда узун асосли (длинобаза) ПА-3 русумли текислагичдан фойдаланилади.
   Пушта баландлиги эгат остидан камида 28-30 сантиметр юқори бўлиши лозим. Бунда эгатлар бир хил чуқурликда, тўғри бўлишига эришилиши керак. Бундай пушталарни асосан 90 см майдонларда олиш яхши натижа беради. Пуштани юқори даражада шўрланган ва киялиги катта майдонларда олиш тавсия қилинмайди.
    Шўр ювиш. Шўрланган ерларда ўсимлик илдиз қатламидан ортиқча сув-туз эритмаларини кетказмасдан туриб, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олиб бўлмайди, бунга тупроқдаги шўрни ювиш орқали эришиш мумкин. Шўрланмаган ерга нисбатан кучсиз шўрланган тупроқларда пахта ҳосили 15-20 фоизга, ўрта шўрланганда 30-50 фоизга, кучли шўрланганда 70-80 фоизга камайиши кўп йиллик илмий изланишларда исботланган.
  Шўр ювиш усуллари. Шўр ювиш меъёри узлуксиз равишда эмас, балки бўлиб-бўлиб берилса, тузларни ювиб кетказиш жадаллиги ортади, шунинг учун ер шўрини ювишда, айниқса, катта меъёрлар билан бир йўла ювишда сув ҳар сафар бостирилгандан кейин танаффус қилиш керак, бу танаффуснинг давомийлиги тупроқнинг механик таркиби ва фильтрация тезлигига боғлиқ: енгил тупроқларда – сув шимилганидан 2-3 кун кейин, ўртача тупроқларда 5-6 ва оғир тупроқларда 7-8 кундан кейин.
  Тупроқнинг шўрланиш даражаси, сув-физик хоссалари ва участканинг нишаблигига қараб, шўр ювишнинг қуйидаги усуллари қўлланилиши мумкин: сувни оқизиб юбормасдан полларни сув бостириб, эгатлар ва полосалар бўйича. Шўр ювишнинг асосий усули полларни сув бостириб, сувни бир полдан иккинчи полга ўтказмасдан ювишдир. Полларнинг катта-кичиклиги тупроқнинг сув сиғими, ер юзасининг нишаблиги ва текисланганлигига қараб 0,1 дан 0,5 гектаргача бўлиши мумкин.
  Шўр ювишни зовурлар орасидаги марказий полосадан бошлаб, ён томондагиларга яқинлаштириб келиш, шунингдек, шўр ювиладиган пайкалнинг юқоридаги қисмидан бошлаб, пастки қисмида тугаллаш керак.
    Шўр ювиш учун ерларни тайёрлаш. Текисланган ерларда қишлоқ хўжалик машиналари юқори унум билан ишлайди, ерларнинг шўри яхши ювилади, уруғ бир хил чуқурликка тушади, униб чиқиши ҳам бир текисда тўлиқ бўлади, 6-7 фоиз сув тежалади. Дала юзасининг текисланиш аниқлиги ± 5 см. дан зиёд бўлмаслиги лозим.
  Жорий текислаш икки босқичга бўлиб ўтказилади. Биринчи навбатда, марзалар текисланиб, эгатлар ва ўнқир-чўнқирлар кўмилади, бу иш фақат кузда амалга оширилади. Мазкур биринчи босқичда, бажариладиган ер текислаш ишларини баҳорга қолдириш мутлақо мумкин эмас, чунки баҳорда тупроқда кўп миқдорда нам тўпланганда ерлар текисланса тупроқ зичлашиб қолади. Иккинчи навбатда эса уруғлик чигитни экиш олдидан бутун даланинг юзаси ёппасига текисланади.
  Текислаш ишининг биринчи босқичида ГН-2,8 ва ГН-4 типидаги грейдерлар, иккинчи босқичда ВП-8, ВП-5, КЗУ-0,3 типидаги текислагичлар, МВ-6,0 типидаги текислагич-молалар билан қўллаш керак. Ерлар ҳайдалгандан кейин майдонларни текислаш Т-150, Магнум тракторларида узунбазали текислагич мосламаси билан икки йўналишда молаланади. Текисланган ерларда поллар олинади, полларнинг майдони ерларни молалаш сифатига ва майдонларни нишаблигига қараб полларнинг максимал майдони 0,5 гектардан юқори бўлмаслиги керак.
   Пол деворининг баландлиги 0,5 м, пол девори тагининг кенглиги 1,2 м, пол деворининг тепаси 0,2 м бўлиши керак. Шўр ювиш муддатлари. Тупроқ шўри икки хилда ювилади: тубдан (янги ерларни ўзлаштиришда) ва жорий ҳолатда, тупроқнинг 0-100 см қатламидаги хлор иони тупроқ вазнига нисбатан 0,01% кам бўлса у ювилмаслиги ёки жорий (енгил) ювилади.
   Тупроқдаги хлор 0-100 см қатламида 0,01%, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун 0,02%га келгунча ювилади. Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро вилоятларида шўр ювиш миқдори ва умумий сув сарфи Мирзачўлдаги каби табақалаштирилади. Лекин шўр ювишни тугаллаш муддати бирмунча кечроққа сурилади. Бу иш оғир тупроқли ерларда февралда, енгил тупроқларда эса март ойида тугалланади. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида умумий сув сарфи меъёри ва шўр ювиш миқдори юқорида келтирилган даража атрофида бўлади.
  Лекин шўр ювиш муддати мақбул равишда чигит экиш пайтига яқинлаштирилади. Шунда икки томонлама фойда кўрилади: биринчидан, тупроқдаги зарарли тузларнинг кўпи ювилиб кетади, иккинчидан, чигит суви бериб ўтирмасдан уруғни ўша намлик ҳисобига ундириб олиш мумкин бўлади.
  Шўр ювишда сув сарфи ва меъёрлари. Жиззах ва Сирдарё вилоятлари шароитида ўртача ва енгил қумоқ тупроқларда тупроқ таркибида 0,01-0,04 фоиз хлор иони бўлса уни гектарига 2000-2500 м3 1 марта, хлор 0,04-0,10 фоизгача бўлса 3500-5000 м3 сув билан 2 марта ювиш талаб этилади.
    Механик таркиби яхлит бўлмаган оғир тупроқларда хлор иони миқдорларига мос сув сарфи 4000-5000 дан 5000-6500 м3/га баробар бўлиб, ер кўрсатилган сув миқдори билан 2-3 марта ювилади. Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида механик таркиби енгил тупроқларда юқорида келтирилган хлор иони миқдорига мос гектарига 2000-2500, 3500-4000 м3 сув билан 1-2 марта, оғир соз тупроқлар 4000 дан 6500 м3 сув билан 2-3 марта декабрь-март ойлар орасида ювилади.
  Бухоро вилоятида Фарғона водийсига ўхшаш. Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида механик таркиби енгил тупроқларда агар таркибида 0,01-0,04 фоиз хлор бўлса 2500-3000 бир марта, 0,04-0,10 бўлса 3500-5000 м3 сув билан 2 марта ювилади. Ўрта ва оғир тупроқлар хлор ионига мос 5000-6000 ва 6000-7500 м3/га сув билан ювилади. Тупроғи енгил ерлар асосан феврал-март ойларда, қолганлари октябрь-декабрь ойларда ювиш меъёрининг 2/3 қисми куз-қиш, 1/3 қисми баҳорда ювилади.
   Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ерлар шўрини ювиш Қашқадарё вилоятига ўхшаш бироқ оғир тупроқларни ювиш учун 7500 м3/га сув сарфланади. Шунингдек, тупроқ шўрини ювишда дарё сувини иқтисод қилиш учун закбур-коллектор сувларидан фойдаланиш мумкин. Мамлакатимиздаги кўплаб дарахтларни тўғри қўллай олиш ҳар томонлама фойда келтиради. Бунда тут, терак, тол, жийда, қайрағоч, анор, анжир ва беҳи каби дарахтларни фермер хўжаликлари экин майдонлари атрофига экиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва ерости грунт сувлари сатҳини ростлашга ёрдам беради.
   Дала атрофидаги дарахтларнинг ҳолатини ўрганиб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ипак қурти парвариши мавсумида шохлари кесилмаган дарахтларнинг шохларини кесиш, келгуси йил тут барги ҳосилдорлиги ошишини таъминлаши баробарида, тут парвонасининг қишлашининг олди олинади. Тол дарахтларини каллаклаш шира зараркунандаси тухумлари нобуд бўлишини таъминлайди.
  Дарахтларнинг қуриган ва ёрилган шох-шаббаларини кесиш уларда зараркунандалар қишлашига барҳам беради. Кесилган шох-шаббалардан ғалла майдонларини пайхондан сақлаш мақсадида, четанлар билан ўрашда самарали фойдаланиш мумкин. Мазкур тадбирлар жойларда сифатли бажарилса, экинлардан юқори ва сифатли ҳосил етиштирилади иқтисодий даромадлар ошади.
     Б.Ниёзалиев, Ф.Хасанова, С.Исаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech