Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Декабр 2014 00:00
Чорвачиликда гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан бир қаторда қуён гўшти етиштириш жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимини ҳал қилишда катта ўрин тутади.
  Қуённинг танаси кичик бўлса-да, маҳсулоти ниҳоятда фойдали. ҳозирги вақтда қуённинг 50 дан ортиқ зоти бор. Қуёнлардан олинган маҳсулотларга қараб, улар иккита катта гуруҳга ажратилади.
  Биринчи гуруҳ гўшт ва тери берадиган қуён зотлари. Улар қуйидагилар: оқ великан, кулранг великан, Россия мордери, шиншила, капалаксимон, олмахонсимон, кумушсимон, қора қўнғир, вена зангори ва бошқалар.
  Иккинчи гуруҳ тивит берадиган қуёнлар. Бу гуруҳнинг вакиллари кам тарқалган бўлиб бу зотларга ангор, оқ момиқ ва киров зотлари киради. Бунда қуёнларнинг гўштдорлиги паст. Мўйна толаларининг деярли 95–98 фоизи тивитдан иборат.
   Битта етук қуёндан 1 кг. гача тивит олинади. Қуён зотлари ичида оқ момиқ зоти чидамлилиги билан ажралиб туради. Танасининг 92–96 фоизини момиқ ташкил этди, момиғининг узунлиги 11 см.га етади. Уй қуёни билан ёввойи қуён алоҳида тур бўлиб, бир-биридан кўпаймайди.
   Қуёнлар тез етилувчан, серпуштлиги жадал, бўғозлик даври 30 кунни ташкил этади. Бундай қуёнлардан бола олиш учун 4–6 ойлигида қочирилиши зарур. Эркак қуёнлар 8 ойлик бўлганда наслчиликда фойдаланилади. Жинсий вояга етиши 3,5–4 ойликни ташкил этади.
   Йил давомида қуёнлар 5–6 марта болалайди. Шу муддатда қуёнлардан 50–60 та бола олиш мумкин, бу эса 70–80 кг гўшт, 50 дона тери демакдир. Қуёнлар кўпроқ тунда туғиши аниқланган. Улар 10–30 минут давомида туғади, болалари туксиз ва кўзлари юмуқ ҳолда бўлади. Кўзи 10–14 кунда очилади, 17–21 кунлари ташқарига чиқиб озиқаларни ея бошлайди. Унгача она сути билан озиқланади.
   Қуёнлар тез етилиши, кўп бола бериши билан бошқа чорва ҳайвонлардан фарқ қилади. Масалан, қуёнларнинг 4–4,5 ойлигида сўйиш мумкин. Тўғри рацион асосида боқилса гўштга сўйиладиган қуёнларнинг тирик вазни ўрта ҳисобда 3–4 кг бўлади. Янги туққан қуён кунига 4–5 марта озиқланади. Асосан кўк озуқалар, жумладан кўк беда, маккажўхори, буғдой, қоқиўт, қўйпичак, полиз экинларнинг барги, дарахт шохлари, олма, тол ва ток новдаларини хуш кўриб ейди.
  Қуёнларга суяк уни, бўр ишлатилган оҳак, картошка, сабзи, лавлаги, нўхот дони, арпа дони ва қўшимча равишда овқатига макроэлементлар қўшиб берилади. Рационда қуёнларга бериладиган озуқаларнинг 70 % концентрат озуқалар ташкил қилади. Қуёнлар сули, арпани ҳам истеъмол қилади. Арпа қуёнларга намланган ёки ширали озуқаларга аралаштирилган ҳолда едирилади. Бўғоз қуёнлар парваришига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Уларнинг рационини тинчлик даврдагига нисбатан бўғозлик даврининг бошида 30 %, охирида эса 70 % кўпайтириш керак.
  Қуёнлар ҳайвонлардан тайёрланган озуқаларни ҳам истеъмол қилади. Бу гуруҳдаги озуқаларга сут, суяк, гўшт ва балиқ уни, ипак қуртининг ғумбаги киради. Ёғи олинган ва олинмаган сигир сути кўпинча эмизикли она қуёнларга бир кеча-кундузда 30–50 грамм берилади. Қуёнлардан олинадиган маҳсулотларнинг сифати тоза ва юқори бўлиши, уларнинг сақлаш шароитига боғлиқдир.
   Қуёнларни катакларда сақлаш бошқа усуллардан кўра афзалроқдир. Чунки катакларда сақланган қуёнларда касаллик кам учрайди ва микроиқлим яхши бўлади. ҳозирги пайтда икки уяли қуёнхоналар қуриш иқтисодий самара бермоқда. ҳар бир катакнинг майдони 0,5–0,7 м2 кам бўлмаслиги керак. Икки уяли катакнинг узунлиги 2 метр, полдан шифтгача баландлиги 50 см, эни 55 см бўлиб ҳар иккала қуён учун озуқа солинадиган катакнинг ўртасида охур бўлиши керак. Сув идишлари ҳар бир қуёнга алоҳида бўлиши зарур.
  Қуёнларнинг маҳсулдорлигини ошириш учун уларни гуруҳларга ажратиб махсус катакларда 4 тадан жойлаштирилади. Айрим ҳолларда қуёнлар симтўрлар билан ўралган ҳолда ерда боқилади. Бунда улар иссиқлик, намлик ва кучли шамолни ёқтирмайди. Чорвадор фермер хўжаликларида қуёнларни сақлаш учун қуёнхона атрофини дарахтлар билан ўраш керак. Уй қуёнлари 5–12 йилгача яшайди.
  Қуёнларда юқумли ва юқумсиз касалликлар бўлиб, уларда совуқ ва қуёш уриши, метиоризм, юқумли стоматит, паратив, сил, лишай, пастериллиоз, кокцидиоз, фасцилёз ва бошқа касалликлар учрайди. Музлатилган қуён гўштидан барча ойларда фойдаланиш мумкинлиги пархезлик ва бошқа хусусиятларини оширади. Гўштининг биологик қиймати, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддасини камлиги ҳисобга олиниб тиббиётда – аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт пуфак, жигар касалликларини даволашда фойдаланилади.
    Қуён гўшти киши организмида меъда ширалари таъсирида тез ҳазм бўлади ва тўла қонли оқсил моддасига эҳтиёжи бўлган мактабгача ёшдаги болалар, ўсмирлар, эмизикли аёллар, кекса ёшдагилар учун жуда фойдали. Истеъмол қилинган 100 грамм қорамол гўштининг 62 фоизи организмда ҳазм бўлса, бу кўрсаткич қуён гўштида 90 % ҳазм бўлади. М.Ф. Нестеринанинг маълумотига кўра, ҳайвонларнинг 100 г ёғи ва гўшти таркибидаги холестерин миқдори қуйидагича, яьни мол ёғида – 1,25 г, қўй ёғида – 1,40 г, чўчқада – 0,33 г, бузоқ гўштида – 0,11 г, қуён гўштида эса 0,4 г эканлиги аниқланган. Ўзбекистонда ҳозир уй шароитида қуёнбоқарлар кўпроқ оқ великан, кулранг великан, оқмомиқ ва ангор зотли қуёнларни кўпайтиришмоқда.
  Қуён момиғидан тайёрланган ашёлар айрим даволовчи хусусиятларга эга бўлиб, невролгия, радикулит билан касалланган беморларга тавсия этилади. Қуён момиғи иссиқни сақлаш хусусиятига кўра, қўй жунидан 10 баробар устун туради. Фарзандларимизнинг соғлом бўлиши учун қуён гўштини истеъмол қилишни тавсия қиламиз ҳамда шаҳар, маҳалла, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва кўп тармоқли фермер хўжаликларида қуёнчилик билан шуғулланиш шу куннинг долзарб вазифаси эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
     А.Турдиев, Д.Абдимуродова




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech