Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Декабр 2014 00:00
Кеч куз ва қиш мавсумларини деҳқонларимиз учун келгуси йил ҳосилига тайёргарлик кўриш давридир. Бунда маҳаллий ўғит жамғариш алоҳида аҳамиятга эга. Тупроққа маҳаллий ўғитлар солинганда оғир тупроқларнинг зичлиги камаяди, уларга ишлов бериш осонлашади, ҳаво ва сув сингдириш қобилияти яхшиланади. Маҳаллий ўғитлар таркибида ўсимлик учун зарур бўлган шакл ва нисбатларда барча озиқа унсурлари мавжуддир.
   Бу эса қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Маҳаллий ўғит турларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда табиий захиралари мавжуд, бойитилган кўмир кукуни, фосфорит ва ноанъанавий агрорудалар (бентонит, бентонитсимон лойлар, глауконитлар ва бошқалар)дан органо-минерал компостлар тайёрлаш орқали маҳаллий ўғитлар тақчиллигини камайтириш мумкин.
  Маҳаллий ўғитларни самарали қўллаган ҳамда ғўзани парваришлашда ҳар бир агротадбирни намунали олиб борган Беруний туманидаги “Акром” фермер хўжалиги, Тўрткўл туманидаги “Қўшназар пахтакор” фермер хўжалиги, Гурлан туманидаги “Сайид Абдулла бобо” фермер хўжалиги, Бўка туманидаги “Саркор” фермер хўжалиги, Сардоба туманидаги “Равон” фермер хўжалиги, Пахтакор туманидаги “Анвар А” фермер хўжалиги, Термиз туманидаги “Шавкат” хўжалик фермер хўжалиги, Шўрчи туманидаги “Соат Абдуалим” фермер хўжалиги, Касби туманидаги Раим Ширинов номли фермер хўжалиги ва бошқа фермер хўжаликлари гектаридан 35–45 ц/га ҳосил олишга эришдилар.
    Маълумки, кейинги йилларда суғориладиган майдонларимизнинг шўрланиш даражаси кескин ошиб бормоқда.Ушбу салбий ҳолатларни бартараф этишнинг ягона йўлларидан бири бу маҳаллий ўғит қўллашдир. Масалан, Мирзаобод туманидаги “Янги ер қадри” фермер хўжалигининг кучли шўрланган 15 гектар майдониннг ҳар гектарига кетма-кет икки йил давомида 7–8 тоннадан маҳаллий ўғит чиқариш ҳисобига, гектаридан 14–15 центнер, ғалла ҳосили олинаётган майдонларда ҳосилдорлик гектарига 40 центнергача ошган. Ушбу натижаларга эришишда маҳаллий ўғитларни тўплаш, сақлаш ва улардан қишлоқ хўжалик экинларида самарали фойдаланишда қўйидаги тавсиялар ҳавола этилади.
  Гўнгни сақлаш. Қаттиқ гўнг фермалар яқинидаги гўнгхоналар ёки дала бошидаги уюмларда сақланади. ҳар икки холда ҳам қаттиқ гўнг шаббалаб босилган тарзда сақланади. Гўнг таркибидаги намлик мақбул меъёридан юқори бўлганда, унга вақти-вақти билан майдаланган похол, ўсимлик чиқиндилари, дарахт баргларини аралаштириб туриш тавсия қилинади. Фермер хўжаликларида суюқ гўнгни тўплаш ва сақлаш учун фермалар яқинида (ёпиқ ёки очиқ типда) ва дала бошида (ковланган очиқ чуқур типида) сиғими бутун қиш давомида чиқадиган (3–7 ой) гўнгга мўлжалланган гўнгхоналарда тўпланади ва сақланади.
  Фермалар яқинидаги бундай гўнгхоналар қиш ойларида молхоналардан чиқадиган гўнгнинг 25–40 фоизини сиғдира олади.Улар қишда музламайдиган гидравлик трубопроводлар тармоғига доимий равишда улаб қўйилади. Қатлам бўйлаб музлаб қолишнинг олдини олиш мақсадида гўнг чуқурнинг пастки қисмига ташланади. Бундай гўнгхоналар сиғими 3–4 минг/м3 ҳажмида бўлади. Органо-минерал компостлар тайёрлашда органик ўғитларнинг оғирлик миқдорини ва нисбатларини белгилашда ҳар бири учун алоҳида-алоҳида улар таркибидаги ўртача озиқа моддалар (N, P, K) миқдорига қараб тенглаштириб олинади.
  Органик ўғитлардан компост тайёрлашда компостларнинг оғирлигига нисбатан 1–2% миқдорида фосфорли ўғитлар ёки 1 тонна органик ўғитларга 15–20 кг фосфор солиб компост тайёрланса, унинг таркибидаги озиқа моддаларни, айниқса азотнинг йўқолиши камаяди ва фосфорни ўсимлик осон ўзлаштиради. Фосфорли ўғитлар қўшилган бундай компостлар солинадиган далаларга алоҳида фосфор ва калий ўғитларни тупроққа солиш меъёрларини 25–30 фоизга камайтириш мумкин.
   Гўнг-тупроқ компости тайёрлаш ва сақлашнинг энг самарали усулларидан бири молхоналар яқинидаги хандақ-гўнгхоналарда бульдозер ёрдамида шиббаланган компостлаштирш ҳисобланади. Чуқурнинг ҳажми: узунига 60–80 метр, энига 3–3,5 метр, чуқурлиги 3,5–4 метр бўлиб, сиғими минг тонна атрофида бўлади.
   Моллар тагига солинган қуруқлик, силос қолдиғи, гўнг ва моллар шилтаси фермадан олиб чиқилади ва гўнгхона-чуқурликка бир қават қилиб солинади. Унинг устидан иккинчи қавати сифатида ариқ, зовур, канал лойқаси ёки экишда фойдаланилмайдиган дўнглик, эски деворлар кесаги, шўр бўлмаган тупроқлар, ўсимлик чириндилари, дарахт барглари, хазонлар ва бошқа органик қолдиқлар ташланади.
   Учинчи қаватига компост аралашмасининг ҳолатига қараб 1–2 фоизгача ёки ҳар 1 тонна аралашмага 15–20 кг фосфорли ўғит ёки 150–200 кг паст навли Қизилқум фосфоритларидан(12–14%Р2О5)солиш мумкин. Шундан кейин худди шу тартибда биринчи, иккинчи ва учинчи қаватлар билан ўрани тўлдириб, элементлар йўқолишининг олдини олиш ва сифатли бўлиши учун гўнгнинг умумий миқдорига нисбатан 40 фоизига тенг миқдорида узоқ экилмаган ер тупроғи билан аралаштириш мумкин. Ана шундай қават-қават аралашмалар солиш натижасида компостнинг ер устидан баландлиги 1,5 метрга етганда керакли миқдордаги сув билан намланади ва унинг усти 15–20 сантиметр қалинликда тупроқ билан беркитилади.
   Тепаси шиббаланади (гўнг билан тупроқ 1:1 нисбатда иккови биргаликда бўлганда ёки тупроқ устига ўсимлик қолдиқлари солинганда 1:2 нисбатда бўлади). Гўнг билан тўлдириб туришни ҳисобга олган холда ўраларнинг зарурият юзасидан бир нечтасини ёнма-ён қилиб ковлаш тавсия қилинади. Компостни шу ҳолатда сақлаш 5–6 ой давом этади. Компост тўплаш режалаштирилган фермер хўжаликда гўнг солиш учун 0,2 гектар ер ажратилиб ва унинг устига 500–600 тонна гўнг бир текисда тўшалади, уларнинг орасидаги қаватларга ҳар 1 тонна гўнг аралашмасига 15–20 кг ҳисобида фосфор ўғити ёки 100–200 кг паст навли Қизилқум фосфоритларидан(12–14 % Р2О5) ташланиб, 20–25 см чуқурликда ҳайдалади.
   Кейин буларнинг бари дискали борона билан ишловдан ўтказилади, ёки ҳаммасини аралаштиришни таъмин этадиган оддий шудгорлаш плуги билан қайта хайдалади. Пировардида бутун масса аралаштирилиб, бульдозер ёрдамида бир жойга тўпланади ва усти 20–25 см қалинликдаги тупроқ билан беркитилади. Агар аралашманинг намлиги етарли бўлмаса, у ҳолда тайёрланган уюмлар устидан гўнг суюқлиги ёки заруратга қараб сув қуйилади. Шундай бир уюмдан 4–5 ой ичида 1000–1200 тонна компост тайёрлаш мумкин.
  Биогумус: Калифорния (АҚШ) қизил чувалчанглари ёрдамида, яъни вермикультура усули билан турли хил органик ўғитларни (қорамол гўнги, парранда қийи, шаҳар чиқиндилари ва бошқалар) қайта ишланиб озиқа моддаларга бойитилган ўғит чувалчанг компости ёки биогумус (вермигум) деб аталади. Биогумус кузги шудгор олдидан гектарига 10 тонна меъёрида уч йилда бир марта қўлланилади.
   Биогумус солинган йили қўлланиладиган минерал ўғитлар меъёрини 20–25 фоизга тежаш мумкин. Маҳалий ўғитлардан тўғри ва самарали фойдаланишни таминламоқ учун ҳар бир фермер хўжалик жойлашган худудда уларни ерга навбат билан солиш бўйича маҳаллий ўғит обороти кўрсатилган режаси белгиланган бўлиб, биринчи навбатда эскидан ҳайдалиб, кўп йиллардан бери бир хил экин экилиб келинаётган майдонларга солинади. Бедапоя ҳайдалгандан кейин ғўза экини экилган майдонларга тўртинчи йили қолган майдонларга икки-уч йилда бир марта қўллаш тавсия этилади.
    Fўза ва бошқа экинларга маҳаллий ўғит гектарига 20–30 тонна ёки органо-минерал компостларни 30 т/га меъёрда шўрланмаган ва кучсиз шўрланган ерларга кузги шудгор олдидан, ўртача ва кучли шўрланган майдонларга ерни экишга тайёрлаш олдидан гўнг сочар мосламалар ёрдамида солинади. Тайёр компостлар ер бетига тупроққа солинмай очиқ ҳолда қолса, унинг таркибидаги углерод ва азот ҳавога буғланиб, фойдали хусусиятлари қолмайди. Шунинг учун далага олиб чиқилганидан кейин тезроқ тупроққа солиш чораларини кўриш керак.
     Маҳалий ва минерал ўғитларни ерга қўшиб берилганда ўғитлар таркибидаги озиқа унсурларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, айрим хўжаликларда кўпинча маҳаллий ўғит очиқ ва сочилган ҳолатда сақланади. Бундай сақланган гўнгда озиқа унсурлари ҳар 10 тоннасидан 23–24% қуруқ модда, 44% гача умумий азот йўқолади. Демак, юқорида билдириб ўтилган таклиф ва мулоҳазалар амалда қўлланилса, тупроқ унумдорлиги сақланиб қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олишга эришилади.
   Б.Ниязалиев,Б.Тиллабеков




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech