Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Декабр 2014 00:00
Техника ва машиналарни асраб-авайлаш бўйича белгиланган талаблар мавжуд.
 Бу талаблар қўйидагилардан иборат: Умумий талаблар.
  1. Машиналар бино ичида ёки бостирма остида сақланиши зарур. Машиналарни мажбуран консервациялаш, зичлаш ва бир қатор таркибий қисмларни жойидан ечиб олиш шарти билан махсус тайёрланган очиқ майдонларда сақлашга рухсат берилади.
   2. Машиналар туман ва муқобил машина-трактор паркларининг алоҳида жиҳозланган жойларида (машина саройида ёки сақлаш участкасида), фермер хўжаликларининг машина саройларида ёки шийпонларда сақланиши керак.
     3. Сақлаш учун қуйидаги моддий техника воситалари талаб этилади:
  а) ёпиқ бинолар, бостирмалар, махсус тайёрланган очиқ майдонлар;
  б) агрегатларни жиҳозлаш, машиналарни йиғиш ва ростлаш майдонлари;
  в) машиналардан ечиб олинган таркибий қисмлар сақланадиган омбор (хона);
  г) рўйхатдан чиқарилган ёки чиқариладиган машиналар турадиган майдонча;
 д) симтўсиқлар ёки панжаралар;
 е) машиналарни тозалаш ва ювиш учун махсус жиҳозланган пост;
 ж) юк кўтариш қурилмалари, механизмлари, мосламалари ва рамалар, ўқлар остига қўйиладиган тагликлар;
  з) ёнғинга қарши курашиш асбоблари ва қуроллари;
  и) ёритиш ускуналари;
 й) ҳужжатларни расмийлаштириш ва сақлаш хонаси.
  4. Машиналар сақланадиган жойлар сув ва қор босмайдиган, кучли шамолдан ҳимояланган бўлиши даркор. Машиналарни очиқ майдонларда сақлаш қоидалари.
 5. Очиқ майдонлар асфальт, бетон ёки сомонли пишитилган лой билан қопланган юзаси текис, сув кўлламаслиги учун 2–3о нишабликда, атрофи сув оқизадиган ариқлар билан ўралган бўлиши керак.
  6. Майдон ўлчами сақловга қўйиладиган техника воситаларининг тури, сони ва габаритларини ҳисобга олган ҳолда танланади.
  7. Машиналар майдонга тур ва маркалари бўйича қатор қилиб териб қўйилади. Машиналар қатори орасидаги масофа уларни ҳайдаб олиб келиш, ҳайдаб кетиш ва назорат қилиш имконини бериши лозим. Бунга машиналар орасидаги масофа энг камида 0,7 метр, қаторлар ораси 6 метр атрофида бўлганда эришилади.
  8. Ишдан бўшаган машиналар 10 кунга қолмасдан сақловга қўйилиши даркор. Бундан олдин уларнинг техник ҳолати текширилади, зарур бўлса техник хизмат кўрсатилади.
   9. Сақловга қўйилган машиналарга жавобгар шахслар тайинланади: машина-трактор паркларида – муҳандис, фермерлар саройида – тажрибали механизатор ёки алоҳида техник. Машинани механизатор топширади, масъул шахс қабул қилиб олади.
 10. Сақлашга тайёрлашда, сақлаш пайтида ва сақлашдан чиқаришда машиналарга техник хизмат кўрсатилади. Машиналарни сақловга қўйишда қуйидаги ишлар бажарилади: тозалаш ва ювиш (машина чанг, ифлосликлар, мой, ўсимлик, уруғ, ўғит ва кимёвий препарат қолдиқларидан тозаланади. Генератор, стартер, магнето, электрон асбоб каби сув тегиши мумкин бўлмаган таркибий қисмлар брезент, парафинланган қоғоз ёки полиэтилен плёнкалар билан ёпилади. Тозаланган ва ювилган жойлар сиқилган ҳаво ёрдамида қуритилади); машиналарни сақлаш жойига олиб келиш; омборда сақланиши талаб этиладиган қисмларни машинадан ечиб олиш ва уларни сақлашга тайёрлаш; тешиклар (таркибий қисмлар ечиб олингандан кейин пайдо бўлган), тирқишлар, бўшлиқларни намлик ва чанг кирмайдиган қилиб зичлаш; машина ва таркибий қисмларни консервациялаш, занглаб, емирилган лак-бўёқ қопламаларини қайта тиклаш; машиналарни тиргаклар ва тагликларга ўрнатиш.
  11. Очиқда сақланадиган машиналардан қуйидаги қисм¬лар ечиб олинади: электр қурилмалар (аккумулятор батареялари, генератор, стартер, магнето, ёритқичлар ва бошқалар); втулка-роликли занжирлар; узатиш тасмалари; резина, полимер материаллар ва тўқимачилик маҳсулотларидан тайёрланган таркибий қисмлар (гидросистема шланглари, резинали уруғўтказгичлар ва қувурлар, қалин матоли ёпқичлар, юмшоқ ўриндиқлар, брезент-планкали транспортёрлар ва бошқалар); пўлат трос; асбоб ва мосламалар. Ечиб олинган қисмларга машинанинг инвентар рақами ёзилган бирка (ёрлиқ) осиб қўйилади.
  12. Электр қурилмалар тозаланади, сиқилган ҳаво пуфланади, клеммаларига ҳимоя мойлари суркалади. Батареялар электролит билан тўлдирилади, зарядланади.
 13. Втулка-роликли занжирлар тозаланади, 80–90 даражагача қизитилган дизель мойи билан 20 минут давомида ювилади, қуритилади ва боғланади.
 14. Понасимон тасмалар иссиқ сувда совун билан ювилади, қуритилади, носозлари алмаштирилади, созларига тальк кукуни сепилади, боғланади ва осиб қўйилади.
  15. Шиналардаги ҳаво босими 30 фоизга камайтирилади, сиртига АКС-4 алюминий бўёғи суркалади ва тиргак ёрдамида ердан озгина кўтариб қўйилади.
 16. Гидросистема ва тормоз системаларининг шланглари ечиб олинади, тозаланади, сиртига тальк кукуни сепилади. Ечилган жойлардаги тешиклар гайкалар ва қопқоқлар билан бекитилади.
 17. Дори пуркагич ва бошқа машиналардаги трослар тозаланади, ҳимоя бўёқлари суркалади.
 18. Машинанинг ичига атмосфера ёғинлари (қор, ёмғир, намликни киритадиган барча тешиклари, тирқишлари, бўшлиқлари (ўғит ва уруғ банкалари, шнеклар ғилофлари ва ҳаво вентиляторлари корпусидаги дарчалар, двигателнинг тутун чиқарувчи трубалари, баклар ва редукторларнинг суюқлик қуйиладиган оғизлари ва бошқалар) қопқоқлар, тиқинлар ва бошқа мосламалар билан пухта беркитилади. Трактор кабинаси, пахта териш аппарати эшиклари зичлаб ёпилади.
 19. Машиналар ишчи органлари (лемех, отвал, дискалар, сошниклар, культиватор пичоқлари ва юмшатгичлари, сегмент пичоқлар, шнеклар) ифлослик ва мой қолдиқларидан тозаланади, ювилади ва консервацияланади.
  20. Детал ва узеллар сиртидаги жойидан кўчган бўёқлар устига лак-бўёқ ва бошқа хилдаги ҳимоя қопламалари суркалади, суркашдан олдин носоз сиртлар тозаланиши шарт.
  21. Ёнилғи аппаратлари (ёнилғи насослари, форсункалар, ёнилғи баклари) дизел ёнилғисидан тозаланади, зангга қарши қўшилмаси бор ёнилғи ёки махсус мойлар билан консервацияланади. Машинанинг (двигателнинг, гидросистеманинг, трансмиссия узеллари ва юриш қисмларининг) картерлари ишчи-консервацион мойлар билан тўлдирилади.
  22. Тарангловчи пружиналар (культиваторда, дори пуркагичда, комбайнда, пахта териш машинасида ва бошқа механизмларда) таранглиги бўшатилади, бўялади ёки уларга ҳимоя суюқликлари суркалади.
  23. Ґамма ричаглар ва педаллар, уларни ўз-ўзидан қўшилишининг олдини оладиган қилиб қулфланади.
  24. Машиналарни горизонтал ҳолатда сақлаш ҳамда пневматик ғилдираклар ва рессораларни юкдан енгиллатиш мақсадида, уларнинг рамалари остига тагликлар қўйилади. Осма ва яримосма машиналар учун, уларни пухта сақлаш ва трактор билан енгил агрегатлаш имконини берадиган махсус тагликлар ясалади. Шиналар ва таянч текислиги орасидаги тирқиш кенглиги 8–10 см бўлиши керак.
  25. Кучли шамол, ёмғир ва қордан кейин сақловдаги машиналар ҳолати дарҳол текширилади.
  26. Машиналарга сақлов пайтида техник хизмат кўрсатилади ва унда қуйидагилар текширилади: тагликларни жойида пухта турганлиги (йиқилган тагликлар жойига келтирилади); машинанинг бутлиги (ҳамма қисмлар, деталлар ўзининг жойида турган бўлиши керак); шиналардаги ҳаво босими (босим пасайган бўлса дамланади); зичловчи деталлар (қопқоқлар, тиқинлар)нинг пухталиги; зангга қарши қопламаларнинг ҳолати (ҳимоя мойларининг борлиги, бўёқларнинг емирилмаганлиги, зангнинг йўқлиги); ҳимоя қурилмаларининг ҳолати (чехоллар, қопқоқлар, шчитоклар, эшикчаларнинг бутунлиги ва мустаҳкамлиги).
  27. Машиналарни сақловдан олишда уларга техник хизмат кўрсатилади ва қуйидаги ишлар бажарилади: машиналар остидаги тагликларни олиш; машина, таркибий қисмлар ифлосликларидан ва ҳимоя воситаларидан тозаланади; олдин ўрнатилган зичловчи мосламалар (қопқоқлар, тиқинлар) жойидан ечиб олинади; машинадан ечиб олинган барча деталлар, қисмлар, жиҳозлар қайтадан жойига ўрнатилади; машина ва таркибий қисмларнинг ростланганлиги ва иш қобилияти текшириб кўрилади; тагликлар, тиқинлар, чехоллар, ёрлиқлар тозаланади ва омборга топширилади.
 28. Машиналарни сақлашга топширишда ва сақловдан олишда ҳар бир машина учун алоҳида далолатномалар тузилади. Уларни механизатор ва жавобгар шахс (муҳандис ёки фермер) имзолайди. Машиналарни ёпиқ биноларда сақлаш қоидалари.
  29. Машиналар орасидаги ва чеккадаги машиналардан бино деворларигача бўлган масофа энг камида 0,7 метр, қаторлар орасидаги минимал масофа – 1 метр; барча таркибий қисмлар жойида қолади, машинадан фақат аккумулятор батареялари ечиб олинади. Улар электролит билан тўлдирилади, кейин зарядланади;
  30. Машиналарни ёпиқ биноларда сақлашда 1, 2, 7, 9, 10, 18, 28-бандлар талаблари бажарилиши шарт. Шундай қилиб, трактор ва қишлоқ хўжалиги машиналари юқорида келтирилган қоидаларга амал қилган ҳолда сақланса, фермерларга узоқ муддат хизмат қилади, ҳар мавсум олдидан уларни катта маблағ сарфлаб таъмирлашга, ҳадеганда янгиларини сотиб олишга ҳожат қолмайди. «Мевасини десанг, гулини асра» деганларидек, қишнинг уч ойида тўғри, яхши сақланган машина йилнинг қолган 9 ойида фермернинг оғирини енгил қилади, унга қанот бағишлайди.
     М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech