Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Декабр 2014 00:00
Келгуси йили сабзавот экинларидан мўл ҳосил етиштириш далаларни сифатли шудорлаб, эртаги карам, сабзи, турли кўкатлар ва картошка экиш режаланган майдонларда эгатларни тайёрлашга боғлиқ. Чунки эрта баҳорда ер етилиши қийин бўлиб, экиш муддати чўзилиб кетади.
   Халқимизнинг эртаги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда майдонларнинг бир қисмини қайта экишга тайёрлаб, совуққа чидамли сабзавотлардан – сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкатлардан – кашнич, петрушка, сельдерей, салат кабиларни тўқсонбости муддатида экиб, етиштириш катта аҳамиятга эга.
   Тўқсонбости усулида экилган сабзавотлар уруғи эрта кўкламда жуда барвақт униб чиқади ва авж олиб ўсиб-ривожланади. Бу арзон ва сифатли эртаги сабзавот ҳамда кўкат етиштириш имконини беради. Уруғ экилган эгатлар усти чириган маҳаллий ўғит ёки қипиқ билан мульчаланса ёки плёнка билан қопланса ниҳоллар тез униб, жадал ўсиб-ривожланади.
   Бунинг натижасида ушбу экинларни эрта баҳорда экишга қараганда 30–40 кун олдин пишиб, ҳосилдорлик 15–20 фоиз ортиши таъминланади. Сабзавотлар уруғини тўқсонбости усулида республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда декабрнинг 1-ўн кунлиги охирларигача, жанубий ҳудудларда эса 20 декабргача экиш тавсия этилади.
  Бунда юқори сифатли, биринчи синф уруғларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Юқори ҳосил олиш учун сабзининг – «Зийнатли», «Фаровон», «Шантане», «Нантская»; пиёзнинг – «Истиқбол», «Зафар», «Испанский–313»; ош лавлагининг – «Диёр», «Ягона», «Бордо–237»; укропнинг – «Орзу», «Узбекский–243»; петрушканинг – «Нилуфар», «Сахарная» каби совуққа чидамли навларини экиш тавсия этилади.
  Уруғларни катта майдонларга экишда СОН-2,8А русумли сабзавот экиш мосламаси билан лента шаклида, қўш қаторлаб (50+20 см) ёки ушбу мосламада сочма усулда экиш мумкин. Кичик майдонларга эса уруғларни қўлда сепиб, кетидан хаскашлаб чиқиш керак. Ушбу экиш муддати даврида сабзавот уруғини экиш меъёри баҳорги экишдан бир оз кўпроқ бўлиб, ҳар гектар майдон ҳисобига сабзи – 8; пиёз – 16; ош лавлаги – 20; кашнич ва петрушка уруғлари 10 кг. гача сарфланади.
   Уруғларни экиш мосламалар ёрдамида амалга оширилганда уларнинг экиш чуқурлиги 2–3 см. дан ошмаслиги лозим. Экиш билан бирга суғориш эгатлари ҳам олинади. Жанубий ҳудудларда кўчатхонага ноябрнинг 1-ўн кунлигида экилган оқбош карам ниҳоллари майдонга 25–30 декабрда плёнка билан қопланган дугалар остига ўтқазилади.
   Гулкарам уруғи эса ноябрнинг 2-ярмида кўчатхонага сепилиб, кўчатлари декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида плёнкали дугалар остига экилади. Бунда гулкарамнинг F1 «Гудман», «Кашмер», оқбош карамнинг F1 «Фарао», «Бурбон», «Балбро», «Резистор» дурагайларини экиш тавсия қилинади. Иссиқхоналардаги долзарб юмушлар Қиш ойларида иссиқхоналарда сабзавот етиштиришда барча агротехник чора-тадбирлар тўғри ва ўз вақтида олиб борилса, юқори ва сифатли ҳосил олинади.
   Декабрь ойига келиб ҳарорат ва ёруғликнинг кескин пасайиши туфайли помидор ўсимлигининг ўсиб-ривожланиши бирмунча сусаяди. Бунинг олдини олиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим: Иссиқхона ойнаси яхшилаб ювиб тозаланади. Исссиқона ҳарорати кундузи 22–24, кечаси 18–20 оС бўлишини таъминлаш керак. Булутли кунлар кўп кузатилгани боис азотли ўғитлардан кўра, кўпроқ калийли ўғитлардан (калий хлорид ўрнига калий сульфат тавсия қилинади) фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
  Макро ўғитлар билан бир вақтда микроэлементлар эритмаси ўсимлик барглари орқали доимий равишда бериб турилса, ўсимликлар жадал ривожланиб, ҳосилдорлик ошади. Ушбу мавсумда помидор гулларининг табиий чангланиши ва мева тугиши қийинлашади. Айрим ҳолларда гуллар тўкилиши, чангланган тақдирда ҳам нотоварбоп мевалар ҳосил бўлиши мумкин. Шунинг учун помидор гулларига махсус стимуляторлар – ТУ, «Полистимулин–2», «Томатон» билан ишлов бериш керак. Шунда ҳосилдорлик ошиб, мевалар тез пишиб етилади.
     Кузги-қишки мавсумда ҳарорат ва ёруғликнинг тобора пасайиб бориши, ҳаво намлигининг юқори бўлиши экинларнинг касалликка чалинишига сабаб бўлади. Бунда асосан макроспороиз, альтерпарид, қўнғир доғланиш, кул ранг чириш ҳамда турли вирусли касалликлар кўпроқ учрайди. Замбуруғли касалликларга қарши «Фоликур», «Фоликоп» (8 г/10 л), «Ридомил голд» (10 г/10 л), «Квадрис» (2 г/10 л) каби фунгицидларни сепиш яхши натижа беради. Вирусли касалликларнинг олдини олиш учун иссиқхонада мавжуд ва вирусли касалликларнинг ташувчиси бўлган сўрувчи зараркунандаларга қарши курашиш, касалланган ўсимликларга ёғсизлантирилган сутнинг 10% сувдаги эритмаси билан ишлов бериш, ўсимликларни макро ва микроэлементлар билан озиқлантириш тавсия этилади.
  Иссиқхона тупроғини доимий равишда юмшатиб туриш, помидор ўсимлигини вақти-вақти билан ипга ўраш, бачкиларини ўсиб кетмасдан олиб туриш каби агротехник чора-тадбирларни сифатли ўтказиш керак. Минерал ва органик ўғитлар тупроқнинг агрокимёвий таҳлили натижаларига кўра солиниши зарур. Иссиқхоналарда қишки-баҳорги мавсум учун кўчат тайёрлашда уруғлар ноябрь ойининг 2-ўн кунлигида махсус озуқали 10х10 ёки 8х8 см ўлчамдаги тувакларга экилади. Тувакчалар сентябрь ойида чиринди гўнг, унумдор тупроқ, ўтган йилги дарахт қипиғи ёки биогумус, чиринди гўнг (1:1 нисбатда)дан тайёрланади.
   Уруғ сепилишидан олдин «Мокап» ва «Видат Л» сувда эрувчи кукунсимон фунгицидлар билан ишлов берилиши керак. Кўчатлар махсус кўчатхоналарда етиштирилгани маъқул. Кўчатхоналардаги ҳарорат уруғ экилгандан сўнг 20–24 оС бўлишини таъминлаш зарур. Ниҳоллар 2–3 чинбарг чиқаргандан сўнг мунтазам равишда минерал ўғитлар билан озиқлантириб, суғориб туриш керак. 50–55 кунлик помидор кўчатлари доимий жойга декабрнинг охири-январь ойининг бошларида ўтқазилади.
   Бодринг иссиқсевар экин бўлганлиги туфайли иссиқхона ҳарорати кундузи 22–24, кечаси 18–20 оС дан тушиб кетмаслиги керак. Чунки 18 оС дан паст ҳароратда бодрингнинг уншудринг ҳамда илдиз чириш касаллигига чалиниш эҳтимоли ортади. Иссиқхонада ҳаво намлиги 85–90 % бўлгани маъқул. Экиш олдидан уруққа турли зараркунанда ва касалликларга қарши 10 фоизли «Мокап» (60 г/га) ва ЭЗО (60 г/га) препаратлари билан ишлов берилади. Бодринг яхши ўсиб-ривожланиши учун доимий равишда суғориб туриш керак. Шуни ҳам эсда тутиш керакки, совуқ сув билан суғорилганда экинлар турли касалликларга чалиниши мумкин. Шунинг учун имкон қадар илиқ (20–22 оС) сув билан суғориш тавсия этилади.
     Р.Ҳакимов, Б.Азимов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech