Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Декабр 2014 00:00
Республикамизда боғ-токзорлар майдони йил сайин кенгайиши баробарида, олинадиган ҳосил салмоғи ортиб, сифати яхшиланиб бормоқда. Бу борада кейинги йилларда янги боғлар, айниқса, тез ҳосилга кирувчи интенсив боғлар майдонларини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилаётгани муҳим омил бўлмоқда.
  Тажрибали боғбонларимиз ҳозирданоқ келгуси йилда боғ-токзорлардан мўл ва сифатли ҳосил олиш тадоригини кўришмоқда. Бунда шудгорлаш олдидан боғларнинг қатор ораларига 10–15 т/га маҳаллий ўғит ҳамда соф ҳолда 90 кг фосфор, 60 кг калий ўғитларини солиб, 25–30 см чуқурликда ҳайдашнинг аҳамияти катта.
  Ҳайдалмай қолган ҳар туп дарахт атрофини 25–30 см чуқурликда ағдариб чопиш зарур. Касалланган, синган шохлар, қуриб қолган дарахтлар қирқилиб, боғдан ташқарига чиқариб ташланади. Ҳаво очиқ ва илиқ кунлари боғларда монилиоз, клястероспориоз, парша, дарахт таналарини шикастлайдиган рак касалликлари тарқалишининг олдини олиш мақсадида Бордо суюқлигининг 3–4 фоизли суспензияси дарахтлар жиққа ҳўл бўлгунча пуркалади. Бордо суюқлигининг ўрнига мис купоросини 1 фоизли ёки темир купоросини 3 фоизли қилиб сепиш ҳам мумкин.
  Жанубий минтақаларда об-ҳавонинг илиқ кунлари катта ёшдаги уруғли боғларда дарахтларга шакл бериш, буташ ишларини бошласа бўлади. Бунда биринчи галда катта ёшдаги олма, нок ва бошқа уруғ мевали дарахтлар буталади. Айни кунларда боғ-токзорларга яхоб суви берилса, мавсум давомида тупроқда намликни етарлича сақлашга хизмат қилади. Бунда ҳар гектарга 1500–2000 м3 сув сарфлаб, 4–5 кун давомида суғориш мақсадга мувофиқ. Янги барпо этиладиган боғ-токзорларнинг ҳар гектарига 30–40 т маҳаллий ўғит ҳамда 300–400 кг фосфорли ва калийли ўғитлар солиб, ер 35–40 см чуқурликда ҳайдалади.
   Шўрланган ерларнинг шўри гектарига 10–12 минг м3 сув сарфланиб яхшилаб ювилади. Резавор мевалилардан қулупнайзорларда қатор оралари кузда ҳайдалмай қолган бўлса, қатор оралари чуқур ҳайдалиб, туп атрофи кўмма чопиқ қилинади. Ўсимликнинг илдиз ва новдаларини қиш совуқларидан сақлаш мақсадида похол ёки чириган гўнг (10–15 т/га) солиб чиқилади. Ёғинлар кам бўлиб, ҳаво ҳарорати қуруқ келган қиш фаслида қулупнайзор қўшимча равишда суғорилади.
    Кейинги йиллари республикамизда қиш об-ҳавосининг ўта паст келиши, эрта баҳорда қисқа муддатли совуқларнинг қайтарилиши боис кўмилмай қолган токзорларда ток новдалари зарарланмоқда. Шунинг учун албатта токларни кўмиш зарур. Жанубий минтақаларда – ток кўмилмайдиган ҳудудларда – қишнинг илиқ кунларида токзорларда токларни кесиш ва шакл бериш ишларини олиб бориш мумкин.
   Декабрь ойининг ўрталарида токзорларга 1500–2000 м3 ҳисобида биринчи яхоб суви берилади. Кўмилмай қолган токзорларда кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз ва рак касалликлари юқишига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 50 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси (ИСО) ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур.
  Республикада ҳозирги вақтда интенсив боғлар асосан тоғ ва тоғолди ҳудудларда ташкил этилмоқда. Шуни ҳисобга олиб, кейинги йиларда институтимизда ҳар қандай шароитда ҳам ўсиб-ривожланадиган, айни пайтда пакана пайвандтагда ўсувчи дарахтлардан бўйи билан фарқ қилмайдиган, кучли пайвандтагга пакана бўйли пайвандтагдан бўғиз қўйиш йўли билан кўчат етиштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунда кўчатларнинг илдизи кучли ривожланиб, ер устки қисми эса паст бўйли бўлиб ўсади.
  Бундай кўчатлар билан республикамизнинг тоғ ва тоғолди ҳудудлари, қир-адирлар, шўрланган майдонлар, тупроқ қатлами юпқа бўлган шағалли ерлари шароитида ҳам интенсив усулда боғ яратиш мумкин. Бу усулнинг яна бир афзаллиги шундаки, бундай боғларга симбағаз ўрнатилмайди, улар эркин ўсади.
   Тупроқ унумдорлигини ва минерал ўғитларнинг самарадорлигини оширишда ўғитлашнинг янги самарали усулларини қўллаш мақсадга мувофиқдир. Бунда кузги ҳайдовдан олдин фосфор ва калийли ўғитларга қўшиб, аммоний турдаги азот қўшиб берилганда, ҳосилдорлик 30–40 фоизга ошиши билан бир вақтда меванинг сифати ҳам анча яхшиланади. Тупроқнинг унумдорлигини оширишда “Байкал ЭМ-1” препаратини қўллаш яхши натижа беради. Ушбу препарат ҳар гектар майдонга 8–10 л ҳисобидан берилганда, ўсимликнинг ривожида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилади.
   Аҳолини кеч куз ва қиш ойларида мева-узум маҳсулоти билан таъминлаш учун узоқ муддатга сақлашга қўйилган мева ва узум маҳсулоти омборхоналарда ҳар куни кўздан кечирилиб борилади. ҳаво ҳарорати нисбий намликда назорат остида бўлади (ҳаво ҳарорати 0–5оС, нисбий намлик 85–90 % бўлиши керак). Агар ҳаво намлиги ортиб кетса, хоналарга сув сепилади, кечалари деразалар очилиб, пасайтиришга ҳаракат қилинади. Бундай шароитда маҳсулот узоқ муддат тоза сақланади.
    Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech