Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 Март 2015 10:30
    Туман ва муқобил машина-трактор парклари, “Агротехсервис МТП” МЧЖ ва фермер хўжаликлари устахоналарида баҳорги далачилик ишларида қатнашадиган ерларни экишга тайёрлаш, экиш, қатор ораларига ишлов бериш, ўғит сочиш, юк ташиш машиналарини таъмирлаш тадбирлари ниҳоясига етмоқда. Мазкур жараённинг якунловчи босқичи – бу таъмирдан чиқарилган машиналар сифатини назоратдан ўтказиб, уларни меъёрий ҳужжатларда белгилаб қўйилган талаблар асосида қабул қилиб олишдир.
    Таъмирланган машина сифатини назоратлаш уни чуқур текшириш ва барча параметрларни техник шартларда келтирилган талабларга мослигини баҳолашда иборат. Таъмирлаш сифатини назоратлашда ёппасига ва танлаб назоратлаш усулларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
      Ёппасига назоратлашда двигателнинг тирсакли вал, поршен, шатун, ёнилғи аппарати ва насоси, стартер ва генератор каби барча муҳим детал ва узеллари, плуг лемехи, борона тиши ёки диски, сеялканинг экиш аппарати, культиваторнинг ишчи органлари, дори пуркагичнинг насоси ва тўзитгичлари, ғалла комбайнининг сегмент пичоқлари ва янчиш барабани, пахта териш машинасининг шпинделлари ва пахта ажратгич барабанлари параметрлари (ўлчамлари, босимлари, тезликлари, тирқишлари ва бошқа катталиклар) текширувдан ўтказилади.
     Бу усулдан машина таъмирланиб, тайёр бўлганда эмас, балки унинг детал ёки узелларини таъмирлаш жараёнларида (технологик операцияларда) фойдаланилади. Масалан, плуг лемехи ёки пахта териш машинаси ажратгич барабанининг сифати ва параметрлари таъмирлаш жараёнининг ўзида текширилмаса, уларни машинага ўрнатгандан кейин назоратлашнинг сира иложиси йўқ. Таъмирлашнинг сифатсизлиги ерни шудгорлаганда ёки пахта терганда билинади, холос. Дон янчиш барабанида савағичлар ва таянч подшипниклари ишдан чиқади ва таъмирланади.
   Таъмирланган (метал қопланган) савағичлар цехнинг ўзида назоратланиши керак. Барабан комбайнга ўрнатилгандан сўнг бу ишни бажариб бўлмайди. Бир сўз билан айтганда таъмирлашни шундай ўтказиш керакки, токи соз деталлардан соз узел, соз узеллардан соз агрегат, соз агрегатлардан соз машина йиғилсин.
    Танлаб назоратлаш ҳам фақат цехларда қўлланилади. Масалан, МТП темирчилик цехида қайта тикланган лемехларнинг катта партияси ичидан 10–15 таси тасодифан ажратиб олинади ва уларнинг параметрлари (шакли, ўлчамлари, чархланиш бурчаги) ўлчанади. Ўлчанган параметрлар андоза лемехга тўғри келган тақдирда бутун партия сифатли таъмирланган деб баҳоланади, акс ҳолда брак қилинади. Деталларни бракка чиқаришда шошма-шошарликка йўл қўйиш асло мумкин эмас – бракнинг даражаси ва турини сезгирлик билан аниқлаб олиш даркор.
    Тузатилмайдиган брак машинадан ечиб олинган детал ҳолатини техник шартларда белгиланганидан катта фарқланиши билан ифодаланади. Бундай детал фойдаланиш учун яроқсиз деб баҳоланади, чунки уни қайта тиклаш техник жиҳатдан мумкин эмас ёки иқтисодий жиҳатдан фойдасиз. Масалан, подшипник соққалари жойлашган ҳалқа синган бўлса, уни қайта тиклашнинг имкони йўқ, фақат янги подшипник сотиб олиш керак. Учинчи таъмирлаш ўлчамидаги тирсакли вал сиртига метални эритиб қоплаш кўп материал талаб қилади, тезда едирилиб кетади, таъмирлаш харажатлари ўзини оқламайди. Тузатиладиган бракда деталнинг ҳақиқий ҳолати талаб этилганидан шундай фарқланадики, бу фарқни таъмирлаш тадбирларини ўтказиш орқали бартараф этиш иқтисодий зарар келтирмайди. Масалан, валнинг нормал ўлчамга нисбатан камайган диаметрини метал қоплаш ёки навбатдаги таъмирлаш ўлчамигача шлифовкалаш ёрдамида қайта тиклаш мумкин.
    Шартли бракда техник шартлардан четланиш катта бўлмайди (рухсат этилган чегараларда ётади), сифат даражасини бирмунча пасайтирсада, бундай детални машинага қайтадан ўрнатиш мумкин. Мазкур ҳолат қимматбаҳо, металҳажмдор ва тақчил деталлар учунгина ўринлидир. Масалан, едирилганлиги чегаравий ўлчамларда бўлган плуг ағдаргичидан маълум бир муддатда фойдаланиш зарар келтирмайди. Лекин янгиси топилиши билан дарҳол алмаштирилиши керак. Шартли бракка эга бўлган деталларни машинага ўрнатилганлиги машинани таъмирдан қабул қилиш далолатномасида акс этиши лозим. Брак сабаблари:
    -детални тайёрлашда носоз ёки ностандарт қурилмалар, мосламалар ва асбоблардан фойдаланиш (масалан, едирилган сиртларга метални газ-ёй усули билан эмас, балки оддий электрод ёрдамида эритиб қоплаш); агрегатлар, механизмлар ва машинани ростлаш, бўлаклаш, таъмирлаш, йиғиш, чиниқтириш ва синаш жараёнларида тегишли техник шартлар ва қоидаларга амал қилмаслик (масалан, пахта териш аппарати ажратгичларидаги чўтка қиллари шпинделлар сиртига ортиқча ботадиган қилиб ростланган бўлса, қиллар тезда едирилиб кетади;
   -шестерняни валдан ечиб олишда ажратгич асбобидан фойдаланмай, болға билан урилса, шпонка шикастланади, вал эгилиб кетади;
    -шпинделли барабан бир соат ўрнига 10–15 дақиқа чиниқтирилганда шпинделларнинг юқори ва пастки таянчларидаги подшипниклар ва керамик втулкаларнинг техник ҳолатини узил-кесил баҳолаб бўлмайди);
   -сифатсиз детал ва материалларни ишлатилгани (масалан, плуг отвалини трубалардан, лемехини рессоралардан тайёрлаш);
    -машинага сифатсиз техник хизмат кўрсатиш, уни нотўғри сақлаш ва ташиш (масалан, двигател картеридаги мойни 250 мотосоатдан кейин алмаштирмаслик – мойдаги чўкма қириндилар ўзаро ишқаланувчи сиртларни едирилишини тезлаштиради;
     -очиқ майдончада сақланаётган ғалла комбайнидан понасимон тасмалар ечиб олинмаса, уларда иссиқ-совуқ таъсирида дарзлар пайдобўлади;
     -ташилаётган машина транспорт воситасига маҳкам қилиб жойлаштирилмаса, қимирлашлар натижасида шикаст топади); механизатор ва таъмирловчи чилангарларнинг малакаси етарли эмас (механизатор аккумулятор батареясига электролитни ўз вақтида қўйиб, сатҳини ушлаб турмаса, сеткалар тез ишдан чиқади; пайвандчининг чоки мустаҳкам бўлмаса, детал узилиб тушади);
    -устахона ва техник хизмат кўрсатиш шохобчасидаги қониқарсиз иш шароити (паст ҳарорат, қоронғилик, ёмон вентиляция, қурилма-ускуналарнинг эскилиги ёки етишмаслиги). Маълумки, ҳозирги пайтларда носоз трактор ва қишлоқ хўжалиги машиналари фермерлар шийпонларидаги кичик устахоналарда, туман ва муқобил МТПлар цехларида ҳамда таъмирлаш корхоналарида тузатилмоқда.
    Шундай экан, тузатилган машиналар сифатини шу корхоналарнинг ўзида назоратлашни йўлга қўйиш лозим. Фермер устахонасида механизаторнинг ўз кучи билан таъмирланган машина сифатини юқори малакали механизатор ёки муҳандис-механик текшириши зарур.
    Бундай ходимларни таъмирлаш мавсумида вақтинчалик ишга олиш керак. Улар бир эмас, бир нечта фермерга хизмат қилиши ҳам мумкин. Бу ходимлар илгари бош муҳандис, устахона мудири ёки назоратчи – механик вазифаларида ишлаган бўлса янада яхши. Малакали муҳандис-техник ходимларнинг кўпчилиги ҳозир нафақада. Уларга иш таклиф қилинса бас, дарров рози бўлишади. Фермер устахонасида таъмирланган машиналарни текширмай, чиниқтирмай ва созламасдан ишга чиқариш асло мумкин эмас. Туман ва муқобил МТПларда таъмирлаш ишларининг сифатини тажрибали механик ёки устахона мудири назорат қилади ва баҳолайди. Устахонада таъмирдан чиқарилган тракторлар, комбайнлар, пахта териш машиналари ва бошқа техникалар муҳандис-назоратчи ёки механик томонидан қабул қилингандан кейингина ўз эгалари – фермерлар ва тадбиркорларга топширилади.
    Афсуски, кўп МТПларда механик-назоратчи йўқ. У ёки штат жадвалига киритилмаган ёки киритилган бўлсада, малакали мутахассисни топиб, ишга олишмаган. Тажрибалар кўрсатяптики, муҳандис-назоратчидан ойлик маошни аямаслик керак. Унга йил давомида сарфланган маблағ битта двигател, битта ёнилғи насосини ноўрин капитал таъмирлаш учун талаб этиладиган харажатдан бир неча баравар камдир. У ўзини-ўзи тезда оқлайди. Таъмирлаш корхоналарида мураккаб машиналар (комбайнлар, пахта териш машиналари, тракторлар ва қисмлар (двигателлар, ёнилғи насослари, стартерлар, генераторлар, гидромоторлар, электрон ускуналар) таъмирлангани боис алоҳида техник назорат бўлими (ТНБ) ташкил этилган. Бу бўлимни юқори малакали муҳандис-технолог бошқаради. У корхона цехлари ва участкаларида таъмирланаётган детал, узел, агрегат ва машиналар сифатини текширадиган уста ва назоратчилар ишини мувофиқлаштиради ва бошқариб боради. Барча корхоналарда таъмирдан чиқарилган машиналар ва асосий агрегатларга кафолат талонлари берилади.
    Талонларда корхона томонидан машина (агрегат)нинг бузилмасдан ишлаши кафолатланган давр ойларда ёки мотосоатларда келтирилади (масалан, 12 ой ёки 4000 мотосоат). Таъмирланган машина ёки агрегатга паспорт тўлдирилади. Паспортда уларни синаш жараёнида олинган параметрлар (қувват, босим, ток, кучланиш) ёзиб қўйилади. Талон ва паспорт ТНБ бошлиғи ёки муҳандис-назоратчи томонидан имзоланади, машина (агрегат) билан биргаликда буюртмачиларга топширилади. Шундай қилиб, носоз машиналарни сифатли таъмирлаш, таъмирлаш ишлари сифатини узлуксиз назорат этиб бориш, уларни йил давомида бузилмасдан ишлашини ва сарф-харажатларни камайишини таъминлайди.
     М.Тошболтаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech