Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 Март 2015 10:30
   Республикамиздаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантиришда мустаҳкам озуқа базасини яратиш муҳим аҳамиятга эга.
   Беда – серҳосил дуккакли ем-хашак ўсимликлардан биридир. Бедадан хилма-хил озуқалар тайёрлаш мумкин. Бу озуқалар тўйимлилиги билан ажралиб туради. Беданинг шоналаш даврида бир килограмм кўк массаси таркибида 0,22 озиқа бирлиги ва 30 г ҳазм бўладиган оқсил, 1 кг пичанида эса 0,47 озиқа бирлиги ва 101 г оқсил мавжуд. Беданинг таркибида кальций, фосфор, осон ҳазм бўладиган оқсил, ҳайвонлар ҳаёти учун зарур бўлган витаминлар мавжуд.
    Дуккакли ўсимлик бўлгани учун, унга азот кўп ишлатилмайди, чунки бедани ўзи азот тўплайди, шунинг учун кўпроқ фосфорли ва калийли ўғитларни талаб қилади. Дастлабки ривожланиш даврларида фосфорга эҳтиёжи катта. Бу даврда фосфор етарли бўлса, кейинги даврларда ҳам беда яхши ривожланади.
    Март ойида эски беда далаларида ўсиб ривожлана бошлаган ўсимликларни янада яхшироқ тупланиши учун бедапоялар фосфорли (Р90) ва калийли (К60) ўғитлар билан озиқлантирилиши ва бороналаш ёки дискаланиши мақсадга мувофиқ. Маълумки, беда ҳосилдорлигига фитономус зараркунандаси салбий таъсир кўрсатади, шу сабабли бедапоя атрофидаги бегона ўтлардан тўлиқ тозалаш, беда ўсимликлари 5–6 см. га етганда фитономусга қарши кимёвий воситалар билан ишлов бериш ва об-ҳаво иқлим шароитларига қараб суғориш тавсия қилинади.
    Ҳашаки лавлаги – ширали, енгил ҳазм бўладиган озуқа ҳисобланади. Унинг таркибида чорва моллари организми учун зарур бўлган моддалар: углеводлар, азотсиз экстрактив моддалар, минерал тузлар ва витаминлар мавжуд. Ҳашаки лавлаги чорва моллар организмида дағал хашакнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради. 1 кг илдизмевасида 0,11–0,12 озиқа бирлиги, баргида эса 0,10–0,11 озиқа бирлиги бор.
    Уруғи сеялкалар ёрдамида қаторларининг кенглиги 70 ёки 90 см қилиб, марказий иқлим минтақасида (Тошкент, Сирдарё, Самарқанд вилоятлари ва Фарғона водийсида) март ойининг иккинчи-учинчи ўн кунлигида, жанубий вилоятларда эса март ойининг биринчи ярмида, шимолий минтақаларда март ойининг охири, апрель ойининг бошида экилади. Уруғ 3–4 см чуқурликда ва бир хил тизимда экилиши зарур, шунда ҳар бир туп ўсимлик яхши ривожланади. Ҳар гектар ерга 8–10 кг уруғ сарфланади. Ниҳоллар тўлиқ униб чиққач, культивация ўтказилади, сўнг яганалаш ишлари амалга оширилади, бунда ҳар гектар ерда 75–80 минг туп ўсимлик қолдирилади.
    Бу тадбир қисқа вақт ичида тугалланиши лозим. Кузги оралиқ экинлар ҳосилдорлигини ошириш мақсадида эрта баҳорда об-ҳаво, иқлим шароитларига ҳамда ўсимликлар ҳолатига қараб азотли ўғитлар билан озиқлантириш мақсадга мувофиқ. Бунда азотли ўғитларни 60–80 кг/га меъёрда соф ҳолда бериш тавсия қилинади. Ўғитлашдан кейин суғориш ишлари амалга оширилади.
    Баҳорда сулини уруғлик, кўк масса учун февраль ойининг охири, март ойининг бошларида 120–140 кг/га меъёрда экиш тавсия этилади. Маккажўхори – ем-хашак сифатида дони ва пояси ишлатилади. Унинг дони жуда тўйимли (1 кг маккажўхори дони 1,34 кг озиқа бирлигига эга) ҳисобланиб, паррандаларга ва чорва молларига ёрма ҳолида берилади.
   Маккажўхорининг пояси молларга кўклигича берилади ёки силос тайёрланади, дони сут-мум пишиш даврида ўрилганда поясидан юқори сифатли силос тайёрлаш мумкин. Маккажўхори уруғи силос ва дон учун март ойининг охири ва апрель ойининг биринчи ярмигача экилади. Дон учун 22–25 кг/га, силос учун 32–35 кг/га меъёрда, тупроқ шароитига қараб, 5–6 см чуқурликда экилади.
    Ўта юқори ҳарорат, сув танқислиги ва шўрлаган ерларда экин яхши ўсмайдиган минтақа (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва бошқа вилоятларда) силос учун оқжўхори экиб ўстириш яхши натижа беради. Оқжўхори дон учун 8–10 кг/га, силос учун 14–16 кг/га меъёрда экилади. Мазкур тавсияларга жойлардаги фермер хўжаликлари қатъий амал қилсалар озуқабоп экинлардан юқори ҳосил олишга эришади.
     Б.Аллашов, С.Жамолов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech