Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 Март 2015 10:30
    Ўлкамизга баҳорнинг ташрифи билан боғларда ишлар қизғин тус олади. Қишнинг январь-февраль ойларида ҳаво ҳарорати ҳар йилгига нисбатан илиқ ва қуруқ бўлиши боис боғларга шакл бериш, буташ-сийраклаштириш ишлари анча барвақт бошланди. Бундай ишларни дарахтларнинг куртаклари бўртгунига қадар тугатилиши зарур. Ушбу тадбирларни тезлик билан тугаллаб, парвариш ишларини бошлаб юбориш керак.
     Боғларда шакл бериш, бу таш, сийраклаштиришнинг афзаллиги ундаки, дарахт ортиқча ғовламайди, ҳосилдорлиги юқори бўлиб, ҳосил асосан тананинг ичида шаклланади, танасида ҳаво яхши юради ва қуёш нури тушиш даражаси баланд бўлади. Бундай боғлар унумдорлиги ҳам анча юқори бўлади. Боғларда экин қатор ораларини ҳайдаш, суғориш учун эгатларни олиш, дарахт тагларини ағдариб чопиш ишлари бажарилади. Суғориш талаб қилинадиган майдонларни суғориш лозим.
      Ҳосилли боғ ва токзорларни баҳорда (мартда) озиқлантириш учун минерал ўғитлардан бир гектарга соф ҳолда азотли ўғит 120 кг, фосфорли ўғит 90 кг ва калий ўғитидан 30 кг. (20–25 см) солиб озиқлантирилади. Тупроқ унумдорлиги паст бўлган боғларда ҳосилдорликни ошириш мақсадида бу меъёрни 20–30% ошириш мумкин. Минерал ўғитларни органик ўғитлар билан қўшиб бериш, уларнинг самарасини анча оширади. Интенсив турдаги боғларнинг майдони йилдан-йилга ошиб бориши боис бундай боғларда минерал ўғитлар оддий боғларга нисбатан 30–40% юқори бўлиб, улар бир неча муддатларга тақсимлаб берилади. Баҳорги аёзли қора совуқлардан мевали дарахтларни асраш мақсадида боғнинг ҳар бир гектар майдонига тутатиш учун гўнг, хашак ва хазон аралашмасини йиғиб қўйиш (уюмлар сони 150–200 та бўлади) ҳам мақсадга мувофиқдир.
   Кўпчилик боғбонлар бунга унчалик аҳамият бермаслиги боис айрим йиллари ҳосилни йўқотиб қўймоқдалар. Катта ёшдаги дарахтларни ёшартириш, бошқа турдаги ёки навдаги дарахтларни қайта улаш – искана пайванд қилиш ишлари ҳам бажарилади. Боғларда дарахтларнинг гуллаш даврида гулларини яхши чангланиши учун асалари уяларини ўрнатиш зарур.
    Куртаклар бўртганда ҳаво ҳарорати 10о паст бўлмаганида данакли, уруғли боғларга 3 фоизли Бордо суюқлиги билан ишлов берилади (100 л сувга 3 кг мис купороси ва шунча сўнмаган оҳак). Дарахтлар гуллаб бўлгач Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги билан (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча сўнмаган оҳак) пуркаланади. Чуқур таъсир этувчи фунгицидлар яхши самара беради. Шунинг учун кўкламда дарахтлар гулдан чиққач Топсин-М (1 л/га) препаратини 0,1 фоизли қилиб сепилса яхши самара беради. Байлетон (0,2–0,3 л/га), Фоликур (0,25 л/га), Вектра (0,3 л/га) препаратларидан ҳам фойдаланиш яхши самара беради.
    Боғ атрофини иҳоталаштириш ишларига катта эътибор берилиши, яъни шамоллардан ҳимоялаш зарур бўлиб, бунга эътиборни кучайтириб, терак, ўрик, жийда ёки ёнғоқ каби дарахт кўчатларини экиш ишларини олиб бориш керак. Албатта янги боғ барпо этишда уларни ҳимоя қиладиган дарахтларни экиш зарур. Ушбу дарахтлар боғларни қаттиқ шамоллардан, совуқ келиш йўлларидан ҳимоя қилади.
    Янги боғларни барпо этиш жараёнида кўчат экиш майдонини режалаш ва тайёрлаш, суғориш эгатларини олиш, ёш ниҳоллар танасини оқлаш каби ишларни сифатли бажариш талаб этилади. Мевали кўчатларни экишда уларнинг турлари, навлари ҳамда кўчатнинг пайвандтагига эътибор бериш зарур. Интенсив боғларни барпо этишда пакана пайвандтагга уланган олма кўчатларининг қатор ораси 3,5 х 2,5 м ўрта ўсувчи 3,5 х 3 м, нок кўчатлари учун 3,5 х 2 м бўлиши, ўрта ўсувчи учун 3,5 х 2,5 м, ММ-106 пайвандтагига уланган ўрта ўсувчи олма кўчатлари 6 х 4 м, 6 х 5 м, нок учун 5 х 3 м, 5 х 4 м экиш схемалари тавсия этилади. Кучли ўсувчи мевали дарахтларнинг кўчатларини қуйидаги схемаларда экиш тавсия этилади: олма 8 х 7 м, 8 х 6 м, нок 8 х 6 м, 8 х 5 м, беҳи 6 х 4 м, 5 х 4 м, ўрик 8 х 7 м, 8 х 6 м, гилос 8 х 7 м, 8 х 6 м, олхўри 6 х 5 м, 6 х 4 м, шафтоли 6 х 4 м, 5 х 4 м, ёнғоқ 8 х 8 м, 8 х 7 м, бодом 6 х 5 м, 6 х 4 м, хурмо 6 х 6 м, 6 х 5 м, олча 6 х 4 м, қорағат (смородина), 2,5 х 1,5 м, 2,5 х 1 м, 2 х 1,5 м, малина 2,5 х 0,5 м, 2 х 0,5 м. Экилган кўчатларга шакл бериш, боғ қатор ораларини ҳайдаш, дарахт тагларини чопиш, минерал ўғитлар солиш каби парвариш ишлари ўтказилади.
     Токзорларда темир-бетон устунлар таъмирланади, симлар тортилиб чиқилиб, устунларни таги зарур бўлса зичланади, керакли жойларга тиргагичлар ўрнатилади. Март ойининг иккинчи ярмида ток кўчатларини очиб, симбағазларга кўтариб боғлаш ишларини амалга ошириш зарур. Ток тупларида қолдирилган узун новдаларни пархама (пархеш) қилиб, ораларини тўлдириш, маҳаллий ўғит (10–20 т/га) ва минерал (N60,К30 кг/га) ўғитларни солиб, қатор ораларини ҳайдаб, туп атрофларини юмшатиш ишлари бажарилади.
     Барча боғ ва токзорларда тупроқ унумдорлиги ва сифатини ошириш мақсадида, ҳар бир гектар майдонга (кузда сепилмаган бўлса) 8–10 л/га ҳисобида «Байкал ЭМ-1» препаратини ишлатиш тавсия этилади. Бу микробиологик ўғит, тупроқдаги ўзлаштирилмайдиган барча элементларни (N, Р, К, Са, Мg ва бошқ.) ўзлаштириладиган шаклга айлантириб беради. Шу йўл билан тупроқ қолдиқларидан тозаланади ва унинг ғоваклиги яхшиланади. Боғлар, резавор мевалилар ҳамда токзорларда агротехник жараёнлар ўз вақтида сифатли бажарилса, сифатли ва мўл ҳосил олишга эришилади.
     Р.Абдуллаев, Х.Утаганов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech