Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2015 00:00

    Мамлакатимизнинг қулай тупроқ-иқлим шароити битта майдонга йил давомида бир неча маротабагача экин экиб, ҳосил олиш имконини беради. Сабзавот экинларининг об-ҳаво шароитига талаби турлича: айрим сабзавотлар иссиқсевар бўлса, айримлари сал­қинсевар, яна айримларига ёмғирли ҳаво маъқул келса, бошқа бирига умуман тўғри келмайди.

Сабзавоткор хўжаликларда шол­ғом, турп, пиёз каби сабзавотлар такрорий экиладиган майдонларни экишга тайёрлашда ерни ҳайдаш олдидан албатта яхшилаб суғориш талаб этилади. Тупроқ тобига келгандан кейин шудгорлаб, кетма-кет ЧКУ-4 ёки БСО-3 русумли борона билан бороналаб, кейин экин турига мос равишда КРН-2,8А, КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида 70 см ёки 90 см оралиқда эгатлар олиниб экишга тайёрланади.

Турп ва шолғом уруғи асосан августда сепилади. Мазкур экинлар сувга ўта талабчан бўлганлиги боис уларни тез-тез суғориб туриш зарур.

Экиш учун шолғомнинг тезпишар Наманган маҳаллийси, Самар­қанд маҳаллий, Муяссар, турпнинг Андижон–9, Марғилон маҳаллий, дайкон ёки япон турпининг Содиқ ва Куз ҳадяси навлари тавсия этилади.

Мазкур экин турлари уруғлари марказий минтақа ҳудудларда 1–15 август, шимолий ҳудудларда 25 июль-10 август, жанубий минтақаларда 20 август-20 сентябрда сочма ҳамда қатор (лента) қилиб сепилади. Ҳар иккала усулда ҳам эгат ораси 70 см ёки 60 см бўлиши лозим. Уруғ СОН-2,8 сеялкасида экилганда гектарига турп уруғи 4–5 кг, шолғом уруғи 2–3 кг миқдорда сарфланади. Турп уруғи 2, шол­ғомники эса 1,5 см чуқурликда экилади.

Уруғ сепилгандан сўнг майдон обдон намиқтирилса, ниҳоллар тезда униб чиқади. Майсалар тўлиқ униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Иккинчи ягана ниҳолар 2–3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади.

Экин бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ҳар гектарга 400 кг суперфосфат ва 150–180 кг азотли ўғитлар берилади. Майсалар қийғос ривожлана бошлаганда, яъни сентябрнинг ўрталаригача экин ҳар 6–7 кунда гектарига 400–500 м3 ҳисобида суғорилади.

Вегетация мобайнида экин қатор ораларини КРН-2,8А русумли культиватор билан тез-тез культивация қилиб турилади. Шунингдек, зарарли ҳашаротларга қарши курашишга жиддий эътибор бериш талаб этилади.

Пиёз уруғи августнинг иккинчи ярми, сентябрнинг биринчи ўн кунлигида сепилганда асосий ҳосили кейинги йил май ойида ёппасига етилади. Бунда эртапишар Сумбула навини экиш тавсия этилади.

Пиёз уруғи СКОН-4,2 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70–90 см. дан олиб тўрт қаторлаб ёки сочма ҳолда гектарига 14–16 кг меъёрда сепилади. Уруғ 1,5–2 см чуқурликка кўмилади.

Пиёз дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб бозорга чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларига КРН-2,8 А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда ишлов берилади.

Кўзланган ҳосилни олиш учун ҳар гектар майдонга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий миқдорида минерал ўғит бериш керак.

Шунингдек, пиёзни кўчат қилиб экиш ҳам мумкин. Бунинг учун юқоридаги экиш муддатида 0,1 га майдонга 4–5 кг уруғ сепилади ва ниҳоллар 2–4 барг чиқаргандан сўнг 1 га майдонга ноябрь-февраль ойларида асосий майдонга кўчириб ўтқазилади. Бунда уруғ 3–4 баробар кам сарфланади, ўтоқ ва ягана қилиш учун меҳнат сарфи камаяди, маҳсулотнинг товарбоплик сифати юқори бўлади.

Иссиқхоналарни кузги-қишки экиш мавсумига тайёрлаш

Иссиқхоналарда баҳорги-ёзги мавсум тугагандан кейин ўсимлик қолдиқлари йиғиштириб олингач, 28–30 см чуқурликда ҳайдалиши зарур. Ҳайдалма қатлам июль-август ойларида яхши исиб, қисман зарарсизланади.

Иситиш мавсуми бошлангунга қадар қозон ва ускуналарни таъмирлаш талаб этилади. Ушбу давр­да том ойна билан ёпилиб, тешиклар беркитилади. Кузги-қишки мавсум учун экин экишга бир ой қолганда формалиннинг 1 фоизли суюқлиги сепилади ёки ҳар метр куб майдонга 50 г ҳисобида олтингугурт ёқиб тутатилади.

Иссиқхоналарда барча тайёргарлик ишлари августнинг бошларида тугалланиши шарт. Чунки иссиқхонани кўчат ва уруғ экишга тайёрлаш ишларига шу даврда киришилади.

Ҳар йили мавсум бошланишидан олдин иссиқхонанинг ҳар квадрат метрига 20–25 кг. дан гўнг солиш зарур. Тупроқнинг сув-физик хоссаларини яхшилаш учун фақат органик ўғитларнинг ўзи етарли эмас. Иссиқхона тупроғига шоли ёки пахта шелухаси, дарахт қипиғи ва шу кабиларни (тупроқ ҳажмига нисбатан 30–50%) солиб унинг хусусиятини яхшилаш мумкин.

Озиқа моддалар солингандан кейин фреза билан ишлов берилади ва тупроқ юмшоқ ҳолатда сақлаб турилади. Кузги-қишки экиш мавсумининг хусусияти шундаки, бунда ёруғлик ва ҳарорат мунтазам пасайиб боради ва кун узунлиги қисқаради. Буларнинг ҳаммаси ўсимликнинг ўсиб-ривожланиш шароити кескин ёмонлашувига олиб келади. Шунинг учун бир томондан уруғ ва кўчат эрта экилса ўсимлик август-сентябрь ойларидаги қуёш инсоляциядан самарали фойдаланади ва бу помидор (6–8 кг/м2) ва бодринг (8–10 кг/м2) экинлари юқори ҳосил тўплашига имкон яратади.

Помидор ва бодринг кўчатларини экишни энг мақбул муддати Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида август ойининг боши, жанубий ҳудудларда августнинг охири, марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида 15–20 август ҳисобланади.

Кўрсатилган муддатларда уруғ ва кўчат экилганда бодрингни мевага кириши октябрнинг биринчи декадасида, помидорники эса ноябрь ойининг ўртасига тўғри келади. Бунда бодрингнинг F1 Орзу, Борхан, Джемре, Мультистар, Экспоза дурагайларининг ҳосилдорлиги 1 м2 дан 8–10; помидорнинг Субҳидам, Гулқанд навлариники 6–8 кг; F1 Белле, Видетта, Виласко дурагайлариники 10–12 кг. га етади.

Кўчатидан экиш учун помидор уруғи иссиқхонага кўрсатилган муддатдан 35–40 кун олдин экилади. Кўчатларни юқори ҳарорат ва кучли қуёш инсоляциясидан сақлаш учун иссиқхона томига бўр сепиш ёки лой суваш зарур.

Кузги-қишки мавсумда ёруғлик нисбатан паст бўлганлиги сабабли, сабзавот экинларининг озиқланиш майдони (экиш схемаси) қишки-баҳорги мавсумга нисбатан бирмунча каттароқ олинади. Помидор кўчатини экиш учун икки хил схема: бир қаторли 80х40 см ва икки қаторли лентасимон (80+80)/2х40 см қўлланилади.

Бодрингнинг F1 Орзу, Борхан, Джемре, Мультистар, Экспоза уруғсиз дурагайлари катта озиқланиш майдонига мухтож. Бунда кўчатлар бир қаторли 80х50 см ва икки қаторли лентасимон (90+90)/2х50 см схемада экилади. Бу экиш схемасида 1 м2 га 3 туп ўсимлик жойлаштирилади.

Намлик ўсимликнинг илдиз тизимига пастдан тепага фильтрлаш орқали ўтса, илдиз бўйни атрофини ортиқча намланишдан сақлайди, жўяк зичланиши ва қатқалоқ бўлишининг олдини олади.

Иссиқхоналарда бодринг ва помидор етиштиришда ўсимликка шакл бериш зарур. Бодринг тик симбағазларга боғлаб шакллантирилганда пастки бўғинларда 2 тадан мева ва шунча барг қолдирилади, ўрта қисмида 2–3 та мева ва шунча барг, тепадаги шохлар поғонасида 1–2 мева ва 2-3 та барг бўлиши керак.

Помидорнинг ўсишини чеклаш 7–8 шодада бажарилади. Биринчи шингилдан мевалари териб олингандан кейин пастки барглар олиб ташланади. Бу ўсимлик орасида ҳаво алмашинуви ва ёруғлик тушишини яхшилайди. Мева тугишини яхшилаш учун гул шингилларига ўстирувчи модда билан ишлов берилади.

Иссиқхоналарда оқилона ҳарорат тартиботини сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Помидор мева тугабошлаганда ҳаво ҳарорати қуёшли кунларда 21–22 оС, булутли бўлганда 19–20 оС, кечаси 16–17 оС атрофида сақлаш мақсадга мувофиқ. Экин ёппасига мева тугаётган даврда ҳароратни 2–3 оС га кўтариш тавсия қилинади.

Тупроқ ҳарорати ҳаво ҳароратидан 3–4 оС камроқ бўлиши керак. Помидор етиштирилаётган иссиқхоналарда ҳавонинг нисбий нам­лиги 60–70% атрофида бўлишини таъминлаш керак.

Бодринг учун қуёшли кунларда ҳаво ҳарорати 25–28 оС, булутли бўлганда 20–22 оС ва кечаси 18–20 оС дан паст бўлиши керак эмас. Бундай ҳарорат тартиботи ўсимликнинг яхши ривожланишига мойиллик қилади; ҳосил тўплаши яхши бўлади ва ун шудринг ҳамда сохта ун шудринг касалликларининг тарқалишига барҳам беради.

Бодринг ёппасига ҳосилга кирган даврда суғоришдан олдинги тупроқ намлиги чегараланган дала нам сиғимига нисбатан 85–90, ҳавонинг нисбий намлиги 75–80 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

Р. Ҳакимов, Е. Лян, Ф. Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech