Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2015 00:00

Ҳозирги пайтда пахта майдонларини кимёвий препаратлар билан дефолиация қилишда вентиляторли ОВХ-600, ОВХ-28, VP-1, штангали ОШУ-50, ОПШХ-12/5 ҳамда М-1600 пневматик қувурли пуркагичлардан кенг фойдаланилмоқда.

Чунки бу усулда пуркалаётган дефолиант даладан ташқарига тарқалмайди; аҳоли яшайдиган пункт­лар ва чорва яйловлари яқинидаги пахта майдонларини дефолиациялаш мумкин; атрофида дарахтлар ва баланд электр симёғочлар бўлган далаларда ҳам бемалол ишлай олади; пахта майдонларини табақалаб, яъни ғўзани етилишига қараб дефолиациялаш имконияти яратилади; дефолиация харажатлари кескин камаяди.

Пуркагичлар қуйидаги агротехник талабларни қондириши зарур: эритманинг агрегат қамров кенглиги бўйича бир текис тақсимланиши; ғўза тупларига пуркалаётган эритма заррачаларининг майдалик даражаси (дисперслиги); ғўза барглари сиртининг эритма билан қопланиш даражаси (бир квадрат сантиметр юзага тўғри келадиган томчилар сони 25 донадан ортиқ).

Қайрилиш майдончаларининг кенглиги энг камида 3,5 метр бўлиши шарт!

Вентиляторли пуркагичларни ишга тайёрлаш тартиблари:

- пуркагичлар техник жиҳатдан соз бўлган пахтачилик чопиқ тракторларининг бирига осилсин;

- ҳамма ғилдиракларга ҳимоя шчитоклари ўрнатилсин;

- ғилдираклардаги ҳаво босими 1,2–1,6 атм. атрофида бўлсин;

- насос, редуктор ва монометр­даги мой сатҳи текширилсин;

- манометр корпуси ичида эритма бўлишига йўл қўйилмайди;

- барча бирикмалар маҳкамлансин; резина шланглардан эритма томчиламасин, ҳаво сўрилмасин;

- вентилятор паррагини айлантирувчи ва кожухини тебратувчи механизмларнинг ҳолати текширилсин;

- вентилятор кожухидаги тешик ва ёриқлар ямалсин;

- трактор осиш механизмининг марказий тортқиси ёрдамида вентилятор ўқининг тик ҳолатидан орқага (трактор ҳаракатига тескари томонга) қияланиш бурчаги 10–12 градусга тенг бўлсин;

- вентиляторнинг пастки қирраси ва ер сатҳи орасидаги масофа 1,2–2 метр орасида ростланадиган бўлсин;

- суюқлик тўзитгичларни соплонинг ўртасига тик ҳолатда ўрнатилган қувурдаги резьбали тешикларга қўлда қотиринг (калит билан маҳкамланса резьбалар едирилади);

- барча тўзитгичлар юзалари қувурга параллел (тешиклар ён томонларга қараган) бўлсин;

- регуляторни трактор кабинасининг ўнг томонига шундай ўрнатингки, бунда унинг дастагини қўлда бураш қулай бўлсин ва монометр шкаласи тракторчига яққол кўриниб турсин.

Дастак соат стрелкаси йўналишида буралса системадаги босим ва эритма сарфи ошади, тескарисига буралса, камаяди.

Пуркагичнинг ҳамма қисмлари соз ва тўғри ростланган бўлса системадаги суюқлик босими 2–4 атм. чегарасидан чиқмайди.

Штангали пуркагични ишга тайёрлаш тартиблари:

- ғўза дефолиациясида эритма ҳайдаш қувурларига конус шаклидаги тўзитгичларга эга бўлган Conejet русумидаги соплоларни ўрнатинг;

- соплоларни вертикалга нисбатан 45 градус қияликда ростланг;

- бакка ярим қилиб сув тўлдиринг, регуляторни 2 атм. босимга ростланг, насосни ишлатинг ва ҳамма соплолардан сув бир хилда пуркалишини текширинг;

- кўп сув пуркаётган соплоларни алмаштиринг;

- штанганинг четки секцияларини тортиб турувчи трослар таранглиги шундай ростлансинки, бунда секциялар рамалари ер сатҳига нисбатан параллел ҳолатда бўлсин.

Вентиляторли пуркагичларни ишлатиш тартиблари:

- пуркагичнинг остки қисмини юмшоқ мато ёки қоплар билан ўрамасдан дефолиацияни бошлашга рухсат этилмайди;

- агрегатнинг ишчи тезлиги – ғўзалари паст бўйли ва сийрак майдонларда: 6,3–7,5 км/соат, ғўзалари баланд ва қалин майдонларда: 5,3–6,5 км/соат;

- агрегат тезлиги ҳар бир даладаги ғўзанинг ривожига қараб индивидуал равишда танлансин;

- шамолнинг тезлиги 1 м/с. дан паст бўлса эритмани агрегатнинг орқа томонидан ёйиб сепиш усулини (вентилятор тебранма ҳаракат қилади), 1–3 м/с оралиқда бўлганда шамолнинг йўналиши бўйича ёнбошдан пуркаш усулини (вентиляторнинг тебранма ҳаракати тўхтатилади) қўлланг;

- шамолнинг тезлиги 4 м/с. дан юқори бўлса вентиляторли пуркагичлар ўрнига штангали пуркагичлардан фойдаланиш зарур;

- вентилятор соплосининг тебраниш амплитудасини ғўзанинг ривожига қараб ростланг: паст бўйли ғўза майдонлари учун 180о, ўртача бўйли ғўза майдонлари учун 160о, баланд бўйли ғўза майдонлари учун 140о;

- дефолиация жараёнида вентиляторнинг пастки қирраси ва ғўза туплари орасидаги масофа 0,8–1 метр бўлсин;

- тўзитгич қопқоқлари унинг корпусига конуси ичкарига қараган ҳолатда маҳкамланганда суюқлик кам сарфланади ва майда томчилар шаклида пуркалади;

- қопқоқлар конуси ташқарига қараган ҳолатда маҳкамланса суюқлик сарфи ортади ва йирикроқ пуркалади;

- манометр стрелкаси 1 атмосферадан паст босимни кўрсатганда фильтр ифлосланган ёки насос бузилган ёки баклар бўшаган бўлади (фильтр дарҳол тозалансин, насос тузатилсин, баклар эритма билан тўлдирилсин).

Агрегатни бакларда эритма тамом бўлгунча ишлатиш асло мумкин эмас – насос тез ишдан чиқади.

Тўзитгичларни сим билан тозалаш ман этилади.

Штангали пуркагични ишлатиш тартиблари:

- ҳаво қувурининг пастки қисми билан ғўза туплари орасидаги масофани қуйидагича танланг: ғўзаси сийрак ва паст бўйли майдонлар учун – 100 см; ғўзаси қалин ва ўртача бўйли майдонлар учун – 70 см;

- ғўза тупларининг ривожланиш ҳолатига қараб эритманинг пуркалиш (қамров) кенглигини 12 ёки 15 метр атрофида ўрнатинг;

- даланинг охирига етганда штанганинг чап ва ўнг секциялари йиғилсин.

Пироварида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, пуркагичларни гуруҳ ҳолида ишлатиш катта самара беради: агрегатларни ёнилғи билан таъминлаш ва техник хизмат кўрсатишга кам вақт сарфланади, агрегатлар устидан умумий назорат ўрнатилгани боис иш сифати ортади, дефолиация қатнашчиларига яхши маиший хизмат кўрсатилади ҳамда меҳнат унумдорлиги ўсиши таъминланади. Битта дефолиациялаш гуруҳига энг камида тўртта вентиляторли ёки штангали пуркагич, битта ёнилғи билан таъминлаш воситаси, пайвандлаш агрегати билан жиҳозланган битта кўчма устахона бириктирилади. Битта вентиляторли пуркагич учун 5000 литрли цистерна, битта штангали пуркагич учун 2000 литрли цистерна ўрнатилган насосли трактор тиркамаси ажратилади. Шунда ҳар бир пуркагич агрегати бир кунга етадиган дефолиант эритмаси билан таъминланади.

Ғўза дефолиацияси сифатли ўтказилган далаларда пахта териш машиналарининг шпинделлари яшил масса билан тезда кирланмайди, улар узоқ вақт фаоллигича қолади. Шпинделларни кирдан тозалаш ва ювишга кўп вақт сарфланмайди, машинанинг сменали иш унуми ортади. Барглар яхши тўкилгани сабабли, машина бункерига тозалиги меъёрда бўлган пахта йиғилади.

Хуллас, дефолиация мақбул муддатларда сифатли ўтказилган далаларда кўсакларнинг пишиши ва очилиши тезлашади, пахта йиғим-теримини, шу жумладан, машина теримини қисқа муддатларда якунлаш, майдонларни ғўзапоядан барвақт тозалаш ҳамда шудгорлаш ишларини ёғин-сочинга қолдирмасдан, эртароқ бошлаш имкониятлари пайдо бўлади.

   М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech