Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Август 2015 00:00

Август ойида бажариладиган тадбирларнинг аҳамияти пахта ҳосилида ниҳоятда муҳим. Чунки, ҳосилнинг эртаги, сифатли ва мўл бўлиши айни шу ойдаги фидокорона меҳнатга боғлиқ. Бу ойда ғўза агротехникаси талабларга мувофиқ бажарилса, ривожи тезлашиб кўсакларга кўсак қўшилади, вазни ошади, толаси пишиб етилади.

Шунинг учун ушбу маъсулиятли ойда барча пахтакорларнинг ўрни далада бўлиши, айниқса сувчи, механизатор, энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи даркор. Ғўзани қондириб суғориш, оби-тобида культивация қилиб, қатор орасини юмшатиш, зарарли ҳашаротлар – кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира хуружидан ҳимоя қилиш, вилт ва бош­қа хавф­ли касалликларга қарши чоралар кўриш талаб этилади.

Августда бажариладиган юмушларнинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бу пайтга келиб, ғўза қатор ораларида шўра, итузум, қўйпечак, ғумай каби бегона ўтлар кўпаяди. Улар жуда тез ўсиши натижасида ғўзанинг ривожини сусаяди, ҳашаротлар кўпайтиб, пишиб етилишини кечиктиради. Терим пайтида ҳам қийинчилик туғдиради, ҳосил сифатини пасайтиради. Шу сабабли ҳар бир дала яна бир марта кўздан кечирилиб, бегона ўтларни сувдан кейин қўлда юлиб олиш лозим.

Шу ойнинг бошларида ривожи кечроқ бўлган далалардаги ғўзаларни чилпиш ишларини охирига етказиш лозим. Шу йўл билан кечки далаларда ҳам пахта эрта пишиб етилади, ҳосили баракали бўлади.

Суғоришда сувлардан ва маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳам жуда муҳим бўлиб, бунда суғориш шарбат усулида олиб борилса, намлик кўпроқ сақланади, ғўза тез чанқаб қолмайди, суғоришлар оралиғи узаяди, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади, кўсаклар тезроқ тўлишади, кўсакка кўсак қўшилади.

Айниқса, ғўзани оби-тобида суғориш жуда муҳимдир. Яъни, ғўзани чўллатиб ҳам, кўллатиб ҳам суғориш ярамайди. Акс ҳолда, ҳосил тугунчалари тўкилиб, етарлича ҳосил тўпланмайди, биомассаси ортиб, очилиши кечикиб кетади.

Тунги суғориш яхши самара беради: исрофгарчиликнинг олди олинади, ғўза қониб сув ичади.

Сув тақчил жойларда ғўза чанқатиб қўйилса, гул ва тугунчаларини тўкади, кўсаклари кичрайиб, вазни 1–2 г камайиб кетади, толаси яхши етилмайди, чигити пуч бўлиб қолади, оқибатда ҳосил салмоғига путур етади. Борди-ю, далалар кўллатиб, эзиб суғорилса, ғўза бўйига зўр бериб ўсади, бачкилайди ва ғовлаб кетади, ҳосилини тўкиб юборади, пастки қаватдаги кўсаклари чирийди, қорайиб, сифати пасаяди.

Ғўза навларини суғориш меъёри гуллаш-ҳосил тўплаш даврида гектарига 900–1100, пишиш даврида 700–800 м3 ни ташкил этиши тавсия этилади.

Ғўзанининг гуллаш даврида суғориш муддатларини кечикиши ҳисобига
6–7 ц/га ҳосил йўқотилади, тез-тез суғориш ҳам ҳосилга салбий таъсир кўрсатади.

Август ойида ғўза қатор орасини культивация қилиш жуда муҳим ишлардан саналиб, ғўза туплари орасида ҳаво алмашинувини яхшилайди, кўсакларга иссиқ ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади, сифати ҳам меъёрида бўлади. Шу ойда ғўза қатор оралари туташиб-бирлашиб кетмаган далаларда
1–2 марта культивация қилиниши лозим. Лекин қатор орасида культивация шундай ўтказилиши керакки, ғўза тупларига зиён етказмасин, кўсакларни тўкмасин. Бундай культиватор ишчи органлари яхшилаб, сирти силлиқ қилиб ўралган, ғилдираклар олди ҳимояланган, ғўза шохлари ва ҳосил элементларига зарар етказмайдиган бўлиши керак. Мазкур жараёнда тракторнинг тезлиги бир маромда бўлиши талаб этилади.

Агар культивация кечиктириб ўтказилса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади, ғўзани илдизи шикастланади, намлик тез йўқолади, бегона ўтлар кўпаяди, гул ва тугунчалар тўкилиб, ҳосилдорлик 15–25% пасаяди, бир сўз билан айтганда, культивация оби-тобидан 1–2 кунга кечикса 2–3 ц/га, 2–3 кунга кечикса 3–4 ц/га пахта ҳосили камаяди.

Культивацияни чуқур ўтказиш ҳам салбий таъсир этиши мумкин. Шунинг учун охирги культивациялар юзароқ ўтказилиши лозим. Юза культивация далани машина теримига яхши тайёрлаш имконини ҳам бериб, пахта териш машиналари бир текис юришини таъминлайди.

Салқин ҳаво ва қуруқ шароитда кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар кўпаяди. Шу сабабали бундай ҳашаротларга қарши курашни янада кучайтириш зарур. Чунки озгина эътиборсизлик туфайли ҳосилнинг 30 фоизигача бой берилиши мумкин.

Зараркунандаларга қарши курашишда Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти олимлари тавсиясига асосан, биологик кураш усулидан фойдаланиш, зарурият туғилганда кимёвий воситаларни қўллаш лозим.

Кўсак қурти мавжуд майдонларда аввал гектарига 1–2 граммдан трихограмма тарқатиш, 5–6 кун оралатиб уч маротаба (биринчиси 1:10, иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда) бракон қўйилиши лозим.

Ўргимчаккана тарқалган ерларда акарицидлар билан тизимли ишлов берилиши, препаратлардан Узмайт, Энтомайт ва бошқалар 1,0-1,5 л/га меъёрда қўлланилиши, уларни тезда бартараф этади.

Ғўзани август ойида парваришлашда юқоридаги ҳар бир юмуш ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, ғўза ривожи жадал ўтиб, ҳосилига ҳосил қўшилади. Шунинг билан биргаликда пахта машина теримига мос бўлади.

Бу жараёнда соҳа мутахассисларидан, фермер хўжалиги раҳбарларидан, сувчи-ю механизаторлардан алоҳида масъулият, омилкорлик ва фидойилик талаб этилади. Негаки, пахтачиликда ишга доимий эътибор, уюшқоқлик ва бирдамлик ўта муҳимдир. Бепарволик ва бефарқлик фақат зарар келтиради. Айниқса, ҳосил тақдири ҳал бўлаётган шу кунларда бундай ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Август ойининг ҳар бир дамини ғанимат билган миришкор деҳқон ва фермерлар юмушларни ўз вақтида ва сифатли бажарсалар, ҳосил салмоғи ва сифати ошади, кузда юзлари ёруғ, хирмонлари баланд бўлади.

    Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech