Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2015 00:00

Сентябрь ойида боғ ва токзорларда мавсумий парвариш ишлари асосан якунланган бўлиб, пишиб етилган мева ва узум ҳосилини пешма-пеш саранжомлаб олишга киришилади. Кечпишар навлар ҳосили теримига киришишдан 10–15 кун олдин, боғларда ҳар 100 м масофада юк ташиш учун йўллари ўтказилади.

Кечпишар олма, нок ва бошқа мевалар нави, пишиб етилиш муддатига қараб териб олинади. Бунда теримчилар мева-узум ҳосилини териш техникасидан яхши бохабар бўлишлари керак.

Энг аввало ерга тўкилган мевалар терилиб, кейин дарахтдаги ҳосил узилади. Узилган мева-узумлар саралангач, товар ҳолатига қараб яшикларга тахланади ва сақлаш, қайта ишлаш ёки сотувга юборилади.

Мева дарахтлари қишлашга тайёрлаб борилади. Тупроқ қатлами қалин бўлган бўз ва бўз-ўтлоқи майдонлардаги боғларни 25 сентябрдан сўнг суғормаса ҳам бўлади. Тупроқ қатлами юпқа бўлган (таги шағалли) майдонларда сентябрь ойининг охиригача суғориш мумкин.

Дарахтларнинг танаси яхшилаб оқланади. Бунда оҳак ва тупроқ тенг миқдорда олиниб, ҳар 10 л эритмага 2–3 кг молнинг янги шатмоғи қўшиш мақсадга мувофиқ. Оҳакли эритма биринчидан, ниқоб вазифасини бажариб, дарахтнинг совуққа чидамлилигини оширади. Иккинчидан, дарахт танасидаги ёриқларга эритма кириб, у ерда зараркунандаларнинг қишлашини бартараф этади. Эритмадаги шатмоқ эса мавжуд турли касалликлар захирасига қирон келтиради.

Турли зараркунанда ва касалликлар тарқалган майдонларда кеч кузда пуркаш ишларини бажариш учун шу кунларда керакли кимёвий воситалар захирасини яратиш ва пуркагичларни созлаб қўйиш зарур.

Резавор мевалар парвариши

Резавор мевалар парвариши келаси йилдаги ҳосил миқдори ва унинг сифатини белгилаб беради.

Келгуси йилда мўл ва сифатли ҳосил олиш учун қулупнай кўчатлари 15 августгача экиб бўлиниши керак. Улар тупроққа яхши ўрнашиб ривожланиши учун (иложи борича кўпроқ шохлатиш) яхши парвариш қилиниши зарур. Қулупнайзорда 1–2 маротаба чопиқ ўтказилиб, озиқлантирилади. Кўчатнинг ёнидан жўяклар олиб, чиринди, аммофос ва аммонийли азот ўғити бериб суғорилади.

Қулупнайзорга Байкал ЭМ-1 препаратини бериш мақсадга мувофиқ (ўсимлик баргидан озиқлантирилганда 10 л сувга 20–30 г миқдорда, тупроқдан озиқлантирилганда эса 1 га майдонга 8–10 л миқдорда берилади). Баргидан озиқлантириш 1–3 маротабагача қайтарилса, ўсимлик яхши ривожланади ва шохлайди. Қанчалик кўп шохланса, ҳосил шунчалик мўл бўлади.

Қорағат (смородина) ўсимлигининг таги чопилиб, бегона ўтлардан тозаланади ва иложи борича чиринди билан озиқлантирилиб, суғорилади. Туп орасига қуёш нури яхши тушадиган қилиб шакл берилади. Бунда бир йиллик нимжон новдалар ҳамда 5 ёшдан ошган ҳосилли новдалар кесиб ташланади. Ҳар бир тупда 20–25 туп турли ёшдаги новдалар бўлиши керак.

Резавор меваларни бутун ой давомида суғориш мумкин. Шунда улар келаси йил ҳосили учун етарли миқдорда мева куртакларини ҳосил қилади. Қишлашга кирадиган резавор мевалар бегона ўтлардан ҳоли бўлиб, ўсимлик атрофи юмшатилган бўлиши шарт.

Токзорларда бажариладиган юмушлар

Мўл ва сифатли узум олиш учун токларни ҳар йили кесиб, маълум шаклга келтириб туриш зарур. Токлар икки муддатда: кўмиладиган токлар кузда – йиғим-теримдан сўнг, кўмилмайдиган токлар асосан баҳорда кесилади. Новдаларининг сони ва тупда жойланиши токнинг ўсиш кучига қараб тартибга солиб кесилади. Ток кесиб турилганда унинг ҳосилга кириши тезлашади, мўл ҳосил бериш даври узаяди, токзорга ишлов бериш ва бунда механизациядан фойдаланиш, токнинг касаллик ва зараркунандаларига қарши кураш ишлари осонлашади. Ҳосил олиш учун доимо яхши пишган, бақувват, соғлом ва бағазларда яхши ётадиган нормал бўғим орасига эга бўлган новдалар қолдирилади.

Вертикал симбағазда ўстирилувчи ҳосилдор токни умумий қабул қилинган технологияси бўйича кесиш зарур. Ток кўмиладиган туманларда кесиш вақтида тупларда қабул қилинган меъёрдан 20–25 фоиз қўшимча кўзлар қолдирилади. Кучли ўсадиган Ризамат, Пушти тоифи, Нимранг, Хусайни, Қора кишмиш каби навларда кўзлар кўпроқ қолдирилиб, узунроқ кесилади: бир тупда 200–300 тагача кўз қолдирилади. Ўртача ўсувчи Ркацители, Саперави, Мускат розовый навларида кўзлар сони 150–180 тагача қолдирилгани маъқул. Кучсиз ўсадиган Рислинг, Пино черный навларида 80–120 та кўз қолдирилади.

Новдаларни шундай кесиш керакки, уларни пастки симга боғлаш мумкин бўлсин, заифроқ новдалар 2–3 та кўзча қолдириб кесилади. Келгусида 4–6 та занг бўлиши учун новдалар қолдирилади, 9–10 ёшли занг новдаларни янгилаш мақсадга мувофиқ.

Ҳар битта зангда 2–3 (юкламага қараб) новда ва зангнинг қуйи қисмида ўринбосар новда (2–3 кўз) қолдириб кесилади. Занглар иккала томонга тенг тақсимланади. Келаси йили бирорта занг алмашадиган бўлса (олиб ташланадиган), унинг ўрнига занг ҳосил қилиш учун маъқул бўладиган новда қолдирилади.

Кесилган ток туплари кўндоқлаб ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул) ва антракноз касалликларига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур.

Мева ва узум ҳосилини сақлаш

Мева-узум маҳсулотлари ертўла, оддий ўра ёки типовой омборхоналарда сақланади.

Мева-узумни сақлаш учун энг яхши шароит ҳаво ҳарорати ва намлик доимо аниқ белгиланган даражада сақлаб туриш ҳисобланади.

Мевалар етилганда, уларни об-ҳаво қуруқ вақтда, банди билан бирга авайлаб узиш керак.

Сақлаш учун терилган мевалар етилиш даражаси бўйича навларга ажратилади ва улар ўлчамлари бўйича сараланиб, яшикларга жойланади, Яшиклар устма-уст омборнинг шипига 50–60 см масофа қолдириб тахланади. Яшикларнинг айрим қаторлари ўртасида ҳаво юриши учун 10 см тирқиш ва юриш учун 60–80 см. ли йўлак қолдирилади.

Олмани омборларда идишсиз сақлаш учун деворлар бўйлаб турли кенгликда, баландлиги 10–15 см. ли ёндорли сукчаклар ўрнатилади.

Тахтадан ёки фанерадан ишланган баландлик бўйича параллел жойлашган сукчаклар ўртаси 70–80 см. дан кам бўлмаслиги керак.

Мева-узумларни сақлаш вақтида текшириб туриш учун сукчакларга пирамида шаклида уйиб ёки юпқа қават қилиб ёйиб қўйилади.

Олма ва нокни 5–6 ойгача сақлашнинг энг яхши шарт-шароити ҳаво ҳарорати 0–1 °С, нисбий намлик 85–95% бўлганидир.

Албатта, оддий ертўлаларда бундай шароитга эришиш қийин. Шу боис ҳавони тез-тез шамоллатиб, сув сепиб, олтингугурт билан дудлаш ва мева-узумларнинг сифатини кузатиб бориш керак.

Узум сақланаётганда эҳтиёткорлик билан узилган узум бошларини сояга ёйиб, 1–2 кун мобайнида шамоллатиб сўлитилади. Сўнгра узум бошларини иккитадан бойлаб осиб сақласа ҳам бўлади. Ёки узун новдалар билан кесилган узум бошлари сувли идишга новдасини ботириб сақласа яхши натижалар беради.

Айрим жойларда узум қамишдан тўқилган бордонларга ётқизиб ҳам сақланади. Сақланаётган маҳсулот бир ойда икки маротаба кўздан кечирилади ва омборхона олтингугурт билан дудланади.

   Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева, Ж.Агзамходжаев






Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech