Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2015 00:00

Фермер хўжаликларида пахта ҳосилини қисқа муддатда сифатли йиғиб олиш кўп жиҳатдан териш машиналарини юқори унум билан ишлашига боғлиқ. Бунинг учун ҳар бир терим кунидан унумли фойдаланиш, машиналарни кун бўйи бетўхтов ишлатиш, қисмларда юзага келадиган носозликларни даланинг ўзида бартараф этиш чораларини кўриш керак.

Энг аввало, техникани кўп йиллик тажрибага эга бўлган, агрегатларни, айниқса, терим аппаратини созлашни яхши биладиган, “пахта териш машинасининг механик-ҳайдовчиси” деган сертификати бор механизатор қўлига топширмоқ даркор.

Механизатор теримга тушишдан олдин қуйидаги асосий қисмларнинг техник ҳолатини яна бир бор текшириб чиқиши, аниқланган камчиликларни бартараф қилиши лозим:

- шпиндел лентаси тишларининг ўткирлиги, уларнинг ётиб қолмаганлиги (чаноқдаги пахта паллалари тўлалигича суғирилиб чиқади, якка чигит қолмайди);

- шпинделларни тепа ва паст таянчларда енгил айланиши (акс ҳолда уларни ҳаракатлантирувчи фрикцион узатмалар резиналарининг бошланғич қисмлари тезда едирилиб кетади, пружиналари чўзилиб қолади, уларни тез-тез алмаштиришга тўғри келади);

- фрикцион узатмалардаги учта цилиндрик пружина узунлигининг бир хил бўлиши (акс ҳолда фақат узуни тортилади, қолган иккитаси етарлича тортилмасдан қолиб, понасимон тасмаларнинг босим кучини камайтириб юборади);

- шпинделларни тескари томонга айлантирувчи колодка пружинаси бикрлигининг етарлилиги (бикрлик паст бўлса айланиш йўналишини ўзгариш вақти ошади ва шпинделлар сатҳига ўралган паллалар тўла ажралиб чиқмайди, уларнинг бир қисми иш зонасига ўтиб кетади ёки ерга тўкилади);

- пахта ажраткич барабанини енгил айланиши, чўткали планкаларни сепараторларга мустаҳкам қотирилганлиги, чўткалардаги қилларнинг ортиқча едирилмаганлиги, улар узунлигининг бир хиллиги (бўш қотирилган планкалар сепараторлардан чиқиб кетади, кўп едирилган қиллар шпинделларни тозалайолмайди; бундай планкалар дарҳол янгиларига алмаштирилиши керак);

- ажраткич вали ва шестерняси орасидаги резина втулканинг созлиги (агар вал айланганда шестерня айланмаса, гайка қўшимча тортилади, шунда ҳам айланмаса, втулка алмаштирилади);

- барабанлар ва поводоклардаги шестернялар тишларининг бутунлиги ва ортиқча едирилмаганлиги (тишлари синган ва едирилиб кетган шестернялар янгиларига алмаштирилсин);

- пневмосистема вентилятори паррагининг валга коннусимон гайка билан мустаҳкам қотирилганлиги (бу гайка бўш қотирилган бўлса паррак айланмайди); вентиляторга ҳаракат узатувчи понасимон тасмаларнинг созлиги (ортиқча чўзилган, сиртлари едирилган тасмалардан фойдаланиш мумкин эмас);

- аппарат ва бункер гидроцилиндрларидан мойнинг отилиб чиқмаслиги, шлангларни титрамаслиги (манжеталар алмаштирилсин, камчилик шунда ҳам йўқолмаса, гидроцилиндрлар алмаштирилсин; титрашларни йўқотиш учун гидросистемадаги насослар ва мой ажраткичлар текширилсин); электр симлари, айниқса, аккумулятор батареяси клеммаларининг қизимаслиги (контактлар текширилсин, клемма гайкалари қотирилсин; қизиш йўқолмаса электрик мутахассис чақирилсин);

- электр симларида қисқа туташувларнинг йўқлиги (симларнинг очиқ жойлари дарҳол ленталар билан иҳоталансин, симлар осилиб турмасин);

- етакланувчи ғилдиракларни вилкаларга мустаҳкам қилиб қотирилгани (бўш бўлса қотирилсин, гайка албатта шплитлансин);

- шиналардаги ҳаво босимининг меъёрдалиги (меъёрида бўлмаса, тўғрилансин);

- ёриткич чироқларининг пухта ишлаши (йўлни, аппаратни ва бункерни ёритувчи чироқлар текширилсин ва созлансин);

- трактор рул ва тормоз системаларининг ишончли ишлаши (носозликлар дарҳол бартараф этилсин; бу системалар носоз бўлганда машинани ишлатишга асло йўл қўйилмайди).

Машиналар юқори унум билан ишлаши ва пахтани ерга меъёридан ортиқ тўкиб юбормаслиги учун уларнинг ҳар бири терим олдидан ва терим даврида дала ва ғўзанинг ҳолатига қараб қуйидаги тартибларда ростланиши лозим:

- аппаратлар иш тирқишлари ўқлари ва машинанинг бўйлама ўқи орасидаги масофалар 450 мм (ғўза туплари иш тирқишига тўла киради);

- аппарат иш тирқишининг вертикал ҳолатдан четланиши, кўпи билан ±15 мм; аппарат пастки рамкасининг ерга нисбатан нопараллеллиги, кўпи билан ±5 мм (рамкалар тупроқни сурмайди, пастдаги чаноқлар пахтаси ҳам териб олинади);

- жуфтликда ишловчи шпинделли барабанлар орасидаги иш тирқишининг пастки ва юқориги қисмларидаги кенгликлари ўртасидаги фарқ, кўпи билан 2 мм; жуфтликда ишловчи шпинделли барабанлар юқориги дискларнинг вертикал бўйича ўзаро силжиши, кўпи билан 7 мм; жуфтликда ишловчи шпинделли барабанлар шпинделларининг ўзаро шахмат тартибида жойлашувидан четланиши, кўпи билан ±6 мм (кўсакларга тўлиқ ишлов берилади, пахта паллалари ва якка чигитлар қолиб кетмайди);

- жуфтликда ишловчи шпинделли барабанлар орасидаги иш тирқиши қийматларининг диапазонлари: олдинги жуфтлик учун 26–40 мм; орқадаги кейинги жуфтлик учун 22–36 мм (пахта тўлиқ терилади, чаноқларда қолмайди ва ерга тўкилмайди); аппаратнинг олдинги ва орқадаги жуфт барабанлари орасидаги иш тирқишлари кенгликларининг тафовути, кўпи билан 4 мм;

- ажраткич чўткалари қилларининг шпинделлар тишларига максимал ботиб туриши 2 мм (қиллар едирилмайди, узоққа чидайди); ажраткич чўткалари қиллари билан шпинделлар тишлари орасидаги максимал тирқиш 1,5 мм (шпинделлар сирти чирклардан яхши тозаланади);

- ёнма-ён жойлашган ажраткичлар орасига ўрнатилган трапециясимон тўсиқнинг қирраси билан олдинги ажраткич чўткаларининг қиллари орасидаги тирқиш кенглиги 5–7 мм (чўткалар пахта толаларидан тўла тозаланади);

- аппарат эшикчаси билан олдинги ажраткич чўткаларининг қиллари орасидаги тирқиш кенглиги 5–7 мм (қабул камерасига узатилаётган пахта ерга тўкилиб кетмайди); пневмосистема вентиляторлари юритмаси тасмаларининг юқориги тармоғини 3–4 килограмм куч (30–40 Н) билан босганда уларнинг эгилиши 11–23 мм (вентилятор меъёрдаги тортиш ҳаво босимини таъминлайди, қувурларга пахта тиқилиб қолмайди).

Пахта ҳосилини йиғиб-териб олишнинг илғор усули – бу муқобил ва туман машина-трактор паркларида йиғиш-ташиш отрядларини ташкил этишдир. Отряд усули пахта териш машиналарининг смена давомида юқори иш кўрсаткичларига эришишини таъминлайди, меҳнат ва моддий маблағлар сарфи анча қисқаради.

Ҳар бир отряд таркиби далаларни машина теримига тайёрлаш, пахта териш, пахта ташиш, техник хизмат кўрсатиш ва маданий-маиший хизмат звеноларидан иборат бўлиши лозим.

Отрядга машина теримини ташкил этишда катта амалий тажрибага эга бўлган муҳандис ёки агроном раҳбарлик қилади.

Далаларни машина теримига тайёрлаш звеносининг вазифасига пахта майдонларини теримга сифатли тайёрлаш, йўл, ўқариқ ва бешамакларни текислаш, бурилиш майдонларини очиш киради.

Звено ихтиёрида грейдерлар ва бульдозерлар, 4–5 та чопиқ трактори ва ер текислагичлар бўлади. Звено бошлиғи (одатда, механик ёки энг тажрибали механизатор) бажарилган ишни далолатнома бўйича отряд бошлиғига топширади. Унда иш сифати, ҳажми ва бажарилиш муддатлари кўрсатилган бўлади.

Пахта териш звеноси. 1000 гектар пахта майдони учун бир отрядда 3 та пахта териш звеноси ташкил қилинади. Уларнинг вазифаси – ҳосилни исроф қилмасдан тез йиғиб-териб олишдан иборат. Бутун отряднинг ишлаш ритми пахта териш звеноларининг уюшқоқлик билан фаолият кўрсатишига боғлиқдир. Бир звенога 4-6 та МХ-1,8 пахта териш машинаси бириктириб қўйилади. Иш икки сменада ташкил қилинганда ҳар бир терим агрегатида 2 нафар механик-ҳайдовчи ишлайди.

Пахта териш машиналаридан унумли фойдаланиш учун унинг ҳар бирига бир кунда териб улгурадиган 4-6 гектар пахта майдони ажратилади.

Звено бошлиғи пахта ҳосилини машинада териш қоидаларига қатъий амал қилади: пахта даласи бутун кенглиги бўйича 10 қатордан иборат алоҳида-алоҳида пайкалларга ажратилади ва улар нишон қозиқлари билан белгиланади. Пайкаллардаги қаторлар ёндош қатор ораларидан бошлаб саналади; қаторларга кириш олдидан аппарат иш тирқишининг кенглиги ростланади. У пахта ҳосилдорлиги ва ғўзаларнинг ривожланганлик даражасига қараб 22–40 мм атрофида ўрнатилади; аппаратлар ёндош қаторларга кирмаслиги керак, чунки бундай қатор ораларининг кенглиги турлича бўлгани туфайли ғўза туплари иш тирқишига эгилиб киради, пахта ерга кўп тўкилади ва аппаратлар ғўзаларни шикастлайди; қаторларга кириш олдидан аппарат ва вентиляторлар ишга туширилади ва тракторнинг зарур тезлик узатмаси қўшилади. Двигател энг катта тезликда ишлашга қўйилади; аппарат иш ҳолатига туширилади. Қайрилиш жойларида охирги ғўза туплари бошқарилувчи ғилдираклар билан тенглашгандан кейингина машинани оҳиста ва равон қайириш керак; даланинг бошида ғўза тўплари аппарат иш тирқишига тўппа-тўғри кириши лозим. Пайкаллардан чиқаётганда охирги ғўза тупи иш тирқишидан ўтгандан кейингина, двигателнинг айланиш частотасини камайтириш мумкин; терим аппаратининг ерга нисбатан баландлиги ғўза тупидаги пастки кўсакларнинг пахтаси тўла териладиган, барабанларнинг пастки дисклари эса пуштага тегмайдиган тарзда ўрнатилади. Механик-ҳайдовчи аппарат рамкаси тупроқни cидиpмaётгaнини ва катта кесаклар иш тирқиши олдини тўсмаётганини доимо кузатиб бориши керак; қабул камералари тиқилиб қолганда машина, аппарат ва вентиляторни дарҳол тўхтатиб, тиқилган нарсаларни олиб ташлаш, носозликларни бартараф этиш лозим. Қабул камераси тиқилиб қолганда иш давом эттирилса, пахта ерга кўп тўкилади, шпинделларга пахта ўралашади ва ажратгичлар синиб кетади; шпинделлар сатҳи – шира босмаган ва пахта толалари билан ўралмаган – тоза бўлиши лозим. Шпинделлар ифлосланганда уларни босим остидаги сув билан ювиб-тозалаш шарт. Акс ҳолда, машинанинг агротехник кўрсаткичлари 3–4 фоизга пасайиб кетади; бункер пахта билан тўлганда дарҳол бўшатиш лозим. Бункери кўтарилган машинани юргизиш қатъиян ман этилади; қаторлардан чиқишда, пахтани бўшатишда, бир даладан бошқа далага ўтишда ва йўлда юрганда аппаратлар транспорт ҳолатга кўтарилади. Машинани узоқ масофага ҳайдаб боришда терим аппаратларини транспорт ҳолатга кўтариш ва уларни тирак ёрдамида қимирламайдиган қилиб қотириш керак, шунда аппаратлар ўз-ўзидан ерга тушиб кетмайди.

Пахта ташиш звеноси. Ҳар бир отрядда 2 та пахта ташиш звеноси ташкил этилади. Бу звеноларнинг вазифаси пахтани машина бункерларидан тайёрлов пунктигача тўхтовсиз ташиб туришдан иборат.

Битта звено 4–6 та тўрт ғилдиракли трактор ва пахта ташийдиган 8–12 та тиркамалардан ташкил топган. Ишни икки сменада ташкил қилиш мақсадида звенога 8–12 нафар механизатор ва 4–6 нафар ёрдамчи ишчи бириктириб қўйилади.

Техник хизмат кўрсатиш звеносининг асосий вазифаси – машиналарга сменали техник хизмат кўрсатиш ишларини ўз вақтида ва юқори сифатли қилиб бажариш, смена давомида юз берган носозликларни бартараф этиш, ишдан чиққан деталларни даланинг ўзида таъмирлаш ёки алмаштиришдан иборат.

Звено таркиби 6 кишидан: мастер-созловчи, икки нафар шофёр-чилангар, тракторчи, электр пайвандчи ва ёнилғи қуювчидан иборат бўлади. Звенога кўчма устахона, техник хизмат кўрсатиш, ёнилғи қуйиш, пайвандлаш агрегати ҳамда шпинделларни ювиш қурилмаси бириктирилади.

Маданий-маиший хизмат звеносининг вазифасига иссиқ овқат, чой тайёрлаш ва уларни далага етказиб бериш, ишдан ташқари вақтда машина терими қатнашчиларининг дам олишини ташкил этиш; янги газета, журнал, китоблар олиб келиш, бадиий ҳаваскорлик жамоаларини далада чиқишларини уюштириш; йиғиш-ташиш отрядининг ҳамма аъзоларига теримнинг бориши ҳақида ахборот бериб туриш каби тадбирлар киради.

Звено таркибида, шунингдек, отряд аъзоларининг соғлиғини назорат қилиш, зарур бўлиб қолганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатадиган фельдшер ёки ҳамшира бўлиши зарур.

Хулоса қилиб айтганда, пахта териш машиналарининг иш унумдорлигини ошириш, уларга даланинг ўзида техник хизмат кўрсатиш йиғим-теримни қисқа муддатларда якунлаш, ҳосилдан бўшаган майдонларга ғалла ёки оралиқ экинларни экиш ишларини сифатли бажарилишини таъминлайди.

    М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech