Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Сентябр 2015 00:00

Маълумки, уруғлик пахтани амалдаги қоида ва тартибларига қатъий амал қилган ҳолда сифатли териб олиш, уруғчиликнинг энг муҳим тадбирларидан бири ҳисобланади.

Жорий йил 10–25 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзпахтасаноат” уюшмасининг қўшма буйруғига асосан махсус комиссиялар томонидан уруғчилик хўжаликлари майдонларида апробация ўтказилди.

Ушбу жараёнда бошқа навлар билан аралашиб кетган (белгиланган меъёрлардан юқори бўлган), вилт (вертициллиоз, фузариоз), гоммоз ва бошқа касалликлар билан зарарланган, кам ҳосилли, чанқатиб қўйилган ғўза майдонлари уруғлик ҳисобидан чиқарилди.

Ҳозирги кундаги асосий вазифа апробация натижаларига кўра уруғлик учун ажратиб олинган майдонлардан уруғлик пахтани сифатли териб олишдан иборатдир.

Бунда, аввало, теримчиларни уруғлик пахтани териб олиш тартиби билан таништириш зарур. Умуман, уруғлик пахтани теришга уруғлик ишларидан хабардор, малакали ишчиларни жалб этиш мақсадга мувофиқ.

Уруғлик пахтанинг намлиги, ифлослиги ва механик шикастланганлиги бўйича чекланган меъёрлар

фоизлар

Кўрсаткичлар номи

1-синф

2-синф

Ифлослик (ифлос аралашмаларнинг массавий улуши), кўпи билан

3,0

8,0

Намлик (намликнинг массавий нисбати), кўпи билан

8,0

9,5

Чигитларнинг механик шикастланиши, кўпи билан

0,5

1,0

Уруғлик пахта хўжаликнинг уруғчи-агрономи, ҳудудий Ғўза уруғчилиги бирлашмалари мутахассислари ва «Давуруғназоратмарказ» инспекторлари назорати остида терилиши шарт.

Илмий асосланган тажрибалардан келиб чиқиб, ғўза кўсакларининг 60–70 фоизи очилганда уруғлик пахтани теришга киришилади. Буни аниқлаш учун даладаги ўқариқ ва сув йўллари текислангандан сўнг, намуна учун даланинг 5 нуқтасидан конверт усулида 10 тупдан ғўза олиниб, улардаги кўсаклар сони ва шундан очилгани санаб чиқилади. Намунадаги 10 туп ғўза кўсакларининг 60–70 фоизи очилганлиги аниқлангандан сўнг йиғим-теримга киришилади.

Амалдаги тартибга кўра, уруғлик учун мазкур навга хос бўлган, ғўза тупининг 3–7-ҳосил шохларидаги 1–2-ўринда жойлашган, тўлиқ очилган ва касалланмаган чаноқлардаги пахта териб олинади. Бундай чаноқларнинг ҳажми битта тупдаги умумий пахтанинг 40 фоизидан ошмайди.

Уруғлик пахтани териб олишда пастдаги (1–2-шохлар) ва тепадаги (8- ва ундан юқоридаги ҳосил шохлардаги) ҳамда ғўзанинг асосий поясидан узоқ жойлашган, касалланган, мажбуран очилган, зараркунанда ҳашаротлар билан зарарланган кўсаклар пахтасини териш тақиқланади.

Уруғлик пахтани теришда теримчиларга махсус чўнтакли этаклар берилиб, асосий уруғлик пахта этакнинг ичига, хом, ривожланмаган ва касалланган кўсаклардаги пахта эса ён чўнтакка солинади.

Уруғлик пахтани пахта тозалаш корхоналари ёки тайёрлов пунктларига топширишдан олдин, хирмонларда бир-икки кеча-кундуз давомида офтобда қуритиб, кейин топширилса, саноат навдорлиги ошади. Бундан ташқари, уруғнинг сифати яхшиланади, физиологик етилиши тезлашади, натижада уруғлик чигитнинг унувчанлиги ва униб чиқиш қуввати ортади.

Уруғлик пахтани қабул манзилларига жўнатишда қўлда терилган уруғлик пахта юк хати кўндалангига қизил чизиқли, машинада терилган уруғлик пахта юк хати кўндалангига яшил ёки кўк чизиқли, техник тола юк хати эса, чизиқсиз бўлади.

Шу ўринда республикада фаолият кўрсатаётган 80 та элита уруғчилиги хўжаликларининг 1-йил, 2-йил ва уруғ кўпайтириш кўчатзорларида етиштирилаётган бирламчи уруғлик пахталарни теришга алоҳида эътибор қаратиш керак. Бунда якка танлов намуналари, оилавий терим намуналари махсус рақамланган қопчаларга, элита уруғлик пахталари эса қанор қопларга фақат нав муаллифлари ва институт оригинаторлари иштирокида териб олиниши лозим.

Уруғлик пахтани қабул қилиш жараёнида ҳар бир масканга ҳудудий Ғўза уруғчилиги бирлашмаси, “Давуруғназоратмарказ” ҳамда “Пахтасаноат” корхонасидан биттадан масъул вакиллар бириктирилади.

Уруғлик пахтани қуритилган ҳолда, намлик ва ифлослик даражаси Давлат стандарти талаблари асосида кеч соат 1900 гача қабул қилинади.

Уруғлик пахтада тош, газлама қийқимлари, кўк кўсак ёки унинг чаноқлари, 4 см2 гача бўлган ғўзанинг кўк барглари, кўк ўтлар ҳамда кўкарган ва мойланган пахта паллачаси кўринишидаги турли хил бегона нарсалар бўлмаслиги керак.

Уруғлик пахтани тайёрлашда хом терилган ва касалликка учраган пахтани қабул қилишга мутлақо йўл қўймаслик зарур.

Уруғчилик хўжаликлардан қабул қилиб олинган уруғлик пахта 250–300 тоннадан қилиб қуйидаги белгиларига қараб алоҳида-алоҳида тўдаларга тўпланади: селекцион нави, авлоди, нав тозалиги, дала гуруҳи, саноат нави, келиб чиқиши, синфи.

Кейинги йил ҳосили мўл ва сифатли бўлиши уруғлик пахтани ёғин-сочинга қолдирмай, эл хирмонига етказиб беришга боғлиқ. Шундай экан, соҳа олим ва мутахассислари, уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда теримчилар бу ишга ҳамжиҳатликда жиддий ёндашишлари талаб этилади.

    Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech