Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Октябр 2015 00:00

Асаларичилик йили албатта куздан бошланади. Асалариларни қишловга тайёрлаш нафақат асалари оиласини асраш имконияти, балки мўл асал олиш гарови ҳамдир. Бунинг учун етарли миқдорда сифатли озуқа жамғариш, қишловга кучли оилаларни қолдириш зарур.

Агар асаларичи кузда бунга эътибор бермаса, баҳорда қўлдан чиқариб юборган имкониятларини қайтара олмайди. Куз давридаги асосий вазифаси
8–10 рамка миқдоридаги ёш асалариси бор кучли оилаларни шакллантириши керак.

Асал йиғими даврида чарчаган қари ишчи асаларилар ўрнини эгаллайдиган ёш асалариларни кўпайтириш лозим. Шу боис, кузда асосий эътиборни она асаларини юқори даражада тухум қўйишга ва уядаги ёш асалариларни озиқлантирилишига қаратиш керак.

Асалари уясида қолдирилаётган рамкалар асаларилар кучига мос тушиши керак. Ортиқча рамкалар уянинг совиб кетишига олиб келади, натижада асалари оиласида ҳар хил касалликлар келиб чиқади.

Кузда даладан шира келиши камайиши билан она асалари тухум қўйишини камайтириб боради ёки умуман тухум қўймасликка ўтади. Бунга қарши уяларни иссиқ қилиб ўраш, уя ўртасида она асаларини тухум қўйиши учун бўш рамкалар қўйиш, табиатда шира ва гулчанг келишига эътибор бериш ва далада шира бўлмаса асалари оиласига қўзғатувчи озуқалар бериб туриш мақсадга мувофиқдир.

Она асаларини тухум қўйишини рағбатлантирувчи, яъни қўшимча озуқа бериб бориш лозим.

Қишловга кираётган асаларилар ҳаётининг давомийлиги, унинг тухумдан чиқиш вақтига боғлиқ. Охирги тухумдан чиққан асаларилар шакар шарбатини қайта ишлашга ва асалари оиласини қишловга тайёрлашда қатнашмайди ва ўзининг физиологик ҳолати бўйича қишловни яхши ўтказади.

Асалари оиласини қишловга тайёрлаш учун асалари оиласини кузги текширувдан ўтказиш лозим.

Бунинг учун, оила кучига (у 5-6 рамкадан кам бўлмаслиги керак), зоти, ёши, қўйган тухумларининг миқдори ва сифати, уяда қолдирилган рамкаларнинг сифатига ва озуқанинг миқдорига эътибор бериш керак.

Кузда ўғри асалариларнинг ҳужумидан сақлаш мақсадида, асалари қутисидаги учиш туйнуклари имкони борича кичрайтириб қўйилади. Асалари оилалари орасида кучсиз, оч қолган, ночор, она асалариси бўлмаган оилалар бўлмаслиги лозим. Оилани текшируви ва озиқлантиришдан сўнг, уялар олдида асал томчилари, шарбат қолдиқлари, мум бўлаклари, озиқлантириш идишларини қолдириб бўлмайди. Текширув ишларини эрталаб ёки кечки пайт тезкорлик билан сифатли ўтказиш лозим. Асалари қутиси қопқоқларини узоқ вақт очиқ қолдирмасдан, имкон қадар рамкалар устига ёпқич мато ташлаб, ишлаш лозим.

Асалари оиласини узлуксиз озиқлантириш учун уларга сифатли кристалланмайдиган асал озуқаси қолдириш ёки асал озуқаси кам бўлган оилаларга рацион асосида озуқа бериш лозим.

Қишлов учун асалариларни кўпайтириш мақсадида, далада гулшира қолмаган пайтларда, ҳар бир асалари оиласига 200-250 граммдан 50 %ли шакар шарбати берилади. Бундай боқув кузда ёш асалариларнинг кўпайи­шида муҳим ўрин тутади. Озиқлантириш учун зарур шакар шарбатини қуюқроқ қилиб тайёрлаш ва уларда 2-3 гр сирка ёки лимон кислотаси қўшиб нордонлаштириш лозим. Бу ўз ўрнида сахароза таркибий қисмлари бўлган глюкоза ва фруктозанинг тезроқ парчаланишига, асалариларнинг қишки озиқа учун берилган шакар шарбатини қайта ишлашни кучайтиришга ёрдам беради.

Асалари оиласини қишловга тайёрлашдан олдин, уларнинг касалликларига қарши курашмоқ лозим. Қишловга кираётган асалари оилаларида варроатоз, акарапидоз, ҳар хил кана ва битларга қарши байварол, флюцин, бипин каби дорилардан уч маротабагача қўллаш ҳамда кемирувчи зараркунандаларга қарши тадбирларни амалга ошириш лозим. Бунинг учун асалари қутисидаги учиш туйнукларини битта асалари кириб чиқадиган даражада торайтириб қўйса бўлади.

Асалари оиласида очиқ ва ёпиқ насл бўлмаган даврда бипин препаратидан фойдаланиш яхши натижа беради. Ҳар бир ишловдан сўнг албатта варроа канаси бор-йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун қўшимча ташхислар ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Агар куз фаслида асаларилар танасида 1 % дан кўп кана борлиги аниқланса, унга қарши такрорий ишлов ўтказиш керак, кана миқдори ҳар 100 та асаларида 1 % дан кам бўлган тақдирда бундай асалари оилаларига канага қарши ишлов берилмаса ҳам уларни қишловдан соғ-омон чиқишига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Қишловни намунали ўтказиш мақсадида, асалари оиласи сақланаётган қутиларда қишнинг совуқ кунларида етарли даражадаги иссиқликни сақлаб қолувчи чораларни кўриш, қутидаги барча тешик ва ёриқларни суваб беркитиш лозим.

Асалари оилалари жойлаштирилган қишлов майдончаларини тўғри тайёрлаш лозим. Бунинг учун кучли шамол эсадиган йўлларни тўсадиган иҳота дарахтзорлар, иморатлар бўлиши ва умуман асалари қишловига халақит бермайдиган жойларни танлаш зарур.

Республикамиз шароитида асалари оиласини қишловга тайёрлашда амалга ошириладиган чора-тадбирлар турли вилоятларда турлича бўлиши мумкин. Лекин бу ишлар негизида асалари оиласини мавсумдан соғ­лом, талофатсиз олиб чиқиш ва асосий асал йиғими давригача кучли асалари оилаларини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.

    О.Тўраев, Х.Донаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech