Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Октябр 2015 00:00

Чорвачилик билан шуғулланувчи барча мутахассислар чорва қишлови олдидан қуйидаги чора - тадбирларни ўтказишлари тавсия этилади:

– молхона ва паррандахоналар эктопаразитлар (кана, бит, бурга) томонидан чақириладиган касалликларга қарши инсектоакарицид препаратлар, жумладан Циперметриннинг 25 фоизли концентрат эмульсиясидан тайёрланган 0,015-0,02% ли ишчи эмульсия билан дезинсекция ва дезакаризация қилиш, улар билан зарарланган чорва моллари ушбу препаратнинг 1 фоизли дусти билан пуркаш усулида даволанади ёки йўриқнома асосида неацидол, цимбуш каби дезинфекцияловчи препаратлардан фойдаланилади.

Қиш мавсумида ёш моллар касалликлари кенг тарқалиб авж олади ва кўп ҳолларда катта меҳнат эвазига олинган бузоқлар туғилганидан кейин биринчи кунларда нобуд бўлади. Бу касалликлар колибактериоз, сальмонеллёз, диплококк инфекцияси, парагрипп, юқумли ринотрахеит каби касалликлардир.

Аммо бу касалликларга қарши ўз вақтида қўлланилган махсус эмламалар (вакциналар ва гипериммун қон зардоблари) уларни деярли 100 фоиз олдини олишга имкон беради. Худди шу эмламалар ва дори-дармонлар бизнинг Ветеринария илмий-тадқиқот институтида республикамиз чорвачилиги эҳтиёжини тўла қондира оладиган ҳажмларда ишлаб чиқарилмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, бу препаратлар касаллик қўзғатувчи микроорга-низм­­ларнинг маҳаллий штаммларидан тайёрланганлиги сабабли улар юқори самарага эга.

Демак, бу муаммони ҳал қилишнинг барча тадбирлари ишлаб чиқилган, фақат уни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш керак.

Бўғоз сигир ва қўйларни туғишидан 1,5-2 ой олдин колибактериоз, сальмонеллёз ва пастереллёз касалликлари олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон ветеринария илмий-тадқиқот институтида ишлаб чиқилган вакциналар билан йўриқномага асосан (қўйлар биринчи марта 2 мл, икккинчи марта 3 мл дан ва қорамоллар биринчи марта 3 мл иккинчи марта 5 мл дан (14 кун оралиғи билан такроран) тери остига эмлаш зарур.

Қорамоллар, носоғлом пунктларда қўй ва эчкилар ёши ва семиз­лигидан қатъий назар қорасон касаллигига қарши ГОА формол вакцина билан орқа сон мушаги ичига 2 мл дозада эмланади.

Қорамолчиликда. Қорамолларни хавфли қон-паразитар касалликларини тарқатувчи каналарни йўқотиш ва молхонага киритмаслик мақсадида ферма атрофи ва молхоналарни инсектоакарицид препаратлар (неацидол, цимбуш, циперметрин) билан, бунда маҳаллий циперметриннинг 25 фоизли концентрат эмульсиясидан тайёрланган 0,015-0,02% ли ишчи эмульсияси билан дезакаризация қилинади.

Қорамоллар ва майда шохли молларни куйдирги ва оқсил касалликларига қарши вакциналар билан йўриқномага асосан эмланади:

– қорамол ва майда шохли ҳайвонларнинг фасциолёз ва дикроцелиоз касалликлари олдини олиш ва даволаш учун альбендазол, альбен каби антигельминтиклар билан йўриқномага асосан фойдаланиш;

– қишлов даврида мутахассислар эътиборини куюкка келган сигирларни ўз вақтида қочиришга қаратиш лозим. Чунки аксарият сигирларнинг қиш вақтида туғиши уларни ўз вақтида қочиришни тақоза этади, бунга эса авваламбор тўлақийматли озиқлантириш ва яхши шароит орқали эришилади.

Барча сигир ва ғунажинлар доимий равишда буғозликка ректал текширилади ва сигирларнинг қисир қолиш сабаблари аниқланади. Қисир қолганлари ажратилиб даволанади, бунда 0,5% фурозолидон эритмаси молларнинг териси остига 2 мл дан 3 марта кунора инъекция қилинади, бачадон массаж қилиниб, 7-8 кундан кейин бўғоз бия қон зардоби (СЖК-3000 сичқон бирлигида) тери остига инъекция қилинади:

– бўғоз қорамол ва қўйларни музлаган ва чириган хашакларни еб қўйишига асло йўл қўймаслик керак;

– бўғоз сигир ва ғунажинлар туғишга 10-15 кун қолганда албатта туғруқхонага ўтказилиши керак, жой қуруқ, тоза ва ёруғ бўлиши талаб этилади;

– янги туғилган бузоқларни 5-10 кунлигигача увиз сутига яхши тўйдириш, иссиқ, юмшоқ тўшамали жойда сақлаш, кейинчалик ёшига қараб гуруҳларга бўлиш, 15-20 кунлигидан бошлаб юмшоқ витаминли озиқалар билан озиқлантириш, елвизакдан сақлаш, чунки ёш бузоқларни ўпкаси шамоллашга жуда сезувчан бўлади.

– бузоқ ва қўзилар ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши билан намоён бўладиган диспепсия, оғиз сути (увиз) токсикози, гастроэнтероколит ва бошқа касалликларини даволаш учун гипериммун қон зардобидан бузоқ ва қўзиларни мускул орасига ҳар куни 3 кун давомида 20 мл дан юборилади;

– бузоқ ва қўзиларнинг нафас йўллари касаликлари олдини олиш учун оқсил гидролизатини бузоқ ва қўзиларни мускул орасига 3 кун давомида 20 мл дан юборилади;

– қишнинг совуқ кунлари кечаси моллар албатта биноларга киритилиши мақсадга мувофиқ, лекин кундузи яйратиш майдончаларида сақлаш тавсия этилади.

Ҳайвонлар организмининг табиий чидамлилигини оширишнинг яна бир шарти уларни қуруқ, мўътадил ҳарорат ва намлик, ҳавоси заҳарли газлардан (аммиак, водородли олтингугурт ва ҳ.к.) тоза бўлган биноларда сақлаш, ёш молларни эса бино намлигини пасайтирадиган, ҳавони микроблардан тозалайдиган ва ҳароратни оширадиган махсус инфрақизил ва ультрабинафша лампа ва мосламалар ўрнатилган биноларда сақлаш жуда яхши самара беради ва кўпинча касалликларнинг олдини олишга сабаб бўлади.

Қўйчиликда. Зоотехния меъёрларига асосан қишлов мавсумига ҳар бир бош қўй учун 150-200 кг дағал ва 30-45 кг концентрат озуқалар тайёрланиши лозим. Мавсумда мавжуд озуқалардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Қишловни намунали ўтказиш учун қўйлар сақланадиган қишги ёпиқ қўралар таъмирланган, дерезалари ёпилган, дезинфекцияланган, тозаланган бўлиши лозим;

– қўйларнинг ўта хавфли брадзот ва энтеротоксемия касалликлари олдини олиш учун қўйлар 1 мл дан мускул орасига вакцина билан эмланса мақсадга мувофиқ бўлади;

– қиш мавсумида қўйларни гельминтлардан профилактика қилиш ҳамда микроэлементлар тан­қислиги олдини олиш учун охурларига антигельминтик туз аралашмаларини солиб қўйиш лозим.

Майда шохли молларда соғ­лом хўжалик, туман, вилоятларда санитария усули орқали, комплекс тадбирлар билан биргаликда бруцеллёз касаллиги олдини олиш ва қарши курашиш чораларини олиб бориш керак. Бунда ҳар ой қон олиниб текшириб, икки маротаба салбий натижа олгунга қадар олиб борилади, кейинчалик ҳар йиллига бир марта бруцеллёзга текшириб борилади.

Бруцеллёз касаллиги билан касалланишга хавфи бор соғлом хўжаликларда ва носоғлом хўжалик, туман, вилоятларда касалликка қарши курашиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар билан биргаликда тирик, қуруқ бруцеллёзга қарши штамм-19 ёки штамм “Рев-1” вакциналари билан тўлиқ дозада 5-6 ойлик қўзиларга қўллаш қўлланмасига асосланган ҳолда эмланади.

Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини трематодоз, стронгилятоз каби гельминтоз касалликлари олдини олиш учун умумий гельминтологик ва капрологик усуллар билан диагностик текширишлар ўтказиш лозим. Касал моллар ажратилиб панакур, ивомек, ивермектин, тетрамизол каби антигельминтик дориворларнинг бирортаси билан йўриқнома асосида даволанади.

Қўйларни эхинококкоз, ценуроз касалликларининг олдини олиш учун отардаги барча итлар махсус дегельминтизация қилинади.

Майда шохли ҳайвонлар эстроз касаллигидан ивомек ёки ивермектин препаратлари билан 1 кг тирик вазнга 1 мл миқдорда (йўриқномага биноан) тери остига инъекция қилиниб даволанади.

Юқорида таъкидланган тадбирларни ўз вақтида бажариш қорамолчилик ва қўйчиликда чорва бош сонини сақлаб қолиш ва юқори маҳсулот олишда муҳим аҳамият касб этади.

     Ш.Жабборов, Б.Элмуродов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech