Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Октябр 2015 00:00

Ўлкамизда кузнинг нафаси сезила бошлагач деҳқону чорвадор қишга тайёргарлик ишлари билан банд бўлади. Чорвани қорли-қировли кунлардан беталофат олиб чиқиш, келгуси йилги юксак натижаларга эришиш тадориги асли шу кунлардан бошланади. Боиси, бугунги пухта тайёргарлик чорва учун жуда зарур ва аҳамиятлидир.

Қорамолларни қишда парваришланадиган биноларга киритишдан аввал биринчи навбатда, молхоналарни иситиш, гўнг ва чанглардан тозалаш, шамоллатиш мосламаларининг ҳолатини текшириш, махсус эритмалар билан дизенфекция­лаш тадбирларини амалга ошириш зарур. Бутун қиш даврига етадиган дағал, ширали ва концентрат озуқаларнинг тўлиқ захирасини тайёрлаш лозим.

Озуқаларни яхши ҳолатда сақлаш шарт. Уларнинг музлаши ва нам­ликнинг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик керак. Моллар суғориладиган сув тоза бўлиши билан бирга совуқ бўлмаслиги лозим. Янги туққан ва юқори маҳсулдор соғин сигирлардан максимал даражада фойдаланиш мақсадида кунига 4 маротаба озиқлантиришни ташкил этиш зарур. Соғин сигирларни соғишдан олдин озиқлантириш тавсия этилмайди. Кунига 4 маротаба озиқлантиришда кучли ва ширали озуқалар эрталаб ва тушгача, дағал озуқалар – эрталаб, тушда ва кечқурун берилади. Озуқаларни бериш тартиби қуйидагича бўлиб, биринчи навбатда, концентрат озуқа, кейин – ширали ва охирги навбатда – дағал озуқалар берилади. Ширали озуқалар берилгандан сўнгра моллар суғорилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Бўғоз молларни туғишга тайёрлаш энг муҳим жараён ҳисобланади. Бундай сигирларни тўғри озиқлантириш, парваришлаш, улардан кунлик соғиб олинадиган сут миқдорини 5-8 кг гача ошириш имконини беради. Шу боисдан ҳам бўғоз сигир ва ғунажинларни туғишга тайёрлашда, асосий эътиборни тўла қийматли озиқлантиришга қаратиш лозим. Қиш мавсумида сутдан чиққан сигирларни озиқлантириш, сақлаш ва парваришлаш шароитларига алоҳида эътибор бериш зарур. Зеро, туғишгача тўғри парваришлаб озиқлантирилган сигирлар эътиборсизлик билан боқилган сигирларга нисбатан 5-10 литр кўп сут беради.

Бўғоз сигирларнинг туғишидан 7-10 кун аввал ва ундан кейинги дастлабки кунларда рациондаги ширали ва омихта ем миқдори бироз камайтирилади. Сигирларнинг физиологик ҳолатига қараб туққанидан кейин 3-6 кунларда суткасига рационига 0,5-1,0 килограмм омихта ем киритилиб борилади, 5-10 кунлардан бошлаб уларнинг рационига илдизмевали озуқалар, кейинроқ эса ширали озуқалар ва минерал қўшимчалар қўшиш мумкин, 10-15 кунларда сигирларга талаб бўйича ширали, дағал озуқалар ва омихта ем меъёр бўйича берилади.

Концентрат озуқаларни бераётган пайтда ош тузи ва бошқа минерал моддалар аралаштирилиб берилади.

Бўғоз сигирларни қиш даврида озуқа рационига беда ёки табиий пичан, чекланган миқдорда сомон, 10-15 кг гача лавлаги, 8-10 кг гача силос, 3-5 кг гача концентратлар киритилади.

Қўй ва эчкичилик чорвачиликнинг сердаромад соҳаларидан бири ҳисобланади. Ушбу соҳада қишловни беталофат ва самарали ўтказишни тақозо этади. Бунинг учун уларни нормал об–ҳаво шароитида парваришлаш соғломлиги, семизлиги ва яхши ривожланишига ҳамда жуннинг сифатига сезиларли даражада таъсир кўрсатади.

Маълумки, қўй ва эчкиларнинг маҳсулдорлиги бевосита истеъмол қиладиган ем-хашакнинг сифати ва миқдорига боғлиқ. Қиш даврида яйловларда асосан тўйимсиз ўтларгина бўлади, бу эса қўй ва эчкиларнинг семизлик даражасига, айниқса яйловларда ўт тақчил бўлган йилларда уларни меъёр даражасида сақлаш имкониятини қийинлаштиради. Қиш ойларида совлиқлар ва она эчкилар 15–20 %гача ўз семизлигини йўқотади. Шу боисдан қўй ва эчкиларнинг қишлов жойига етарли миқдорда туз, хашак ва омихта-ем маҳсулотларининг тўлиқ захирасини яратиш зарур. Қўй ва эчкиларни қишдан муваффақиятли олиб чиқишнинг муҳим шартларидан бири кенг, яхши таъмирланган биноларда сақлашдир.

Об-ҳавонинг қандайлигидан қатъий назар бўғоз эчкиларга катта эътибор бериш, совлиқларга қўзилашдан бир ой олдин 0,3–0,4 кг дан омихта-ем бериш лозим. Қўй ва эчкилар тўйиб озиқланмаслиги чунончи озуқа рационида минерал қўшимчалар етарлича бўлмаслиги организмда моддалар алмашинувининг бузилишига сабаб бўлади. Бу эса, қўй ва эчкилар ҳамда қўзи ва улоқларнинг касалланишига, шунингдек, қўй ва эчкилар жунининг секин ўсишига олиб келади.

Қиш мавсумида бир бош қўй учун дағал озуқалар 3–5 ц, шу жумладан камида 2,0–2,5 ц пичан, 3–5 ц силос, 20–25 кг концентрат озуқалар тайёрланиши лозим. Бир бошга 1 суткада ош тузи ёш қўзиларга 5–8 г дан, ёши катта қўйларга 15–20 г дан берилади.

Яйловда ўтлатиш имкони бўлмай қолган вақтларда боқиш учун хашак (ҳар бир қўйга 1,5 ц ҳисобидан) ва омихта емдан (ҳар бир қўйга 20 кг ҳисобидан) озуқа тайёрланади.

Юқоридаги тадбирларни қишов даврида самарали қўллаш қўй ва эчкилардан юқори даражада маҳсулот олиш имкониятини беради.

Йилқичиликда қиш мавсуми ўта масъулиятли давр бўлиб, бу даврда наслдор айғирлар алоҳида отхонага жойлаштирилади. Бунда ҳар бир айғир учун алоҳида 16 м2 дан кичик бўлмаган денниклар бўлиши керак. Айғирлар ҳар куни тозалаб турилади, туёқлари эса ҳар икки ойда тозаланади. Уларни таглиги учун бир кунда 5 кг сомон ёки 15 кг ёғоч қипиғи солинади. Денниклардан гўнг ҳар куни чиқариб турилади, отхонанинг ҳарорати +4°С дан тушиб кетмаслиги керак. Насл­дор айғирлар ҳар куни яйратиш майдончаларида яйратилади. Фақат қаттиқ совуқ кунлари яйратиш майдончаларига чиқарилмайди.

Айғирларда қочириш мавсумига тайёргарлик январнинг охири февраль ойларидан бошланади ва бу даврда уларни озиқлантириш рациони кучайтирилади. Рационнинг тўйимлилиги айғирларни тирик вазни, зоти, ёши ва бошқа кўрсаткичларига қараб белгиланади. Рацион таркиби ҳар хил бўлиши отларни протеин, кальций, фосфор, каротин ва бошқа тўйимли ҳамда биологик актив моддаларга бўлган талабини тўлиқ қондириши керак. Рацион ҳар 2-3 ҳафтада ўзгартирилиб янги озуқалар киритиб борилади. Рациондаги озуқалар сифатли бўлиши талаб этилади.

Қиш мавсуми бошланишидан олдин хўжаликлардаги ҳамма озуқалар улардаги органик ва минерал моддалар бўйича таҳлил қилинади. Шунга асосан отларни тўла қийматли озиқлантириш ташкил этилади.

Отларни қочириш мавсумий бўлганлиги сабабли қиш мавсумига биялар асосан бўғоз ҳолида кириб келади. Қиш даврида бўғоз бияларни ажратиб алоҳида парваришлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бия­ларни тўлақийматли озиқлантириш ҳар хил озуқаларни танлаб олишга асосланади. Сифатли пичан билан бирга рационга ҳар хил турдаги концентрат ва ширали озуқалар киритилади. Биялар бўғозлигининг иккинчи ярмида рациондаги концентрат миқдори 1-2 кг га кўпайтирилади. Бу даврда айниқса кепакдан ва арпадан атала, кунига 2 кг дан сабзи, ўт ва гўшт-суяк уни ҳамда минерал-витаминли қўшимчалар бериш тавсия этилади.

Қиш даврида биялар отхонага яқин бўлган яйловларга олиб чиқилади. Совуқ кунларда отхонада қолади ва яйратиш майдончаларида яйратилади.

Қиш мавсумига ўтиш олдидан тойлар оналаридан ажратилади ва улар тамғаланади. Тамғалаш 2 хил усулда амалга оширилади: 1 – куйдириш усули, 2 – совуқ усулда тамғалаш, совуқ усулда тамғалаш оғриқсиз бўлиши ва аниқ кўриниши билан афзал ҳисобланади.

Тойларни онасидан ажратиш аста-секинлик билан эмас дарҳол амалга оширилади. Онасидан ажратилгандан сўнг ўсишдан қолмаслиги учун етарли миқдорда сифатли озуқалар билан таъминланиши керак: бунда 3-4 кг майдаланган арпа, 3-5 кг пичан, 0,5 кг кепак ва 2 кг-гача сабзи берилади.

Онасидан ажратилган тойлар 2-3 кун отхонада сақланиб 2-3 отбоқар назоратида яйловга олиб чиқилади. Тойларга қари бияларни қўшиб яйловга олиб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Яйловда боқиш даврида тойларга қўшимча равишда майдаланган сабзи, арпа, кепак ва озроқ пичан берилади. Совуқ тушиши билан яйловда боқиш қисқариб боради. Совуқ тушгач отхонада боқилиб кундузи яйратиш майдончасига чиқарилади ёки 1-2 соат яйловда айлантирилиб келинади. Отхонада сақлаш шароитига ўтилганда эркак тойлар ва урғочи тойлар ажратилади.

Тойлар оналаридан ажратилгандан бошлаб отларга қўлланиладиган барча қоидалар уларга ҳам қўлланилади. Бошлаб тойларни арқонлаб юришга ўргатилади. Бунинг учун яйратиш майдончасига ёки яйловга олиб чиқишда юганланади. Отхонага олиб киришда ҳам арқонлаб олиб кирилади.

Тойларни тозалашга ҳам аста-секин ўргатиб борилади. Аввал силаб кейин тойнинг ўзи етмайдиган жойлари (бўйни, кўкраги) қашланади ва сочиқ билан артиб чиқилади. Зинхор қашлағич ишлатилмайди. Бурнининг атрофлари нам сочиқ билан артилади. Шу тариқа қиш мавсуми давомида тойлар қўлга ўргатиб борилади.

Қиш даврида тойлар 4 марта озиқлантирилади. Концентрат озуқалар 3 мартада бўлиб берилса, пичан 4 марта, сабзи, лавлаги ва бошқа ширали озуқалар 1-2 марта берилади.

Қиш мавсумида айғирлар учун 12-15 ц, биялар учун 8-10 ц, тойлар учун 5-7 ц дан сифатли пичан тайёрланади.

Шундай қилиб, отларга яхши озиқлантириш, асраш ва парваришлаш шароитлари яратилса қишлов беталофат ўтади ҳамда отлар бош сонини кўпайишига замин яратилади.

     А.Нурматов, Р.Рўзиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech