Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Ноябр 2015 00:00

Келгуси йили юқори ва сифатли ҳосил олиш учун айни кунларда боғ қатор ораларининг тупроғи ағдарилиб ҳайдалади. Ҳайдалмай қолган ҳар туп дарахт атрофи 25–30 см чуқурликда ағдарилиб чопилади. Касалланган, синган, қуриб қолган дарахтлар қирқилади ва боғ ташқарисига чиқариб ташланади.

Об-ҳаво шароитига қараб, дарахтлар барги 70–80% тўкилган боғларни монилиоз, парша ва бошқа касалликларга қарши Фиталовин + Фармаед (10 л сувга 20 г + 5 г) ёки Карбамиднинг 6 ёки Бордо суюқлигининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўл қилиб ювилади.

Ноябрь ойида барча мевали дарахтлар, биринчи галда шафтоли, олхўри, ўрик, гилос дарахтларининг тана ва она шохлари оқланиши зарур. Бунда 10 л сувда 2 кг тупроқ, 1,5 кг оҳак эритилиб қалин қилиб оқланади. Унга мол шатмоғи қўшилса тез ювилиб кетмайди.

Ҳосилли боғларда ҳар 2–3 йилда бир маротаба гектарига 20–40 тонна гўнг, ҳар йили минерал ўғитлардан соф ҳолда 150–180 кг фосфор, 50–60 кг калий солиниб, боғлар 25–30 см, токзорларда қатор оралари 25–35 см чуқурликда шудгор қилинади, ўғитлар 15–20 см чуқурликка уялаб берилади.

Ер ости сувлари чуқур бўлган ва мавсумда етарлича суғорилмаган боғ ва токзорлар қиш ойларида суғорилиши керак. Маҳаллий ўғитларни йиғиш, токзорларда симбағазларни таъмирлаш ишлари ҳам кеч кузги юмушлар сирасига киради.

Ушбу ойда янги боғлар барпо қилиш, яъни мевали кўчатларни экиш мумкин. Бунда асосан уруғ мевали кўчатлар экилади.

Янги боғлар барпо қилишда энг аввало боғ майдони танланади. Боғ майдонини танлашда тупроқ унумдорлиги, ер ости сувининг яқинлиги, майдоннинг нишаблиги, суғориладиган сув билан таъминланганлиги, майдон атрофида зовурлар ҳамда иҳота дарахтларининг мавжудлиги ва бошқаларга катта аҳамият бериш зарур. Танланган майдон кўчат экишдан олдин текисланади кейин плантаж плуги билан 50–60 см чуқурликда ҳайдалади. Ҳайдалган тупроқ чизелланиб, мола билан текисланади. Сўнг экиладиган мева навларидан келиб чиққан ҳолда майдон режаланади.

Режа қозиқлари ўрнатилгач, унга назорат қозиқлари ўрнатилади ҳамда кўчат экиш учун чуқурлар ковланади. Чуқурлар махсус чуқур ковлайдиган агрегат – КЯ-100 ёки қўлда 60 х 60 см ҳажмда ковланади.

Кўчатлар экиладиган майдонга олиб келиш даврида кўчатларнинг илдиз қисми шамолламаслиги учун уларни похол, брезент ёки полиэтилен плёнка билан ёпиб ташилади ва жойида кўмиб қўйилади.

Кўчатни экишдан олдин катта чуқурда суюқ (аталасимон) лой тайёрланиб, унга 8:1, 10:1 миқдорда молнинг суюқ шатмоғи қўшилади. Экиш олдидан кўчатларнинг илдизи ушбу шатмоққа яхшилаб ботириб олинади. Бунда экилган кўчатларни тезда суғоришнинг иложи бўлмай қолганда шатмоқнинг ижобий таъсири беқиёсдир.

Кўчат экишни икки киши амалга оширади. Бунда махсус экиш тахтасидан фойдаланилади. Бир киши экиш тахтасини режа қозиқларига ва кўчатни тупроқ сатҳига мос равишда ўрнатади. Иккинчи киши чуқурни тупроқ билан тўлдиради. Бунда аввал тупроқнинг юза қатламидан олинган қисми солинади, сўнг илдиз атрофига, чуқурнинг тагидан чиққан тупроқ солиниб, чуқур тўлдирилади. Кўчат экишда кўчат сал чуқурроқ экилиб (5–10 см), сўнг танасидан вертикал тортиб, илдиз бўғзини лозим бўлган баландлигига кўтариб қўйилади. Бунда чуқурда мавжуд илдизлар тортилиб тўғриланади, бир тартибга келади, кейин чуқур тўлиб тошиб чиққунча сув қуйилади. Катта майдонларда экилган боғларда кўчатга яқин қилиб жўяк олинади ва сув ҳар бир чуқурни тўлдириб тошиб чиқишини таъмин этгунига қадар суғорилади.

Данакли мева кўчатлари эрта баҳорда ўтқазилса яхши самара беради, чунки улар совуққа чидамлилиги пастроқ бўлганлиги боис, айрим вақтда кўчатларга совуқ салбий таъсир этиши мумкин, натижада кўчатларнинг маълум миқдорини совуқ қуритиб қўяди.

Токзорларда токларни кесиш, қўндоқлаш, дорилаш ва кўмиш ишлари узоғи билан ноябрь ойининг биринчи ярмида тугалланиши зарур.

Токларни кесишда биринчи навбатда, антракноз ва бактериал рак билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзорлардан чиқариб ташланади ҳамда ёқиб юборилади. Кўп ҳолларда деҳқонлар ток тупларини ёпиш учун қирқилган новдалардан ҳам фойдаланишади. Бу нотўғри бўлиб, барг ва новдаларда касаллик юқумлари бўлгани боис келаси йил мавсумда токлар янада кўпроқ зарарланишига олиб келади.

Яхши ёпилмаган токлар қишки совуқлардан зарарланади, бу эса ўз навбатида бактериал рак касаллиги кўпайишига олиб келади.

Кесилган ток қўндоқланиб ерга ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз ва рак касалликлари юқумига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур.

    Р.Абдуллаев, А.Арипов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech