Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Декабр 2015 00:00

Кўп гувоҳи бўлганмиз: томорқа эгалари қиш яқинлашгач, ёз бўйи ишлатиб юрган кетмон, ўроқ ва кичик сув насосини ювиб тозалаб, синчковлик билан кўздан кечирадилар. Тиғлари қайтган бўлса болғалаб тўғрилайдилар, эговлаб ўткирлайдилар. Дарз кетган сопларни янгилаб, кейин омборхонага жойлаб қўядилар.

Насоснинг поршени едирилганда уни уйда тузатишни иложи йўқлиги боис, устахонага таъмирлаш учун топширадилар. Кўриб турибсизки, улар оддийгина иш қуролларини аввал кир-чирдан тозаладилар, сўнгра созлигини текшириб (диагностикалаб), носозликларни тўғриладилар (таъмирладилар) ва омборхонага жойладилар (сақловга қўйдилар).

Аммо бугунги кунларда фермерларимиз ишлатаётган «Арион–360С» трактори ва «Доминатор–130» ғалла комбайнига ўхшаган техника воситалари кетмон ҳам, ўроқ ҳам эмас – улар жуда мураккаб ва қимматбаҳо машиналар. Уларни диагностикалаш, сақловга тайёрлаш ва сақлаш муайян тартиб-қоидаларга амал қилишни талаб қилади.

Фермерлар, механизаторлар ва муҳандис-техникларга яхши аёнки, машиналар ишлаётганда двигател трубасидан қора тутун чиқаётган ёки бегона товушлар эшитилаётган, радиатордаги совутиш суюқлиги қайнаётган, подшипниклар корпуслари қизиётган, картер ва редукторлардан мой оқаётган, илашиш муфтаси ёки юриш ғилдираклари шатаксираётган, тупроққа сифатсиз ишлов берилаётган, экишда уруғ сарфи меъёридан ошаётган, қатор ораларига ишлов берилганда ўсимлик ва ҳосил элементлари шикастланаётган, дори сепишда суюқлик бир текис тарқалмаётган, дон ёки пахта ерга кўп тўкилаётган бўлса, билингки, қайсидир детал ёки узел носоз. Машина, унинг узеллари ва агрегатларини қисмларга ажратмаган ҳолда ана шу носозликни аниқлаш ва баҳолаш техник диагностикалашнинг асосий вазифасидир.

Машиналарни диагностикалаш ишларини республикамизнинг қуйидаги корхоналарда амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:

1) муқобил машина-трактор парклари(МТП)нинг техник хизмат кўрсатиш пунктлари ва таъмирлаш устахоналарида;

2) туман МТПлар ва «Агротехсервис-МТП» МЧЖ устахоналарида;

3) машиналарни капитал таъмирлашга ихтисослашган вилоят ва республика таъмирлаш корхоналарида;

4) хорижий машинасозлик компаниялари ва фирмаларнинг республика вилоятларида жойлашган Сервис марказларида.

Муқобил МТПларда плуг, дискли борона, сеялка, култиватор, дори пуркагич каби машиналар диагностикаланади ва таъмирланади.

Туман МТПлар ва «Агротехсервис-МТП» МЧЖлар республика машинасозлик корхоналарида ишлаб чиқарилган чопиқ ва универсал-чопиқ тракторлари, пахта териш машиналари ҳамда фермер хўжаликлари ва муқобил МТПлар томонидан таъмирга топширилган машиналарни техник ҳолатини баҳолайди ва шунга асосан таъмирлаш ишларини амалга оширади.

Вилоят ва республика таъмирлаш корхоналари двигателлар, машиналар (тракторлар, комбайнлар) шассиларини капитал таъмирлайди; детал, узел ва агрегатлар (ёнилғи насоси, гидравлика қурилмалари, электр асбоблари ва бошқалар)нинг қолдиқ ресурсларини аниқлайди, уларни соз (ишлатса бўлади), таъмирталаб (қайта тиклаш мумкин) ва бутунлай носоз (қайта тиклаш мумкин эмас) деган турларга ажратади.

Умуман, машиналарни диагностикалаш натижасида қуйидаги масалалар ўз ечимини топади:

- муайян муддатларда (мото-соат, мавсум сони ёки йилларда) ишлаган машиналарга кўрсатиладиган техник хизматлар жараёнида бажариладиган ишларнинг турлари ва ҳажмларини аниқлаш;

- машиналарнинг қолдиқ (захира) ресурслари ва уларни механизациялашган ишларни бажаришга тайёрлик даражасини (имкониятини) баҳолаш;

- машиналарга кўрсатиладиган техник хизматлар сифати устидан назоратни амалга ошириш;

- машиналарни ишлатиш жараёнида рўй берадиган носозликлар сабабини топиш ва уларни бартараф этишга доир тавсияларни бериш.

Шундай қилиб, техник диагностикалаш машиналарни хизмат қилиш муддатлари давомида рационал иш (агротехник) кўрсаткичларини сақлаб қолиш; бузилишларни олдини олиш йўли билан техник носозликлар туфайли машиналарни тўхтаб қолиш вақтларини қисқартириш; машина узеллари ва агрегатларини асоссиз равишда қисмларга ажратишга чек қўйиш; машиналар, уларнинг узеллари ва агрегатларининг таъмираро ресурсларидан тўлиқ фойдаланиш (эҳтиёт қисмлар сарфини кескин камайтиришга эришилади); машинани қисмларга ажратмаган ҳолда олдин бажарилган техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларининг сифатини баҳолаш; ёнилғи сарфи ва машинани соз ҳолда ушлаб туришга йўналтириладиган харажатларни кескин камайтиришни таъминлайди.

Диагностика натижасида буткул соз деб баҳоланган машиналар сақлашга тайёрланади ва қўйилади.

Плугларни сақловга тайёрлаш. Плуг бетонланган ёки асфальтланган, яъни қаттиқ юзали майдончага олиб келинсин; лемех, отвал ва бошқа узеллар тупроқ, лой ва ўсимлик қолдиқларидан тозалансин ва босим остидаги сув билан ювилсин; цилиндр штуцерларидаги резьбали бирикмаларга ПВК мойи суркалсин ва улар гайка-қалпоқлар билан беркитилсин. Ажратиш муфтали шланглар ечиб олинсин. Очиқ жойларга хомутлар, болт ёки гайкалар ўрнатилсин, ҳимоя мойлари билан қоплансин. Шланглар бино ичида осилган ҳолда сақлансин; отваллар ва предплужниклар, дала доскалари, дисксимон пичоқ, кўтариш механизмларининг винтлари ва шарнирлари, гидроцлиндрлар штоги ва резьбали бирикмаларнинг ишчи сиртлари ПВК мойлари билан қоплансин; лемехлар остига тагликлар, рама учига тиргак қўйилсин.

Пахта ва ғалла сеялкаларини сақловга тайёрлаш. Сеялка чангдан, тупроқдан, чигит ёки дон қолдиқларидан тозалансин, босимли сув билан ювилсин ва қисилган ҳаво пуфлансин; барча ғилдирак гупчаклари, подшипниклар ва узатмалар таянчлари, сошниклар, тарангловчи роликлар ва бошқа ишқаланувчи юзалар солидол билан ёғлансин; мойдонлар текширилсин, тозалансин, яроқсизлари алмаштирилсин; тасмалар, занжирлар ва уруғўтказгичлар ечиб олиниб, тозалансин, ваннага солиниб ювилсин; занжирлар 80–90 даражагача қизиган дизель ёнилғиси билан 20 минут давомида ваннада ювилсин; тасмалар текширилсин, яроқсизлари алмаштирилсин, созларига тальк кукуни сепилсин ва омборга топширилсин; уруғ бункерлари ва бошқа қисмлар сиртидаги занглар қириб ташлансин, жилвир қоғозлар билан тозалансин, ҳаво ёрдамида пуфлансин; сошниклар, экиш аппаратлари, ҳаракат узатувчи юлдузчалар, таянч ғилдиракларнинг сиртқи қопламалари ва бошқа занглайдиган жойлар мойлансин; барча пружиналардаги тарангликлар йўқотилсин; сеялка рамаси тиргакка қўйилсин, шинадаги ҳаво босими 30 фоизга камайтирилсин, сиртига АКС-4 алюминий бўёғи суркалсин ва тиргак билан ердан кўтарилсин.

Культиваторларни сақловга тайёрлаш. Детал ва узеллар чангдан, тупроқдан, бегона ўт ва минерал ўғит қолдиқларидан тозалансин, култиватор тепага кўтарилсин, босимли сув билан ювилсин; мойдонлар текширилсин, солидол юборгич ёрдамида эски мой янгисига алмаштирилсин, бунда мой тирқишлардан сизиб чиқсин; занжирлар ва ўғитўтказгичлар ечиб олинсин, ювиб, тозалансин, НГ-204 ҳимоя мойи суркалсин ва омборга топширилсин; ўғит солиш аппаратининг банкалари ва ҳамма деталлари ўғит қолдиғидан тозалансин. Экиш тарелкаси ва регулятори, ричаг ва шкала, тишли ғилдираклар, ҳаракат узатувчи валиклар ва банканинг ички сиртига ҳимоя ёғи суртилсин. Банкалар қопқоғи зичлаб бекитилсин; деталлар сиртлари зангдан тозалансин, ҳаво билан пуфлансин ва ПЭВ-74 мойи суркалсин; ишчи органлар, резьбали бирикмалар, детал ва шарнирларнинг ишқаланиш сиртлари, ишчи органлар ва осиш механизми секциялари, таянч ғилдираклари сиртлари тозалангандан кейин ҳимоя ёғлари билан қоплансин.

Ғалла комбайнларини сақловга тайёрлаш. Барча дарчалар ва ҳимоя кожухлари очилсин. Комбайинни 10–15 минут ишлатинг, ичкаридаги ўсимлик қолдиқлари ташқарига чиқиб кетади; мой босган жойларни эритмаларнинг бири билан ювинг; электр ускуналарини полиэтилен плёнкалар билан ғилофланг, радиаторнинг ҳимоя тўрини ечиб олинг, босимли сув билан ювинг; двигател картеридаги эски мойни тўкинг. Филтрлар, форсункаларни қиздирилган дизел ёнилғиси билан ювинг. Картерга 80 фоизи дизел ёнилғиси ва 20 фоизи мотор мойидан иборат эритмани қуйинг. Двигателни 10–15 секунд давомида салт ишлатгандан кейин бу суюқликни тўкиб ташланг,ўрнига янги мотор мойини қуйинг; тезликлар қутиси, кетинги кўприк ва охирги узатмалар картеридаги эски мойларни ҳам шу тартибда алмаштиринг; занжирларни ечиб олиб, 90–100 ҳароратдаги дизел мойида 10–15 минут қайнатинг. Уларни мойдан олиб тўрли ваннага солинг ва мой қолдиқлари сирқигандан кейин ваннадан олиб қуритинг. Тоза занжирларни калавалаб сим билан боғланг, сўнгра мой шимдирилган қоғозга ўранг ва омборга топширинг; тасмаларни зангдан тозаланг, иплари чиқиб кетган, моғор босган жойларини 2 фоизли формалин эритмасида дизенфекцияланг, мой доғларини бензин шимдирилган латта билан артиб кетказинг, тасмаларни қуритинг, устига тальк сепинг. Олиниши қийин бўлган тасмаларни жойида артинг, совунли илиқ сувда ювинг, қуритиб, АКС-3 алюминий бўёғини сурканг. Шкивлар ва роликларнинг иш сиртларига зангдан ҳимояловчи мой суртинг; жатка сегмент пичоғини ечиб олинг, тозаланг, ҳимоя мойидан суртинг, ёғоч ғилофга жойлаштириб, омборга топширинг. Қия камерани тозаланг, транспортёр таранглигини камайтиринг, винтларга, занжир ва тароқларга ҳимоя мойини суртинг. Жатка корпусини мувозанатловчи механизм пружинаси таранглигини камайтириг; барча элеваторларнинг қопқоқларини очинг, шнеклар ва куракчаларни кирдан тозаланг. ўалла бункерининг ичини ва шнекларни дон қолдиқлари ва кирдан тозаланг. ўалла бўшатиш шнеги учини ва резина тарновни полиэтилен плёнка билан ғилофланг ва сим билан боғланг; двигател ҳаво тозалагичи деталларини ечиб олиб ювинг, жойига қайтадан ўрнатинг. Ёнилғи филтирини ювиб тозаланг. Картерлардаги тиқинни бўшатиб, эски мойни тўкиб ташланг, ювувчи суюқлик қуйиб чайқатинг, сўнгра уни тўкинг. Корпусларни 5 фоизли АКОР-1 қўшилмаси аралаштирилган янги мотор мойи билан тўлдиринг. Тутун чиқариш ва ҳаво тозалагич трубалари ва бошқа қисмлардаги тешикларни тиқинлар билан зичланг; аккумулиятордаги электролит зичлиги ва сатҳини меъёрига етказинг. Генератор ва стартёр сиртлари, коллектор ва шлицаларини ҳаво билан тозаланг. Клеммаларни мойланг; гидросистема бакига 30 даражагача илитилган ва 5 фоизли АКОР-1 қўшилмаси аралаштирилган мой қуйинг. Гидроцлиндр штокларига ПВК ҳимоя мойидан, шлангларга алюминий бўёғидан сурканг; шиналардаги ҳаво босимини 30 фоизга камайтиринг, сиртига АКС-4 алюминий бўёғидан сурканг. Шиналарни тиргак ёрдамида ердан озгина кўтариб қўйинг.

МХ-1,8 русумли пахта териш машиналарини сақловга тайёрлаш. Терим аппарати ва вентиляторни очиқ жойда 3–5 минут ишлатинг, бункерга йиғилган қолдиқ пахталарни тозалаб олинг. Бункер қопқоғи ва тўрларига илиниб қолган пахта толалари ва хас-чўпларни қўлда олиб ташланг; вентиляторни ўчиринг, аппаратнинг ҳамма эшикчаларини жойидан ечиб олинг, аппаратни 5–10 минут ишлатиб, босимли сувда тўрт томонидан ювинг. Шпинделлар, ажраткич чўткалар ва вентилятор парракларига ёпишиб қолган пахта толалари ва чиркларни қирғичлар ёрдамида тозалаб ташланг. Эшикчаларни жойига ўрнатинг.

Пахта териш машинасини ёпиқ бино ичига ҳайдаб киринг. Омборда сақланаётган кичик ғилдиракни вилкаси билан жойига ўрнатинг. Тракторнинг тагига ва катта ғилдиракларга ўрнатилган ҳимоя шчитокларини ечиб олиб, омборга топширинг.

Қувват олиш валига ўрнатилган тарқатиш редукторини ечиб олинг, унинг шлицали валига ҳимоя кожухини ўрнатинг. Терим аппаратлари, бункер ва рул ғилдираклари гидроцлиндрлари билан трактор гидротақсимлагичи орасидаги барча шлангларни ечиб олиб, тозаланг, омборга топширинг. Очиқ қолган штуцерларни гайкалар ёки қопқоқлар билан беркитинг.

Машинага ўрнатилган ёритиш, габарит ва огоҳлантириш чироқларининг электр симлари тракторнинг электр қурилмаларидан ажратилсин, очиқ қолган клеммалар иҳоталансин, симлар омборга топширилсин.

Машина бўйлама рамаларини тракторнинг орқа кўприги кожухларидаги таянчларга, чап ва ўнг лонжеронларига маҳкамловчи болтлар ҳамда лонжеронлар билан орқа кўприк орасидаги чап ва ўнг кашаклар бўшатиб олиниб, омборга топширилсин.

Машинанинг чап ва ўнг бўйлама рамалари бошларининг остига мустаҳкам тагликлар қўйилсин. Уларнинг баландлиги шундай танлансинки, бунда рамалар ер юзасига параллел ҳолатда бўлсин.

Аппаратдаги иккита редукторнинг қопқоқлари очилсин, ичидаги эски мой олиб ташлансин, дизел ёнилғиси билан ювилсин, янги мой солинсин ва қопқоқлар беркитилсин.

Пневмосистема вентиляторлардаги иккита тасма ва шпинделларни тўғри айлантирувчи саккизта понасимон тасмалари ечиб олинсин, яроқсизлари чиқитга чиқарилсин. Яроқли тасмалар совунли сувда ювилсин, қуритилсин, уларга тальк кукуни сепилсин ва омборга топширилсин.

Шпинделларни тескари айлантирувчи саккизта понасимон тасмалар (тескари айлантирувчи колодкалар) нинг созлари жойида қолсин, фақат тасмалар сиртига тальк кукуни сепиб қўйилсин.

Аппаратнинг қўзғалмас ва қўзғалувчан секцияларини бир-бирига тортиб турувчи пружиналар бўшатилиб, эркин ҳолатга келтирилсин.

Плуг, борона, сеялка, култиватор каби оддий машиналарни бостирма остида, трактор, ғалла комбайни ва пахта териш машинаси каби мураккаб техника воситаларини ёпиқ бинолар ичида сақлаш мақсадга мувофиқдир.

Машиналар ёпиқ бинода сақланса занглашни олди олинади (қишлоқ хўжалиги машиналарининг 70–80 фоиз деталлари очиқ ҳавода занглаш туфайли ишдан чиқади), резина деталлари (тасмалар, втулкалар, шланглар) емирилмай, соз ҳолатда туради, машинани келгуси мавсум учун тайёрлаш кам эҳтиёт қисм талаб этилади, фермер маблағи тежалади, энг муҳими, машинанинг ишлаш муддати ва яроқлилиги ортади. Шундан келиб чиққанда фермерларимиз алоҳида-алоҳида ёки учта-тўрттаси бирлашиб, битта замонавий машина сақлаш саройини қуриб олсалар яхши иш бўлади.

    М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech