Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Декабр 2015 00:00

Суғориладиган ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш ҳамда маҳсулотлар сифатини яхшилашда сара уруғлар, комплекс тадбирлар билан бир қаторда мақбул муддатда ва миқдорда сув билан таъминлаш муҳим омиллардан биридир.

Табиий сув манбалари (дарё, кўл ва бошқалар)дан олинадиган сув миқдорларининг чегараланганлиги ва сувга бўлган эҳтиёжнинг қондирилиши йилнинг об-ҳаво шароити ва ёғингарчиликка боғлиқ ҳолда ўзгариб туриши экиладиган экинларнинг олдиндан режалаштириш ва амалга ошириш имкониятига монелик қилади.

Бундай ҳолларда сув захира манбаи ҳисобланган сув ҳавзалари, сув омборлари, кўллар, ер ости сув захираларидан суғориш эҳтиёжини қондириш омили сифатида фойдаланилиб, деҳқон ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги горизонтал ҳолда вақтинчалик ўрнатилган насос агрегатлари, тик қудуқлардаги суғориш ва мелиоратив насослар ёрдамида суғориш ишлари амалга оширилмоқда.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари ишчи-хизматчилари томонидан насос агрегатларининг ўрнатилиши ва мавжудларини ишлатишда зарурий билим, малака ва тажриба етишмаслиги натижасида уларнинг эксплуатацияси жараёнида муаммолар вужудга келмоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этишда қуйидаги таклиф ва тавсия­ларга амал қилинса, насос қурилмасининг узоқ муддат ва кафолатли ишлаши таъминланади.

Фермер хўжаликларининг ер майдонларидаги сув ўзи етиб бормайдиган қисмларига сув кўтариб бериш учун зарур бўлган насосни танлашда авваламбор ер майдонининг ўлчамлари, экин майдонининг олинадиган сув манбаи сатҳидан баландлиги, тупроқ таркиби ва категорияси, экин тури, қўлланиладиган суғориш (анъанавий, сув ресурсларини тежовчи) технологияларини ҳисобга олиш зарур.

Мисол тариқасида сув манбаи сатҳидан 50 метр баландикда жойлашган (яъни, сувни 50 м баландликка кўтариш керак) фермер ёки деҳқон хўжалигининг 50 гектар экин майдонини суғориш учун насос танланишини кўриб чиқамиз.

Фермер ёки деҳқон хўжалигининг 1 гектар экин майдонини 1 марта суғориш учун гидромодулга кўра, ўртача 800–1200 м3 гача сув талаб этилади. Биз ҳисоб-китоб давомида талаб этиладиган сувнинг миқдорини ўртача 1000 м3 деб олиб, фермер ёки деҳқон хўжалигининг 100 гектар экин майдонини
1 маротаба суғориш учун керак бўладиган сув миқдорини ҳисоблаймиз:

50 х 1000 = 50 000 м3

Энди насослар каталогидан сув чиқариб бериш баландлиги ва сув чиқариш қобилиятига қараб насоснинг русумини танлаймиз.

Ушбу ҳолатда сув чиқариш қобилияти 1250 м3/соат (0,347 м3/сек), сув кўтариш баландлиги 65 метрга тенг бўлган Д турдаги 1250–65 русумли (эски номланиши 12 НДС) насосни танлаганимизда суғориш вақти ва сув чиқариш қобилияти кўриб чиқамиз.

Бу насоснинг бир суткада сув чиқариш қобилияти қуйидагича:

1250 х 24 = 30 000 м3.

50 гектар экин майдонини бир марта суғориш учун 50 000 м3 сув талаб этилишини эътиборга олиб, насоснинг суткалик ишлаб чиқариш кўрсаткичига асосан иш муддати неча кунни ташкил этишини ҳисоблаймиз. Бунинг учун керак бўладиган сув миқдорини насоснинг суткалик ишлаб чиқариш қобилиятига нисбати олинади:

50 000/30 000 = 1,66

Демак, биз танлаган насос ёрдамида фермер ёки деҳқон хўжалигининг 50 гектар экин майдонини 1,5–2 кунда бир маротаба суғориш мумкин.

Мавсум давомида умумий суғоришлар сони экин турига боғлиқ бўлади. Масалан, мавсум даврида экин майдонини 6 марта суғориш талаб этилса, бу давр учун:

6 х 50 000 = 300 000 м3

га тенг миқдордаги сув талаб этилади ва фермер ёки деҳқон хўжалигининг 50 гектар экин майдонини биз танлаган насосни 240 мото/соат (10 сутка давомида) ишлатиш орқали суғоришга эришилади.

Танланган насоснинг техник кўрсаткичларида двигателнинг қуввати, айланиш сони ва бошқа кўрсаткичлари белгиланган бўлиб, двигателнинг кўрсаткичлари ушбу миқдорлардан паст бўлса, сув чиқариш қобилияти ва сув кўтариш баландлиги бўйича кўрсаткичлар тушиб кетади. Аксинча, двигателнинг қуввати насос паспортида кўрсатилган қувватдан юқори бўлса, двигатель тўлиқ қувватда ишламаслиги натижасида қувват коэффициентининг пасайиши кузатилади ва бунинг оқибатида двигателнинг ФИК (фойдали иш коэффициенти) камайиб, ортиқча реактив қувват истеъмолига олиб келади. Шунингдек, двигателнинг айланиш тезлиги насос паспортида кўрсатилганидан кам бўлса, насоснинг чиқувчи қисмида босим кўрсаткичи тушиб, сувни белгиланган баландликка чиқариб бермаслигига ёки кам чиқаришига олиб келади.

Чиқариладиган сувнинг таркибидаги микроэлементларнинг миқдорига кўра, юқорида танланган насосни ўртача 2000 мото/соат ишлаганда жорий ҳамда 6000 мото/соат ишлаганда туб таъмирлаш ишлари амалга оширилса, насос агрегатининг кафолатли ва узоқ муддат ишлаши таъминланади.

Шу билан бирга, ишлаш жараёнида емирилиш оқибатида ўзининг ишчи хусусиятини йўқотган эҳтиёт қисмлар (ишчи ғилдирак, вал, ҳимоя втулкаси, подщибник, корпус подщибниги, сальник ва бошқалар)ни алмаштирилишида унинг сифатига ҳамда насосни таъмирлаш сифатига эътибор бериш, ўрнатилаётганда эса электродвигатель билан насоснинг марказлаштирилиши (центровка ишлари) катта аниқликда амалга оширилиши лозим.

Насос ва электродвигателлар қуёш нури ва ёғингарчиликдан ҳимояланган жойга ўрнатилган бўлиши керак. Акс ҳолда ёзнинг иссиқ кунларида қуёш нуридан электродвигателнинг ортиқча қизиши натижасида куйиши ёки ёғингарчилик мавсумларида эса унда намлик даражаси ошиши ҳисобига қисқа туташув рўй бериши мумкин.

Насос агрегатини ишга туширишдан олдин, уни ташқи техник кўрикдан ўтказиш керак. Бунда насос ҳамда электродивгателнинг рамага (анкер болтлар орқали) мустаҳкам маҳкамланганлигини, айланувчи қисмларини қўл ёрдамида текшириб, электродвигателга тушаётган ортиқча юкламаларни бартараф этиш, уни юкламасиз ишлатиш орқали эса унинг тебраниш даражасини аниқлаш зарур. Бунинг натижасида аварияни келтириб чиқарувчи (резонанс, қисқа туташув, электродвигателнинг куйиши, вал синиши, ярим муфталарнинг бўшаб кетиши ва бошқалар) ҳолатларнинг олдини олишга эришилади.

Ҳаво ҳарорати пасайиб, об-ҳаво совиб кетганда насос агрегати ишлатилгандан сўнг, насос ичидаги ва босимли қувурлардаги сув ва қуй­қалар тўкиб ташланиши лозим. Акс ҳолда суюқлик музлаганда унинг ҳажмини ортиши ҳисобига насос ва босимли қувурлар яроқсиз ҳолга келиб қолади.

Очиқ турдаги сув захираларидан сув олиш имконияти бўлмаган фермер ёки деҳқон хўжаликларининг экин майдонларини суғориш учун мавжуд тавсияга биноан ер ости сув захираларидан фойдаланиш зарур.

Мутахассислар томонидан ер ости сув захирасининг кимёвий таркиби, жойлашган жойи ва чуқурлиги аниқлангандан сўнг, фермер ва деҳқон хўжаликлари экин майдонининг ўлчамлари ҳисобга олиниб тик қудуқ қурилади ва насос танланади.

Тик қудуқлар учун асосан ЭЦВ русумидаги насослар ўрнатилади. ЭЦВ русумидаги насослар танланаётганда юқорида кўрсатилган Д русумидаги насослар каби техник кўрсатгичларига эътибор қаратиш керак.

Масалан: ЭЦВ 10-63-65 русумли насосни таҳлил қилиб кўрайлик. Бунда ЭЦВ-тик турдаги марказдан қочма вертикал электр насоси, 10-обсад қувури ўлчамининг 25 марта қисқартирилгани, яъни 25 х 10 = 250 мм (обсад қувурининг ички диаметри), 63-сув чиқариш қобилияти (63 м3/соат), 65-сув кўтариш баландлиги (65 метр). Ушбу насос ёрдамида фермер ёки деҳқон хўжаликларининг ўртача 13 гектар экин майдонларини 206 мото/соат ишлатиш орқали суғориш мумкин. Бу насос двигателининг қуввати 22 кВт бўлиб, 1 соат ишлаганда 22 х 0,85 = 18,7 кВт/соат электр энергия сарфлайди. Ўз навбатида 1 сутка давомида тўхтамай ишлаганда:

18,7 х 24 = 448,8 кВт/соат электр энергия сарфлайди.

Республикамизнинг айрим ҳудудларида рельефи жиҳатдан бир қанча шундай ҳудудлар мавжуд бўлиб, у ерда марказий электр таъминотига эга бўлган насос станцияларни қуриш ва экин майдонларини суғоришнинг имконияти йўқ. Насос станцияси қуриладиган жой электр тармоқларидан узоқда жойлашган бўлса, бу ерга қурилган насос станцияни ташқи электр таъминот подстанцияси ва электр тармоғи қуриш, эксплуатация қилиш катта миқдордаги харажат ва маблағ талаб этади.

Бундай ҳудудларда дизель ёнилғисида ишлайдиган насос агрегатларидан фойдаланишни тавсия этамиз.

Дизель ёнилғисида ишлайдиган насос агрегати ички ёнув двигатели ва насосдан ташкил топган автоном мобиль насос станция турига киради. Электрлаштирилмаган ҳудудларда бундай насос агрегатларидан фойдаланиш уларнинг ўзига хос афзаллигидир. Шу билан бирга ушбу дизель двигателли насос агрегатининг кўчма ҳисобланганлиги сабабли, уларни бир ҳудудда жойлашган бир қанча фермер хўжаликлари томонидан фойдаланиш имкониятлари мавжудлиги билан ажралиб туради.

Бу турдаги насос агрегатларининг яна бир афзаллик томони шундаки, сув манбаи бўлган кўл, канал ва дарёларнинг сув сатҳини ўзгаришига кўра насос агрегати ўрнатилишини мослаштириш мумкин.

Дизель ёнилғисида ишлайдиган СНП500/10 насос агрегатининг хусусиятларини таҳлил қиламиз.

Ушбу насос агрегати 1 секундда 0,5 (ёки 1 соатда 1800) м3 миқдоридаги сувни 10 метр баландликка кўтариб бериш қобилиятига эга. Бу агрегат ёрдамида ўртача 200–300 гектар экин майдонларини сув билан таъминлаш мумкин. Бу насос агрегатининг дизель двигатели русуми АО1М бўлиб, унинг қуввати 130 от кучига тенг ва у 1 соатда ўртача 20 кг миқдорда дизель ёнилғиси сарфлайди.

Дизель ёнилғисида ишлайдиган насос агрегатларини ишлатганда тоза ва сифатли ёнилғидан фойдаланиш керак. Ҳар сафар ишга туширишдан олдин ва 30 соат давомида ишлагандан сўнг, двигатель ичидаги мой сатҳи ва совутиш тизими (радиатор) даги суюқлик сатҳини кўрсатувчи мосламалар орқали кузатиб туриш лозим. Акс ҳолда ички ёнув двигателининг қисмлари меъёридан ортиқ қизиши оқибатида емирилиши ҳамда совутгич тизимидаги суюқлик сатҳининг меъёридан камайиши натижасида двигателнинг қизишига олиб келади. Ҳар 300 мото/соат ишлатилгандан сўнг сальник, подшипник ва бошқа айланувчи қисмларини солидол ёки бошқа мойлаш материаллари билан мойланишини таъминлаш лозим. Насос агрегати 1000 мото/соат ишлатилгандан сўнг эса мотор мойи, ёнилғи ҳамда мой филтрлари, сальниклари ва совутиш тизимидаги суюқлик тўлиқ янгиланиши зарур.

Юқорида келтирилган тасиялар халқимиз дастурхони тўкин-сочин бўлиши, маҳсулотнинг юқори сифатли, арзон бўлишида жонбозлик кўрсатиб ҳормай-толмай, беминнат меҳнат қилаётган фермер, деҳқон хўжаликлари ва дала меҳнаткашлари учун фойдали бўлади, деб умид қиламиз.

    М.Шомайрамов, М.Зохидов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech