Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Феврал 2016 00:00

Тўл мавсумига пухта тайёрланиб, қўйлар учун махсус иссиқхоналар ҳозирлаш лозим. Қўйларни ариқ ва тўпланиб қолган сув билан суғормаслик, суғориш жойларининг музлаб қолишига йўл қўймаслик керак, акс ҳолда қўйлар бола ташлаши мумкин.

Қўйларни кечаси музлаган ерда, қорда, нам жойда ётқизиш ўта хавфли. Бундай ҳолда озғин қўйлар шамоллайди. Эрта туққан қўйларни эътибор билан парваришлаб, озиқлантириш ва ҳар бир қўзили қўйга 1,5 м2 ҳисобида иссиқхона тайёрлашга эътибор бериш керак.

Қўчқорларни табиий, ҳосилдорлиги юқори яйловларда боқишни ташкил этиш, зарур бўлса улар 0,2–0,4 кг омухта ем ҳисобидан қўшимча озиқлантирилиши зарур.

Бўғоз қўйларни озиқлантириш ва асраш улар бўғозлигининг охирги 45- кунида ҳомиланинг жадал ўсишини ҳисобга олиб амалга оширилади. Чунки қўйларнинг семизлик даражасини 20 февралдан 15 мартгача сақлаш лозим.

ўтган йил туғилган қўзиларнинг ҳолати доимий назорат қилиб борилади ва улар орасида бўғозлари бўлса қўшимча озиқлантирилади.

Бу ойда туғилган қўзиларни ёпиқ, иссиқ бинода сақлаб, уларни онаси билан топиштириб туриш, 1–3 кунликда оғиз сутининг олишини ташкил этиш ва назорат қилиш керак.

Туғадиган қўйларни сурувдан ажратиш, уларнинг елинида сут бор-йўқлигини текширишга эътибор бериш керак. Туғишга 1–3 кун қолганда қўйларнинг елини сезиларли катталашиб, қорни осилади, тез-тез безовта бўлади, оёғи билан ер тирнаб, ҳоли жой қидиради ва тез-тез ерга ётади. Катта қўйларда туғиш жараёни 30–40 минут, биринчи туғадиган қўйларда эса 50 минут давом этади.

Қўзилар тери учун 1–3 кунлигида, гул сифати тез ўзгармайдиган қўзилар эса 4–5 кунлигида сўйилади. Олинган қоракўл териларини стандарт талабидаги туз билан (1 терига 600–800 г) тузлаб, жун толаси қисмини мездра қисмига қаратган ҳолда тахлаб 6–8 кун сақланади (75–100 донадан).

Сақмонлар қуйидаги тартибда ташкил этилади: 2–5 кунлик, 6–10 кунлик, 11–15 кунлик, 16–20 кунлик, нимжон қўзили қўйларни алоҳида сақмонларга ажратиш, кичик сақмонларда кунига 3–4 марта «она-бола» ўтказиш лозим.

Қўзили қўйларни яйловда боққанда уларга ҳар 2 соатда қўзиларини эмизиш учун дам бериш лозим.

Туққан қўйларни яйловда эфемерлар пайдо бўлгандан кейин кечаси ҳам боқиш, зарурат туғилганда уларни қўшимча озиқлантириш лозим.

Қўйларни ўз вақтида иложи борича чучук сув билан суғориш керак. Таркибида туз кўп шўр сув билан суғориш қўзиларда ич кетиш касалини юзага чиқариши мумкин.

Совуқ пайтда қўйларга қараш учун чўпонларнинг навбатчилигини ташкил қилинг, нимжон қўзиларни иситиб, устини қуритинг, илиқ сут беринг. Етим қолган қўзиларни бошқа қўйларга олдиринг.

Қўзи туғилганидан кейин 2–3 кун давомида оғиз сутига тўйиши лозим.

Наслчилик хўжаликларида янги туғилган қўзиларнинг бўйнига яккама-якка бонитировка учун онасининг шартли номери ёзилган тахта бирка осиб қўйиш зарур. Қўзилар узоқ вақт оч ва нам жойда ётиб қолмасликлари лозим.

Қўзиларни яккама-якка ёки классли бонитировка қилишни ташкил этиб, наслчилик ҳисоб-китобини олиб бориш талаб этилади.

Қўзиларни 2 ҳафталигидан бошлаб чучук сув билан суғоришни ташкил этиш лозим.

Қўчқорлар кун давомида яйловда боқилади. Наслли қўчқор қўзиларни 15–20 кунлигида ўсиб-ривожланиши, семизлиги, гуллари ва пигментациясининг сақланиши, оқ жун толаларининг бор-йўқлиги, жун толаси сифати бўйича қўшимча баҳоланади.

Қоракўл тери, жун сақланадиган биноларни тери ва жун зараркунандаларига қарши дезинфекция қилиш лозим.

     Н.Бобоқулов, С.Мавлонов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech