Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Феврал 2016 00:00

Халқимиз дастурхонига дармондориларга бой, сервитамин сабзавот ва кўкатлар етказиб беришга аҳд қилган миришкор сабзавоткорларимиз айни кунларда уруғ экишга шайланмоқдалар. Деҳқонларимизга бу борада қуйидагиларга амал қилишни тавсия этамиз.

Эртаги карам кўчатлари очиқ майдонларга экиш марказий минтақада жойлашган вилоятларда об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда февраль ойининг 2–3-ўн кунлигида, жанубий вилоятларда бу муддатдан 15–18 кун олдин, шимолий минтақаларда эса 18–20 кун кечроқ амалга оширилади.

Кўчатлар кузда тайёрлаб қўйилган эгатларга экилганда ҳосили эрта баҳорда тайёрланиб экилган майдонларга нисбатан 8–10 кун илгари етилиб, ҳосилдорлик 20 % кўп бўлади. Эртаги карам 70x25 (30) см тизимида экилади.

Карамнинг «Июнь», «Номер–1», «Наврўз» Парел F1, Фарао F1, Моррис F1 каби эртапишар, серҳосил нав ва дурагайлари тавсия этилади. Далаларга 40–45 кунлик, узунлиги ўртача 14–16 см ва барглар сони 6–7 та бўлган кўчатларни экиш мақсадга мувофиқдир.

Эртаги пиёз, сабзи, редис, ош лавлаги, укроп, кашнич, петрушка, салат уруғлари ҳамда картошка туганаги республикамизнинг жанубий минтақаларида 20 январдан 25 февралгача, марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида 5 февралдан 20 мартгача, шимолий минтақаларда эса 20 февралдан 25 мартгача экилади ва сепилади.

Пиёзнинг маҳаллий «Истиқбол», «Зафар», «Марғилон маҳаллийси», «Самарқанд қизили», хорижнинг «Алдова», «Дайтона», «Сибирь», «Радар», сабзининг маҳаллий «Мшак», «Нурли», «Мирзойи сариқ», «Мирзойи қизил», «Зийнатли», «Фаровон» ва чет элнинг «Нантская», «Шантане», редиснинг «Лола», «Эртапишар», ош лавлагининг маҳаллий «Диёра», «Ягона» ва хорижнинг «Бордо–237», «Бикорес», Пабло F1, Водан F1, укропнинг «Ўзбекистон–243», «Ором», кашничнинг «Орзу», петрушканинг «Нилуфар» каби серҳосил нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Майда уруғли сабзавотлардан пиёз, сабзи ҳамда кўкат сабзавот уруғларини катта майдонларда сеялкада лента шаклида, қўшқаторлаб (50+20 см оралиқда), кичик майдонларга қўлда сочма усулда экиш мумкин.

Уруғлар экилгандан сўнг кетма-кет ва тез орада ҳар бир эгат устига чириган гўнг ёки ёғоч қипиғидан сепиб мульчаланса, ниҳолларнинг қисқа муддатда униб чиқиши учун қулай шароит яратилади.

Помидор, бақлажон ва ширин қалампир каби иссиқсевар сабзавот кўчатларини кўчатхоналарда сифатли тайёрлаб олиш муҳим юмуш ҳисобланади. Сифатли ва соғлом кўчат тайёрлашда уруғларнинг аҳамияти жуда катта. Бунинг учун униб чиқиш хусусияти юқори, бегона ўт ҳамда навлар аралашмасидан ҳоли уруғлардан фойдланиш мақсадга мувофиқ.

Уруғларни экишдан олдин вирус касалликларига қарши қиздириб олиш тавсия этилади. Бунинг учун уруғлар термостат ёки қуритиш шкафида икки кеча-кундуз мобайнида 50–52 ва бир сутка 80 даражада қиздирилади.

Тўқ ва пучларини ажратиш учун уруғлар ош тузининг 3–5 фоизли сувдаги эритмасига 30 дақиқа солинади, чўкмай қолган пучлари олиб ташланади.

Кўчатларни етиштириш учун аввало кўчатхона 20–25 см чуқурликда ҳайдалиб, 0,8–1 метр оралиқда пушта олинади. Уруғларнинг яхши униб ўсиши учун пуштага икки қисм чириган гўнг, бир қисм тупроқ ва шунча миқдорда қум аралашмасини солиб, текисланади. Аралашма қалинлиги ниҳол тайёрлаш учун 10–12, кўчириб экиладиган иссиқхоналарда эса 18–20 см. дан кам бўлмаслиги талаб этилади.

Помидор уруғи нам тупроққа ҳар 1 м2 майдонга 8–10, кўчирмай бир жойнинг ўзида етиштиришда эса 2–2,5 г ҳисобида уруғ сепилади.

Ширин қалампир уруғи ҳар 1 м2 майдонга 14–16, кўчирмай бир жойнинг ўзида етиштиришда эса 4–5 г ҳисобида сарфланади. Бақлажон уруғи ҳар 1 м2 майдонга 8–10, кўчирмай бир жойни ўзида етиштиришда 3–4 г ҳисобида сепилади. Уруғлар сепилгандан сўнг 1–1,5 см қалинликда эланган чириган гўнг ёки чириган қипиқ солиниб, устидан сув сепилади.

Республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган ва водий вилоятларидаги кўчатхоналарга уруғларни сепишнинг энг қулай муддати помидор учун 10–20 февраль, ширин қалампир ва бақлажон учун 1–10 февраль, жанубий вилоятларида бу муддатдан 10–15 кун олдинроқ, шимолий минтақаларда эса 15–18 кун кечроқ амалга оширилиши лозим.

Помидорнинг маҳаллий «Ситора», ТМК-22, «Авиценна», «Севара», «Шафақ», «Сурхон–142», «Заковат», «Нурафшон», ширин қалампирнинг «Зумрад», «Дар Ташкента», «Наргиза», «Тонг», бақлажоннинг «Феруз», «Аврора», «Алмаз» каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Бир гектар майдонга етарли миқдорда кўчат тайёрлаш учун 350–400 г помидор, 800–1000 г ширин қалампир, 600 г бақлажон уруғлари сарфланади.

Кўчат тайёрлашда кўчатхона ҳарорати, тупроқ намлиги ва ниҳолларни озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. Уруғлар тез униб чиқиши учун кўчатхонадаги ҳарорат бир ҳафта давомида кундузи 20–25, кечаси 10–14, кейинги ҳафтадан кундузи 20–22, кечаси 14–15 оС бўлиши талаб этилади. Кўчатхона тупроғи намлиги инобатга олинган ҳолда ҳар 1 м2 майдонга 6–7 литр меъёрда суғорилади. Кўчатлар 2–3 барг чиқарганда орасини 5х6 см қилиб кўчириб ўтқазилади. Кўчириб ўтқазилган кўчатларга 10–12 кундан сўнг биринчи озиқа: 10 литр сувга 5 г аммоний сульфат ёки карбамид, 40 г суперфосфат ёки аммофос ва 10 г калий ўғитлари эритилиб барг устидан берилади. 6–7 кун ўтказиб иккинчи маротаба юқоридаги миқдорни 2 марта кўпайтириб озиқлантирилади. Учинчи озиқлантириш кўчатни далага экишдан 4–5 кун олдин амалга оширилади.

Кўчатлар экиш учун тайёр бўлгач далага олиб чиқишдан 6–8 кун олдин плёнкаларни очиб, кўчатларни ташқи муҳит шароитига мослаштириб чиниқтириш муҳим аҳамиятга эга.

Кўчатларга иссиқхонанинг ўзида занг, ўргимчаккана ва шираларга қарши ишлов бериш мақсадга мувофиқдир. Бунда кўчатларни асосий далага экишдан 1–2 кун олдин 10 литр сувга 2,5 фоизли «Децис» препаратидан 0,2 мл ёки БИ-58 (янги) препаратидан 2 мл миқдорда аралаштириб, 20 м2 майдондаги кўчат устига сепилади. Кўчатлар бўйи 15–18 см. га етиб, 5–6 та барг чиқарганда очиқ далага экиш учун тайёр бўлади.

Эртаги картошка асосан февраль-март ойларида кузда тайёрлаб қўйилган майдонларга экилади. Ер тайёрланган бўлмаса, етилиши билан ҳайдаб, текислаб ҳар гектарига 25–30 тонна маҳаллий ўғит ҳамда фосфорли ва калийли ўғитларнинг 20–25 фоизи солиниб, чизель қилинади ва КРН-2,8А русумли культиватор ёрдамида 70 ёки 90 см оралиқда суғориш эгатлари олиниб, экишга тайёрлаб қўйилади.

Эрта баҳорда картошка экишнинг энг мақбул муддати: Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий ва Фарғона водийси вилоятларида 25 февраль–10 март; Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида 15 февраль–1 март; Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 10–20 март ҳисобланади.

Бунда картошканинг эртаги «Агаве», «Гранола», «Зарафшон», «Ред Скарлет», ўрта эртапишар «Альвара», «Аринда», «Белуга», «Виктория», «Кондор», «Марфона», «Пикассо» ва бошқа навлари тавсия этилади. Уруғлик картошкани ундириб, нишлари 2–3 см бўлганда экиш ҳосилнинг эрта етилишини таъминлайди.

Эртаги сабзавотларни мақбул муддатларда экиб, барча парваришлаш тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш улардан мўл ва сифатли ҳосил олиш баробарида, ушбу майдонларда такрорий экинлар етиштириб халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондириш имконини беради.

    Р.Ҳакимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech