Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Феврал 2016 00:00

“Ўзгидромет” маркази маълумотларига кўра, январь ойи кўп йиллик об-ҳаво ҳароратига нисбатан илиқ, ёғингарчилик ўртача бўлди. Шу туфайли экин майдонларида намлик етарли бўлишини таъминлаш мақсадида, пахтачиликда февраль ойида агротехник тадбирлар қуйидаги тавсияларга амал қилган ҳолда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.

Республикамизнинг табиий тупроқ-иқлим шароитларида қишлоқ хўжалиги экинларини сунъий равишда суғормасдан кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Чунки, табиий ёғингарчилик миқдори жуда кам (текис чўл-саҳро минтақаларида 90–120 мм атрофида холос, фақатгина тоғ ва тоғ олди минтақаларида унинг йиллик миқдори 360 мм. гача етади) бўлиб, у ҳам мавсумий характерга эгалиги боис тупроқда тўпланган намлик қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини ундириб олишга етарли бўлмай қолади.

Бундан ташқари, сув манбалари ҳам чегараланган. Шунинг учун тупроқда нам тўплаш, уни сақлаш ва уруғни (айниқса, чигитни) ернинг табиий намига ундириб олиш, ғўза парваришидаги барча агротехник тадбирларни сувдан тежамкорлик билан оқилона фойдаланишга қаратиш муҳим аҳамият касб этади.

Республикада кенг тарқалган мелиоратив жиҳатдан нобоп тупроқларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва уларнинг унумдорлигини ошириш алоҳида тадбирлар мажмуасини талаб этади. Бундай оғир мелиоратив тупроқларга органик ўғитларни солиб, шўр ювиш ишларини сифатли ўтказиш зарур.

Шўрланган ерларда шудгорлаш, ялпи ва жорий ер текислаш ўз вақтида сифатли ўтказилгандан сўнг, тупроқнинг шўрланиш даражасига қараб кучсиз шўрланган ерлар 1 марта гектарига 2000–2500 м3, ўртача шўрланган ерлар 2 марта, гектарига 4000–4500 м3 ва кучли шўрланган ерлар 3 марта, 6000–6500 м3 меъёрда сув сарфлаб ювилади.

Ўртача ва кучли шўрланган ерларда ҳар бир майдонга сув бостирилгандан сўнг енгил тупроқларда 2–3 кундан, механик таркиби ўртача тупроқларда 5–6 ва оғир тупроқларда 7–8 кундан кейин яна сув бостириш орқали ерларнинг шўри 2–3 марта ювилади. Шўр ювишининг энг мақбул муддати 20 ноябрдан 10 февралгача ҳисобланади.

Тупроқда етарли даражада нам тўплаш ва сақлаш учун кузда ерларни шудгорлаш, пушта олиб қўйиш, текислаш, куз-қиш мавсумида тупроқ шўрини ювиш, яхоб суви бериш, органик ўғитлар солиш ва жамғариш, баҳорда захира суви бериш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш лозим. Агар қурғоқчилик кузатилса, ушбу мажмуий тадбирларни илмий асосланган тавсияларга биноан ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш тақозо этилади.

Шўри ювилган майдонларга органик ўғитлар солиш. Гўнг ерга шўр ювилгунча солинганда яхши натижа бериши аввалдан маълум. Баъзи сабаблар туфайли бу иш амалга оширилмаган бўлса, ярим чириган гўнг тез кунда далаларга олиб чиқилиши ва минерал ўғитлардан фосфор ва калийни чизель остига солиш лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларининг қадимдан суғориб, деҳқончилик қилинаётган ерларида гўнг одатда кузги шудгорлашдан ёки баҳорги ҳайдашдан олдин шўр ювишга қадар солинади.

Нам тўплаш тадбири бу йилги шароитда, айниқса, ер ости суви чуқур жойлашган, кучли шамол эсадиган минтақаларда ўтказилиши жуда муҳим. Бундай жойларда биринчидан, бороналаш ишларини тез ўтказиш, шудгор натижасида ҳосил бўлган марзаларни текислаш, тупроқдаги мавжуд намликнинг яхши сақланишига олиб келади. Кузда шудгор қилинган ерларда эрта баҳорда бороналаш биринчи навбатда, сизот сувлар чуқур жойлашган майдонларда, кейин сизот сувлар юза жойлашган майдонларда ўтказилади.

Табиий шароитда тўпланган намлик чигитни ундириб олишга етарли бўлмаслиги нам тўплаш ва яхоб суви берилишини талаб этади, чунончи кучли шамоллар таъсирида ернинг устки қисми экиш олдидан қуриб қолади. Демак, ер ости суви чуқур жойлашган, ёғин-сочин кам бўладиган оч тусли ва типик бўз тупроқларда куз-қиш ойларида нам тўплаш сувини бериш жуда муҳим агротехник тадбир ҳисобланади.

Яхоб суви берилган ёки тупроғи ювилган майдонларда намни сақлаш мақсадида ўтказиладиган эрта баҳорги бороналаш зиг-заг шаклдаги ва тишлар 200 мм келадиган бороналар ёрдамида бажарилади.

Яхоб суви берилган ҳамда шўр ювилган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари экин майдонларида ҳайдов қатлами зичлашган бўлса, баҳорги бороналаш самара бермаслиги мумкин. Бундай тупроқлар борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади. Эрта баҳорги ишлов беришда тишли ва дискли бороналардан тўғри фойдаланиш тупроқнинг ҳайдов қатламини зичлаштирмасдан экишга сифатли тайёрлашни, энг муҳими намликнинг яхши сақланиши ҳамда ернинг оби-тобида етилишини таъминлайди.

Кузда шудгор ўтказилган майдонларда нам тўплаш мақсадида эрта баҳорда (февраль охири–март ойи бошларида) 8–10 см чуқурликда 2 қаторли зиг-заг борона билан бороналанади. Бороналаш бегона ўтлар сонини анча камайтиради. Бу тадбир асосан тупроқнинг етилишига боғлиқ ҳолда ўтказилиб, Сурхондарё, қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида февраль ойида, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида февраль ойининг охири ва мартнинг бошларида, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида мартда ўтказилади.

Барча ҳолларда ҳам бороналаш ер ҳайдаш йўналишига нисбатан диоганал ҳолда амалга оширилиши лозим, бунинг натижасида агрегатларнинг иш унумдорлиги ортади, ишнинг сифати яхшиланади, агрегатларнинг бурилиш жойлари камаяди.

Шунингдек, тупроғи шўрланмаган, намлик ва ёғингарчилик кам бўладиган қашқадарё вилоятининг Нишон, Косон, Миришкор, қарши, Муборак ва Касби туманларида, Сурхондарё вилоятининг барча туманларида ҳамда Фарғона водийсининг айрим туманлари ва Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида чигит пуштага экилишини инобатга олиб, куз фаслида пушта олиб қўйилади. Агар бу тадбир баъзи сабабларга кўра бажарилмай қолинган бўлса, жорий йил иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда ерлар етилиб турган пайтда пушта олиб қўйилса, тупроқдаги нам яхши сақланиши таъминланади. Шунингдек, пушта ҳайдов қатламида тупроқ зичлигини узоқ муддат мақбул ҳолатда сақланиб туришига олиб келади. Бу технологияда тупроқнинг устки қисмида ҳарорат текис далага нисбатан 1–3 даражага юқори бўлади. Чигит эса барвақт униб чиқади, пахта ҳосилдорлиги 4–8 ц/га ошиши таъминланади.

Бу технологиянинг аҳамияти ва ўзига хослиги қуйидагичадир: чигитни пушта ва жўяк олиб экишда текис ва бирмунча қия, тупроғи шўрланмаган, шунингдек, кам ва ўртача шўрланган, бироқ шўри яхши ювилган далалар танланади. Кузда пушта олиш имкони бўлмаган майдонларда баҳорда пушта олинади ва бунга тупроқнинг юза қисми етилиши билан киришилади, акс ҳолда кесак кўчиши оқибатида тупроқ юзаси нотекис бўлиб, чигит экиш сифати бузилади ва тўлиқ кўчат олинмайди. Тупроқнинг табиий намлигига чигит ундириб олиб бўлмайдиган жойларда нам тўплаш мақсадида баҳорда 22–25 см баландликда пушта олиниб, тупроқ механик таркиби ва қишда тўпланган намлик ҳисобга олиниб гектарига 600–700 м3 миқдорида заҳира суви берилади.

Бу ўз навбатида, чигитнинг тезроқ ва хатосиз униб чиқишини, пушта остида етарли намлик ва тупроқнинг агрофизикавий хоссалари мақбул сақланганлиги боис ниҳоллар илдизининг жадал ва соғлом ривожланишини таъминлайди. Шунингдек, пушта олинган майдонларда ер сатҳи қуёшдан тушаётган фойдали ҳарорат ва ёруғликни кўпроқ ўзлаштириб, ғўза ниҳолларининг ривожланишини жадаллаштиради, қатор ораларига техник ишлов беришда шикастланишининг (культиваторларнинг ниҳолни кесиб кетиши) олди олинади, шу билан бирга ниҳоллар дастлабки озиқлантириш мақсадида берилган минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш коэффициенти ошади.

Шамол эрозиясига кучли чалинган тупроқлар асосан баҳорда шудгорланади. Сўнгра ушбу майдонларда намликни йўқотмаслик ва сақлаб қолиш мақсадида пешма-пеш борона ўтказилади.

Механик таркиби оғир ўтлоқи-аллювиал ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда кечки пайт қуёш чиққунга қадар ер тайёрлаш ишларини бажариш лозим. Акс ҳолда, кундузги бороналаш ёки чизеллашда ҳосил бўлган кесаклардан намлик тезлик билан буғланиши оқибатида кесакларни майдалаш қийинлашади.

Кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган бўлса, шунингдек, шўр ювилган майдонларда экиш олдидан фосфорли ўғитларнинг йиллик меъёрини 60–70 фоизи (физик ҳолда аммофос 200 кг/га ёки супрефос 385 кг/га, ёки РS-Агро-250 кг/га ёки нитрофос 600 кг/га) ҳамда маҳаллий калийли ўғитнинг йиллик меъёрини 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) солинади. Белгиланган ўғитлар ўз муддати ва меъёрида қўлланилмаса, тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлиги пасайиб кетади. қолаверса, ҳосилнинг қарайиб ярми ўғит ҳисобига шаклланишини ёддан чиқармаслик керак.

Гўнг чиқариш ва компост тайёрлаш. Маълумки, тупроқ табиий намлигини сақлашга доир энг асосий тадбирлардан бири маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланишдир. Тупроққа қанча кўп маҳаллий ўғит солинса, шунча кўп углерод ажралиб чиқиб, ўсимликни ҳаводан озиқланиш жараёнини кучайтиради, натижада ўсимликни қурғоқчиликка чидамлилигини оширади, суғориш орасидаги муддатни узайтиради. Маҳалий ўғитларни далага чиқариш билан биргаликда улардан самарали фойдаланишда органик ўғитларга (қорамол гўнги, парранда қийи, шаҳар чиқиндилари) дарахт барглари, ем-хашак бўлмайдиган зироатларнинг қолдиқлари ва эски девор кесаги, ариқ-зовур лойқаси ёки экишда фойдаланилмайдиган дўнглик, тупроқлар ҳамда табиий захиралари мавжуд бўлган кўмир кукуни, фосфорит ва ноанъанавий агрорудалар (бентонит, бентонитсимон лойлар, глоуконитлар ва бошқалар) дан компостлар тайёрлаш тавсия этилади. Бунда компост тайёрланадиган чуқур ўранинг узунлиги 40–50 метр, эни 3–3,5 метр, чуқурлиги 1,5–2,5 метр атрофида бўлиши мумкин.

Яна бир муҳим юмуш ариқ ва зовурларни тозалаш, ички ва ташқи сув кириш тармоқларини таъмирлаш ишлари ҳам шу ойларда бажарилиши лозим. Бу ишларни ҳар бир фермер хўжалигида тартибли ва тизимли равишда олиб борилишини таъминлаш, келгуси йил ҳосили учун мустаҳкам пойдевор яратишга асос бўлади.

    Б.Ҳолиқов, Р.Назаров, Ш.Номозов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech