Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Октябр 2016 18:10

Иссиқхона сабзавотчилиги қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ҳалқимизни йилнинг номавсум даврида янги, сервитамин маҳсулотлар билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ҳозирги кунга келиб републикамиз ойнаванд иссиқхоналарнинг умумий майдони 600 га бўлса, плёнка қопламалиги 8000 га. дан ошиб кетди. Бу кўрсаткич йилдан-йилга кўпаймоқда. Соҳанинг бу қадар ривожланиши унинг иқтисодий жиҳатдан самарадор тармоқ бўлганлиги билан изоҳлаш мумкин. Шундай бўлса-да, ҳосилдорлик ривожланган давлатлардаги каби эмас. Иссиқхоналарда сабзавот экинларидан юқори ҳосил олишда қиммат, чет эл дурагайларидан фойдаланиш ва минерал ўғитларни кўп қўллашнинг ўзи етарли эмас. Барча агротехник чора-тадбирлар тўғри ва ўз вақтида бажарилиши, хусусан сабзавот экинлари учун иссиқхоналарда мақбул микроиқлим таъминланиши юқори ва сифатли ҳосил гаровидир.

Иссиқхоналарда помидор, бодринг учта, яъни кузги-қишки, оралиқ ва қишки-баҳорги мавсумларда етиштирилади.

Кузги-қишки мавсум. Бу даврда иссиқхоналар учун кўчатни кўчатхоналарда тайёрлаш зарур.

Куз ойларида ёруғлик секин-аста пасайиб боради. Шу туфайли, иссиқхоналардаги ҳаво ҳарорати ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Ноябрь-декабрь ойлари кундузи ҳаво очиқ бўлганида 20–23 оС, булутли кунларда 18–20 оС ва кечқурун 15–17 оС, тупроқ ҳарорати эса 17–18 оС, ҳаво намлиги 60–70 % бўлиши лозим. Терим тугашига бир ой қолганида ўсимлик ўсиш нуқтаси чилпиб ташланади. Шунда мева тез пишиб, ҳосилдорлик ошади.

Помидорнинг эртапишар навларидан: F1 Белла, F1 Ламия, F1 Фенда, F1 Виндетта, F1 Бона, F1 Менхир, F1 Виласко, F1 Элпида, F1 Сайхун каби дурагайларидан фойдаланиш тавсия этилади. Бодринг ўз-ўзидан чангланувчи, ҳосилининг сифати ва ҳосилдорлиги юқори бўлган F1 Орзу, F1 Бейбистар, F1 Мультистар, F1 Экспоза, F1 Артист, F1 Борхан, F1 Джемре, F1 Амар дурагайларини экиш мақсадга мувофиқ. Кўчатлари экиб бўлингандан сўнг улар каноп ёки полипропилен ипларга тортилади, битта поя қолдириб, шакл берилади.

Асосий поядаги бачкилари ўсиб кетмасидан улар чилпиб турилади. Эски, сарғайган барглар мева етила бошлагандан сўнг доимий равишда олиб ташланиши зарур. Юқорида айтилганидек, сабзавот экинларининг яхши ўсиб-ривожланиши, ҳосилдорлиги юқори бўлиши учун иссиқхонада мақбул микроиқлим (ҳарорат, ёруғлик, ҳаво ва тупроқ намлиги) таъминлаш зарур. Помидор экини учун ҳарорат кундузи 22–25 оС, тунда 17–18 оС, ҳавонинг нисбий намлиги 75–80 %, бодринг учун эса шунга кўра ҳарорат 24–28 оС, 18–20 оС, ҳаво намлиги 85–90 % бўлиши энг мақбул ҳисобланади. Ҳароратнинг юқоридаги кўрсаткичлардан ошиб ёки камайиб кетиши сабзавот экинларининг ўсиб-ривожланиши, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигига салбий таъсир кўрсатади. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш учун помидор гулларига махсус препаратлар (Ренгулит, Томатон, Полистимулин 2) эритмалари билан ишлов берилиши зарур.

Озиқа моддаларни солиш фақат тупроқ таркибини агрохимик таҳлил натижасида амалга оширилиши, яъни тупроқ таркибидаги сувда эрувчи фосфор миқдори ҳар 100 г тупроқда 8,4 мг, нитратли 18–20 мг, калий 30 мг сақланиши керак. Бундан ташқари, хлор миқдори ҳар 100 г тупроқда 0,02 фоиздан ошмаслиги, магний 7–10 мг/100 г, кальций эса камида 30–45 бўлиши лозим.

Зараркунанда ва касалликларга қарши кураш чора-тадбирлари.

Иссиқхоналарда (помидор ва бодрингда) учрайдиган асосий зараркунандалар: бу оққанот, ўргимчаккана, зангкана, ширалар (полиз, акация), симқуртлари бўлиб, касалликлардан эса ун-шудринг, фитофтороз, қўнғир ва қора доғланиш, вируслар (мозаика, столбур, стрик), фузариоз сўлиш кабилар ҳосилга катта зарар етказади.

Оққанот ва шираларга қарши 20 фоизли Конфидор – 0,3 л/га, Толстар – 0,6 л/га, Батон – 0,6 л/га, Децис – 0,1 л/га, Пилармос – 0,3 л/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.

Ўргимчаккана ва зангканага қарши Омайт – 1,5 л/га, 1,8 фоизли Даламектин – 0,1–0,2 л/га, ғовакловчи пашшага Вертимек – 0,5 л/га, кўсак қуртига – 15 фоизли Аваунтдан 0,4 л/га пуркалади.

Ун-шудринг – бодринг ва помидор экинларини кўп зарарлайди. Бу касаллик ўсимлик баргларининг устки қисмида тўп-тўп оқ моғорлар пайдо қилади. Натижада замбуруғлар кўпайиб, ўсимлик баргларини устки ва остки қисмини қоплаб олади ва барглари қуриб қолишига сабаб бўлади. Бодрингда ун-шудринг касаллигига ўхшаш сохта ун-шудринг касаллиги кўп учрайди. Бунда баргларнинг орқа қисмида қўнғир рангли чизиқлар пайдо бўлиб, барглар остини бутунлай қоплаб олади. Оқибатда барглар сарғайиб, тезда куриб колади.
Ун-шудринг ва сохта ун-шудринг касалликларига қарши Топсин М, (0,7 кг/т сувга), Баилетон – 1 л/т сувга, Топаз – 0,5 л/т сувга, Лотос – 0,5 кг/га қўшиб пуркаш тавсия этилади.

Фузариоз сўлиш касаллиги ҳам помидор ва бодрингда учраб, уларни тез қуриб қолишига олиб келади. Бу касалликни фузариум оксепориум замбуруғлари қўзғатади. Улар ўсимликларни илдиз бўғинида кўпайиб, зарар келтиради. Фузариоз сўлиш касаллиги олдини олиш учун помидор ва бодринг кўчатларини 0,3 фоизли Фундазол эритмаси билан (5 г 10 л сув) суғорилади. Фомоз касаллиги асосан ҳосил тугиш даврида кўпайиб, замбуруғлар ҳосил банди атрофида ривожланади ва аввалига сарғиш доғлар ҳосил қилади, кейин улар кўпайиб, ҳосил банди жойларини чиритиб, ҳосилни тўкилиб кетишига сабаб бўлади. Унга қарши курашиш учун иссиқхоналарда намликнинг ортиб кетишига йўл қўймаслик ва экин ўсув даврида Ридомил голд ёки Топсин М препаратидан 1 кг/1000 л сувга қўшиб, пуркаш тавсия этилади. Мазкур тадбирларни вақтида ва сифатли амалга оширилиши иссиқхоналар сабзавот ҳосили мўл бўлишига пухта замин яратади.

    Е.Лян





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech