Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
3 Октябр 2016 18:12

Жорий йилда боғ ва токзорларимизда ҳосил кўп бўлди. Олдимизга қўйилган эндиги мақсад, келаси йили ҳам боғ ва токзорлардан сифатли мўл ҳосил олишга қаратилиши лозим. Бунинг учун боғларда дарахтларни ҳамда токзорларда токларнинг қишнинг аёзли совуқларига чидамлилигини ошириш чораларини кўриш талаб қилинади.

Октябрь ойида барча боғлар ва токзорларда суғориш ишлари тўхтатилади.

Боғларда ҳайдовдан олдин гектарига 15—20 т. гўнг, минерал ўғитлардан соф ҳолда 180 кг фосфор, 90—100 кг калий солиниши зарур.

Суғориладиган бўз тупроқли боғларда дарахтларнинг қатор оралари 25—30 см, шағалли ерларда эса 10—15 см. чуқурликда шудгорланади. Бунда юза жойлашган дарахтларнинг илдизлари шикастланмайди. Боғларда тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида қатор ораларига сидерат ўтлар экилса, тупроқ унумдорлигини ошириш яхши натижа беради.

Уруғли боғларда (олма, нок, беҳи) тўкилган баргларда зараркунанда ва касалликларнинг юқумлари сақланиб қолади. Шунинг учун боғлар қатор ораларининг тупроғи ағдариб ҳайдалади, хайдалмай қолган ҳар бир дарахт атрофи 25 см. чуқурликда ағдариб чопилади. Касалланган, синган шохлар, қуриб қолган дарахтлар қирқилади ва боғ ташқарисига чиқариб ташланади. Об-ҳаво шароитига қараб, агарда октябрь ойи охирида дарахтларнинг барги ёппасига тўкилса, бундай боғларда монилиоз, парша каби касалликларга қарши 3 фоизли бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак олтингугурт қайнатмаси билан жиққа хўллаб пуркаш керак.

Ойнинг учинчи ўн кунлигида барча мева дарахтлари, биринчи галда шафтоли, олхўри, ўрик, гилос дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш зарур. Дарахтлар оқланса, танасидаги ёриқларда қишлайдиган кўплаб зараркунанда ва касалликларнинг замбуруғлари йўқ қилинади, шу билан бирга дарахтлар қишки совуқдан ҳи­мояланади. Дарахтларни оқлашда 10 л. сувга 2 кг. тупроқ, 1,5—2 кг. оҳак қўшиб оқланади. Мол шатмоғи қўшилса оқланган жой тез ювилиб кетмайди.

Октябрь ойида токзорларда ток тупларига шакл бериб қирқиш, қўндоқлаб кўмиш ишлари амалга оширилади. Ток туплари кўмилмайдиган минтақаларда ток туплари кесилмайди, чунки кесилган токнинг совуққа чалиниши кучаяди. Кесиладиган токларнинг нави, ёши ва симбағазнинг турига қараб шакл ва юклама берилади.

Республикамизда айрим йиллари қишда ҳаво ҳарорати қисқа муддатли минус 25—30 даражагача пасаймоқда. Бу ток тупларининг қишда кўмишни талаб этади. Шимолий ҳудудларда ток устига ётқизиладиган тупроқ уюмининг баланд­лиги 25—30 см, бошқа ҳудудларда эса 20—25 см. бўлиши керак. Кузги совуқлар ҳам ток тупи учун зарарли, шунинг учун токлар яхши кўмилиши зарур.

Чала кўмилган ёки кеч кўмилган ток туплари кузги совуқлардан, кейинчалик эса қишки совуқлардан зарарланади, новдаларни совуқ уриши натижасида келгуси баҳорда улар қуриб қолади. Токларни кўмиши вақтида ток кўчатини яхши кўмиши учун тупроқ намлиги 70—80 фоизни ташкил қилиши зарур. Бунинг учун ток новдалари қўндоқланганидан сўнг ёки олдин токзор қатор ораси енгил суғорилади.

Ушбу ойда токзорлардаги асосий ишлар бу ток тупларига шакл бериб, навларига қараб кўзлар миқдорини қолдиришдир. Аввало ток новдаларини кесишда биринчи галда антракноз ва бактериал рак билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзорлардан чиқариб ташланади ҳамда ёқиб юборилади. Кўпинча боғбонлар ток тупларини ёпишда қирқилган новдалардан фойдаланишади. Бунга асло йўл қўймаслик керак.

Барг ва новдаларда касаллик юқумлари бўлганлиги боис келаси мавсумда токзорлар янада кўпроқ зарарланади. Шунинг учун токзорларда ток тупларини ёпишда ток рудаларини қўлламаган маъқул. Яхши ёпилмаган токлар қишки совуқдан шикастланади, бу ҳол ўз навбатида бактериал касаллиги кўпайишига олиб келади.

Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач, ёпишдан олдин оидиум (кул), антракноз, милдью ва рак касаллик юқумларига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли охак-олтингугурт қайнатмаси ёки мис купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур.

Узумдан мўл ҳосил олинадиган токзорларда ҳар 3—4 йилда гектарига 30—40 тонна миқдорида органик ўғит (гўнг) солиб туриш зарур. Бунда ўғит ток туплари кўмилгандан сўнг ерни 25—35 см. чуқурликда ҳайдаб, кейин сочгич билан солинади. Органик ва минерал ўғитларнинг аралашмасини чуқур ковлагич билан қазиладиган 60х60 см.ли чуқурларга тупдан 50—60 см. узоқликда солиш юқори самара беради. Бунда ҳар бир чуқурга 20—30 кг.дан ўғит солинади.

Суғориладиган бўз тупроқларда ўстирилаётган токзорларда минерал ўғитлардан 1 гектарга соф ҳолда фосфор 90 кг ва калий 60 кг солиш тавсия этилади.

Мазкур тадбирлар сифатли ўтказилса келгуси йил мўл ҳосил етиштириш учун мустаҳкам замин яратилади.

     Р.Абдуллаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech