Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 Ноябр 2016 00:00

Мамлакатимиз аҳолисини эртаги сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида, ҳосилдан бўшаган майдонларга совуққа чидамли экинлардан – сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкатлардан – кашнич, петрушка, сельдерей, салат кабиларни тўқсонбости муддатида экиб, етиштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бунинг учун кузда асосий экинлардан бўшаган майдонларни сифатли ҳайдаб, совуққа чидамли экинларни экиш зарур. Чунки эрта баҳорда ёғингарчилик ҳисобига ернинг етилиши, айниқса, ўтлоқи ерларда қийин бўлиб, эртаги экинларни экиш муддатлари чўзилиб кетиши мумкин. Шунингдек, тўқсонбости усулида экилган сабзавот уруғлари кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига ҳосил эрта етилади.

Майдонларни экин экишга тайёрлашда дастлаб ердаги ўсимлик қолдиқларини сеткали ёки зиг-заг бороналар ёрдамида майдон ташқарисига чиқариб ташлаш, сўнг майдонларнинг нотекис қисмлари бўлса, махсус мосламалар ёрдамида текислаш лозим.

Текисланган майдонларга экин тури учун тавсия қилинган фосфор ҳамда калий ўғитлари меъёрининг 70% миқдорида ва ҳар бир гектар майдон учун 20–25 тонна маҳаллий ўғитларни ўғит сепиш мосламалари ёрдамида сепиб чиқиб, бу майдонларни ПН-3-35 русумли плуг билан 28–30 см чуқурликда ҳайдаш зарур. Агар майдон (кучсиз) шўрланган ёки ёввойи ўтлар кўп бўлса ПЯ-4-35 русумли плуг билан 35–38 см чуқурликда ҳайдаш, кейинчалик чизел ва мола қилиниб, экиш усулига қараб культиваторлар ёрдамида 70 см ёки 90 см оралиқда суғориш эгатлари олиш керак.

Тўқсонбости қилиб сепиладиган сабзавот уруғлар сарфи 20% кўпроқ бўлиши керак.

Уруғ экилган эгатлар устидан чириган маҳаллий ўғитлар, дарахт қипиқлари билан мульчалаш ёки шаффоф полиэтилен плёнкаларини ёпиш сабзавот уруғларини эрта кўкламда барвақт униб чиқиб, жадал ўсиб-ривожланишини таъминлайди. Шунда эрта баҳорда экишга қараганда ҳосил етилиши 30–40 кунгача эрта, ҳосилдорлиги эса 15–20 фоиз кўп бўлади.

Бу муддатда сепилган сабзавот уруғлари қиши билан унмайди, қишки ёғингарчиликларда тупроқдаги намликка тўйинади ва ҳаво ҳарорати 4–5 оС бўлганда, кўкламда барвақт бегона ўт уруғларидан олдин ер намига униб чиқа бошлайди.

Ҳарорат 18–20 оС бўлганда тўлиқ унади, кузги сабзи, пиёз ва лавлагининг барглари кўкламда экилганига қараганда 1,5–2,0 баравар катта бўлиб, ҳосил 25–30 кун олдин етилади ҳамда ҳосилдорлиги гектаридан 14–15 фоизгача юқори бўлади. Ушбу экинларнинг гулпоя чиқармайдиган (эркаклаб кетмайдиган) навларини экишга эътибор бериш талаб этилади.

Республикамизнинг марказий қисмида жойлашган вилоятлардаги сабзавотчилик хўжаликларида сабзавот уруғини тўқсонбости усулида экиш тадбирини ноябрни иккинчи ўн кунлигидан декабрни биринчи ўн кунлиги охирларигача, жанубий вилоятларда эса 20 декабргача экиш тавсия этилади.

Пиёзнинг маҳаллий Зафар, Истиқбол, чет элнинг Манас, Дайтона, Леоне, Банко, Родар нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Пиёз уруғи гектарига 20 кг. гача сарфланади. Уруғи СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70-90 см. дан олиб, тўрт қаторли усулда ёки қўлда сочиб экилади. Шунда уруғлар ерга 1,5 - 2,0 см чуқурликка кўмилади.

Сабзининг илдизмеваси қизил бўлган маҳаллий Зийнатли, Фаровон, чет элнинг Шантане–2461, Курода Шантанэ, Нантская 4, Канада, Карсон нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Сабзи уруғлари СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5–2,0 см чуқурликка (50+20)x6-8см, (40+15+15)x6-8см схемада ёки қўлда сочиб экилади. Уруғ сарфи гектарига 5–6 кг бўлиши зарур.

Ош лавлагининг маҳаллий Диёр, Ягона ва чет эл навларидан Бордо–237, Бикорес, Боро F1, Детройт, Пабло F1 дурагайлари тавсия этилади.

Уруғ сарфи 16–18 кг. Экиш эгатлари 70, 90 см бўлиб, 2–3 қаторли, ўсимлик оралари 8–10 см, 2–3 см чуқурликка уруғлар экилади.

Салат бир йиллик ўсимлик бўлиб, йирик барглардан иборат паст тупбарг ёки салат боши ҳосил қилади. Умуман салатнинг 4 хил тури бор. Уларга баргли салат (ўсув даври 30–40 кун); пояли юлма салат (бўйи 40–80 см); бош ўрайдиган салат (ўсув даври 40–100 кун); Ромен салат (ўсув даври 70–100 кун) ининг тупбарги йирик, тик ўсади.

Салатнинг маҳаллий Кўкшох ва чет элнинг Фиоретт навларини экиш тавсия этилади.

Уруғи ноябрь-декабрда очиқ далага экилади. Уруғи 15–20 см чуқур олинган полларга ёки лентасимон усулида 2–3 қатор қилиб экилади. Бунда ленталар ораси 45–60 см, қаторлар ораси 15 см. дан иборат бўлади. Бир гектар ерга салат уруғидан 4–5 кг, бошли салатникидан 3–4 кг экилади. Майсалар униб чиққандан 10–12 кун ўтгач 1-марта, 2–3 ҳафта ўтгач 2-охирги марта ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8–10 см, бошли салатда эса 12–15 см масофа қолдирилади.

Исмалоқ уруғи 3 оС ҳароратда кўкариб чиқади. Ёш ўсимликлари 6–8 оС гача совуққа бардош беради. Ҳароратнинг юқори бўлиши ва ҳаво намлигини пасайиб кетиши ўсимликка салбий таъсир қилади, оқибатда барглари майда бўлиб қолади. Исмалоқ ҳосили ниҳоллар пайдо бўлганидан 25–40 кундан сўнг йиғиб олинади. Уруғи 90–100 кунда пишиб етилади.

Исмалоқни фақат битта Нафис нави Давлат реестрига киритилган. Уруғи ноябрь-декабрда очиқ далага қўш қаторлаб, ленталар ораси 50–60 см ва қаторлар орасини–15–20 см. дан қилиб экилади. Ҳар гектар ерга 15–20 кг уруғ, 2–3 см чуқурликка кўмилади.

Шовул экилган йили илдиз бўғзидан тупбарг, иккинчи ва ундан кейинги йилларда эса гулпоясини чиқаради.

Шовулнинг серҳосил Широколистный нави районлаштирилган. Сояда ҳам ўсаверади, совуққа чидамли. Уруғдан ва илдиз бўлакчаларидан кўпайтирилади. Уруғи ноябрь-декабрда очиқ далага экилади. Ҳар гектар ерга 3 кг уруғ сарфланади.

Укропнинг маҳаллий Узбекский–243, Ором ва чет элнинг Анет навлари экилади. Кўклигида ишлатиладиган укроп уруғи полларга қалин қилиб сепилади. Бир гектар ерга 20–25 кг уруғ сарфланади.

Уруғи ноябрь-декабрда очиқ далага экилади. Укроп уруғи секин униб чиқади. Укроп ўтоқ қилиш, қаторлар орасини юмшатиш ва бостириб суғориш йўли билан парвариш қилинади.

Кашнич янги узилган барра маҳсулот ҳолида ва қуритиб қишда ҳам ишлатилади. Кашничнинг Орзу ва Янтарь навлари районлаштирилган. Барра баргларини 2–3 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1,0–1,5 см пояси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади. Вақтида ўриб олинмаса, уруғпоя ҳосил қилади, ер танламайди. Уруғи экилгандан сўнг 35–40 кунда ҳосили етилади.

Пол қилиб сепилганда гектарига 8–10 кг уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг, устидан майда чириган гўнг сепилади. Нам етарли бўлса уруғи 5–10 кунда униб чиқади.

Петрушкани Нилуфар, Сахарная, Новас навлари экиш учун тавсия этилади. Уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун бўлиши зарур.

Уруғи полларга лентасимон усулда 2–3 қатор қилиб ёки сочма усулда экилади. Бунда уруғ сарфи 1гектарга 5–60 кг бўлиши зарур.

Жанубий ҳудудларда оқбош карамдан жуда эртаги ва юқори ҳосил олиш учун уруғлар кўчатхонага ноябрь ойини биринчи ўн кунлигида сепилиб, тайёр бўлган кўчатлар 25–30 декабрда плёнка билан қопланган дугалар остига экилади. Гулкарам уруғини ноябрь ойини иккинчи ярмида кўчатхонага сепиб, кўчатини декабрь ойини иккинчи ўн кунлигида плёнкали дугалар остига экиш тавсия қилинади.

Бунда гулкарамнинг F1 Гудман, F1 Кашмер, оқбош карамнинг F1 Фарао, F1 Бурбон, F1 Балбро, F1 Резистор дурагайларини экиш тавсия қилинади.

    Р.Ҳакимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech