Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Январ 2017 00:00

Шолғом ўлкамизда қадимдан экиб келинадиган сабзавот экин бўлиб, тарихи 4–5 минг йилларга бориб тақалади. Меваси таркибида жуда кўп калий ва темир элементлари, инсон учун қимматли бўлган С, РР, В1, В2, провитамин А (каротин) учрайди.

Баргида аскорбин кислота ва витаминлар илдизмевасидан кўп.

Табобатда шолғом шамоллашга қарши, ични енгил юмшатишда, сийдик ҳайдашга, юракни ва танани тинчлантирувчи сифатида кўп ишлатилади. Хусусан илдизмеваларидан тайёрланган шарбат ёки бўтқа бронхиал астма, хроник бронхит, йўталга, овоз бўғилиб қолганда, ларингитга қарши яхши даво сифатида тавсия этилади.

Шолғом (Brassica campestres l) карамдошлар ёки бутгуллилар оиласига мансуб икки йиллик ўсимлик бўлиб, биринчи йили илдизмева, иккинчи йили гуллаб уруғ беради.

Биринчи йилги тўпбарги кичик, барглар ер бағирлаб ўсади, патсимон, илдизмеваси ясси ёки юмалоқ ясси, ранги оқ, қизил, сариқ, бинафша, эти оқ ёки сариқ бўлади.

Ўзбекистонда шолғомнинг “Наманган маҳаллий”, Самарқанд маҳаллий каби навлари экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига киритилган.

“Наманган маҳаллий” нави – эртапишар. Илдизмеваси ўртача, ясси-юмалоқ шаклда, серсув, ширин, оқ, айрим пайтларда оч сариқ, ён илдизлари кўп, тупроққа тўлиқ ботади. Илдизмева вазни 138–140 г. Ҳосилдорлиги 40–42 т/га. Ўсув даври 54–60 кунни ташкил этади.

“Самарқанд маҳаллий” нави – эртапишар. Барги қирқилган, қаттиқ, ранги тўқ яшил. Илдизмева шакли ясси-юмалоқ, пўстининг ранги малинасимон, пушти, юзаси кўндаланг қабариқли, этининг ранги оқ, тиғиз. Илдизмева вазни 120–130 г. Ҳосилдорлиги гектарига 30–34 т. Ўсув даври 53–55 кунни ташкил этади.

Кейинги йилларда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан интродукция усули билан салатбоп шолғомнинг “Муяссар” нави яратилди ва давлат реестрига киритилди. Мазкур шолғомнинг асосий ҳусусиятлари шундаки, унинг нафақат илдизмеваси балки барглари ҳам истеъмол қилинади. Илдизмевасини янгилигида редискага ўхшаб истеъмол қилиш мумкин, барги қайнатилган ва тузланган ҳолда дастурхонга тортилади. Таркибида витамин С – 28,3 мг%, қуруқ модда – 6,8 мг%, қанд миқдори – 3,2%, оқсил – 1,0% бор. Илдизмева шакли юмалоқ, эти серсув, ранги оқ, нозик, вазни 102 г, диаметри 6–7 см. Ҳосилдорлиги гектарига 35–40 т. Ўсув даври 91 кун.

Илдизмеваси серсувлиги, ширинлиги, тахирсизлиги ва эрта пишарлиги билан оддий дала шолғомидан фарқ қилади.

Мевасининг озуқалик сифати яхшилиги, минерал элементлардан калий ва темирни кўп тутиши, эти аччиқ бўлмаслиги, С, РР, В1, В2 каби витаминлар мажмуасининг мавжудлиги, шунингдек, ўсимликларда кам учрайдиган янтар кислотасининг бўлиши ушбу сабзавотни истиқболли экин эканлигини кўрсатади.

Республикамизда шолғом ҳозиргача такрорий экин сифатида ёзги-кузги муддатларда экиб келинган бўлса мазкур шолғомни йил давомида етиштирса бўлади. Бироқ республикамиз иқлим шароитига мос навлари устида илмий-тадқиқотлар олиб борилмаган. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари салатбоп шолғомнинг янги “Гулшод” ҳамда баргли шолғомнинг “Дармон” навларини Давлат нав синаш комиссиясига топширишга тайёрлашмоқда.

Салатбоп ва баргли шолғомни нафақат такрорий, балки эрта баҳорда вақтинчалик плёнка остида, қиш ойлари эса иссиқхоналардаги помидор ва бодринг қатор ораларида экиб, ҳосил олиш мумкин.

   А.Раҳматов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech